Танқид устуворми, ё таҳлил?

Muhammadqodir aka Otaxonov

        Кейинги пайтларда интернет тармоқларидаги узатилаётган ахборот кўламини кузатиб ҳайратим ортади. Пролетариатнинг “доҳий”си Владимр Ильич таъбири билан айтилган “масофасиз газета” шунчалар ривожланганки, фикрингиз бўғзингиздан товуш бўлиб чиқар-чиқмас дунёнинг у четидаги инсонларга ошкор бўлиб улгийди. Чор Россиясини ағдариш фикрини сафдошларига “юқтириш”, улар сафини кенгайтириш учун чайлаларда яшаб, мигрантлик нонини еб “Чеккадаги кишининг маслаҳатлари”ни берган Лениннинг бўғзиданми, бошқа жойидан чиққанми социализм тузиш ва коммунизм қуришдай хомҳаёл ёйилгунига қадар қанча ойлар, йиллар ўтганлигини тасаввур қилинг-а!..

         Баъзан ўкиниб ҳам кетаман. Кўнглимиздан ўтганки фикрни ҳали ақл тарозусига солиб кўрмасданоқ, инсон сифатида мулоҳаза билан пишитмасимиздан шартта ўзгалар шуурига чаплаб қўя қоламиз. Бошқалар эътироз билдирса, фикрини ифода этса, жон-жаҳдимиз билан тубанликка итариб, ахлатга қориштириб ташламасак хуморимиздан чиқмаймиз. Ахборот тезлиги асрида айтилган гап – отилган ўқ. Бориб теккан, ўрнашган жойини куйдириб юборганидан сўнггина хушимизга келамиз, аттанг ҳам қиламиз, кимларгадир ачинамиз ҳам, ўз-ўзимизни койиймиз ҳам. Хўш, бундан кимга фойдаю кимга зарар?

          Тилимизда “эҳтирос” деган атама бор. Эҳтиросга берилмасликни талаб қилишганида, суҳбатдошимиз, ҳамфикримиз ёки сафдошимиз ва хатто рақибимиз ҳам баъзан ҳақ бўлади. Эҳтирос – фикр уммонида чўмилтирилмаган, ақл тоши билан қайралмаган кечинманинг вулқон каби тезликда ошкор қилиниши, десам янглишмайман.

         Эътибор берсам, ахборотлар кўлами фақат қоралаш, тош отиш, бўралаб сўкиш ҳисобига кенгайиб бораётгандай. Ё адашдимми?..

         Ахборот тарқатаётган аксарият муаллифлар тутумида, фикри зикрида шайтоний “Мен!”  устун. Ана шу “мен”лигини  кибр билан йўргаклаб йўналтиради. Ўзининг кимлардандир устун, нималардадир имтиёзли бўлиб қолиши умидида асабийлашади. Кечагина елкама-елка бўлган дўсти, ҳамқадами, суҳбатдоши, фикрдоши ва йўлдоши бўлган шахсни туртиб четга суришга тушади. Нимага?

         Мухолифатчи қадрдонларимнинг ҳаммасиниям кўзлаган манзиллари бир – эзгулик. Фақат, унга интилиш йўлларида фарқ бор  холос! Шундай экан, ҳар тарафдор бир-бирларининг шахсиятига тажовуз қилишдан мақсад нима? Ахир, борар манзилимиз бир-ку?!  Сизнинг тутган йўлингиз равондир эҳтимол, бизга сўқмоқ ва ботқоқ оралаб интилиш МАНЗИЛга эришишнинг қулай ечими бўлиб туюлса, ўзининг равонийлигидан кўнглини узолмаган  кас менинг устимдан мағзавалар ағдариши шарт-ми? Ҳов, фалон жойда қўним топсак, ҳар икки тараф йўлини кесиштирсак-да, ўзаро фикрга чўмиб, интилишларимизнинг қайси бири  жўялироқлигини муқояса қилсак бўлмасми?..

         Ўқдай отилган фикрлар фақатгина танқиддан иборат. Фақат қоралаш, фақат бўралаб сўкиш бизга нима беради?  Халқимизнинг ажойиб бир нақли бор: жиннини жинни десанг, жиннилиги ортаверади. Бир тузумнинг норасолигини билдириш учун албатта қоралаб, балчиққа булаб кўрсатишимиз шартми? Ўзбекистон ичкарисида яшаб туриб ҳам ниманинг ҳаддан ташқари қабул қилиб бўлмас даражада қуюшқондан чиқиб кетганлиги баҳосини беришолмаяпти, деб ўйлаш нотўғри. Баъзида “халқнинг кўзини очяпман” деб ўйлашади-ю ўзлари кўриб-сезиб, баҳолаётган ҳолатларни халқнинг қалб кўзи туйиб турганлигини унутиб қўйишади. Ана шу қалб кўзи юртимизда  инсоният манфаатига зид бўлган ҳолат, камчилик,  иллатнинг ўзга давлатлардаги миллатларнинг ўзида ҳам мавжудилигига эътибор қаратиши мумкин. Баъзан ана шу оддий ҳақиқатни четдан туриб биз сезмай қоляпмиз.

