МEҲРОБДАН ЧАЁН-ОИЛА ВА КИШИЛАР БИЛАН МУОМАЛА

 Махдум оиласини ҳам кийим-кечак важидан ўзи каби тутар эди. Кийим-кечакдагина эмас, ҳатто  озиқ-овқат  тўғриларида  ҳам  унинг  анчагина  келишимсиз  қилиқлариға  йўлиқилар  эди.

 

Масалан,  бир  ой  тўлмасдан  кир  ювишға  рухсат  бермас,  агар  Нигор  ойимнинг  бир  ойсиз  кир ювғанини  кўриб  қолса – “кийимни  тоғорада  чурутасан!”  деб  ғовға  солар  эди.  Икки  ҳафтасиз паловни  кўрмаслар (озодлиқ  ошлари  албатта  мундан  мустасно),  кўб  овқатлари  убра,  туппи, мастаба, қўғурма шўрба бўлар эди.

Нигор  ойимнинг  қозони  йўқча,  елча  гўштни  фақат  палов  шарофати  билангина  кўрар  эди. Лекин махдум баъзи нарсалар билан ошхонани яхшиғина мўлиқдирар, масалан: шалғам, қовоқ, лавлаги.  Бу  тўғрида  хотини  ҳарчанд  рад  қилса  ҳам  қоплаб  шалғам,  йигирма-ўттузлаб  қовоқ харид қилишини қўймас – “шалғам – Биби Фотимаи Зуҳранинг дуолари баракати, қовоқ бўлса ҳазрати Юнуснинг мўжизалари” деб баҳоси арзон ва лекин хосияти кўб бўлған бу маблағлар билан ошхонани тўлдира берар эди. Ҳар ҳафта бир-икки мартаба қовоқ сомса ёпдирмай қолмас, аммо – “ёғни кам сол, қовоқнинг таъмини бузадир!” деб таъкидлашни ҳам унутмас эди. Уйда нон ёпилмағанидек бозордан ҳам сотиб олинмас, чунки, панжшанбалик нон етиб, ортиб ётар, ҳатто баъзи вақтларда бозорға ҳам чиқар эди.

 

Махдумнинг  ўқуғучи  болалар  билан  муомаласи  жуда  яхши  эди.  Савоғини  билмаган  ёки шўхлиқ қилған болаларни ҳар қанча сўкиб, койиса, дўқ уриб, давара қилса ҳам урмас, бу жиҳат билан  бутун  Қўқон  болаларининг  муҳаббатларини  ўзига  жалб  эткан  эди.  Аммо “озодлиқ” масаласида болалардан ҳеч кимни ҳам афу этмас, бой боласиға “озодлиқ” лозим бўлған бўлса албатта  ундиришка,  камбағал  боласидан  мумкин  қадар  узиб  олишға  ҳаракат  қилар;  болалар Ҳафтияк,  Қуръон,  Сўфи  Оллоёр  ва  шунга  ўхшаш  китоб  бошласалар  озодлиқ  мажбурий, мактабдан маъзун (Изн олган) бўлғанларнинг зиёфат қилиб махдумга сарупо беришлари қоидада бор бўлса ҳам,  лекин  аксар  болалар  бу  тўғрида  домлани – “ана-мана”  билан  алдаб  кетарлар,  сахийроқ оталар бу маросимни адо этиб “устоз”ни рози қилмасалар, аммо кўбчилик махдумни ранжитар эдилар.  Панжшанбалик  бўлса  мактабнинг  асос  ҳаққи  ва  булардан  бошқа “Қулёға  қуймоқ –Аммага бўғирсоқ – Ёсинга юпқа” деган гаплар ҳам бўлар эди. Болалар ҳар йили бир марта “бурё пули” ва ойиға бир неча бор “супурги пули” ҳам тўлаб турар эдилар.

 

Махдум мумкин қадар болаларни ўз мактабига жалб қилишға тиришар, айниқса бой ва бек болаларини ўз қўлиға олиш учун ҳар бир чорани кўрар эди. Масалан, бой ва аъёндан бирининг ўғли бошқа мактабда ўқуб юрган бўлса уни болалар воситаси билан ўз мактабига чақирар, нима ўқуғанини, нималар билганини сўрар, бола савоғидан яхши жавоб бералмаса “сизда айб йўқ, ўғлим, устозингиз бир оз шундайроқ одам… хўб, хўб; бизнинг мактабларга ҳам келиб юринг!

