Ўзбекистонда халқаро телекоммуникация тармоқларига бевосита уланиш соҳаси либераллаштирилиши мумкин — нафақат «Ўзбектелеком»да, балки бошқа барча провайдерларда ҳам шундай ҳуқуқ бўлади. Бу Ўзбекистонни 2019—2021 йилларда инновацион ривожлантириш стратегиясида назарда тутилган.
Президент фармони билан тасдиқланган стратегияга мувофиқ, 2020 йил 1 январга қадар ушбу йўналишни либераллаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқ ҳужжат хусусий инвесторлар ва тадбиркорларнинг маблағларини жалб этган ҳолда қабул қилиниши керак. Бу, ўз-ўзидан, мамлакатдаги фойдаланувчилар учун интернетга кириш нархларини пасайтириши керак.
Бундан ташқари, 2020 йил 1 февралига қадар, хусусан, LTE ва WIMAX стандартларида ишловчи мобил тармоқларни ривожлантириш ҳисобига, аҳолининг интернетга кенг полосали тармоқ орқали уланиш даражасини ҳам ошириш кўзда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистондаги ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг аҳволини кескин танқид қилган эди. «Сизлар билан неча бор учрашдик, лекин натижа йўқ. Одамлар, 23 миллион мобил алоқа фойдаланувчиси, 20 миллион интернет фойдаланувчиси норози — сифат йўқ, тезлик йўқ», — деганди Президент.
Ўзбекистон давлат раҳбари 2018 йил бошида мамлакат АКТ соҳаси раҳбарларига йил охиригача интернетга уланиш тезлигини бир неча баробарга ошириш ҳақида топшириқ берганди. Ким билсин, бу топшириқнинг бажарилиши энди 2020 йил 1 январигача — халқаро телекоммуникация тармоқларига уланиш бўйича монополия бекор қилингунича кечиктирилгандир…