ФУҚАРОЛИГИ ЙЎҚ ШАХСЛАР ҲАСРАТИ ОЛАМНИ ТУТМОҚДА, ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ПАРВОИ ФАЛАК

Ҳар сафар Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига борганимда  Ўзбекистон ҳукуматининг адолатсизликларидан, миллат тақдирига бефарқлигидан, миллат шаънини таҳқирлашидан, ўзбек миллатига хиёнатидан юрагим қаттиқ оғрийди. Ўзим каби сон-саноқсиз тақдирдошларимнинг фарёду нолаларини эшитиб, ҳасратларига қулоқ тутиб, қалбим изтироб чекади. Чорак асрдан зиёд ўз юртимда яшаб, ўз юртимнинг фуқароси бўла олмаётганимдан, қонуний ҳуқуқимни амалга оширолмаётганимдан ўзимни-ўзим ёмон кўриб кетаман. Ўзини ҳуқуқий демократик давлат дея эълон қилган Ўзбекистонни қонун йўли билан ҳеч нарсани ҳал қила олмайдиган, қонунлар ишламайдиган давлатга айлантирган миллат душмани, марҳум президент Ислом Каримовнинг шаънига ланъатлар ёғдиришдан, бўралатиб сўкишдан бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмаслигидан надоматлар чекаман…

Рўзибой Азимий

Кеча яна бошимни қуйи эгиб, оёқларим тортмайдиган, юрагим безиллаган манзилга – Элчихонага бордим. Элчихонанинг Консул бўлими эшиги олдида одатдагидек туманот одам. Деярли ҳаммаси Фуқаролиги йўқ шахслар. Уларнинг аксарияти Қозоғистонга, ота-онаю қариндош уруғлари уйига, воажаб, ўзи туғилиб ўсган уйига бориб-келиш учун виза олиш мақсадида ҳужжат топшириш илинжида. Чорак асрдан буён шу аҳвол. Энг ачинарлиси, Фуқаролиги йўқ шахсларга тааллуқли муаммо диктатор Ислом Каримов оламдан ўтгандан кейин ҳам муаммолигича қолаётганидадир. Бир сўз билан айтганда, Мирзиёев даврида ҳам Фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан муносабат тубдан, узил-кесил ўзгармади. Шу боис улар ҳамон Қозоғистон ва бошқа собиқ совет иттифоқи давлатлари элчихоналари эшигидан қадамини узолмаётир, эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қолаётир. Бу шунчаки ачинарли ҳол бўлиб қолмасдан, давлат шаънига доғ бўлиб тушаётир.

Дунё аҳли ер юзида йўқ бўлиб кетган давлат — собиқ СССРнинг айрим фуқароларини ҳамон сақлаб келаётган, ўз конституциясига, халқаро қонун ҳужжатларига риоя қилмаётган, ўз миллатдошларига йиллар давомида Ўзбекистон фуқаросини бермаётган, хориждаги эркин фикрли миллатдошларини Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилаётган Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини, позициясини тушунолмай ҳайрону лол қолаётир. Чиндан ҳам миллатдошлари тақдирига ачинмаган, юртдошларини хору зор қилиб келаётган Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа давлатлар билан чинакам дўстона алоқалар ўрнатишга интилишига ким  ҳам ишонади дейсиз?! Миллатдошларини абгор аҳволга солган, дунё кезиб нон топишга маҳкум этган, дунё аҳлига “жиноятчи”, “террорчи” сифатида танитган Каримовнинг хатосини тўғрилашга астойдил ҳаракат қилмаётган Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларига содда ўзбек ишониши мумкину аммо тараққий топган давлатларнинг онгли фуқаролари заррача ишонмаслиги шубҳасиз, аниқ…

 

