МEҲРОБДАН ЧАЁН-НИГОРХОНИМ

Нигорхоним  бошда  эрга  ёлчимади.  Аввало  эрининг  фақирлиғи,  бойиғандан  сўнг  бўлса унинг  зарбулмасал  бўларлиқ  хасислиги  бечорани  кўб  йиғлатти. “Хотин  кишининг  боши  уй ичининг оғир тоши” эмиш… Ҳозир ўзи қирқ ёшқа кирган бўлса, йигирма беш йилдан бери шу мумсик  эр  билан  тириклик  қилиб  келадир.  Бу  кун  ўн  етти  ёшлиқ  Раъно  каби  қизға,  саккиз ёшлиқ Маҳмуд (Раъно билан Маҳмуд орасида икки бола нобуд бўлған), олти ёшлиқ Мансур ва бешикдаги Масъудларга она бўлди.

 

Нигорхоним Қўқоннинг кўб хотинларига қарағанда сабрлик ва қаноатлик экан. Дунёда ўз ўғлининг  хасислигига  чидалмаган  она  бўладими,  ҳолбуки  махдумнинг  онаси – Моҳлар  ойим ўғлининг  бу  қадар  ихна1  ва  сиқиқлиғиға  тоқат  қилолмай  норозилиқ  юзасидан  Марғилондағи ўғлининг  ёниға  кўчиб  кетиб  ўша  ерда  вафот  этди.  Нигорхоним  эрса  тишни-тишка  қўйди, эримдан  яйраб-яшнамаған  бўлсам  қизимдан  ва  олдимға  қўйған  ўғулларимдан  ёлчирман,  деб умидланди. Дарҳақиқат, сабрлик бу хоним ҳозирданоқ шу ўз олдиға қўйған болаларининг бири ва тўнғучи бўлған Раъносининг туфайлидан бир қадар рўшнолиқ кўриб бошлади ва ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ эканига ишонди.

 

Бир ямоқчи ёки мардикорчи ўз хотинини урадир, сўкадир, тепкилайдир. Бу ҳол уларда аксар фақирлиқ авжиға минган кезларда воқиъ бўладир. Агар ямоқчи кекирарлик даражада томоқни бопта қилса, иши ўнгидан келиб истиқболи бир мунча таъминлангандек бўлса  дарҳол вазият ишонмаслиқ равишда ўзгариб кетадир: гап-сўз жойида, хотинни уриш ўрниға орқасини силаш, сўкиш ўрниға ялиниш ва арзи муҳаббат. Хотин ҳам кечаги калтак зарбини унуткан, кина ўрниға садоқат; гўё айтарсизким, Юсуф Зулайҳоларми деб.

 

Юқори  табақа  оилаларга  кириб  қарасақ,  мунда  тамоман  бошқача  манзара  кўрамиз:  қорин тўқ,  бирар  нарсага  эҳтиёж  йўқ,  истиқбол  таъмин  ва  лекин  бояғи  фожиъа  буларда  кучлирак, шунинг каби бу фожиъалар муваққатий ҳам эмас, сабабини топиш ҳам қийин. Яхши, ямоқчи-ку ярамас тузулишка қарши бўлған кекини кўзи тиниб хотинидан олған эди. Аммо кейингиларнинг турмуш шароитлари яхши, ҳамма нарса ўз орзуларича, бас, шу ҳолда уларнинг уй можаролари ва бола-чақани ит каби сиқишлари нимадан?..

 

Шунга  ўхшаш  бизнинг  махдумнинг  ҳам  ғояси  бирни  икки  қилиш,  бешни  ўн  қилиш  эди.  Яхши кечиниш учун турмас, аммо кўпайтириш учун яшар эди. Нигорхонимни урмас ва лекин урғандан  беш  баттар  қилиб  сиқар  эди.  Икки  юз  тиллодан  кўб  оқчаси (бу  оқчаларни  ҳусули2 тўғрисида  кейин  сўз  бўлур)  ва  саводлик  бўлған  болалар  зиёфатидан  кийган  икки  сандиқча сарпоси бор эди. Олтиндан сарф қилмағанида ҳам лоақал шу кийимлардан на хотинини ва на болаларини  фойдалантирар  ва  на  ўзини  ихналиқдан  қутқарар  эди.  Буни  ҳам  қўйиб  турайлиқ, Нигор  ойим  йигирма-ўттуз  қизни  ўқутиб  улардан  тушкан “озодлиқ”  ва “панжшанбалик” пулларга  ҳам  эга  бўлолмас,  ҳар  кун  деярлик  муҳтараб  махдум  поччаға  ҳисобини  батамом топшуриб туришқа мажбур эди. Махдум бунинг эвазига ҳар йил бозорнинг энг дағал бўзидан бир пар кўйлак, лозим олиб берар, янги гуппи билан ёзлиқ мурсакни бўлса Нигор ойим беш-олти йилсиз кўрмас эди.

 

Нигор  ойим  қисқа  бўлиқ,  писта  пўчоқ  тарғил  кўзлик,  зарча  танлик,  юзидаги  онда-сонда чечак  ўрунлари  бўлмағанда  ҳусндор  бир  хотин  эди.  Ўз  болалари  билангина  эмас  ҳатто шогирдлари  бўлған  қизлар  билан  ҳам  жуда  юмшоқ  муомала  қилар,  ортиқча  аччиғланған кезларда “бетинг  қурсин”  деб  қошини  чимириб  олар  эди.  Эрига  ўхшаш “озодлиқ”  учун болаларни  сиқмас,  билъакс “бўшлиғи”  учун  ўзи  махдум  томонидан  сиқилар  эди.  Оз  ва маънолиқ қилиб сўзлар, хотинлар билан муомаласини бошқа отинбибилардек юқоридан туриб қилмас,  соддача  суҳбатлашар  эди.  Хотинлар  махдум  домланинг  баъзи  қилиқларидан кулишсалар ҳам Нигор ойимнинг орқасидан ғийбат сўзламаслар, олдида қандай ҳурматласалар кейинидан ҳам ўшанча эҳтиромлаб, унинг махдумдек зиқна кишининг қўлиға қарам бўлғаниға ачиниб “пешана-я айланай, қолу бало” дейишар эдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-38

ТОШКEНТ, ЎРАТEПА, СЎХ КЎЧКИ БОСГАН БУЛОҚ 1 Тошкент... Ўн беш-йигирма йилдан бери урушнинг совуқ нафаси тегмаган бу шаҳар Самарқандга нисбатан осуда ҳаёт кечирмоқда эди. ...

Юлдузли тунлар-65

3 Амударё томондан тоғ ошиб учиб келган турналар Кобулнинг устидан жануб-шарқ томонга ўтмоқда эдилар. Аркнинг тиллакори айвонида Моҳим бегим билан нонушта қилиб ўтирган Бобур ...

Кутилмаган бахт

11. КУТИЛМАГАН БАХТ Кумушбибидан ваколат олиш ҳам жуда қийин бўлди. Домланинг: Сизким Кумушбиби Мирзакарим қизи, ўзингизни тошкандлик, мусулмон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400