БЕКЛИГИНИ УНУТАЁЗГАН ЎЗБЕГИМ

“Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг

Тўқсон икки бори ўзбак юртидир, тенглик қилинг…”

Эххх… ОАВда эълон қилинди, яқиндан бошлаб қўшни Қозоғистон республикасида ташқаридан яшаш учун келган қозоқларга бир йил ичида фуқаролик бериладиган бўлди. Ҳолбуки олдинлари ҳам  фуқаролик олиш бу юртда унчалик машаққат эмас эди.

Қандай яхши.

Султон суягини хўрламас… деганлари шу бўлса керак-да.

Русларни олинг. Йўқ, уларни тинч бир чеккага қўятурайлик, ён қўшниларимиз  –  Қирғизистон, Туркманистонда ҳам бу масалада муаммо йўқ.

Бизда-чи?..

Хабарингиз бор, биргина фуқаролик, деб қанчалаб элдошларимиз узоқ йиллар давомида азоб чекиб келади. Не-не ватандошларимиз мажбур бўлиб, ўзлари истамаса-да, бошқа давлат фуқаролигини олишга мажбур бўлишди, ахир фуқаролиги йўқ шахс дегани, бу – ҳеч ким дегани-да. Биз эса томошабин бўлиб қараб туравердик. Минг марта шукрки, Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан бу адолатсизликка ҳам барҳам берди. Телевизорда, ОАВ да фуқаролик олган юртдошларимизнинг кўзларида севинч ёшларини кўриб улар қатори биз ҳам суюндик.

Аммо зўр ғайрат билан бошланган шу хайрли иш ҳам негадир тўхтаб қолаётганга ўхшайди. Кейинги вақтлар бу ҳақда ҳеч ким лом-мим демаяпти…

Ҳамма ўз жигари, миллатига бағир очиб турган бир пайтда бу ҳолатни қандай тушунмоқ мумкин?

25 йил кутди, яна 3-4 йил кутса кутибди-да, десак, тўғри бўлармикан?

Фуқаролик ўз-ўзидан берилмайди, яхшилаб текширишга имкон беринглар-да, демоқчисиз, майли шундай ҳам дейлик, лекин 25 йил давомида уларни ҳеч бир идора текшириб кўрмаган деб ўйлайсизми?

Менинг назаримда лоақал миллати ўзбек бўлган, шу заминда яшаб келаётган фуқароларга худди қозоғистонлик қўшниларимиз каби имтиёзли равишда бағрикенглик қилиб фуқаролик бериш керак. Аслида, чорак аср сабр-тоқат қилиб кутганликлари учун улардан узр сўраб, ҳаммасига бирваракайига фуқаролик берилганда нур устига аъло нур бўларди.

Биз ўзбек бўла туриб ўзбекни қадрламаймизми?!  Ғалати халқмиз, сал нуқсонларимиздан сўз очсак “миллат хоини” аталамиз, сал мақтасак “миллатчи” тамғасини оламиз.

Майли илгари нима бўлган бўлса бўлгандир. Паноҳ истаб келган миллатдошларимизни трактор тиркамасига кўч-кўронини юклаб чегарадан ташқарига чиқариб ташлаган вақтларимиз ўтди. Энди қолган қутгани шу Ватанга юкиниб келса, бошини силайлик. Мен ажабланаманки, бутун дунёда бошқалар ўз қавмига қайишади, биз эса юз ўгирамиз, агар гастебайтер бўлиб четга ишлагани кетган бўлса улардан жирканамиз.

Кишининг ош ейиш ўрнига пицца ейиши унинг шу ватанга бегона эмаслигини билдирганидай эрталаб хорижда уйғониб қуёшни хорижда кутиб олиши ҳам шу Ватанга бегона эканини билдирмайди-ку!

Фуқароликка қабул қилишдай хайрли ишни Президентимизнинг ўзлари бошлаб бердилар. Бундан бутун элимиз суюнганини айтмайсизми? Бугун Президентимиз бундан ҳам муҳим ва бундан-да улуғроқ ишларга жон куйдирмоқда. Буни нафақат халқимиз, балки бутун дунё катта қизиқиш ила кузатиб турибди. Тегишли идоралар тушган аризаларни вақтида ишлаб Президент ҳукмига ҳавола қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Нега биз бунча ўзимиздан ўзимиз қўрқамиз?

Алҳосил, ниятим холис. Истардимки, нафақат Ўзбекистонда балки дунёнинг бошқа бирор бир бурчида ҳам фуқаролиги йўқ ҳужжат кўтариб юрган ўзбек бўлмасин. Билсангиз бу Ўзбекистон деган улуғ давлат, ўзбек деган бағрикенг миллат учун жудаям уятдир!..

Муаллиф: Шукур Жаббор

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шри-ланка президенти истеъфога чиқмай, мамлакатдан қочиб кетди

Шри-Ланка президенти Готабая Ражапакса чоршанба куни эрта тонгда намойишчилар талабига биноан вазифасини топширмай, мамлакатдан қочиб кетди. У Қуролли кучларининг самолётида ...

Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани айтилмоқда. шифохона қандай сирни яширмоқда?

Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани айтилмоқда. Шифохона қандай сирни яширмоқда? Дилшод Набиев. Фото: «Дарё» ...

Латвияда россияни қўллаб-қувватлаганлар фуқароликдан маҳрум бўлишади

Латвия парламенти (Сейм) Украинадаги қуролли можарода Россия ёки бошқа демократик давлатларга ҳужум қилган мамлакатлар билан террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400