КОНСУЛ БЎЛИМИ ЭШИГИ ОЛДИДАГИ МАШМАША

Юқорида айтганимиздек, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида ҳар доим туманот одам. Фуқаролиги йўқ шахслар. Одамларнинг кўп бўлгани марҳум Ислом Каримов ҳаддан зиёд эркинликлар бериб юборган, ана шу “эркинлик”лардан ҳамон фориғ бўла олмаётган қўриқчи ички ишлар ходимлари — милициялар учун катта шанс. Бу ҳолат улар учун соққа топишнинг антиқа йўли. Консул бўлимига борганимда эшик олдида милицияга ялиниб-ёлвориб турган аёлга кўзим тушди. У ҳамманинг диққат эътиборида. Аммо бундан одатдагидек ички ишлар ходимининг парвои фалак.

Дастлаб ёш келинчак милицияга консулхонага навбатсиз кириш учун ялинаётган бўлса керак деб ўйладим. Бироқ ундай эмас экан. Келинчак эрталаб соат 8 да келиб 6-навбатга ёзилган, аммо паспортида камчилик бўлгани учун миршаб уни ичкарига киритмаётган экан. Келинчакнинг паспортидаги камчилик — прописка қайдномаси штампи устига гербли муҳр босилмаганига доир вазиятни билгач, милицияга бу борада аёлнинг заррача айбдор эмаслигини, бу ички ишлар бўлимининг Фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бўлими ходимлари айби эканини, прописка штампи устидан муҳр босилиши кераклигини барча фуқароларимиз ҳам билавермаслигини, буни ҳатто ички ишларнинг бошқа тармоқларида ишлайдиганлар ҳам билмаслиги мумкинлигини ётиғи билан тушунтирдим.   Милицияга ўз ҳамкасблари хатосини инобатга олиб, ёш боласини уйига ташлаб, узоқ Чирчиқдан келган ёш онани консул бўлимига киритиш кераклигига доир фикримни айтдим. Шу пайт ҳатто кичик сержант унвонига ҳам эга бўлмаган ички ишлар ходими менга қараб ўдағайлай бошлади. Шундай бўлса-да, аввалига милициянинг ҳурматини жойига қўйиб, барибир босиқлик билан уни оқибатлироқ бўлишга даъват этдим. Милиция фикридан қайтмади. Аёлга эшик олдидан кетишини, барибир ичкарига киритмаслигини билдирди. Йиғидан ўзини аранг тутиб турган аёлдан консул бўлимига келишдан олдин Элчихона олдида жойлашган қайдхонада паспортини қайд дафтарига ким қайд қилганини сўрадим. У ички ишлар ходими қайд қилганлигини билдирди. Буни милиция ҳам эшитди. Сўнг милицияга қараб, “мана кўрдингизми, прописка штампи устида гербли муҳр бўлишини ҳатто шеригингиз ҳам билмайди, агар билганида эди у бу синглимизни қабулга ёзмаган бўларди” деган эдим, миршаб ғўддайишда давом этиб,  фақат ўз иши учун жавоб беражагини айтиб, ўзини ниҳоятда адолатли кўрсатишга интилди. Унинг бу ҳаракати фақат менга эмас, менимча навбат кутиб турган барча тақдирдошларимга ёқмади. “Ука, шу жойга келганимга ҳали 5 минут ҳам бўлмади. Шу оралиқда шеригингиз худди томдан тараша тушгандай бу ерга бостириб келиб, навбат кутиб турган каттаю кичикни оёқости қилиб, норозиликларига қарамасдан ичкарига бир эмас икки кишини навбатсиз киритишди. Адолатли бўлсангиз нега шуларнинг паспортини текширмадингиз, нега навбатсиз киришига йўл қўйдингиз. Сизлар бу ердаги одамларни ҳеч нарса билмайдиган аҳмоқ, ўзларингизни ақлли деб ўйлайсизлар. Бу ердагилар консул бўлимига навбатсиз кириб кетганлар сизларга нималар беришини, паспортлари ичига нималар солиб узатишини жуда яхши билишади. Сизларнинг кучингиз эса соққа чўзиш имконига эга бўлмаган ожизаларимизга етади холос”, деб аччиқ-аччиқ гапиришга мажбур бўлдим.

