Йигирма биринчи аср миграция асри ёки инсонлардан иборат уммонлар

Ҳозирда дунё бўйлаб деярли 260 миллион нафарга яқин муҳожирлар бор. БМТ маълумотларига қараганда улар сони 2000 йилга нисбатан 49 фоизга ортган. Ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп йўл олувчи давлатлар бешлиги қуйидагича: Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия ва АҚШ. Айнан ана шу давлатларга йўл олган муҳожирлар хориждаги оддий инсонлар томонидан йўлланган маблағларнинг деярли 90 фоизини жўнатадилар.

 

Асримизга келиб миграция янги босқичга чиқди. Олдин юз минг ёки миллионларни қамраган бу ижтимоий жараён бугунги кунга келиб юзлаб миллион инсонлар ҳаётига дахлдор бўлиб қолди. Миграция ўзи нима? Унинг сабаб ва оқибатлари қанақа? Ўзбекистондаги миграция жараёнлари қандай кечмоқда ва бунинг ортидан қандай ўзгаришлар юз беради?

Меҳнат миграцияси – меҳнатга лаёқатли инсонларнинг юқори даромадли иш илинжида бир давлат ичида ёки давлатлараро кўчишидир. Бу жуда кучли иқтисодий омил бўлиб, бир тарафдан ишчиларга бўлган талабни қондирса, иккинчи тарафдан ишсизлик муаммоси оғир бўлган ҳудудлардаги тарангликни юмшатишга хизмат қилади.

Муҳожирлар оқими бўйича юз йиллардан буён АҚШ етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Бу давлатда 50 миллионга яқин муҳожир яшайди ва уларнинг ичида расмий маълумотлар бўйича 60 минг нафари ўзбекистонликлар. Узоқ йиллар Германия иккинчиликни сақлаб турди. Аммо Россия кумуш медални немислар юртидан “тортиб олди”. Саудия Арабистони, БАА каби давлатлар ҳам муҳожирларга “бой” давлатлар ҳисобланади. Буюк Британияда ҳам 9 миллион муҳожир бор. Россия бу борада фақат АҚШдан ортда бормоқда ва бу давлатда 12 миллион нафардан ортиқ муҳожир мавжуд. Бунинг ўзига хос ва айнан Ўзбекистонга боғлиқ бўлган сабаблари бор. Чунки Россиядаги меҳнат муҳожирларининг мутлақ кўпчилиги ўзбекистонликлардир. Дунёдаги 260 миллион муҳожирнинг эллик фоизи ўнта давлатдан қўним топган.

Хўш, бугунги кунда ўзбекистонликларнинг қанчаси хорижда, хусусан, Россияда меҳнат қилмоқда?

Бу бўйича маълумотлар бир-биридан анча фарқ қилади.

Россиянинг Федерал миграция хизмати (ФМС) маълумотларига кўра, 2016 йили Россияда Марказий Осиё давлатларидан 3 миллион 850 мингта меҳнат мигранти қайд этилган. Бундан деярли ярми — аниқроғи 1 миллион 800 мингга яқини ўзбекистонликлар. Кейинги ўринда 863 минг тожикистонлик, 625 минг қозоғистонлик, 573 минг қирғизистонлик, 24 минг туркманистонлик қайд этилган. 2017 йилда бу кўрсаткичлар ўртача 20 фоиз камайган.

Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, кўп йиллар давомида фуқаролари сони бўйича етакчи бўлган Ўзбекистон Россияда иккинчи ўринда бормоқда. Биринчиликка ҳозир украиналиклар чиққан. Аммо бу ерда бир нозик жиҳатни ҳисобга олиш лозим. Сўнгги йилларда Россия қонунчилиги мигрантлар учун жуда қаттиқ талабларни қўяётгани, айниқса, Марказий Осиё давлатлари муҳожирларидан ҳаддан ташқари кўп ҳужжатлар талаб қилинаётгани боис кўпчилик ноқонуний (нолегал) мақомга тушиб қолмоқда ва, табиийки, бу рўйхатдан чиқиб кетмоқда. Уларнинг аниқ сонини аниқлаш эса жуда мушкул. Шунингдек, кўплаб ўзбекистонликлар Россия паспортини олишга улгуриб, аллақачон муҳожирлик мақомидан чиқишган.

