Банк хизматларининг оммабоплигини оширишда чакана хизматларнинг роли, айниқса, катта. Чунки улар мижозлар учун жуда қулай бўлиб, вақтни тежаш баробарида, турли оворагарчиликларнинг олдини олади. Шу боис кейинги пайтда мазкур турдаги хизматларни такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилиб, жойларда замонавий банкоматлар, инфокиосклар ўрнатиляпти. Бироқ банкоматлар барча ҳудудларни қамраб оляптими? Битта шундай қурилма юртимиз аҳолисининг қанчасига тўғри келади?

Айни пайтда республикамиз аҳолисининг ҳар 46 минг нафарига битта банкомат тўғри келади.
“Агробанк“ АТБ томонидан чакана хизматларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга бағишлаб ўтказилаётган анжуманда шу ҳақда сўз борди.
Банк бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Рустам Маматқуловнинг айтишича, бу кўрсаткич жуда паст. Мисол учун ён қўшнимиз Қозоғистонда ҳар икки минг аҳолига битта банкомат орқали хизмат кўрсатилмоқда. Россия, АҚШ ва бошқа давлатларда эса банкоматлар тармоғи бундан-да ривожланган.
Ҳозирги пайтда банкимиз томонидан жойлаштирилган терминаллар 31,6 мингта, банкоматлар 100, инфокиосклар эса 420 тага етказилди, – дейди Р. Маматқулов. – Тўғри, бу жуда кам. Шунинг учун жорий йилнинг ноябригача яна 300 та замонавий банкомат олиб келиб ўрнатилади. Келгуси йилда эса яна 2 мингта банкомат олиб келиш режалаштирилган.
Яна бир янгилик. Банк томонидан яқин кунларда жисмоний шахслар учун онлайн кредит олиш имконияти яратилади. Натижада аҳоли бундай кредит олмоқчи бўлса, банкка ташриф буюриши шарт эмас. Телефон орқали мурожаат қилса, кифоя.