Миршаб тундлашди, қизарди, сўнг ўзини оқлашга ўтди. Навбатсиз кирганлар бошқа масала бўйича келганини айтиб, одатдаги ёлғонга эрк берди. Шу пайт навбат кутиб турган айбсиз айбдор жабрдийдалар ҳам тилига эрк берди, милицияга сўз билан ташланди. Бироқ, ўртамизда кечган бироз аччиқ ва очиқ гап-сўздан кейин ҳам милиция ўзини қўлга ололмади, аниқроғи, одамлардан заррача уялмади. Ғўддайишда давом этиб, шунча гап-сўзлар таъсири ўлароқ, энди ўзи шу пайтгача ичкарига киритмаган аёлни ичкарига киритажагини, бунинг ўрнига мени “натура” киритмаслигини қўлини пахса қилган ҳолда айтиб чирана бошлади.

Мен ҳам бўш келмадим, жавобига тегишли жавоб қайтардим. Ундан зудлик билан бошлиқларини чақиришини талаб қилдим, акс ҳолда ўзим чақиражагимни,  навбатсиз кирганлар қандай масалалар билан кирганлигини биргаликда аниқлашимизни айтдим. Шовқин-сурондан Элчихона томонда турган шериги олдимизга етиб келди. Ичкаридан Консул бўлими ходими чиқди. Мен Элчихона ходимига миршабларнинг кўз ўнгимизда қилаётган ишини, пул эвазига одамларни навбатсиз киритаётганини, аёлни навбати келса ҳам киритмаётганини айтиб арз қилдим. Консул бўлими ходими бизни тартибга чақириб кириб кетди. Ўзини гўёки осмонни қўли билан тутиб тургандек ҳис қилаётган миршаб эса қочиб кетди, ўрнида шериги қолди. Шериги биринчи бўлиб ўша аёлни киритди. У ҳужжатларини визага топшириб хурсанд ҳолда чиқди ва менга қайта-қайта раҳмат айтиб хайрлашди…

 

КОНСУЛХОНАДА АЗА ТУТАЁТГАН КЕКСАЛАР

 

Навбатим келиб ичкарига кирганимда яна бир оғриқли воқеага дуч келдим.

41 ва 37 йилдан бери Ўзбекистонда, аниқроғи, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида доимий яшаб келаётган, 30 йилдан бери Юнусобод туманида доимий пропискада бўлган асли таразлик миллатдошларимиз, 68 ва 64 ёшли эр-хотинларнинг дардию ҳасрати гувоҳи бўлдим. Улар Тараз шаҳрида оламдан ўтган энг яқин қариндошининг жоназасига бориш мақсадида уйдан бир йўла катта сумкалари билан бирга элчихонага келган эканлар. Ахир кекса отахон ва онахонлар ҳалигача Ўзбекистондаги қоғозбозликлар, бюрократик бошқарув усули, инсон ҳуқуқига, шаънига қарши ҳар хил тажовузликларга барҳам берилмаганини, бу усуллар эркин ҳаракатланишларига тўғаноқ бўлишини қаердан билсин?!

Отахон ва онахоннинг тўсатдан вафот этган укасини сўнги манзилга кузатишига эса яна ўша алмисоқдан қолган ОВиР муаммоси тўсиқ бўлаётир. Консул бўлимидагилар уларнинг паспортидаги ОВиР муддати 26.08.2018 йилда тугагани сабабли виза бера олмаслигини, берган тақдирда ҳам Ўзбекистон чегарачилари ОВиР бўлмаганлиги сабабли Қозоғистонга ўтказмаслигини, бунинг натижасида виза учун тўлаган 160 доллар пуллари куйиб кетишини дипломатик тарзда тушунтираётган бўлса-да, улар элчихона ходимларига виза бериш  учун ялиниб-ёлвораётир.

