Қашшоғона ҳаётимиз тасвири бадиий асарларимизда

Даракчи

Кейинги пайтларда юртимизнинг бугунги қиёфаси ёрқин бўёқларда тасвирланаётган бадиий асарлар кўплаб яратилмоқда. Бундай асарларда ишсизлик, моддий етишмовчилик ва бошқа ҳолатлар туфайли дарз кетаётган оилалар, урчиётган жиноятлар ва ҳар хил турдаги хиёнатлар авжланаётганлиги образли тарзда ифодаланмоқда. Бир сўз билан айтганда, бадиий адабиётимизда ижтимоий, маиший муаммолар имкон қадар бор-буди билан қаламга олинмоқда. Бугун барча фуқароларимиз каби ижодкор аҳлининг ҳам ҳақиқатнинг юзига тик қарашдан қўрқиши, аниқроғи юртимиздаги мавжуд сиёсий тизим уларни батамом қўрқитиб қўйганлиги сир эмас. Бироқ шундай бўлса-да, бир қатор ижодкорларнинг жамиятимиздаги муаммоларни қаламга олишга имкон қадар уринаётгани улар томонидан яратилаётган ҳар хил жанрдаги асарларда яққол сезилмоқда. Фарзанд тарбияси, рўзғорга оид ишларни ташлаб мардикорликка чиққан аёллар, оиласини боқиш илинжида иссиқ уйидан воз кечиб, иш излаб олис ўлкаларга кетган эркаклар тимсоллари ҳамда уларнинг бошидан ўтказган воқеа-ҳодисалар бадиий асарларимизнинг бош мавзусига айланаётир. Жамиятимиздаги аксарият жиноятларнинг содир этилиши замирида ҳам моддий етишмовчилик ва ишсизлик муаммолари мужассам топганлиги яратилаётган суд очерклари орқали янада ойдинлашмоқда. Биз бу ҳақида ёзишга ёзаяпмизку, бироқ хаёлимизда бир фикр ғужғон айланмоқда. У ҳам бўлса, биз томондан тарқатилаётган ахборотдан хабар топган ҳукуматимиз бундан кейин қалам аҳлининг ижодиётини жиддий назорат остига олишга чоғланиб қолмасмикан, адибларимиз ижодига тазйиқ ўтказмасмикан, цензурани янада кучайтирмасмикан, деган фикрлардир…

“Даракчи” газетасининг 2014 йилги биринчи сонида журналист Соҳиб Ихтиёрнинг Наманган шаҳар прокурори ўринбосари Бекзод Нарматов билан ҳамкорликда суд ҳукми асосида тайёрлаган суд очерки эълон қилинди. Мазкур очеркдагига ўхшаш воқеа-ҳодисалар бугунги реал ҳаётимизда кўпайгандан кўпаймоқда. “Хиёнатнинг қонли манзили” деб номланган мақолада ҳали 26 ёшга кирмаган навниҳол йигитнинг воқеа жойида вафот этиши, уч нафар фарзанднинг онаси, гулдек оила бекасининг касалхонага етиб бормай ёруғ олам билан видолашиши, уларнинг ҳар иккаласини пичоқлаб, қўлини қонга белаган уканинг қилмишлари ҳар қандай кишининг танасини жунжиктирмасдан қолмайди.

Асарни ўқир экансиз, эҳтимол, Элмурод кўпроқ пул топаман, оиламнинг кам-кўстини бутлайман, деб иш излаб олис Сибирга йўл олмаганида, у томонларда йиллаб қолиб кетмаганида балки бундай кўргуликлар бўлмаган, унинг уч нафар фарзандини тарбиялаётган аёли хиёнат кўчасига кирмаган, остонасига бегона эркаклар йўламаган, укаси Нурмуродга ўз оиласидан хабардор бўлиб туриш вазифасини топширмаган ва оилавий ишларига аралаштирмаган, Нурмурод эса, оила-аъзолари шаънини ҳимоя қиламан деб тасодифан жиноят содир этмаган бўлармиди, деган ўй-хаёллар миянгизда ғужғон айланади. Бироқ шундай бўлди, ғишт қолипдан кўчди. Бунинг натижасида тўртта хонадон аҳли-ю уларнинг қариндош-уруғлари азадорга айланди…

Бу билан нима демоқчисиз, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Айтмоқчи бўлган гапимиз шундан иборатки, бундай кўргуликлар бугунги кунда мамлакатимизни ёппасига қамраб олган ишсизлик, халққа ваъда қилинган ислоҳотларнинг амалиётга жорий қилинмаслиги, турмуш тарзимизнинг кундан кунга пасаяётганлиги, юртимиздаги оилаларнинг ижтимоий ҳимоясизлиги ва бошқа кўпгина омиллар туфайли вужудга келмоқда. Албатта, биз юртимизда рўй бераётган бу каби воқеа-ҳодисаларнинг барчасида жамиятимиз айбдор деган фикрдан йироқмиз. Бироқ кейинги пайтларда кўп ҳолларда кўргуликларнинг пайдо бўлишига, турли хил жиноятларнинг авж олишига жамиятимиздаги бир қатор иллатлар – порахўрлик, коррупция, юқори даражадаги солиқ тўловлари, мансабдор шахсларнинг меҳнаткаш халққа қарши ҳар хил зуғумлари, бошбошдоқликлар, аҳолининг қонуний манфаатларига хилоф ишлар, тадбиркор ва ишбилармонларга иш бермаслик, қилинган меҳнат учун кам ҳақ тўлаш, юқори ташкилотларнинг хусусий тадбиркорлар фаолиятларига асоссиз аралашиши, мавжуд иш ўринларини ҳар хил  баҳоналар билан йўқ қилиш  ва ҳакозо жараёнлар сабаб бўлаётгани бор гап. Эҳтимол, юқоридаги жиноят иши мана шу сабаблардан бири туфайли рўй бергандир. Чунки бизнингча Элмурод юртимизда ўз иш ўрнига эга бўлганида ёки меҳнатига яраша ҳақ олганида ёхуд оиласи таъминотига етадиган даромад эгаси бўлганида у уч нафар фарзандини ташлаб, олис юртларга ишлагани кетмаган, унинг жуфти-ҳалоли хиёнат кўчасига кирмаган ва ҳаёти аянчли интиҳо топмаган, бунинг натижасида болалари етим қолмаган бўлармиди?!

