Тадбиркор этикети: қаерда қандай?

Тадбиркор этикети- қаерда қандай?Бизнес иқтисодий-ахлоқий меъёрларга таянади. Бизнесда тадбиркорликнинг умумахлоқий меъёрларига риоя қилиш шарт. Ахлоқ тадбиркорнинг ташриф қоғозидир.

Кейинги йилларда кўплаб корхона ва фирмалар ташқи бозорга чиқиш, хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри савдо, иқтисод ва ишлаб чиқариш бўйича алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлдилар ва бу имкониятдан фойдаланмоқдалар.
Турли мамлакатлардаги миллий ва руҳий хусусиятлардан хабардор бўлиш, тадбиркорнинг ўзи борган мамлакат қоидаларига риоя қилиши муваффақиятга эришишнинг муҳим омилларидан биридир. Қуйида хориж мамлакатларида тадбиркорлар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги хусусида маълумотлар келтирилмоқда.
АҚШ
Америкача бизнес юритиш утилитаризм (ҳамма нарса даромад келтириши шарт!); ҳаракатларни зое  кетказмаслик; ваъдасининг устидан чиқиш; ҳар қандай ишни бошлашда эътиборли бўлиш; ижро назорати; кечагидан кўра бугун яхшироқ ишлаш; майда-чуйдаларни кўздан қочирмасликка асосланади.
Америкалик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишда юқоридаги жиҳатларга эътибор беринг. Улар ўзларининг ҳар қандай мамлакатда бизнес юрита олишларига ишонишади. Музокараларда улар ҳамма нарсани очиқ айтишмайди, лекин америкача бизнесни тушунишингиз ва улар билан ишлай олишингизни кутишади.
Америкалик тадбиркорлар ҳамма нарсага дарҳол жавоб қайтаришади ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилишади.
Музокаралар ва ёзишмалар чоғида ҳамкорингизнинг исми ёки компания номини албатта тилга олинг. Ҳамкорликни таклиф қилганингизда сизнинг фирмангизни бошқа ана шундай фирмалардан ажратиб турувчи жиҳатларини кўрсатинг. Сиз кимлигингиз, нима иш билан шуғулланишингиз ва ҳамкорингиз нима учун бошқалар билан эмас, айнан сиз билан ишласа манфаатли бўлишини лўнда қилиб тушунтиришингиз лозим.
Ҳамкорингизнинг мақсадини англашга ва сизнинг ёрдамингизда бу мақсадга эришиши мумкинлигига эътибор қаратинг. Америка бизнесининг тамойили даромад кўришдир.
Музокаралардан олдин қандай натижа кутаётганлигингизни аниқлаб олинг. Суҳбатни шундай режалаштирингки, у сизнинг асосий мақсадингиз ва устун томонларингизни кўрсатиб берсин.
Суҳбат давомида америкалик тадбиркорларни қуйидаги маълумотлар қизиқтиради:
– кўпроқ даромад топиш учун маҳсулот ишлаб чиқаришни арзонлаштириш усуллари;
– маҳсулот сотиш учун янги бозорларни яратиш ёки маҳсулот учун янги мижозларни жалб этиш;
– икки томонлама манфаатли шартномалар тузиш;
– фирма ва унинг маҳсулоти мавқеини оширадиган битим.
Буюк Британия

