Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Ғанимларим яшасин!”

 Ўзбекистонда мустақил журналистлар уюшмасига асос солинди

Малоҳат Эшонқулова
Малоҳат Эшонқулова

ЎзМТРК тизимидаги “Yoshlar”  телеканалининг собиқ журналисти, айни дамда “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова  “Ўзбекистон мустақил журналистлар уюшмаси”ни тузиш ташаббуси билан чиқди.

“Шу кеча кундузда уюшма аъзоларининг сони 20 нафардан ортди” дейди М. Эшонқулова.

Биласиз, Ўзбекистонда давлат тасарруфидаги Ўзбекистон журналистлар уюшмаси мавжуд ва у анчайин “оқсоқол” ташкилотлардан бири саналади.

Шундай экан, айни бир хилдаги ўзга яна бир шундайин ташкилотга асос солиш шунчалар шартмикин?

Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Малоҳат Эшонқуловани суҳбатга чорладик.

ЖУРНАЛИСТ: –  Куни кеча “Fergana.ru”  сайтида  Кримзаловнинг «В Узбекистане создается Союз независимых журналистов»  мақоласига кўзим тушганди.

“Бирдамлик” деб аталувчи мухолиф ташкилотининг Ўзбекистон миқиёсида етакчилигини олиб бориш ўзбекнинг бир аёли учун бас эмасмиди? Яна бир ташкилотга асос солиш ва масъулият, бор оғирликни зиммангизга олиш шу қадар зарурмиди?

Келинг, суҳбатимизни, аввало, ана шу саволга жавоб олишдан бошласак?

М. ЭШОНҚУЛОВА: – Сўзим аввалида эътиборингиз учун ташаккур демоқчи эдим.

Мен энг аввало журналистман. Бу менинг касбим. Ҳозирги шароитда ҳамкасбларимнинг ҳақиқий аҳволини кўриб турибман. Шундай бир шароитда мен уларнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман.

Очиғини айтиш керак, бугунги куннинг мустақил журналистлари мухолифат вакилларидан кам азият чекаётганлари йўқ. Улар ҳам ҳуқуқ фаоллари ва мухолифат аъзолари каби ҳамиша таъқиб ва таҳдидда.

Ҳамиша, ҳар қадамда журналистга хавф-хатар таҳдид солади. Нега?

Негаки, журналист жамиятда кечаётган жараёнларнинг кўзгуси ҳисобланади. Айнан улар дунё ҳамжамиятини диктаторлик тузуми кирдикорларидан хабардор қилувчи ҳақиқат жарчилари. Шу сабаб ҳам уларга бўлаётган босимлар кўлами ниҳоятда улкан.

Кузатиб турсам, мен каби давлат тасарруфидаги оммавий ахборот воситасидан ҳайдалиб, ишсиз қолган журналистлар бисёр. Мен каби тақдирдошларим шу билан тақдирларига тан бериб, тинчиб қолишган эмас. Турли интернет сайтлари орқали баҳоли қудрат қалам тебратмоқдалар, қайсидир маънода жамиятда кечаётган жараёнларни ёритиб бормоқдалар.

Бироқ, минг афсуски, ўша сиз айтаётган давлат тасарруфидаги “оқсоқол”  “Журналистлар уюшмаси” менинг каби мустақил журналистларни икки дунёда ҳам тан олишмайди. Ўз уюшмаларига аъзо ҳам қилишмайди.

Янаям аянчлиси, ҳақ сўзни айтишга чоғланган журналистлар ишдан ҳайдалиши муқаррар ва бунингдек қаламкашлар “қора рўйхатга” тушиб улгурадилар. Биздеклар қайтиб бирорта давлат ташкилотига, маҳаллий ОАВ ларига ишга олинмайди.

Натижада, ҳамкасбларим турли интернет сайтларида мустақил журналист сифатида бўй кўрсатиб қолишади.

Ана шундан кейин кўрасиз томошани.

Интернет сайтларида мақола эълон қилган журналистларга нисбатан тазйиқлар бошланиб кетади.

Қочгани қайси, қувгани қайси. Ноҳақдан қамалиб қолгани қайси… Қай бирини санайсиз?

Мана, масалан, Хоразмлик ҳамкасбимиз Сергей Наумовни олайлик.  Шахсан мен унга нисбатан туҳмат уюштирилди деб ҳисоблайман. Лекин афсуски, бу ҳамкасбимиз ҳимояси учун Ўзбекистонда бирор бир журналист овоз чиқаришга ўзида куч топа олмади.

Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Халқ орасида мустақил журналистларга қарши “Халқ душмани” деган сифат берилади, халқни улардан бездириш борасида  тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилади, бор кучлар ишга солинади.

