Юлдузли тунлар-31

2

Самарқанд қалъасининг ташқарисидаги боғ кўчалар, Улуғбек расадхонасининг атрофлари, Обираҳмат ариғининг бўйлари беҳисоб қўшинга тўлиб кетган. Чўпонота тоғининг этакларида, нарёғи Зарафшон соҳилида юзлаб ўтовлар ва чодирлар пайдо бўлган. Бу қўшиннинг саркардаси Шайбонийхон Боғи Майдонга, Улуғбек қурдирган машҳур Чилсутун кўшкига келиб тушган эди. Шайбонийхон кўшкнинг юқориги қаватида тўрт тарафи айвонлик катта уйда пешин намозини ўқиб бўлган ҳам эдики, ясовул кириб, Султон Али мирзо бир неча ичкилари билан қалъадан хон ҳузурига келганини айтди.


Шайбонийхоннинг кичик-кичик кўзлари қувончдан ялтиллаб кетди.
— Султонларни бу ерга чорланг. Кейин мирзони бошлаб киринг.
— Ҳазратим, тахтингиз пастки ошиёнда.
— Жойнамозим тахтимдан баланд!
— Лутф қилдингиз, ҳазратим!
Ясовул икки букилиб таъзим қилганича орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Шайбонийхон бўталоқ жунидан тўқилган майин малла жойнамоз четига қайтиб ўтирди.
Ясовул пойгакдаги эшикдан Султон Али мирзони бошлаб кирганда Шайбонийхон ҳали ҳам шаҳнишинда ўша жойнамоз устида ўлтирган эди. Шаҳнишин пастида унинг ўн чоғли султонлари чўккалаб ўлтиришибди.
Шайбонийхон безаксиз жўн кийинган эди. Султон Али мирзо эшикдан кирган заҳоти унинг салласига қадалган дуру гавҳарлар, тўнига тикилган олтину марваридлар дабдаба билан б олиб келиш учун боя тушки овқат пайтида мирзога яхши кўрган майларидан анча ичирган эди. Ҳозир Султон Али мирзо Шайбонийхонга томон таъзим билан бораётганда оёқлари гиламда қоқиниб, гавдаси гандираклаб кетди. Абу Юсуф Арғун суяб қолмаганда йиқилиб тушарди.
Шайбонийхон ўрнидан туриб, Мирзо билан кўришар экан, хушбўй май ҳиди димоғига урилди. У Мирзонинг кайфи борлигини дарров сезди-ю, уни ўғли Темур Султон ва куёви Жонибек Султондан қуйироққа ўтқазишни ясовулга имо қилиб буюрди.
Шайбонийхон бошига қизил бўрк устидан оқ салла ўраган, кўк мовутдан або кийган. Олтин тугмали або тагидан кийган яшил кўйлаги мусулмон байроғининг рангини эслатади. Жойнамоз устида ўлтиргани ҳам уни художўй бир одамга ўхшатиб кўрсатар эди. Бунинг ҳаммаси Султон Али мирзонинг ваҳимасини сал босди-ю, аммо қуйидан жой кўрсатилгани унинг иззат-нафсига тегди. Бошқа султонлар Шайбонийхоннинг олдида чўккалаб ўтирганда, Султон Али мирзо атайлаб чордана қуриб олди. Шайбонийхоннинг ўғли унга ғаши келиб қараб қўйди.
— Сиз менга фарзанддек яқин бўлмоқчимисиз, Мирзо? — сўради Шайбонийхон мулойим товуш билан.
— Хон ҳазратлари иттифоқ тузиш учун чорлабдирлар…
— Волидаи муҳтарамангиз келмадиларми?
— Онам мени юбордилар.
— Аммо ўзлари ҳам келмоқчи эдилар.
— Аёл киши, тортинурлар.
— Одам юборинг, Мирзо, онангиз ҳам келсинлар.
Султон Али мирзо ёнида чўккалаб ўтирган Абу Юсуфбекка қаради. Абу Юсуф Арғун дарҳол ўрнидан туриб, Шайбонийхонга таъзим қилди:
— Ижозат беринг, хон ҳазратлари, мен ҳозир бориб Зуҳра бегимни айтиб келай.