Англиялик тадбиркорлар бозордаги вазиятни пухталик билан таҳлил қила оладиган бўлишади. Инглиз тадбиркори ўта зиёли, билимли, юқори даражадаги маҳоратга эга ва ўзига хос сиёсий қарашлари бўлган инсон ҳисобланади. Унинг учун инсон омили муҳим аҳамиятга эга. У фақат ўз иши билан ўралашиб қолмайди, унинг қизиқиш доираси жуда кенг бўлиб, нафақат иқтисодиёт, балки спорт, адабиёт, санъатни ҳам мукаммал билади. У кузатувчан, яхшигина психолог бўлиб, сохтакорлик ва ўз соҳасининг билимдони бўлмаганларни жуда тез пайқай олади.
Инглизлар билан музокара ўтказганда бозордаги маҳсулотлар тизимини, маҳсулотларнинг тахминий нархи ва уларни сотиш, бу соҳада ишлаётган инсонлар ҳақида ҳеч бўлмаса умумий тарзда билиш талаб этилади. Шундан сўнггина инглиз тадбиркори билан учрашиш лозим.
Суҳбатни учрашув мавзуси билан эмас, балки кундалик, масалан, об-ҳаво, спорт, болалар мавзуси билан бошланг. Англиялик ҳамкорингизга инглиз халқига беэътибор эмаслигингизни билдиринг.
Агар ҳамкорингиз сизни кечки овқатга таклиф қилган бўлса рад этманг, лекин ўзингиз ҳам ана шундай зиёфат уюштиришингиз кераклигини ёдда тутинг.
Учрашув олдидан ҳамкорингиз учун қайси вақт қулай эканлиги билан қизиқинг – бу билан сиз нафақат ўз вақтингизни, балки унинг ҳам ҳам вақтини қадрлашингизни кўрсатган бўласиз.
Совға беришда ҳушёр бўлинг. Чунки айрим совғалар, масалан календарлар, ёзув дафтарлари, ўтолдиргичлар, қимматбаҳо ручкалар, алкоголли ичимликлар пора сифатида баҳоланиши мумкин. Агар ишбилармонлар бирор фирма мана шундай совға берганидан хабар топишса, фирмага бўлган ишонч йўқолади.
Музокараларда кўплаб амалий, статистик маълумотлардан фойдаланилади. Фақатгина шартнома эмас, балки узоқ давом этувчи ҳамкорлик, яна бошқа соҳалар бўйича келгусида битимлар тузиш ҳам муҳокама этилади.
Инглиз фирмалари ҳамкорлик борасида дарҳол қарор чиқармаса-да, улар билан ҳамкорлик қилинганда таваккал даражаси жудаям паст бўлади.

Франция

Французлар билан ҳамкорлик ўрнатишдан олдин бу ҳамкорлик борасида аниқ мақсадни қўйиш керак.
Ўзингизни қизиқтирган фирма ҳақида яхшилаб ўргангач, унинг манзилига корхонангиз ва маҳсулотингиз ҳамда уни етказиб бериш бўйича батафсил маълумот берувчи каталогларни жўнатинг. Буларнинг бари француз тилида ёзилган бўлиши шарт – французлар ўзлари билан инглиз ёки немис тилида гаплашишларини ёқтиришмайди, бу уларнинг ғурурига тегади.
Шуни ҳам ёдда тутингки, Францияда таниш-билишлар муҳим роль ўйнашади. Бу ерда ҳеч ким танимайдиган янги шахсларни тадбиркорлар ўзларига яқинлаштиришмайди. Шунинг учун одатда янги шартнома ва келишувлар сизга керакли шахс билан дўстона алоқага эга воситачилар орқали амалга оширилади.
Агар масъул шахслар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш имконияти йўқ бўлса, таклифингиз юқорига етиб боришини кутишингизга тўғри келади.
Француз тадбиркорлари таваккалчилик қилишни ёқтиришмайди. Улар ҳамма нарсани икир-чикиригача обдон ўрганиб чиқишади.
Баъзан суҳбат вақтида француз тадбиркорлари суҳбатдошининг сўзини бўлиб, танқидий фикр билдиришлари мумкин. Буни ҳурматсизлик деб қабул қилмаслик керак, уларда бу одатий ҳол. Музокарага яхшилаб тайёрланган бўлсангиз, бу вазиятда ўзингизни йўқотиб қўймайсиз.
Францияда муҳим қарорлар нафақат иш хонасида, балки зиёфат столи атрофида ҳам қабул қилинади. Фақат иш ҳақида қаҳва келтирилгандан сўнг гапириш лозим. Стол атрофида спектакллар, китоблар, кўргазмалар ҳақида гаплашган маъқул. Лекин дин, шахсий муаммолар, даромад ва харажатлар, касалликлар, оилавий аҳвол, сиёсий қарашлар тўғрисида сўз очманг.
Агар сизни кечки овқатга таклиф қилишса, белгиланган вақтдан ўн беш дақиқа ўтказиб келинг. Ўзингиз билан гулдаста (фақат оқ рангли ёки хризантема бўлмасин, улар қайғу рамзи ҳисобланади), шампан, бир қути шоколад олиб келишингиз мумкин.
Стол устидаги овқат ва ичимликлар ҳақида мақтов сўзларини айтишни унутманг. Идишда овқат қолдирманг, овқатга туз ёки бошқа зираворлар сепманг. Ичкиликни меъёрида ичиш шарт
Францияда суҳбатдошининг исмини айтиб чақириш урф эмас. Одатда эркакларга “мсье”, аёлларга “мадам” деб мурожаат қилинади.
Танишув пайтида албатта ташриф қоғозини узатиш лозим. Агар учрашувда бир неча киши иштирок этаётган бўлса, ташриф қоғози мансаби юқори шахсга берилади.
Бу ерда кийиниш борасидаги талаб шундайки, кийимларингиз табиий матодан тикилган бўлиши даркор. Эгнингизга асло сунъий матолардан тайёрланган кийим кийманг.