Шунингдек, Адиба Ҳамрохон Мусурмонованинг “Саодат” журналининг 2010 йил 1-сонида эълон қилинган “Келин” деб номланган ҳикоясини олайлик. Мазкур асарда гарчи юртимиздаги ишсизлик муаммоси ошкора тарзда тилга олинмаса-да, уни персонажлар ҳаракати орқали билиб олишимиз мумкин.

“Самандар сафарга отланганда, Салима хола шу кунларни олдиндан билгандек ўғлининг йўлини тўсганди:

 –  Жон болам, ўша томонларга бормасанг ҳам кунинг қуриб қолмас, гулдай хотинингни, кўзмунчоқдек болаларингни ташлаб кетасанми?

– Сиз хавотирланманг, келинингизга жин тегармиди. Сабр қилиб турса, бир-икки йил ишлаб келганимдан кейин ҳаммаси тағин изига тушиб кетади.

     Она бошқа эътироз билдира олмади. Самандар жўнаб кетди.

–  Бу ёшлар нега бунақа-а, – дейишди тўй-маъракада йиғилган кексалар. – Эр-хотин олти ойлаб бир-бировини кўрмаса, шунақаям ҳаёт бўладими? Умрини ортга қайтариб бўлса экан, аввал пул йиғиб олиб, кейин ўйнаб-кулишга улгураман, деб юрса… Ахир ўзининг ҳам, хотинининг ҳам ёшлиги увол эмасми?.

– Мана икки йилдирки, Самандар қишлоққа қайтмаяпти. Гоҳ-гоҳида қўнғироқ қилиб туришини айтмаса, қорасини ҳам кўрсатмайди. Шу сабабдан ҳам келиннинг олдида Салима кампирнинг тили қисиқ”.

Ҳикояни ўқишда давом этамиз: “Бугун эрталабдан буён келиннинг чиройи очилмаяпти. Салима кампир Шоҳиданинг юзига бир-икки назар солди-ю, аммо юрак ютиб, нима гаплигини сўрай олмади. Нима деб ҳам сўрарди? Мана икки йилдирки, Самандардан дарак йўқ. Шоҳида бир ўзи рўзғорнинг уддасидан чиқиб ўтирибди. Невараларининг иккаласи ҳам мактабга боради. Ҳали унисига, ҳали бунисига нимадир олиб бериш керак. Шоҳида боғчадаги ишидан ортиб, эрта баҳордан томорқани чопиб, экин-тикинларни тинчитади. Аёл бошим билан қай бирини эплайман, деб ўтирмайди. Рўзғорда етишмовчилик бўлиб қолса ҳам бировнинг кўзига мўлтирамайди, сабр қилади”.

“Дастурхон бошида кампир Шоҳиданинг юзига разм солди. Келин қошларини ингичка қилиб тердирибди. Кўзига сурма тортган. Ҳа, у анча ўзгарган. Авваллари бунақамасди. Салима кампирнинг эндигина ёришаётган кўнгли яна тундлашди. Самандар ҳам қайта қолмади. Қариган чоғимда болаларнинг ҳузурини кўриб ўтиришнинг ўрнига ўғлимнинг хотинига қоровуллик қиладиган бўлдим, деб ўйлади алам билан”.

Хуллас, бугун қашшоғона ҳаётимиз тасвирланган юқоридагига ўхшаш асарлар ва суд очерклари матбуотимизда тез-тез ёритилмоқда. Биз бунинг боисини унчалик яхши билмадик, балки ўз бизнеслари билан овора ҳукуматимизнинг казо-казолари бадиий асарлар ўқимайди, ўқишга вақт тополмаяпти ёки ўзлари томонидан йўл қўйилган сиёсий хатоларни аста-секин тан олишга тайёргарлик кўраяпти ёхуд адибу ёзувчиларимизнинг қаергача қайсарлик қилишини астойдил кузатаяпти ёинки халқ дардидан кўра оилавий, шахсий дахлсизликлари ва хавфсизликларини устун билган ҳолда, ўзларини ва “ҳалол” йўллар билан топган бойликларини ҳимоя қилиш билан андормон. Яна ким билади, дейсиз?

Асил ЭЛЎҒЛИ    

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нукусда аёл жасади икки кун уйида қолиб кетган

Иллюстратив фото:azeri.today Нукус шаҳри Навоий кӯчасида яшаб келган 1965-йил туғилган 56 ёшли К.М ӯз ҳонадонида 31-декабръ куни ӯлик ҳолда топилди. Маълумотларга қараганда, ...

Маҳаллий ундан қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзи белгиланди

Донни қайта ишлаш корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (829-сон, 30.09.2019 й.) қабул қилинди. ...

2018 йилда 26 минг 537 нафар ўзбекистонлик шенген визаси олди

Бугунги кунда Green Card муҳокамалар марказида бўлиб турган бир пайтда, Европа иттифоқи давлатларига чиқиш учун бериладиган Шенген визаси тўғрисида ҳам эслаб ўтмоқчимиз, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400