Мана шундай шароитда таниш-билишлар, дўсту-ёрлар тугул, ҳатто ўз туғишганларингиз, қариндош-уруғлар ва ачиниш билан айтиш мумкинки, ҳатто жуфтингиз, оила аъзоларингиз ҳам сиздан узоқлаша боради. Ё эҳтиёткорроқ муомила-муносабатда бўлишади ва ё мулоқотга мутлақо чек қўйишади….

Ана шундай вазиятларда мустақил журналистлар – ҳамкасбларим тамомила ёлғизланиб қоладилар.

Фақат ҳисобот ёзишдан ва сафига аъзо қабул қилишдан бошқасига ярамайдиган давлат тасарруфидаги Журналистлар уюшмаси эса  йилда бир бор бўладиган “Журналистлар куни” тантанасида давлат қарамоғидаги ОАВ воситаларидаги оғзиларига арқон солинган журналистларни чорлаб, “базму жамшид” уюштиришади, “Олтин қалам” инъом қилишади, бир-бирларини сохта табассум билан эътироф этишади.

Мамлакатдаги мустақил журналистларни эса қўпол қилиб айтгандла, ит ҳам эсламайди.

Мана шундай оғир вазиятларда мустақил журналистларнинг кўнглидан қандай аламлар кечади, бу бир ўзига, бир Яратганга аён.

Ваҳоланки, мустақил журналист ҳам шу мамлакат, шу миллат тақдири учун куйиб-пишмаяптими?

Ана шу оддийгина ҳақиқатни эътироф этиш шунчалар мушкулми, инкор қилмоқ  шунчалар осонми?

Хуллас, Ўзбекистонда мустақил журналистлар жамиятнинг “ўгай болалари”га айланиб қолишган – биз шўрликларнинг бошини силайдиган бирорта саҳоватпеша қўл кўринай демайди.

Бир сўз билан айтганда, биз – мустақил журналитслар учун “Ўзинг учун ўл етим” дейдиган замон бўлди.

Бас шундай экан, назаримда, биз ғам андуҳга боти-ииб ўтиришимиз эмас, ўз-ўзимизни қўллаш, ўз-ўзимизни қутлаш, ўз-ўзимизни кўнглимизни кўтариб, яхши-ёмон кунларимизда бир-биримизга далда бериб, ўз-ўзимизни хурсанд қилиш, қувонч ва қайғумизга шерик бўлиш  йўлларини топмоғимиз лозим деб ўйладим.

Сир эмаски, бугунги кун мустақил журналистлари жудаям тарқоқ ҳолатда. Бу ҳол эса уларни камситилишида, яккаланиб қолишларида, ўзларини ёлғиз ҳис этишларида қўл келмоқда.

Шундай экан, мавжуд муаммоларни бартараф этишнинг ечими бир нарсада – бирлашиш, жипслашишда деб билдим.

“Ўзбекистон мустақил  журналистлар уюшмаси” айна ана шу мақсадда вужудга келди.

Мамлакатдаги мустақил журналистлар жамул-жам бўлишса, бир-бирларига далда беришса, қувват бўлишса, зарурий вақтларда ҳуқуқий, керак дақиқаларда бир-бирларига моддий ва маънавий кўмак қўлини чўзишса, бир ёқадан бош чиқаришса дейман.

“Ўзбекистон мустақил журналистлар уюшмаси”га асос солишимдан муддао, мустақил журналистларни бирлаштириш, мамлакат ичкарисидаги оловларда тобланаётган, жамиятимизнинг катта қора қозонида қайнаб, гоҳида куйиб-порт бўлиб қолаётган ҳамкасбларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган, уларга нафақат ҳуқуқий жиҳатдан кўмак бера оладиган, балки ҳам маънан, руҳан, зарур вазиятларда молиявий кўмак беришга қодир уюшма ташкил этиш мақсад қилинган эди.

Ҳозир “Менинг бир вазифам бор, бўлди, қолганини ўзгалар қўлларидан келишса эплаб олаверишсин” дейдиган фурсат эмас.

Инсон агар ўзи истаса, бир-иккита эмас, минг битта ишни уддалашга қодир. Одам зотининг ишга солинмаган минг бир қирраси мавжуд. Ҳамма гап истак-ҳоҳишда…

Бу биринчи томони. Иккинчи жиҳати шундаки: мухолифат нима ўзи бу? Қисқа қилиб айтганда – сиёсат. Сиёсатнинг ўзагини нима ташкил қилади? Бу саволга сиёсатшунослар “Сўз” дея тариф беришади, шундай эмасми?