Италия

Италиялик бизнес олами вакили билан танишув ташриф қоғозларини ўзаро алмаштириш билан бошланади. Агарда сизга узатилган ташриф қоғози эгасига  ўзингизникини бера олмасангиз, сабабини айтиб узр сўранг ва албатта жўнатиб юборишингизни айтинг.
Итальян тадбиркорларининг ташриф қоғозлари итальян ва инглиз тилларида ёзилади.
Италияликлар норасмий музокараларга кўпроқ эътибор қаратишади. Уларнинг аксарияти муаммоларни ресторанларда суҳбатлашиш асносида ҳал қилишни маъқул кўришади.
Италиялик тадбиркорлар билан ҳамкорлик ўрнатмоқчи бўлганларга яна қуйидагиларни айтишимиз мумкин.
Агар аэропортга келганингизда сизни ҳеч ким кутиб олмаса, ҳамкорларингизга қўнғироқ қилинг.
Агар такси керак бўлса, ўзингиз тўхтатманг. Меҳмонхонада бўлсангиз, меҳмонхона хизматчисига айтинг – бир неча дақиқадан сўнг такси келади. Кўчада бўлсангиз, яқин-атрофдаги кафега кириб, унинг хўжайинига айтинг. Бундай хизматлар бепул ёки арзимаган пулга кўрсатилади.
Таксига ўтирганингизда машинанинг орқа ўриндиғининг ўнг томонига ўтиринг – Италияда ҳайдовчининг ёнида ўтириш урф эмас. Ҳисоблагич бўйича ёки салгина кўпроқ йўл ҳақи беринг, бу ерда пулини исроф қилмайдиганларни ҳурмат қилишади.

Германия 

Немислар жудаям аниқликни хуш кўришади. Агар германиялик ҳамкорингизнинг барча шартлари ва муддатларига амал қилишга кўзингиз етмаса, улар билан шартнома тузмаганингиз маъқул. Учрашув аввалида ташриф қоғозлари алмаштирилади. Агар иштирокчилар кўп бўлса, ҳар бир иштирокчига ташриф қоғозингизни бериб чиқишингиз мумкин. Немислар суҳбат бошлаш учун вақтни чўзиб ўтиришмайди. Суҳбат аниқ ва лўнда бўлади. Ҳамма жойда аниқликка риоя қилинади.