          Ана шу оддий ҳақиқатни ҳис қилмаслик оқибатида, ўзимизни ўзимиз хунук кўрсатиб қўймаяпмизми? Аксарият миллат кишилари кўнглида ғашлик, ишончсизик ва танлаган йўлимизга умидсизлик уруғини экиб қўймаяпмизми? Қарабсизки, бизга эргашишга истиҳола қиладилар.

         “Қачон халқ бўласан, оломон?!” дея ҳайқириш қачонлардир ўта буюк қараш, юксак,  руҳан покиза ғалаён бўлган. Аммо, бугун бундай ҳайқириқ  инсоният қалбига ҳақоратдай, наштардай  ботиши ҳам мумкинлигини унутманг! “Қачонгача пода ичида юраверасан, мол!” дея нафсониятига теккандай тасаввур қолдириши ҳеч гап эмас. Эҳтиросга берилмайлик, ўзгаларнинг фикр-у ўйи бизга тўғри келмаслиги эҳтимол, аммо айнан шунинг учунгина  нафратингизни ошкор билдиришингиз шартми? Фикрлар хилма-хиллиги мавжуд ва ҳамиша бўлади. Ўзгаларнинг дунёқарашини ёқтирмаслик оқибатида уларни бу ёруғ олам саҳнасидан суриб чиқариш ҳам алал-оқибатда, инсон эрки-иродасига қарши туриш сифатида баҳоланади. Хўш, ҳаммага эрк, озодлик ваъда қилиб курашаётган бизлар, бу йўлга эришиш йўлида ўзгаларнинг манфаатига, руҳиятига ва инсоннинг ҳуқуқий субъект сифатида тан олинишига  чидай олмасак, бу ёғи қандоқ бўларкин?…

         Руҳият эркинлиги жуда нозик масала. Биз инсон зоти Бани Башардан саркашлик қилиб келамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соли аллоҳи алайҳи вассаламга уч марта “Иқра!” (“Ўқи!”) – дея ғойибдан қилинган даъватни уч марта “Учиться, учиться и ушё учиться!” дея “девиз” қилиб ном қозонган  Ленин шуурига худди ана шундай илоҳий  ёруғлик берган динни йўқ қилиш билан жавоб қайтариб нимага эришди? Биз инсонлар саркаш бўлмасак, “Дин афюн сингари элтади, ром қилади, чорлайди”  мазмунидаги иддаони  “Дин – афюндир! (оғудир)” қабилида талқин этиб шаккоклик қилармидик?! Аллоҳнинг муборак каломи Қуръони Каримда “динда чуқур кетманг!”  дея  қилинган лутфни “Тақвога қаттиқ берилиб кетманг, дейилган” қабилида ўз ношудлигини яшириш учун қалқон қилиб олганлар, “Қуръонни  таҳрир (ревизия) қилманг, ” деган маънони юклаши ҳам мумкинлигини  тушунмаслик оқибатида, диний оқимлар – бўлинишлар юзага келди. Валлоҳи аълам, бу ҳам Аллоҳимнинг тақдири азалдаги битиги!..

         Биз юрт ичкарисида туриб, тақдир шамоллари ҳорижларга учирган қадрдонларимизни соғинамиз, дийдор қўмсаймиз. Тирикчилик ғамида мусофирликнинг тош кўчаларида оёқлари қонталаш фарзандларимизга юракларимиз увушади.  Дийдорнинг жаззаси, бағримиз тўлишининг бирдан бир йўли албатта қоралаш, мағзава ағдаришдан иборат бўладими? Сиз нима дейсиз, танқид устига танқид ёғдириш эзгуликка етказиш йўлими ёки таҳлил этиш, чамалаш, аниқ мақсад кўзланган режалар иқболимиз эшигини очадими? Эзгу манзилга эришишнинг аниқ дастури қўлимизда бор-ми? Ёки Володя Ульяновнинг “утопияси” сингари “Чеккадаги кишининг маслаҳатлари”га  кўр-кўрона эргашиб юраверамиз-ми?..

                                                  Муҳаммадқодир   Отахонов,  ИКАР – ҳуқуқий ёрдам (инсонларни кризисдан асраш руҳий-ҳуқуқий ёрдам) Маркази раиси.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«қизларимдан энг бўлмаса бири қолса бўларди». зангиотадаги фожианинг оғир нидоси

Янги йил арафасида Зангиота туманидаги «Ўрикзор» маҳалласида ис гази туфайли 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган 5 нафар қиз вафот этди: икки ака-ука ва бир сингилнинг фарзандлари... ...

Президент совғасига берилган «кобальт» йтҳга учради 

Қўқон шаҳридаги кўчаларнинг бири чорраҳасида президент совғасига берилган «Кобальт» иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда “Хабар.уз” нашри ёзмоқда. Ҳодиса фотолари «Твиттер» ...

Хабарлар: ўзбекистонда ўртача ойлик даромад қанча эканига ойдинлик киритилди