Хўш, ани энди, айтингчи, биз, журналистларнинг қуроли нима – айнан ана шу сўз қудрати эмасми?

Қаранг, чуқурроқ мушоҳада қилиб қарайдиган бўлсак, сиёсатчининг ҳам, журналистнинг ҳам қуроли  бир нарса – айнан СЎЗ қудрати экан.  Қаранг-а, ҳар икки соҳа ҳам сўз билан “сирлашаркан” – сўз орқали беллашаркан….

Демак, ўртада узвий боғликлик бордек, менинг назаримда…

 “Ўзбекистон мустақил журналистлар уюшмаси”га келсак, уюшмасининг ўз низоми, дастури бор. Мен мазкур уюшмага асос солдим. Бироқ, бу – мен мазкур уюшманинг меросхўри – ворисиман, бу уюшма менга “никоҳлаб берилган” дегани эмас.

Кейинчалик уюшма аъзолари вазият ва шароит тақозосига кўра уюшмамизга муносиб ўзга бир ҳамкасбимизни раҳбар сифатида кўрсатишлари ва сайлашлари ҳам мумкин.

ЖУРНАЛИСТ: – Ўзбекистон мустақил журналистлар уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш режаси ҳам борми?

М. ЭШОНҚУЛОВА: – Албатта…

Биласизми, ҳозир сиз савол бераяпсизу, хаёлим куни кеча “Озодлик” радиоси мухбири Сарвар Усмон билан бўлган мулоқот ва улар берган саволлар салмоғи билан банд….

Назаримда, сиз барибир Сарвар ака каби “кишининг қитиқ-патига тегадиган” “қитмир” саволлар беришга журъат этмайсиз, назаримда.

Қизиғи шундаки, Сарвар Усмон гарчи ўзига хос “қитмир-қитмир” саволлар бериб, жавобини олган бўлсалар-да, суҳбатим манзур бўлмаган чамаси, овозли ёзувни эфирга беришдан тийилибдилар.

Суҳбат матни қисман бўлса-да илова қилинибди, шунисигаям раҳмат.

Аслида, биз журналистлар жудаям  кичик одамлар  бўламиз. Бизнинг ҳам тепамизда бошлиғу раҳбарлар ўтиришади. Цензура деган бало эҳ-ҳе, бизнинг пешона теримизни сарфлаб тайёрлаган  қанчадан қанча   кўрсатув ва эшиттиришларимизни эфирдан ҳеч бир сабабсиз олиб ташлашган. Саноқсиз тайёр матреалларимизни, худди ана шу цензура сабаб, оммага ошкор қилиш таъқиқлаб қўйилган.  Ҳар гал меҳнатимизга куйиб, чапак чалиб қолаверганмиз. Шу маънода мен бор вазиятдан бохабар ҳамкасб сифатида Сарвар Усмонни тўғри тушунаман.

Бироқ, шу ўринда мени мутлақо бошқа бир  нарса ўйландирмоқда: демакки, Сарвар Усмонни менга берган қалтис саволларига жавоб олиш қийнадими, қизиқтирдими, демак, бу барча ўзбеклар учун, Ўзбекистон аҳолиси учун жудаям долзарб, ва айни жумбоқли – қизиқарли мавзу.

Сиз ҳам айни Сарвар Усмон берган саволларни олдимга кундаланг қилиб қўйишингизни истардим.

ЖУРНАЛИСТ: – Қизиқтириб қўйдингиз-ку…. Айтингчи, Сарвар Усмонни айнан қандай саволларга жавоб олиш қизиқтирди экан?

М. ЭШОНҚУЛОВА: – Сўзма-сўз эслай олмайман. Айнан кўчирма гап қилиб ҳам келтиролмайман-у, мазмунини айтишим мумкин.

Улар менга “Айтингчи, “Бирдамлик”да етакчилик даврингиз давомида сизнинг раҳбарлик фаолиятингизга жуда кўп фикрлар билдирилганди. Шундан кейин ҳам “Ўзбекистон мустақил журналистлар уюшмаси” раҳбарлигига даъво қиласизми?” деган мазмунда савол ташлагандилар.

“Айнан қайси мазмундаги фикрларга шаъма қилаяпсиз?” дегандек сўрагандим, улар “Салбий фикрларни назарда тутаяпман” дея жавоб қилдилар…

Очиғи, кутилмаганда, қўққисидан берилган бу саволга қайсидир маънода жавоб қилишга уриндим. Шошиб қолганимдан, жавобим қониқарсиз бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Бироқ, мен айни ана шу саволга батафсил жавоб қилишни истаган бўлардим, агар рухсат берсангиз. Негаки, ўйлайманки, бу саволга жавоб олиш сиз учун ҳам қизиқ, шундайми?

