МEҲРОБДАН ЧАЁН-МАХДУМНИНГ БАЪЗИ ХИСЛАТЛАРИ

 

Юқоридан ўқуғучиға бир даража онглашилған бўлса керакки, яқин йигирма йиллардан бери  махдумнинг келими шаҳар ёки қишлоқ сўраб турған бир бекча бўласа-да, ундан қуйироқ,  ҳар  ҳолда  шаҳар  мадрасасида  дарстўлик  қилиб,  вақфни  ўз  қабзиға1  олған  бир мударриснинг тушимидан албатта кўб. Келимнинг шу йўсун яхши бўлишиға қарамасдан унинг табиъатида ҳарчанд тиришилса ҳам махтаб бўлмайдирған хусусиятлар бор: хасисликка ўхшаған ҳолат, тамаъгирлик каби одат, ичқоралиқ сингари ҳаракат ва амсоли… 

Ёш чоғида отаси ўлиб, қаттиғчилиқда ўсди, унинг баъзи ярашмаған ҳаракатлари балки ўша қаттиғчилиқнинг руҳка сингиб қолған ёмон таъсиридир. Ҳар ҳолда бизнинг мундаги вазифамиз махдумни таҳлил қилиш эмас, балки унинг шахсига хиёнат ва бўҳтон қилишдан сақланиб, яъни ортдирмай ва камитмай ўқуғучиға бутун тақдим эта билишдир.

Ойни этак билан яшириб бўлмайдир. Махдумнинг хасисликка ўхшаш ҳолатлари албатта бор эди. Махдум топиб-тутмаған йилларда бу ишни йўқлиқдан қиладир, десак-да кейинги вақтларда ҳам шу одатини тарк этмагани учун табиъатида бир мунча хасислик бор экан, деймиз.

Кўйлак-иштоннинг аксар етти-саккиз жойидан ямоғи бўладир. Етти қишдан бери гуппи – чопон  янгилагани  маълум  эмас,  фақат  қиш  келиб  кеткан  сайин  алак  гуппининг  енги ўзгарибкина  турадир  ва  астари  йил  сайин  янгидан-янги  ямоқлар  билан  бойийдир,  шу  гуппи бутун умрида биргина мартаба ва шунда ҳам махдумдан берухсат аммо, Нигор ойимнинг зўри билан  тоғораға  тушиб  чўмилди.  Бу  кунда  бўлса  тўрт  йил  бурунғи  ғусли,  етти  йиллик  туси, турлик-турлик  ямоғи  билан  саккизинчи  қиш  махдум  поччасиға  содиқона  хизмат  қилиш учун бўғжома  ичида  ўзига  куч  йиғиб  ётадир.  Маҳалла  кишилари  махдумнинг  бу  чопониға “молтопар”  деб  исм  берганлар,  гуппи  кийилиб  чиқилған  кун  махдумга  сездирмай “молтопар савдодан  қайтибти…  ҳали  бақувват,  иш  қилиб  ямоққа  чарчамасанг  яна  ўн  йиллингми, Мамарайим!” деб кулишадирлар.

Қисқаси: беш-олти қайта бошлатилиб қўнжи бир қаричға келган айбаки2 махси, чарми уст-устига  уюлиб  ердан  уч  эллик  чамаси  кўтарилган  икки  чорак  вазнлик  кафш,  ёши  маҳалла кишиларининг  кўбларига  маълум  бўлмаған,  ҳарчанд  эҳтиён  қилинса  ҳам  неча  жойидан попилтириғи осилған оқ-бўз салла маҳалла кишиларининг эрмакларидандир. Булардан бошқа ҳайит кунлари ва тўйлардагина кийилардирган банорас тўни, совуқ қаттиғроқ бўлғанда ичидан киядирган  адрас  гупписи  ҳам  бор.  Маҳалла  кишилари  банорас  тўнни “зарурат”  деб  атаған бўлсалар ҳам, адрас гуппига ҳали ном қўйғунча йўқлар, чунки бунинг дунёға келганига фақат тўрт-беш йилгина бўлғандир.

Кези келганда махдумнинг ёзлик кийимларини ҳам бир сидра айтиб кетайлик: йўллуқ, қизил қалами  бўздан  яхтак,  оқ  бўздан  жиҳак  ёқалиқ  кенг  кўйлак (чунки  тор  бўлса  йиртиладир)  ва лозим (яъни иштон) ҳамда сарпойчан кийишка енгилча сағри3 кафш, аммо салла қишин, ёзин битта.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-очиқ хат

Шом  намозини  ўқуб  қайтқан  махдум  меҳмонхонанинг  эшигини  очиқ  кўрди.  Унинг келганлигини фаҳмлаб, тўғри ичкарига ўтди. Бир оздан кейин товоқда ош кўтариб Нигор ойим ...

Абдулла қодирий:ўткан кунлар-3

3. БEК ОШИҚ Сарой тинч уйқуда, тун ярим. Ҳасанали ҳужранинг узун бурама қулуфини очиб ичкарига шамъ ёқди ва бекнинг тўшагини ёзиб унинг кириб ётишини кутиб турди. Аммо ...

Мажбурият

7. МАЖБУРИЯТ Қўқондан ҳар кун деярлик хабарлар келиб турар эди. «Қўқон сипоҳи томонидан Тошканд ўралди» деган хабарга энди ўн беш кунлаб вақт ўтган эди. Аммо ҳануз — ...