Отахон ва онахон атрофидаги Фуқаролиги йўқ шахсларнинг: “ОВиР муддати тугаши билан нега ОВиРларингизни янгилатмадингизлар, энди ОВиР олиш учун Юнусобод туман паспорт бўлимига боришингиз керак, ҳужжатларингизни бугун топширган тақдирда ҳам энг ками билан уч ойдан кейин ё тайёр бўлади, ёки йўқ, ҳали ИИВси, ҳали ДХХси текширади, даҳмазаси бир олам. Энди тақдирга тан берингизлар”, деган маслаҳатларини ҳазм қилолмаётир. Аёлнинг:

“Кимнинг бугун, кимнинг эртага ўлишини биз қаёқдан билайлик, ёлғиз укам ўлгунча шу пайтгача Ўзбек башпортини ололмаётган мен ўлсам бўлмайдими?” деган ҳасратлари эса ҳар қандай бағритош одамни ҳам йиғлатади. Бироқ бундан Мирзиёев ҳукуматининг ҳамон парвои фалак.

Маълумки, бу йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган. Бироқ айнан шу йили Қозоғистон томон Ўзбекистонда яшовчи Фуқаролиги йўқ шахслар учун барча турдаги виза нархини кескин тарзда ошириб қўйди. Масалан, ўтган йилларда бир марталик чиқиш визаси 30 доллар, кўп марталик чиқиш визаси эса 90$ эди. Жорий йилдан бирданига бир марталик чиқиш визаси 80 долларга, кўп марталиги эса 200$ га оширилди. Бу эса Ўзбекистонда яшаётган Фуқаролиги йўқ шахслар учун ўлганнинг устига тепки, ниҳоятда оғир зарба бўлди.

…Мақоламда Қозоғистон элчихонасида ҳар доим кўриб-билиб юрган воқеаларни майда деталларигача ёритишдан кўзда тутган мақсадим фуқаросизлик туфайли хору зор бўлаётган ўзбегимнинг аянчли аҳволини ҳукуматдаги боқибеғамларга яна бир карра билдиришдир. Ички ишлар ходимининг чирчиқлик ёш келинга муносабатини ёритишдан мақсадим Каримов даврида етишган милициялар  фуқароларга оғирликлар етказишда ҳамон давом этаётганини, порахўрликка қўйган ружуларидан тарк этмаганини, ўзбегимга озгина амал тегса биринчи навбатда ўзининг ўзбегини хонавайрон қилиш, янчиш одатларига барҳам берилмаганини оёқлари ердан узилган ҳукмрон доира вакилларига етказишдир. Ҳукуматдагилар, ошиғи олчи карчалонлар миллатдошларимизга қачон ён босади экан?

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда 2017 йилда инфляция 12-14 % бўлиши мумкин

Марказий банк прогнозига кўра 2017 йилда инфляция миқдори ўтган йилгидан 2,5 баравар кўп бўлиши мумкин. Бунга сабаб – валюта ва пул-кредит ислоҳотлари ҳамда ҳамда айрим ...

Роберт мугабега истеъфо учун сўнгги муддат берилди

Зимбабве президенти Роберт Мугабе 20 ноябрь куни мамлакатдаги ҳукмрон ЗАНУ-ПФ партияси раҳбари лавозимидан озод қилинди, унинг ўрнига собиқ вице-президент Эммерсон Мнангагва ...

Қаршида икки «дамас» автомобили тўқнашиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

Қарши туманида икки «Дамас» автомобили иштирокида аянчли автоҳалокат содир бўлди. Бу ҳақда “Ҳордиқ.уз” ёзмоқда. Ҳодиса эрталабки соат 8:00 лар атрофида Қарши туманидаги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400