ЖУРНАЛИСТ: Адашмадингиз…

М. ЭШОНҚУЛОВА: – Аслида, “Шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам ортидан гапиришади” дейишади… Шу маънода мен ҳам бунингдек “сийловлар”дан мустасно эмасман.

Кейинги кунларда Гулнора Каримова томонидан Ўзбекистон Хавфсизлик хизмати мулозимларидан бирининг тасарруфида эканлиги иддао қилинаётган (Гугушанинг фикрлари ҳақиқат деган фикрдан минг километр масофа йироқман. Негаки, нима бўлишидан қатъий назар, «Замондош» сайти ўз вақтида бизга минбар вазифасини ўтаганлиги учун ҳам улардан миннаддорман) ўзингиз билган ўша биргина сайтда роса пўстагимни қоқишган.

Аслида, юзимизга кўзгу тутувчи шунақа ахборот воситаси ҳам керак. Раҳмат-э, шуларга. Негаки, “Рекламанинг яхши-ёмони бўлмайди” дейишади-ку….

Мен “Бирдамлик” Ҳаракатига, шахсан ўзимга тегишли мазкур мақолаларни ўзим учун кўчириб қўйганман.

Камида бир ойда бир бор кўз югуртириб чиқаман.

Нега?

Беайб Парвардигор дейишади. Кимда нуқсон йўқ? Ҳеч биримиз қусурдан мустасно эмасмиз?

Ўзим ҳақимдаги танқидий фикрларни ўқийману, кераклисини оламан, тегишли хулоса чиқараман, арзимайдиганларини эса ахлат челакка отивораман…

Очиғи, интернет сайтида мен ҳақимда чиққан салбий мавзудаги чиқишларни ўқиган одамнинг юраги орқага тортиб кетади.

Бутун дунё аҳли олдида, қолаверса, ўз оиласи, фарзандлари кўз ўнгида бундай айбловлар гарданига қўйилган номусли аёл зиғирча ори, ғурури, ҳамияти бўлса, аллақачонлар ўзини осиб қўйиши керак эди.

Лекин мен кўриб турганингиздек, ҳалиям тирикман. :)))…

Негалигини биласизми?

Менинг ҳамон нафас олаётганлигимнинг боиси, интернетда чиққан ўша иддаоларнинг ҳақиқат эмаслигида, ғирт бўҳтондан иборатлигида.

Фикримни асослаш учун, мана, сизга оддий бир мисол келтираман:

2013 йилнинг 13 март куни “Harakat.net”  сайтида «17:46 – «Ҳаракат» хатқутисидан: Малоҳат Эшонқулованинг кирдикорлари ҳақида Мурожаатнома» эълон қилинган экан. Мен бундан бехабар.

Буни ҳайратларга тушган бир “ўртоғим” фейсбукдан менга ҳавола қилганида, қотиб қолдим.

Не ажабки, бу менинг ўз жигарларим – опаларим, ўзим қўлимда кўтариб катта қилган жиянларим номидан битилган эди.

Датсаввал, юрагим тўхтаб қолай деди, бу рост. Токи мазкур “Мурожаатнома” охиридаги “Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидан,  Бердиева Феруза Пардаевна  (тел.ном.: +99890-194-98-74)  Бердиев Носир (турмуш ўртоғим…) деган ёзувларни ўқимагунимга қадар. Худо ҳақи, агар ана шу уйдирма жумлалар бўлмаганида эди, шусиз ҳам бемор бу юрак менингдек “мунофиқ” бир аёлнинг кўксида уриб туришдан аллақачонлар бош тортган, фаолиятини бас қилган – тўхтаб қолган бўларди.

Юқоридаги жумлаларга кўзим тушгач, буларнинг бари махсус хизматлар томонидан уюштирилган уйдирма эканлигини фаҳимлаб, ўпкамни босиб олгандим. Ва фейсбук тармоғидаги “ўртоғим”нинг

  14 марта

22:30

???? (номи атай очиқланмади) 

Шу гап ростми Малохат ???” 