Бу нозик ишларнинг ҳаммаси Абу Юсуф Арғуннинг ҳаракатлари билан битаётганини яхши биладиган Шайбонийхон ясовулга буюрди:
— Абу Юсуфбекка менинг энг чопқир отларимдан бирини инъом қилинг!
— Миннатдорман, ҳазратим!
— Бек, қайтишда Хўжа Яҳёга ҳам хабар қилинг. Султон Али мирзо келган жойга Хўжа келмаса ора узилур.
— Ҳақ гапни айтдингиз, хон ҳазратлари!
Абу Юсуф Арғун бу топшириқни бажариш учун кетгандан кейин Шайбонийхон ўрнидан турди-ю, султонларига қараб:
— Мирзо билан суҳбатлашиб ўтиринглар, — деди, ўзи эса орқа эшикдан айвонга чиқиб, пастга тушиб кетди.
Султон Али мирзо атрофидаги султонларнинг адоватли юзларига қараб, улар орасида ёлғиз қолишга қўрқди ва ўрнидан туриб, ён эшикка қараб йўналди. Шунда туркистонлик султонлардан бири ўрнидан сакраб туриб, унинг йўлини тўсди.
— Амирзода, буйруқ бўди*, энди бизинг янимиздан кетмайсиз!
Барваста бир навкар қўлини ханжарининг сопига қўйиб, эшикка кўндаланг бўлиб олди. Султон Али мирзо қопқонга тушганини энди сезди-ю, кайфи бирдан тарқаб кетди. Юзи бўздек бўлиб, бояги жойига қайтиб ўтирди.
Орадан бир-икки соат ўтгандан кейин Зуҳра бегим ҳам тўртта канизи билан Боғи Майдонга кириб келди. Унинг бошида келинчакларни эслатувчи оқ ҳарир рўмол, пешонасига эса тиллақош тақилган. Эгнида хипча белли гулгун кабо. Унинг тагидан кийилган оқ атлас кўйлагининг этаги шунчалик узунки, икки каниз икки томондан кўтариб келяпти.
Зуҳра бегимни Чилсутуннинг пастки ошиёнида махсус безатилган хонаи хосга бошлаб ўтаётганларини Шайбонийхоннинг қирқ ёшлардан ошган катта хотини кўриб қолди:
— Бу не деган юзсиз хотин? — деб ёнидаги аёлга шипшиди: — Эрсираган мегажин иззатини билиб уйида ўтирмайдими? Совчи бориб ишни битирганча шошмай турмайдими? Илойим касофати ўзидан берига келмасин!
Зуҳра бегим хонаи хосга кирганда Шайбонийхон тахт устида ўтирар эди. Зуҳра бегим икки букилиб таъзим қилар экан, Шайбонийхон у билан тахт устидан тушмасдан сўрашди.
— Хуш келдингиз, бегим.
Хондан бошқача муомала кутган Зуҳра бегим тўсатдан кўнгли бузилиб, кўзига ёш олди.
— Хон ҳазратлари, мен ўзимни сизга қурбон қилдим. Фарзандимни, хону моним — ҳаммасини марҳаматингизга ишониб топширдим!
Зуҳра бегимнинг юзи оқ ипак тўр ортидан аниқ кўринмас эди. Хон унинг гавҳар кўзли олтин узуклар тақилган қўлларига қаради. Томирлари бўртиб турган бу титроқ қўллар бегимнинг анча ёшга борганидан далолат берарди. Шайбонийхон яқинда Бухорода никоҳлаб олган ўн тўққиз ёшли кичик хотинини эслади. Сўнг Зуҳра бегимнинг каттагина ўғли Султон Али мирзо кўз олдидан ўтди.
— Хотиржам бўлинг, бегим Сизнинг мақсадингиз бизга маълум. Худо хоҳласа, муродингиз ҳосил бўлмай қолмас.
Шайбонийхон бошқа ҳеч нарса демади. Ясовул Зуҳра бегимни хонаи хосдан олиб чиқиб кетди.
Уни канизлари билан бошқа бир кичикроқ хонага киритиб, эшикларини ташқарисидан ёпиб олдилар.

