МEҲРОБДАН ЧАЁН-РАЪНОНИНГ ЭГАСИ

— Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси 

Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг — Раъноси. 

(Мирзо) 

Агар ор этса Лайли ҳақлидир Қайснинг жунунидин 

Не бахт Раъно харидоринг талаб аҳлининг — Мирзоси. 

(Раъно) 

  1. РАЪНОНИНГ ЭГАСИ

Солиҳ махдум бу кун одатдан ташқари ечилиб кетди, масжиддан чиқиб тўғри қассобнинг олдиға борди, бир тангалик гўшт, саккиз пуллик пиёз олиб ҳовлисига келди. Мактабда ҳуснихат машқ қилиб ўлтурғучи болалар ичидан иккитасини гулзорни супуриб, сув сепишка буюрди ва ўзи гўштни кўтариб ичкарига кирди.

Нигор ойим ҳозирғина қизларни озод қўюб, кўкрак боласини бағриға олған эди. Раъно ҳавли юзида иккита укасининг ўртасиға тушиб, уларнинг лой ўюниға иштирок этар, ер супуриб ётқан соч ўрумларининг тупроққа белашканидан хабарсиз эди.

Гўшт кўтариб йўлакдан кирган Солиҳ махдумнинг кўзи Раънонинг шу ҳолига тушди:

— Балли Раъно, ана жиннилик! — деди махдум, — атлас кўйлак сенга ҳайф, сенга бўздан бошқаси албатта ҳайф!

Раъно ўрнидан турди, дадасидан уялиб лойлиқ қўлларини орқасиға яширди.

— Уят эмасми, юв оқълингни, юв! Укаларингни бола десам, сен улардан ҳам ошиб тушасан!

Раъно югуриб ариққа кетди, Нигор ойим ўлтурган жойидан “Раънонинг ақли тушсин” деб кулиб қўйди. Солиҳ махдум ҳануз Раънодан койиб келар эди:

— Ишинг бўлмаса китоб ўқи, ҳустихат ол, сен кулолнинг қизи эмассанки…

Солиҳ махдум гўштни Нигор ойимнинг ёниға қўюб ўзи зина билан айвонга чиқди.

Махдум томонидан Раънонинг тергалиши Нигор ойимни унча машғул этмади. Аммо ҳозир унинг кўнглига келган масала эрининг чиқим важига фавқулодда ечилиб кетиши эди. Тўғри, Нигор ойимнинг ошхонасиға шунингдек бир неча чораклаб гўштлар кўб келар эди, фақат эти томонидан эмас. Солиҳ махдумнинг жўмардлиғи кўпинча йигирма пайса (таҳминан 50 грамм) этдан нариға ошмас, шунда  ҳам  болалардан  мўмайроқ “озодлиқ”  келиб  қолса  ёки “панжшанбалик”  куткандан ортиғроқ тушса.

Шунинг учун Нигор ойим бу жўмардлиқ ҳақини эрига бералмади:

— Гўшни кўброқ олибсизми… Анвар буюрғанмиди? — деб сўради.

— Йўқ, — деди махдум салласини қозиққа ила-ила, — бир манти қилайлиқ, — дедим, — манти еганимизга кўб бўлди, валлоҳи аълам…

Раъно ювиниб келди, дадасига уят аралаш бир қараб олдида, Нигор ойимнинг ёниға ўлтурди ва онасининг бағрида эмиб ётқан чақалоқнинг кичкина мимит қўлларини суюб ўпди.

Солиҳ махдум ечиниб келиб она-боланинг устида тўхтади.

— Сен мундане кейин кичкина бўлмайсан қизим, Раъно, — деди махдум насиҳатомуз, — шу укаларинг  билан  қилиб  ўлтурган  ишингни  киши  кўрса  нима  дейди.  Иншооллоҳ  уй  эгаси бўлишға яқинлашиб қолдинг. Энди тош-тарозуни ҳам шунга қараб қўйишинг керак, қизим.

Раъно қизариниб онасиға қаради, яна мимит қўлни ўпишка машғул бўлди.

—  Раънони  эгасига  топширмағунингизча, — деди  Нигор  ойим, — қуюлмайдирғанға ўхшайдир.

Бу сўздан Раъно уялиб, бошини чақалоқнинг бағриға тиқиб олди. Солиҳ махдум кулимсиган кўйи даҳлизга юруб борди ва оёғини кафшига узатди.

—  Тур,  ётма  Раъно! – деди  даҳлиздан, — гўштни  онангға  тўғраб  бер,  пиёзни  арт!  Анвар аканг ҳам келиб қолар, таом асрга тайёр бўлсин!

Раъно дадасини узоғлатиб, бошини кўтарди, онасиға ўпка аралаш кулиб қаради. Унинг бу қарашидан онасининг бояғи сўзига қарши ризосизлиқ онглашилмас, балки шодлиқ маънолари ўқулур эди. Дарҳақиқат, эру хотин ораларида ўткан икки калима сўз шу оила гулшанида ўскан Раънонинг  истиқболини  очиқ  белгилар  эди.  Нигор  ойим  “Раънони  эгасига топширмағунингизча…”  деб  гарчи  бир  мунча  қўполроқ  таъбир  билан  бўлса  ҳам “Раънонинг эгаси”  борлиғини  сўзлар,  Раъно  эса “эгаси”нинг  ким  эканлигини  яхши  билгани  ва уни  қанот қоқиб қарши олғани учун жоду кўзида ризосизлиқ эмас сурур маънолари ўйнатар эди.

Дадасининг – “Анвар аканг ҳам келиб қолар, таоминг асрга тайёр бўлсин!” жумласи Раънога яна очиқ, яна равшан таъминот берар эди…

 

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 24-қисм

24 Қаҳрим қўзигандан қўзиди. Тарлонни Самад чавандозга бердим. Ўзим Самаднинг чеккагир кўк саманини миндим. Тўда гирдини пойлаб юрдим. Бир бойсунлик улоққа яна чилвир солди. ...

Устозим рауф парфи –“хотира дафтаримдан хотиралар”

Биз  қанчалар лоқайдмиз. Улуғ инсонлар билан учрашиб, суҳбатлашиб, ҳатто улар билан ёнма-ён яшаб бўлиб ўтган воқеалар, суҳбатларни ёзишдан кўпинча эринамиз. Фаросатимиз ...

От кишнаган оқшом (қисса) 31-қисм

31 Қиш қариди. Ҳавода кўклам иси анқиди. Бойчечаклар кетидан қорақошлар очилди. Кўкламни бағримга босдим, тўйиб-тўйиб искадим. Бир гап эшитиб, кўклам кайфиятим қиш бўлди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400