деган ҳайратли сўровига қарата ўша пайтнинг ўзидаёқ кечиктирмасдан мана  шундай мазмунда жавоб йўллагандим:

Малоҳат Эшонқулова

01:27

Malohat Xujam Qizi

Ассалому алайкум, …. . Яхшимисиз? Очиғи, мен нима дейишга ҳам ҳайронман? Кичик қизим эмас, қатта қизим Зарнигор Ҳаракатимизнинг ёшлар қаноти бўлимида фаолият олиб боради. Ўша ОШ тадбири жараёнида Оқдарёда тасвирга олиш ишларини олиб борганлиги ҳақиқат. Булар орасида ростдан ҳам опамнинг қизлари Феруза ҳам бўлган. Унинг иштирокидаги суратлар Бирдамликда эълон қилинганлиги ҳам ҳақиқат… Феруза яқинда турмушга чиққанди. Бироқ унинг “Бирдамлик” сайтидаги суратини кўрган МХХ ходамлари чақиртириб, безор қилишган. Бу чақирувлардан куёвбола ҳам қуруқ қолмаган. Айтишларча, МХХ ходимлари уларга гуё “Бирдамлик” сайтини очиб кўрсатишганмишу, ушбу сайтда “Феруза Пардаева Бирдамлик ХДҲнинг Самарқанд вилоят бўйича етакчиси” деб ёзиб қўйилганмиш…Охийри, куёв жиянимни ҳайдаб юборибди, “Сенинг қанақадир хавфли ташкилотларга алоқанг бор экан” деб…Бироқ мен жиянларимни кўрмаганимга 2 йилдан ошиб қолди… Бир ҳафтача бўлиб қолди, опам “Сенинг нима иш қилаётганинг билан дардимиз йўқ. Лекин нега бу ишларга Ферузани аралаштириб, оиласини бузиб юбординг? Қишлоқда бош кўтараолмасдан қолдик. ИИБ, СНБ, Маҳалла оқсоқоллари келиб, безор қиливоришди” деб зорланиб қолдилар… “Қизингиз Ҳаракатимиз аъзоси ҳам, етакчиси ҳам эмас, бу гап ёлғон. Менинг хабарим йўғу? Мендан нима истайсизлар?” десам, “СНБ биздан “Ҳеч қанақанги Ҳаракатга аъзо эмасмиз” деган ариза ёзиб беришимизни талаб қилаяпти, ана шунда бизни тинч қўйишаркан”, дедилар… “Майли, қандай истасангизлар, шундай йўл тутинг. Агар шу билан хотиржамлигингизга кафолат бўлса, менингдек қариндошингиздан воз кечганлигингиз хусусида ариза ҳам ёзишингиз мумкин, розиман” деганим эсимда. Шу воқеадан кейин Феруза МХХчиларга “Ҳеч қанақанги Ҳарактага аъзо эмасман, “Бирдамлик” деган ташкилотни билмайман” деб уч қатор тилхат ёзиб берган ва бу тилхатининг нусхасини менга ҳам такси торқали юборганди…. Орадан уч кун ўтмай, Ҳаракат  сайтида Феруза ва қариндошларимнинг “иддаолари” чиқиб турибди-да… Афтидан, МХХчилар қариндошларимнинг қўли билан мени бадном қилишга астойдил бел боғлашган кўринади… Бироқ, улар туғишганларим номидан менга қарши хабар ёзишда шошқолоқлик қилиб, қўпол ҳатога ҳам йўл қўйишибди. Улар тайёрлаган “Мурожаатнома”да “… Бердиев Носир (турмуш ўртоғим) …” деган жумлаларни кўриб, лол бўлдим. Чунки Бердиев Носиржон Ферузанинг турмуш ўртоғи эмас, балки туғишган укаси-ку? Укани ўз опасига турмуш ўртоқ (эр) қилиб қўрсатиш қабихлик эмасми? Булар ҳамма нарсага қодирлигини менку яхши биламан, бироқ, менинг интернет нима, “Замондош”у “Бирдамлик”, Ҳаракат  сайти нима билмайдиган, умрида компьютерни билмайдиган электр токи ойлаб берилмайдиган қишлоқдаги бечора қариндошларим МХХнинг минг бир нағмаларини қаердан ҳам билишсин? Улар ҳақгўй бўлишса, жиянимнинг қўлёзмасини, асл тилхатини эълон қилишмасмиди? Ахир улар компьютер у ёқда турсин, машинкада ҳам ҳарф теришни билишмайди-ю? Хуллас, сайлов тобора яқинлашган сайин Ҳукумат шайтонлаб қолмоқда… Эртага туғишган акам, ёки раҳматлик отамнинг номидан ҳам “Биз қизимиз, сингилимиз Эшонқуловадан воз кечамиз. Бизнинг унақа туғишганимиз йўқ” деган мазмундаги баёнот чиққан тақдирда ҳам ҳайрон бўлмаган бўлардим… Бунинг моҳиятини шу заминда туғилиб, кучи фақат ҳуқуқбонлару мухолифатдан ўзгасига етмайдиган “қудратли” Ҳукуматнинг заҳар-заққумини ютаётган шахсларгина ҳис қилишади… Зеро МХХнинг иши шу, улар шунинг ортидан нон ейишади ва улар ҳам ўз вазифаларини уддалашлари лозим…. Шу боис таажжубда эмасман… Ва бу борада “оҳ-воҳ” чекиб сайтларда изоҳ ёзиш фикридан ҳам йироқман… Айтингчи, ким ўзини оқлашга уринади? Менинг назаримда айбдор шахс ўзини айбсиз кўрсатиш ҳаракатида бўлади… Мен эса бу масалада қалбимда заррача айбдорлик ҳиссини туйган эмасман…. Эҳтимол, бу нотўғридир? Билмадим… Ҳарҳолда, мен шундай фикрдаман…. Нима бўлган тақдирда ҳам ҳайрат ва эътиборингиз учун раҳмат сизга…. Мени маъзур тутасиз… Ҳамиша соғ-саломат бўлинг. Самимият билан Малоҳат.

Шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, махсус хизматларнинг бўҳтону иғволари туфайли юзага келиши мумкин бўлган юрак хуружидан айнан уларнинг ўзлари йўл қўйган хатолари мени асраб қолган… :))).

“Замондош”да чиққан мақолалар ортида асосан 2 та фамилия туради, бу  менга ойнадек равшан.

Ҳа, дарвоқе, яна бир гап: Оммавий ахборот воситаларида бировга айблов қўйиш мақсадида ёзилган иддаоларга токи муаллиф ўз исм-шарифини қўймас экан, тахаллус-ла имзо қўйишга жазм қилар экан, бундайин қаламкаш эмас, қўрқоқ касларнинг “кишнаш”ларини менга писта пўчоқчалик қиммати йўқ. Асл қиёфаларини кўрсатишга уялиб, тахаллус-ла башараларига никоб таққан буқаламунларнинг иғволи “ижодлари” эътибор қилишга, асаб бузишга арзимайди ҳам.

Мана, мен нима учун ҳалигача тирикман: биринчидан, интернетда чиққан иддаолар МХХнинг қўли билан ғанимлар кўмагида Малоҳатга нисбатан қилинган маломатдан бошқа нарса эмаслигини ҳеч ким билмаслиги мумкин, бироқ, буни ўзим, оиламдагилар жуда яхши билишади. Шу сабаб ҳам улар ҳамон мени қўллаб келишади.

Шу боис ҳам, энг аввало, интернетдаги менга қарши ёзилган айбловларнинг бўҳтонлиги, ёлғонлиги мени сақлаб қолди десам, ишонасизми?

Ҳамиша севиб айтадиган бир иборам бор: “Ҳар яхшининг аммоси, ҳар ёмоннинг лекини бор” дейишади….

Рақибларнинг бўлгани ҳам яхши. Улар олдга интилишингга куч, кўмак беришади, аслида.

Ундай касларга қарата салоҳиятли ёзувчи Тоғай Муроддан ўтказиб айта олмасам керак:

Мен нимага эришган бўлсам – барчаси учун ғанимларимдан миннаддор бўлдим.

Ғанимларим бўлмаса – мен  Тоғай Мурод бўлолмас эдим. 

Яшасин, ғанимларим!”

Гоҳида айнан ана шу ғанимларга қастона охирги кучингни жамлаб бўлса-да  кўкка қараб кўтарилишга тиришасан, шунга мажбур бўласан киши… Мени Малоҳат қилаётганлар, қуёшга қараб талпинишга ургатаётган, ундаётганлар аслида ана шулар-ку….

ЖУРНАЛИСТ: – Бу масала тушунарли. Энди, айтингчи, Сарвар Усмоннинг яна қай бир “қалтис” саволига жавоб қайтаришингизга тўғри келганди?

М. ЭШОНҚУЛОВА: – Сарвар ака  “Мен сиз айтган бебош журналистларданман. Гоҳида бемаъни-бемани саволлар ҳам бериб қўявераман. Айтингчи, “Ўзбекистон мустақил журналистлар уюшмаси”га асос солишдан мақсадингиз ўзингизни “ПИАР” қилиш эмасмиди мабодо?” деган саволга жавоб олишни истагандилар. Олдилар ҳам.

ЖУРНАЛИСТ: – Ўша жавобни биз ҳам эшитсак бўладими?

М. ЭШОНҚУЛОВА: – ПИАР? Нима ўзи у? Аниқ таржимасини билмайману, мазмун моҳияти таниш.

Пиар – бу шов-шувми, сохта шуҳратми, омма эътиборини жалб қилиш, ўзингга қаратишга уринишми?

