УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ –ХОТИРА ДАФТАРИМДАН

УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ –ХОТИРА  ДАФТАРИМДАН

“Рауф акани кўрмаганимга жуда-жуда узоқ вақт бўлганди. Уч кун муқаддам Турсун Али Муҳаммад полвон ва Зулхумор (рафиқам-Ч) учаламиз излаб топдик. Жуда хароб аҳволда яшаётган эканлар (Тошкентнинг Янгиобод маҳалласи томонда “Иззат” деган жойдаги умумий коридорлик ётоқхонада)” Бир оз моддий ёрдам бердик. Чет элга (Англияга) кетишга ҳаракат қилаётганларини, китобларини ҳам хорижда чиқармоқчи эканликларини айтдилар.  Уйимизга келиб туришларини тайинладик.

Рафиқалари ва унинг икки фарзанди билан яшаётган эканлар. Ҳар ҳафта хабар олиб туришни дилимга тугдим.

 15 декабрь ,2004 йил.

 

“Рауф ака касал бўлиб қолдилар. Енгил инсультга ўхшайди. Зўрға гапиряптилар. Чўпдай озиб кетибдилар. Ҳар томонлама ёрдам беришга уринаяпмиз. Гарчи “Ҳеч кимга айтманг” деб қаттиқ илтимос қилган бўлсалар ҳам ўзини Рауф Парфига яқин олган шоирларга айтиб чиқдим.Одам одам билан тарик-да.

Руҳий ёрдам ҳам керак.Кўпчилик бўлса кўнгиллари кўтарилади, ёмон ўйлар кетади. У кишини ўйласам оғир ўйлар босади. Ёрдам беролмаётганимдан  қийналаман.Бизникига келиб яшашга эса яна кўнмадилар.Қиш ҳам оғир келди.Қор ёғиб Фарғона довони ҳам беркилиб қолди”.

  5 феврал, 2005 йил.

“Рауф акани тез-тез бориб кўриб турибмиз. Аммо кўнглим ёмон хавотирда.Жуда-жуда озиб кетганлар. Емиш ҳам яхши эмасдай. Отам вафот этишларидан олдин жуда озиб кетгандилар. Жуда мураккаб вазият юзага келган. Олиб кетиб бўлмайди, даволанишга бормайдилар. Уйдаги шароит оғир-ошхонага жойлаштиришган. Хуллас, афтода ҳолдалар. Қиш ҳам қийнаб юборди.  Ҳаволар исиб, юра бошласалар эди”.

  25 феврал, 2005 йил

“Рауф Парфидан айрилдик. Бу–ҳаётимдаги энг катта йўқотишлардан биридир. Аввал севимли укам Зайниддин, кейин ҳаётдаги устозим Мардон Холбеков, кейин меҳнаткаш отам, муштипар онам ва хокисор Рауф Парфи….

Улар билан юракнинг бир парчаси узилиб кетгандек. Мени “у кишини сақлаб қолиш мумкинмиди” деган савол қийнайди…Афсуски, ҳеч қандай фойдаси йўқ энди. Шу ерда-бизнинг хонадонда жон бердилар. Бошларида ҳамма фарзандлари бор эди. Яқин ердаги ”Минор” қабристонига қўйдик. Халқ берган ёрдам билан маросимларини ўтказдик.

Қўлёзмаларини тўплаш, музейларини очиш каби кўп масалалар ҳақида сўз бўлди. Ул зот яна кўпчиликни бирлаштирдилар. Жаҳон бўйлаб акс садо берилди радиоларда. Энди маюс боқиб турган суратлари қолди хонамизда.

Вафот этган тунлари 28 мартдан-29 мартга ўтар кечаси ёнларида бир ўзим ётдим. Биримиз тепада жонимиз йўқ,  биримиз эса пастда деярли жонсиз ҳолатда. Бу ҳаётимдаги энг узун тун эди. Ухлаган-ухламаганимни билмайман. Карахт ҳолда ҳеч нимани тасаввур этолмай қолгандим. То тонгда одамлар кела бошлагунча минг йил ўтгандай бўлди. Рауф ака билан кечган даврлар худди кино тасмадагидек жонланарди.

Кейин кўп тафсилотлар бўлди. Уларни битишга эса рағбат ҳам, вақт ҳам йўқ. Чарчоқ. Шу ўн кун давомида ҳам жисмонан,  ҳам руҳан чарчадим. Ҳаво ҳам ҳали-ҳануз совуқ. Маърака кунлари эса доимо очиқ бўлди. Илоҳо, умрингиз бизга ибрат бўлсин ”

6 апрель , 2005 йил.

Энди ўзимизга келаяпмиз.Бу йўқотишни англаш учун вақт керак.Убай Мансур (санъаткор дўстимиз-Ч)  айтганидек “пир кетди”. Бундай ҳолда муридлар ҳоли аён. Ҳали-ҳануз фотиҳачилар оёғи узилгани йўқ. Узоқлардан эшитиб келишаяпти. Интернетда сайд ҳам очилибди. Мен эса меросларини йиғиш билан бандман. Бизникига ўзлари олиб келган қўлёзмалари ичида 1962 йил ва 1964 йил тутган шеър дафтарлари, 2 та таржима асарлари ва бошқа кўплаб материаллар бор экан.Уларни ҳеч кимга бермай, эълон қилишим зарур бўлади. Ҳеч кимга ишониш мумкин эмас бу замонда. Қишлоқдошларига (Шўралисойга) ҳам бориб катта маърака қилиб бердик.

Бир тонг қабрлари устида шундай сатрлар туғилди:

Ёнғоқ билан арча орасин

Макон этди Рауф Парфи Турк.

Бири тошдай қаттиқ мевали

Бири эса ҳамиша кўм-кўк.

 

Тошдай қаттиқ эди-да бу бош

Билмас эди на вақт, на сарҳад.

Яшилликнинг қиёси аён,

Яшиллик бу-мангу шеърият!

                           

(Давомини ўқинг)

(Аввалги қисмини ўқинг)

Муаллиф: ЧОРШАМЪ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Расул ҳамзатов:она тилим

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да, Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон. Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида, Тоғлар орасида ётибман бежон. Узокда шарқираб сойлар оқмоқда, Борлиқда бир ...

Устозим рауф парфи –“феълим заиф”

1994 йилнинг 22 май куни кечга яқин Рауф ака бизникига ташриф буюрдилар. -Тўғри қишлоғимдан келаяпман.Онажоним касал бўлиб қолдилар.Қиш бўйи қарадим.Энди сал оёққа ...

Юлдузли тунлар-81

5 Хилватхонадан сал нарида — сарой ошхонасида овқат пишириб юрган Баҳлул исмли ўрта яшар бир ошпаз ҳам войиннинг чоҳи тагида жон берган ер қазувчиларни кўрган эди. Бу фожиа ...