* * *

Шайбонийхоннинг нима қилмоқчи эканини ҳеч ким тушунмас, аммо бугун Боғи Майдонда фавқулодда бир ҳодиса бўлаётганини сезган барча лашкарбошилар ва аъёнлар Чилсутун кошонасининг ён-верида икки-учтадан бўлиб айланиб юришар эди. Уларнинг орасида шоир Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. Унинг ипак салласи нозик қилиб ўралган, калта енгил ипак абоси ўзига жуда ёпишиб туради. Ёзда ҳам телпак кийиб юрадиган, урушдан бошқа нарсани билмай қўполлашиб кетган кўчманчи султонлар унинг зиёлича нозик кийинишини ёқтирмайдилар, темурийлар хизматида ўтган оғир ўтмишини эслатиб туришни яхши кўрадилар.
Найман уруғининг бошлиғи Қамбарбий боғда Муҳаммад Солиҳга тегишди:
— Ҳа, жаноб шоир, Самарқанддан мирзонгиз минан чечангиз* келиб, суюниб турибсизми?
— Қамбарбий жаноблари, Зуҳра бегим асли ўзбекнинг найман уруғидан бўлурлар. Бегимни мендан олдин сиз чеча дейишингиз лозим.
Манғит, дўрмон ва қўшчи уруғининг султонлари бу гапни ёқтириб хахолоб кулдилар.
Қамбарбийнинг аччиғи келди. Муҳаммад Солиҳга ўшқириб:
— Сиз-чи? — деди. — Сиз барлос туркиданмисиз?!
Темур ва темурийлардан чиққан барлослар Шайбонийхоннинг энг ёмон кўрган уруғи эди. Муҳаммад Солиҳ Хусайн Бойқаро саройида хизмат қилган, Султон Али мирзога ҳам мулозим бўлган, ахири мирзолардан айниб, Шайбонийхон томонига қочиб ўтган эди. У Султон Али мирзонинг ҳарбий сирларини Шайбонийхонга айтиб бериб, Бухоро ва Дабусия қалъасининг олинишига кўмаклашгани учун хон уни ёқтириб қолган эди. Аммо Қамбарбий ичида уни:
«Хиёнат йўли билан обрў орттирган беқарор турк!» деб ёмон кўрар эди.
Муҳаммад Солиҳ Қамбарбийнинг бу нафратини ўзига олгиси келмай, гапни ҳазилга бурди:

— Жаноб Қамбарбий, мен ҳозир — ўзбек туркиданмен!
— Қувлик қилманг, ўзбек бошқа, турк бошқа!
— Лекин ўзбекда «ота юртим Туркистон» деган нақл борку, бунисига не дейсиз?
— Вой-бўй, — деди Кўпакбий, — манав шоиринг бизнинг Туркистонни ҳам туркларга бериб
жубормоқчи-ғу!
Дашти Қипчоқдан чиққан оми Кўпакбий Туркистондай маданий шаҳарни ўзиники қилиб
гапирганидан Муҳаммад Солиҳнинг кулгиси келди:
— Жаноб Кўпакбий, сиз аввал Туркистон деган сўзнинг маъносини тушунинг! Туркистон —
турклар макони дегани-ку!
— Не демоқчисан? Биз Рум* туркидан тарқағанмизми?
— Аксинча, Рум турклари ҳам Туркистонни «ота юртим» дерлар. Улар билан бизнинг
илдизимиз бир. Самарқанд қўрғонидан берида турган ҳу ана у тепаларга бир қаранг. Ана ўша
ерда бундан минг йил аввал Афросиёб деган улкан шаҳар бўлган. Афросиёб эса Мовароуннаҳр
туркларининг афсонавий қаҳрамони эди. «Унинг асли оти Алп Эр Тўнға бўлган» деб, «Қутадғу
билик»да Юсуф Хос Ҳожиб ёзмишдир.
— Бу шоир ўзбекнинг нонини еб, нуқул туркни мақтайди-я!
— Жаноб Қамбарбий, ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз— барчаси ҳам туркий улуслардир. Бир
отанинг болаларидек еримиз бир, тарихимиз бир. Сизлар ўзбек уруғларининг тарихини
Ўзбекхон* бошлайсизлар. Бу тўғри эмас.
— Нега тўғри бўлмас экан? — ўшқирди Кўпакбий,— Ўзбекхондан тарқалган эмасмизма?
— Жаноб Кўпакбий, сизнинг қипчоқ уруғингиз Ўзбекхондан минг йил олдин машҳур бўлган.
Қўнғирот уруғининг тарихи ҳам олти-етти асрга боради. Манғит, найман, дўрмон, қушчи уруғлари ҳам қадимдан бери бор. Бу уруғлар ҳаммаси ҳозир онҳазратим Шайбонийхон қўл остига бирлашиб «ўзбек улуси» деган умумий ном олган экан, сизлар бу улуснинг тарихини эсдан чиқарманглар. Ўзбек деган исм туркий халқларда Ўзбекхондан неча юз йил олдин ҳам мавжуд бўлган. Мен Хоразмда ўсмишмен. Қадимий китоблардан ўқидимким, Чингизхондан олдин шоҳ бўлган Хоразмшоҳ Муҳаммад ўз ўғилларидан бирига Ўзбек деб ном қўймишдир. Шундан маълумки, бу ном юртимизда Чингизхон келмасидан олдин ҳам мўътабар бўлган. Ўзбек номини бизнинг улусимиз Ўзбекхондан олган эмас. Аксинча, бу қадимий номни Ўзбекхон бизнинг туркий улуслардан олмишдир!
— Яна туркий дейди-я! Хон ҳазратларининг бобокалонлари улуғ Чингизхон турк бўлмаған-ку!
Қамбарбий қалтис мавзуда гап очганини сезиб, ҳамма жим бўлиб қолди. Чунки Чингизхоннинг ғайридин бўлганини, Бухоронинг жомеъ масжидига от миниб кирганини Туроннинг кўпчилик аҳолиси биларди. Шайбонийхон бу аҳолини чўчитмаслик учун Чингизхон наслидан эканини ошкор қилмасдан дил тубида сақларди. Аммо хоннинг туркий тилли мусулмон эканлиги, ислом байроқдори бўлиб майдонга чиққанлиги катта бир сиёсат шаклида очиқчасига тарғиб
қилинарди. Муҳаммад Солиҳ ҳам ана шу сиёсатга мос келадиган сўзларни излаб топди:
— Жаноб Қамбарбий, Шайбонийхоннинг боболари Абулхайрхон, оталари Шоҳбудоқ Султон ислом динидан баҳраманд бўлишиб, хоқони аъзам Чингизхондан ҳам баландроқ маънавий юксакликка кўтарилганлар. Шайбонийхон ҳазратлари ҳозир ана шу юксакликда туриб, Туроннинг пок мусулмон халқига раҳнамо бўлмоқдалар!
— Об-бо, сарттинг боласи-ей, энди Туронни ўртага солиб, сўзини ўтказмоқчи-да!
— Тарих шундай бўлса мен не қилай, жаноб Қамбарбий? Минг йиллардан буён Хуросондан нарёғи Эрону бериги ёғи Турон деб юритилур… Хон ҳазратлари буни яхши билурлар. Имоми замон Бухоро мадрасасида таҳсил қўрганларида жуда кўп туркий шеърларни ёд олганлар.
Ўзлари ҳам туркий тилда ғазаллар ёзганлар. Мен онҳазратнинг ғазалларидан бир байт келтирай, эшитинг:

«Фирқат отидан йиқилдим, ёр келди сурғали
Eй Шайбоний, ёр дардингга даво қилди яна».

— Хон ҳазратларининг бу шеърлари туркийча эмас, ўзбекча! — деди Қамбарбий.
— Лекин барча туркигўй шоирлар худди шу тилда шеър ёзганлар-ку! Агар бу ўзбек тилида бўлса, демак, Навоий ҳам ўзбек тилида ёзган. Демак, камина ҳам ҳозир сизлар билан ўзбек тилида сўзлашмоқдамен. Демак, Мовароуннаҳрнинг туркий тилию ўзбек тили, аслида бир тил. Жаноблар, энди дилимиз ҳам бир бўлмоғи керак. Темурийлар турку ўзбек деб улусни улусдан ажратиб, халқни пароканда қилдилар, мамлакат парчаланиб, хароб бўлди. Энди имоми замон, Искандари соний* яна шу улусни бирлаштириб, мамлакатга ягона жон ато қилмоқчилар!
Илоҳим ҳазрат хонимиз шу мақсадларига етсинлар!
Муҳаммад Солиҳнинг бу гапига энди ҳеч ким эътироз қилолмади. Мунозарада усталик билан ғолиб чиққан шоир кўшкка қараб кетди.
Кўпакбий Қамбарбийга қараб:
— Сарттинг боласини кўрдингизма? — деди. — Буларни гап билан женгиб бўлмайди!
— Гап билан енгмасак қилич билан енгамиз! — деди Қамбарбий. Ҳаммалари хаҳолаб кулдилар.