Мен  ўзим  сизни  жуда  дўст  тутаман-да!”  дер  эди.  Табиъий,  боланинг  шу  кундан  бошлаб  ўз домласидан  кўнгли  совур,  тез  кунда  махдумнинг  мактабига  келиб  кирар  эди.  Баъзи  вақт  чет мактаб  болалари  билан  шундай  муомалани  кўчаларда  ҳам  қилар  ва  ўғли  бўлған  бой  ва ашрофларга ҳам жуда сертакаллуф, хоксорона салом бериб танимаса ҳам улар билан сўрашар, нечта  ўғли  борлиғини  ва  уларнинг  ўқуб-ўқумағанлиқларини,  ўқушға  ихлосларини  текшириб, ўзининг таълимида қўлланған енгил усулларини ҳам бир мунча тиқиллатиб ўтар эди. Табиъий, махдумнинг бундай ҳаракатлари кўпинча фойдасиз бўлмас, мактабига янгидан-янги шогирдлар тўпланиб турар эдилар.

 

Ўз  қаторидағи  мактабдор  домлаларни  асло  кўралмас,  уларга  қарши  юрагида  умрлик  кек сақлар эди. Баъзи мажлисларда йўсуни келиб қолса – “ҳа, мулла фалончими, кўб болаларнинг умрини  зойиъ  қиляпти,  деб  эшитаман…  шогирдларидан  бир  нечаси  шикоят  қилишиб  менга келишкан  эдилар…  Қандай  қилай,  шогирдларим  ўзимдан  етиб  ортсалар  ҳам  умрлари  зойиъ бўлмасин,  дедим”  дер  ва  эшиткучиларга  сездирмай  рақибини  чимчилар;  кези  келди  дегунча иккинчи мактабдор тўғрисида шу йўсун замзама сўзлар эди.

 

Махдум бўйчан, олагўшт, сийрак мўй, оқ тан, истараси иссиғ бир домла эди. Ёши эллидан ошқан, соч ва соқолида бир мунча оқлар кўринар эди. Киши билан сўзлашканда, айниқса, бир нарсадан  таажжубланганда  сийрак  ва  лекин  тўғри,  бақувват  ўскан  соқолини  тутамлаб  ўнг кўзини бир оз қисиб қарар, одат қилғандан бўлса керак гап орасида “ҳабба” деган сўзни кўпроқ ишлатар  эди.  Домланинг  бу “ҳабба”си  нима  маънода  қўлланилар,  ўзидан  бошқа  ҳеч  ким билмаганидек, ундан бу тўғрида изоҳ ҳам сўрамаған эдилар. Ҳар ҳолда “ҳабба – ҳабҳали” ёки “ҳа, баракалла” бўлса керак. Чунки ул бир нарсадан ҳурсанд ва рози бўлғанда аксар “ҳабба” деб юборадир.

 

Шу  ергача  бир  неча  саҳифаларни  махдумнинг  таърифи  билан  тўлдирдиқ.  Эҳтимолки домланинг  ғийбатини  ҳам  қилдиқ  ва  қилармиз.  Лекин  шунисидан  хотиржамъмизки,  йўқни-йўндирмадиқ,  махдумнинг  шаънида  бор  гапларнигина  ёздиқ  ва  ёзармиз.  Махдумнинг  ҳамма нуқсонини ювиб кетарлик бир жумладан сўнг яна ўз ишимизда бўламиз: — нима бўлғанда ҳам махдум  ўз  замонасининг  энг  олдинғи  домлаларидан,  Қўқон  аксариятининг  саводхон бўлишлариға  сабабчи  устозлардан,  ҳатто  улуғ  хизматларга  киши  етишдириб  бергучи  нодир муаллимлардан эди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-20

Ўн учинчи боб Чопдор жойида турарди, Султонмурот ўтовдан чиқа солиб, Чопдорга минди-да, атрофга аланглаб қичқирди: — Онатой, овулга чоп! Имилламай югур! Одамларимизни чақир! ...

Юлдузли тунлар-57

Самарқанд қўрғонининг Оҳанин дарвозаси яқинидаги улкан мармар масжиднинг текис тош тўшалган саҳнига йигирма минг намозхон тўпланган. Бугунги жума намозида хутба қандай ...

Шавкат раҳмон-синов майдони

Улуғвор даранглар даврон соати, соатлар милларин унга тўғрилар. Қизил шинаклардан чўчиб боқади ҳалокат шамолин сезган ўғрилар. Бу шамол ёмондир, йиллар қаърида кўмилган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400