Ўзбекистондан Россияга йўналган миграция оқимининг ўзига хос жиҳати шундаки, бу йўналишдаги мигрантларнинг кўпчилиги номутахассислар, яъни ўз соҳасида ишламайдиган, мураккаб бўлмаган, кам ҳақ тўланувчи ҳар қандай ишни қилиб кетаверадиганлар, одатда қурилишда ишлайдиганлардан иборат. Лекин охирги йиллар тенденциясига эътибор қилинадиган бўлса, Россияга йўл олган ёки мунтазам бориб келаётган ишчиларнинг малакаси ошиб бормоқда ва улар энди тобора кўпроқ ҳақ тўланувчи ва нуфузлироқ иш ўринларини ҳам эгаллашмоқда. Ҳозир такси ҳайдовчилари, дўконлардаги сотувчилар, турли-туман жиҳозлар усталари, меҳмонхона хизматчилари, ошхона ва ресторанларда ишловчи ўзбеклар талайгина.

Россияга йўналган миграциянинг ўзига хос ва асосий жиҳати, албатта, меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга жўнатган пул миқдоридир. Бу миқдор ҳам ҳар йили Россия иқтисодига мутаносиб равишда ўзгариб туради. Масалан, 2016 йили 2,68 млрд АҚШ доллари жўнатилган бўлса, 2017 йилнинг уч чорагидаёқ бу кўрсаткич 2,7 млрд доллардан ошиб кетган. Бу борадаги рекорд кўрсаткич 2012 – 2013-йилларга тўғри келади. Ўша йиллари ўзбекистонлик муҳожирлар Россиядан ватанига бир йилда 6,7 млрд АҚШ доллари жўнатишга муваффақ бўлган. Кейинчалик бу маблағ камая бошлади. Бунинг бир неча сабаблари бор эди: Қрим воқеасидан сўнг Россияга қарши санкциялар қўлланди, АҚШ долларининг қиймати аввал Россияда, кейинчалик МДҲ давлатларида анча ошди, Россия муҳожирларга меҳнат қилиш ҳуқуқини беришда талаб қилинувчи ҳужжатларни кескин кўпайтирди, ўзбек муҳожирлари ҳам юқоридаги муаммолар туфайли бошқа йўналишларни танлай бошладилар. Хўш, бу қандай йўналишлар, қайси давлатлар эди?

Жанубий Корея

Осиёнинг жадал ривожланаётган бу давлати, кўп йиллардирки, муҳожирларни катта миқдорда қабул қилиб келади. Саноат тараққий этган Жанубий Кореяда ўзбекистонликлар сони ҳам йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Албатта, ҳозирча уларнинг миқдори хитойлик (тахминан 1 млн киши ва бу давлатдаги умумий меҳнат муҳожирларининг 50 фоизидан ортиғи), тайландлик ёки вьетнамлик муҳожирларчалик эмас. Лекин барибир Жанубий Корея айнан меҳнат муҳожирлиги бўйича Ўзбекистон учун катта йўналиш бўлиб қолди. Ҳозирги кунда 55 мингдан ортиқ ўзбекистонлик (умумий муҳожирларнинг 3 фоизи) Кореяда меҳнат қилмоқда.

Бу давлат сари йўл олишнинг ўзига хос жиҳатлари кўп. Аввало, Корея томони фақат малакали ишчиларни, тилни минимал даражада билишни ва меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этишни талаб қилади. Шунингдек, фақат махсус таклиф билангина бу давлатга ишга бориш мумкин. Шунга қарамай, ўзбекистонлик муҳожирлар сабот билан бу қийинчиликларни енгиб ўтиб, бу мамлакатдаги сафларини кенгайтириб бораяпти.