* * *

Кўшкдан ясовул чиқиб, боғда мунтазир турган лашкарбоши ва аъёнларни хон ҳазратлари юқориги қаватга кенгашга чақирганини айтди.
Боғдаги аркони давлат кўшкнинг тўрт бурчига минорага ўхшатиб ишланган ва торгина йўлак ичидан ўтган зинапоялар билан юқорига кўтарила бошладилар.
Хоннинг ўзи ҳали ҳам пастдаги хонаи хосда яна ниманидир кутмоқда эди.
Кечки пайт Самарқанддан беш-олтита муридини эргаштириб, Хўжа Яҳё ҳам чиқиб келди. У Боғи Майдонга кириб отдан тушаётганда саросима бўлиб, оёғи узанги қайишига ўралиб қолди. Муридлари уни суяб туширдилар.
Катта оқ салла, малла сақарлот делагай кийган Хўжа Яҳё Шайбонийхон ўтирган тахтнинг олдигача таъзим қилиб борди. Қироатга ўрганган жарангдор товуш билан:
— Ассалому алайкум, хон ҳазратлари, — деди. — Самарқанд дарвозалари сиз улуғ зот учун очиқдур!
Шайбонийхон Хўжа Яҳё билан ўрнидан турмай сўрашди-ю, киноя қилиб деди:
— Самарқанд қопқаларини биз учун сиз очиб келдингизми?
— Ҳазратим, ҳар иш худонинг хоҳиши билан бўлур.
— Бироқ сизнинг хоҳишингиз — Самарқандни Бобурга бериш эди-ку?
— Осий бандалармиз, хон ҳазратлари. Хатолик ўтган бўлса, афв этинг, ҳузурингизга бош эгиб келдим…
Хўжа Яҳё кўзига ёш олди.
Шайбонийхон ясовулга буюрди:
— Юқорига олиб чиқиб мирзосининг қапталига* ўтирғизинг!
Хўжа Яҳёни олиб чиқиб кетганларидан кейин Шайбонийхон ўзининг энг яқин маслаҳатгўйи бўлган олтмиш ёшли мўйсафид мулла Абдураҳимни чақирди ва у билан нима ҳақдадир яккама-якка гаплаша бошлади.
Хоннинг шошилмаётгани баъзи султонларни таажжубга солмоқда эди. Самарқанд дарвозалари очиқ пайтда нега пойтахтга от қўйиб кирмасдан, бу ерда имиллаб ўтиришибди?

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* Б ў д и — «бўлди» дегани.

* Ч э ч а — бу ерда келинойи, янга маъносида.
* Р у м — Туркия.
* Ў з б э к х о н — Олтин Ўрда хони, 1312—1342-йилларда ҳукмронлик қилган, унинг пойтахти Сарой Берке Волга бўйида, ҳозирги Волгоград яқинида
бўлган.
* И с к а н д а р и с о н и й — Иккинчи Искандар, Шайбонийхонга берилган юксак таърифлардан бири.

* Қ а п т а л и — ёни, қатори.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ҳарам

Янги ўрда юқорида ёзғанимиздек, ҳақиқатан шукуҳлик, хушманзара бино қилинған эдиким, унинг ҳозирги харобасидан ҳам кўрса бўлур.  Ўрда  қўрғонининг  ташқари  айланаси (тўрт  ...

Жар

18. ЖАР ... Бу кун соат ўн иккида Отабек ила қутидорнинг исён-чилиқ гуноҳи билан дорға осилишларини жарчи шаҳарга хабарлаб юрар ва халқ оғзида Отабекларнинг ...

Шавкат раҳмон-сеҳргар

Деразангдан боқасан сирли, титроқ солиб кундуз жонига. Сочларингни ёзасан — тунни киргизасан аста хонангга. Бирданига барча дарахтлар қовжиратиб тўкади баргин, ухлаб қолар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400