“Мен ҳеч қандай пиарга муҳтож эмасман. Ўзимни ҳечам пиарга муҳтож деб ҳисобламайман ҳам. Мен журналистман. Мени ташкилот ва ё уюшма пиар қилмайди. Қиладиган бўлса, мени қаламим, мақолам пиар қилади” деган мазмунда жавоб қилдим Сарвар Усмонга.

Улар жавобимдан яйраб, ёйилиб кулдилар. Сабабини сўрамадим. Ўзлари ҳам айтмадилар. Мен эса ҳамкасбимнинг мириқиб хандон отишларининг сабабини фақат тахмин қилишим мумкин, холос: Ўша дамда кўнгилларидан “Намунча ўзига бунчалар  ишонган, ўзига бунчалар бино қўйган бўлмаса бу?” деган ўй ўрмалаган бўлса,  эҳтимол.

Инсон  қудрати,  имкониятларининг чеки-чегараси йўқ. Ҳали таъкидлаганимдек, одам истаса, ҳамма нарсани уддалашга қодир.

Гоҳида, киши ўз имкониятлари ва ўз  кучига ҳам иқрор бўлиши, керак бўлса, таяниши, кези келганда эса ўзгаларниям ишонтира олиши керак деб ўйлайман….

Мен журналистман. Агар ростанам менга пиар керак бўладиган бўлса, қандайдир ташкилотга асос солиб, вақтимни беҳуда сарфлаб ўтирмаган, бу борада қаламим кучига таянган бўлардим.

Иқтидоримни ўзга ҳамкасбларимнинг салоҳиятидан кам деб билмайман.

Шундай экан, биргина мақола билан шов-шув кўтариш мен учун оддийгина шарни шиширишдек осонгина бир юмуш.

Бироқ кишининг ҳар бир ҳаракати, интилиш, ўйларидан асосий мақсади сохта шуҳратга бурканиш эмас, кимларнингдир корига яраш, атрофдаги одамларга кўмак қўлини чўзишдан иборат бўлиши керак….  Ана шунда сиз шавкатни сўраб, шарафни қумсаб сарсону саргардонликда   рангингиз самон – сарғайиб юрмайсиз, шон деганларининг ўзи ортингиздан соядек эргашиб, изингиздан изма-из излаб келаверади. Нима дедингиз?

ЖУРНАЛИСТ: –  Ёмон фикр эмас.  Лекин, айбга буюрмасангиз, мен сизни бошқа бир савол билан қийнашни истардим. Аниқроғи, бош мавзулардан бирига қайтишни истардим. Модомики, шунчалар халқ ғами билан банд экансиз. У ҳолда нуқул эл дардидан ташвиш чекиб яшаётган биргина аёл хусусида интернет саҳифаларининг салбий мазмундаги мақолаларга тўлиб-тошиб кетишининг боиси не? Биргина аёлга бу кўплик қилмасмикин?  Ахир халқимизда “Шамол бўлмаса, дарахтинг учи қимирламайди” деган иборалар бор….

М. ЭШОНҚУЛОВА:  – Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?” дейсиз-да?

Биринчидан, устозимиз Гулчеҳра Нуриллаевадек жасоратли, Дилором Исоқова сингари мухолифатчи аёллардан кейинги узоқ танаффусдан сўнг сиёсат майдонига от қўйган аёллардан бири ёлғизгина ўзимман деб ҳисоблайман. Тўғри, аёлларимиз орасида қўрқмас, ботир ҳуқуқ фаолларимиз йўқ эмас, лекин Ўзбекистон ичиндаги сиёсат саҳнида аёллардан ҳозирчалик ёлғизман…   Шундай экан, бор калтак, бор  заҳру заққум менга аталмай – кимга бўлсин? :))) Бор муҳаббату нафрат менга қаратилиши табиий эмасми?

Лекин синдиришга роса уриниб кўришди. Махсус хизматлар “Сиёсатга бурнини тиққан аёлнинг ҳоли хароб бўлади!” деган ақидани атрофдаги аёлларга исботлаб қўйишга, хотин-қизларни қўрқитишга минг чандон уриниб кўришди ҳам….

Бу масаланинг бир жиҳати бўлса, иккинчи томони шундаки, юқоридаям айтиб ўтдим, эслатаман, “Беайб парвардигор” дейишади…. Тамомила қусурлардан ҳоли бўлиш учун одам эмас, фаришта бўлиши керак киши. Ҳеч бир нуқсоним йўқ, камчиликлардан ҳолиман дея даъво қилишдан йироқман.