Туркия

Туркияни кўпчилик ҳордиқ чиқариш ва харидлар учун қулай давлат ҳисоблайди. Аммо бу бир тарафлама қараш. Миграция нуқтаи назаридан Туркия тилдаги ўхшашликлар, виза талаб қилинмаслиги, ўзбек диаспорасининг кўп сонлилиги, иқлими ва энг муҳими тўланадиган ҳақ миқдори бўйича ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини тобора кўпроқ ўзига жалб қилмоқда. Аммо бу ерда ҳам ўзига хос жиҳат бор – Россия, Жанубий Корея каби давлатларга асосан эркаклар ишчи кучи сифатида йўл олса, Туркияга кўпроқ аёллар пул топиш учун боради. Албатта, аёлларнинг обрўсига путур етказувчи ишлар ҳам кўп фош этилса-да, энагалик, хонадонларда хизматчилик, официантлик, меҳмонхоналардаги оддийроқ ишларда кўплаб ўзбекистонликларни учратиш мумкин.

Ўзбекистон фуқароларининг, айнан меҳнат муҳожирларининг бу юртдаги умумий миқдори бўйича аниқ ҳисоб-китоб юритилмаган. Бунинг сабаби кўпчилик бу давлатга сайёҳ мақомида кириб келади ва қисқа фурсатда ортга қайтади. Мавсумий ўзгаришларга хос статистикага кўра ҳам бу давлатда 200 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мунтазам меҳнат қилади.

Аммо охирги ойларда турк лирасининг АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланиши бу давлатда яшаб ишлаётган ўзбекистонликларнинг кўпчилигини мураккаб аҳволга солиб қўйди.

АҚШ

Дунёнинг энг ривожланган ва бадавлат давлатига йўл олган ўзбекистонликлар сони совет иттифоқи тарқалганидан кейин кескин ошган. Аммо кейинчалик виза олиш йилдан йилга мураккаблашиб бориши ўзига хос тескари эффектни юзага келтирган – амаллаб виза олган ўзбекистонлик муҳожир дарҳол нолегал ҳолатга ўтади ва йиллар давомида қайтиш ҳақида ўйламайди. У жўнатаётган маблағ миқдори ҳам бошқа давлатлардаги меҳнат муҳожирлариникидан анча юқори, аммо, табиийки, унинг аниқ статистикаси йўқ. Айрим маълумотларга кўра, АҚШнинг ўзида 700 мингдан ортиқ ўзбек яшайди. Аммо уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари эмас. Шунингдек, бу давлатга ўз касбининг усталари, тилни билувчи ва технологик соҳаларда муваффақият қозонган, бир сўз билан айтганда ёш ва истиқболли мутахассислар ҳам йўл олмоқдаки, дунёни ташвишга солаётган ва Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётган малакали мутахассисларнинг четга чиқиб кетиши (интеллектуал миграция) масаласи алоҳида бир мақолага мавзу бўла олади.

Қозоғистон

Қўшни давлатга ўтиб ишлаш кўпчилик учун ички миграция сингари қабул қилинади. Тилдаги ва урф-одатлардаги уйғунлик, ҳудудий яқинлик, қариндошлик ришталарининг мавжудлиги ва Қозоғистон иқтисодининг кўп йиллар давомида жадал ривожланганлиги бу давлатга йўл олувчи муҳожирлар сонининг ҳам ортиб боришига сабаб бўлди. Аммо сўнгги йилларда бу йўналишдаги муҳожирлар сони пасая бошлади.

Юқоридаги беш давлат асосий йўналишлар ҳисобланади. Шу билан бирга дунёнинг ҳар бир бурчагида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини учратиш мумкин.

Муаллиф: Аброр Зоҳидов

Манба:Турон24

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Энг юқори маош берувчи мамлакатлар топ-10 лиги

https://www.youtube.com/watch?v=44hRuIPSfYM&feature=youtu.be

Ислом каримовни камол отатуркка қиёслаш нотўғри

30-январь куни Ўзбекистонимизнинг марҳум президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимиз миқёсида ўзига хос тарзда нишонланди. Қарши шаҳрида Каримовга ҳайкал ...

Ўзбекистонда фейсбук ва ютубга қўйилган тўсиқлар олингани айтилмоқда

Бугун, 15 январдан Ўзбекистонда «Facebook» ва «YouTube» ҳеч қандай VPNсиз яна ишлай бошлади. Барчага маълум бўлганидек бу мамлкатда бир неча ойдан буён ушбу ижтимоий ...