МEҲРОБДАН ЧАЁН-МАХДУМНИНГ УЙЛАНИШИ ВА МАКТАБДОРЛИҒИ

Солиҳ  махдум  отасининг  вафотида  йигирма  ёшлиқ  талаба  эди.  Отаси  марҳум  бўлғандан сўнг ўзидан бир неча ёш каттароқ оғаси Марғилонға имом бўлиб оиласи билан кўчиб кетди. Солиҳ махдум онаси ва ўн олти ёшлиқ Наъима исмлик синглиси билан Қўқонда қолди. Бирор жойдан келим бўлмағанлиқдан бу оила кўп тангликка тушиб охирда Солиҳ махдум таҳсилни тарк этишка, қорин тўйдирарлиқ бир касб излашка мажбур бўлди. 

 

Албатта  Солиҳ  махдум  оғирроқ  касбни  удда  қилолмас,  иморатка  бўлса  соқоли чиқмағанлиқдан яролмас эди. Кўп озор чекиб ниҳоят қориндош-уруғ ва маҳалла кишиларининг кенгашлари  билан  ўз  уйига  мактаб  очди,  маҳалладан  беш-ўнта  бола  йиғди  ва  енг  шимариб мактабдорлиққа бошлади.

Бир неча йил мактаб ривожга минмади, яъни болалар ўн беш-йигирматадан нариға ўтмай, “панжшанбалик” аранг ит азоби рўзғорға етиб турар эди. Махдум ва оиласининг шундан бошқа даромад манбаълари бўлмағани учун ҳар ҳолда, яна шунга қаноат қилмоққа мажбур эдилар.

Ўғул  йигирмага,  қиз  ўн  бешка  етдими – оналарнинг  дарди  келин  ва  куёв  савдоси  бўлиб қоладир. Шунга ўхшаш махдумнинг онаси Моҳлар ойимнинг касали гўё “дард устига чипқон” эди: махдумнинг ёши йигирмадан ошти, Наъима ҳам ўн саккизга тўлди, яъни келин ҳам керак, куёв  ҳам.  Наъима  тўғрисидан  ташвиш  йўқ,  ҳусн,  одоб,  юмиш,  ҳаммасидан  кўнгил  тўқ,  бек бўлмаса – бекзода, мударрис бўлмаса – мукаррир.

Аммо  махдум  масаласи  бир  оз  мушкилроқ  эди:  топиш,  тутиш  маълум,  отасидан  қолғани фақат ички-ташқи ҳавли, мундан бошқа ҳеч гап. Бас, Моҳлар ойим ўз тириклигида махдумнинг “бошини  икки”  қилмаса,  ўзидан  сўнг  унинг  уйлана  олиши  амримаҳол.  Шуни  кўзда  тутиб Моҳлар  ойим  махдумнинг  уйланишига  мазкура  Наъимани  восита  қилмоқчи  бўлди.  Яъни Наъимани  узатиб  эвазига  узатилган  жойдан  келин  олмоқчи  эди.  Қарши  қуда  бўлмоқ  учун қизлиқ ва ўғуллик ҳавлини учратиш ва бунинг устига “наслу насабда текислик”, олинадирған келиннинг  силлиқина  бўлиши – ана  шундай  мушкилотлар  орқасида  икки  йил  чамаси Наъиманинг  умри  сарғайиб  ўтди.  Юрт  эмасми,  дегандек  юртчиликда  юрак  оғриғиға  даво топилмай қолмас. Шунга ўхшаш Моҳлар ойимнинг яраси ҳам ниҳоят учунчи йилда давосини топди:

Хон ўрдасининг мутаваффо мирзоларидан биттасининг мадрасада ўқуб юрған ўғли бор эди ва уйида чақич чайнаб ўлтурган ўн олти ёшлиқ қизчаси ҳам бор эди. Бу оила Моҳлар ойимнинг таклифини  маъалмамнуният  қабул  этди.  Чунки “ўхшатмай  учратмас”  дегандек  нариги  тараф ҳам Моҳлар ойимнинг биттаси эди. Совчилар Наъимани ёқтириб Моҳлар ойимнинг таклифини қабул қилиб кетдилар. Моҳлар ойим марҳум мирзонинг уйига қиз кўргали бориб ул ҳам “қизи жажжигина экан” деб келди. Куёвлар кўрулиб улар ҳам зарарсиз топилдилар. Шарту шароит сўзлашилди: икки орада қалин-палин деган гаплар йўқ, ҳар ким ўз улушига тушкан ош-сувини қиладир, келинни ўраб-чирмаб оладир, вассалом.

“Ҳай этти, ҳуй этти, икки коски тўй этти” деганларидек ҳар икки тўй ҳам бир ҳафта ичида ўтти,  Наъимахоним  уёққа  кетиб,  Нигорхоним  буёққа  келди.  Шундай  қилиб  Солиҳ  махдум хотинлиқ бўлди.

Солиҳ махдумнинг мактаб иши ҳам учунчи йилдан бошлаб бир оз жонланған, болалар ҳам ўттуз-қирққа еткан эдилар.

Солиҳ  махдум  ўттуз  ёшларға  борғанда  мактабдорлиғи  ҳам  яхшиғина  шуҳрат  топадир, шогирдлар сони бир юзга етадир. Меҳмонхона торлиқ қилғанлиқдан мактаб учун махсус бино ёпадир,  имло,  иншо ва ҳуснихат машқи учун алоҳида хона айирадир.  Махдум ёлғин шунинг билангина  қаноатланмай  хотини  Нигорхонимни  ҳам  ишка  соладир,  яъни  унинг  саводини тузатиб “отин  биби”  қиладир.  Икки-уч  гузарнинг  қизлари  Нигорхонимнинг  сабоғиға йиғиладирлар.  Қисқаси,  махдум  мактабдорлиқда  яхши  шуҳрат  қозонғанидек,  уй-рўзғорини, юриш-туриш, кийим-солим ва бошқа тарафларини ҳам тузатиб оладир.

Қирқ ёшларида маҳаллага имом бўладир ва мактабини яна ҳам кенгайтириб шу даҳанинг ҳар бир табақаси ичида “устоз мулла Солиҳ махдум” бўлиб таниладир. Масалан, ўзида савод чиқарған  косиб,  савдогар,  муллабачча (мадраса  талабаси)  ва  шунингдек  янги  бўғимларға устозлик  унвонини  оладир.  Ҳатто  кейинги  вақтларда  унинг  шогирдларидан  хон  ўрдасигача бориб кирганлари бордирким, махдумнинг бу муваффақиятини бошқа бобларимизда ўқурсиз.

 

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Пулицер – бу мукофотга кимлар лойиқ?

Американинг адабиёт, журналистика, мусиқа ва театр соҳасидаги энг нуфузли мукофотларидан ҳисобланган Пулицер мукофоти ўз даврининг газета магнатларидан ҳисобланган Жозеф ...

Шавкат раҳмон-сеҳргар

Деразангдан боқасан сирли, титроқ солиб кундуз жонига. Сочларингни ёзасан — тунни киргизасан аста хонангга. Бирданига барча дарахтлар қовжиратиб тўкади баргин, ухлаб қолар ...

От кишнаган оқшом (қисса) 57-қисм

57 Икки кун деганда участка милитсонеримиз тағин қоғоз олиб келди. Тарлон билан азонда йўл олдим. Бу сафар Тарлонни қичаб ҳайдадим. Вақтида етиб келдим. Капитан катта тўртта ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400