Бироқ, мен билган ҳақиқат шундаки: менинг бахтим ҳам, бахтсизлигим ҳам ўзим билан. Банда сифатида билиб-билмай йўл қўйган хатоларим зиён қилса фақат биргина кишига – ўзимга зиён қилиши, ўз юрагимга тиғ санчиши, ўз ҳаётимни заққумга айлантириши, ўз руҳиятимни қийноққа солиб, ўз истак-хоҳишларимни кишанбанд этиши, ўз асабларимни эговлаши, алал-оқибат ўз бўғзимдан олиши, ўзимгагина қабр қазиши мумкин, холос.

Бироқ, шуни ишонтириб айтишим мумкинки, мен қилган хатолар, мендаги қусурлар атом бомбаси каби дунёни остун-устун қилишга қодир эмас, менинг қусурларим зинҳор атрофимдаги  инсонларни камситишга, хўрлаш, кишиларга заҳмат етказиш, дилини оғритиш, беҳурмат қилиш, ҳаётларини издан чиқариш, келажакларини барбод қилиш, уларни бепичоқ сўйишга қаратилмаган.

Агарда мени қуршаб турган кишилар менинг мақсад-муддаомни тўғри тушунишмаётган бўлса, бу – менинг айбим. Қаердадир хато кетганман, кишиларнинг қалбига йўл топишда адашганман, истакларимни тўғри талқин қилишда хатога йўл қўйганман…. Бундан ортиқ ўзимни оқлаш учун бошқа нима ҳам дейишим мумкин?… Бундан бошқа ҳар қандай сўз ортиқчалик қилади, назаримда….

Яна бир ўзимга ёқмайдиган энг ёмон иллатларимдан бири шундаки, икки кунлик танишларимни ҳам ҳаддан зиёд ўзимга яқин оламан ва айтиш мумкин бўлмаган ҳақиқатларни ҳам эрким сиғиб эмин-эркин баён қилиб қўявераман: лабавойга ураман. Шунинг оқибатида Малоҳат эмас – маломат бўлиб қоламан, қўяман-да…..

Алқисса, шоҳ ва шоир Бобур Мирзо янглиғ

ТОЛЕ ЙЎҚЛИК БОШИМГА БАЛОЛИҒ БЎЛДИ,

ҲАР НЕНИКИ АЙЛАДИМ ХАТОЛИҒ БЎЛДИ…

дея руҳнинг эмраниши, қалбнинг ўртанишига қулоқ тутиб ўтиризмиз-да, мана, энди….

ЖУРНАЛИСТ: – Охирги савол: “Ўзбекистон мустақил журналистлар уюшмаси”ни давлат рўйхатидан ўтказишларига кўзингиз етадими?

М. ЭШОНҚУЛОВА: Ноумид шайтон. Қолгани вақтнинг ҳукмига ҳавола.

Фақат шуни айтишим мумкинки, мабодо ҳукумат уюшмамизни рўйхатдан ўтказишга монелик қилгудек бўлса, бу Ўзбекистон учун жудаям шармандали ҳолат бўлган бўларди…

ЖУРНАЛИСТ: – Рўйхатдан ўтди ҳам дейлик, ишни нимадан бошлаган бўлардингизлар?

М. ЭШОНҚУЛОВА: – Руйхатдан ўтса ҳам, ўтмаса ҳам фаолиятни давом эттирамиз.

Айбсиз айбдор бўлаётган журналистларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашамиз, қувончли, қайғули кунларимизда бир-биримизга далда бўламиз, яхши-ёмон кунларимизни баҳам кўрамиз.

Қолаверса, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Сайид каби журналистларни қамоқдан озод қилиш масаласида баёнотлар билан чиқиш режаларимиз ҳам йўқ эмас….

Энг муҳими, дунё ҳамжамиятини Ўзбекистоннинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаётига оид ҳақиқий ҳолатдан хабардор этишда давом этамиз.

ЖУРНАЛИСТ:  – Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

М.ЭШОНҚУЛОВА: – Мени эшитишга етган бардошингиз учун сизга ҳам…..

Суҳбатни Салима РУСТАМОВА олиб борди

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

 қани ўша оппозиция? 

Бугун Ўзбекистонни бошқараетган ҳукумат ,Ҳурматли президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида жуда катта бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Бобомиз Амир Темур " Бизнинг ...

Қўлланма-1

  “БИРДАМЛИК” ҲАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ҚУРИЛТОЙИ ОЛДИДАН!   Ҳалқ  хокимияти,инсон ҳуқуқлари заминидаги,озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи)   ...

Баҳодир чориев: “мақсадимиз – халқ ичида кўпайсин бойлар, давлат тепасида эмас”

Мақсадимиз – давлат тепасида эмас, халқ ичида кўпайсин бойлар. Бунинг ягона йўли – Мулкдорлик тузумидир. (Баҳодир Чориев)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400