Хитой 

Хитойлик ҳамкорлар билан музокаралар бир неча кундан бир неча ойгача чўзилиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, хитойликлар барча жиҳатларни тўлиқ ўрганиб чиққанларидан сўнггина қарор қабул қилишади.
Агар вақтингизни тежамоқчи бўлсангиз, таклифингизни сафар олдидан батафсил ёзиб жўнатинг. Биринчи босқичда ҳамкорингизни ўзаро ҳамкорликнинг аниқ афзалликларига ишонтира олсангиз муваффақиятга эришасиз. Шунинг учун музокараларда иштирок этувчилар таркибида техник масалаларни яхши билувчи юқори малакали мутахассислар ва соҳангизга оид терминларни билувчи таржимон бўлгани маъқул. Шундан сўнг музокараларнинг молиявий босқичи бошланади. Хитой компанияларида молиявий соҳада яхши тайёргарликка эга ходимлар ишлашади.
Хитойда норасмий, дўстона муносабатларни қадрлашади. Сиздан ёшингиз, оилангиз, фарзандларингиз ҳақида сўрашлари мумкин. Сизни уйларига ёки ресторанга меҳмонга чақиришлари эҳтимолдан холи эмас. Сизга номаълум бўлган таомни таклиф этишса, рад қилманг, ҳеч бўлмаса тотиб қўйинг. Шўрва келтирилгани эса зиёфат якунига етаётганини билдиради. Одатда меҳмон ўрнидан биринчи бўлиб туради.
Хитойда оддий кийинишади, костюм-шим ва бўйинбоғ эса расмий қабуллар ва мансабдор давлат арбоблари билан учрашувларда талаб қилинади.

Япония 

Япониялик тадбиркорлар билан танишув пайтида албатта ташриф қоғозингизни беринг.
Музокараларга ўз вақтида келиш шарт – японлар қандай сабаб билан кеч қолишингиздан қатъи назар, сизни кечиришмайди. Агар вақтида келолмайдиган бўлсангиз, ҳамкорингизни бу ҳақда хабардор қилинг, учрашув давомийлигини эса қисқароқ қилинг. Японлар билан учрашганда қўл узатишга шошилманг – улар таъзим қилишни маъқул кўришади. Япон бизнесининг яна бир ўзига хос томонини билиб қўйсангиз зарар қилмайди. Улар ҳам худди америкалик ёки европалик ҳамкасблари каби маҳсулотини сотиш ва даромад топишга интилишади, лекин улардан фарқли ўлароқ, ҳамкорлари билан инсоний муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилишади. Японлар билан муомалада юқори даражада иззат кўрсатинг, чунки японлар жудаям илтифотли ва ўзларига ҳам шундай илтифот кўрсатилишини юқори баҳолашади. Асло қизишманг. Имкон борича табассум қилинг. Уларга босим ўтказишга уринманг.

***

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, тадбиркор қайси юртда бўлмасин, ўз мамлакатининг шаъни ва обрўсини унутмаслиги лозим. Тадбиркорнинг ўзини тутиши, ҳамкорига ҳурмат-иззат кўрсатиши, муомаласи нафақат манфаатли ва даромадли келишув тузишга ёрдам беради, балки хорижликларда унинг юртига нисбатан ҳурматни ҳам уйғотади.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Абдусалом азизов яккабоғга борди

Кеча 27 июль куни кечки пайт ДХХ раиси Абдусалом Азизов Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманининг “Эски Яккабоғ” ҳудудида бўлиб, ҳолат юзасидан вилоят масъуллари билан мулоқот ...

Пул йиғишда йўл қўйиладиган 5 хато

1. «Ортганини йиғаман». Ҳеч қачон қанча орттиришингизни билмайсиз, балки умуман орттиролмассиз ҳам. Демак, сиз пул йиғишга ҳаракат қилмаяпсиз. Агар ҳар гал маошнинг маълум ...

Бой ва ўрта ҳолнинг ўнта фарқи

"Forbes” фикрича, АҚШнинг 400 нафар бойининг маблағи паст тоифадаги 150 млн. одамнинг маблағидан кўпроқ экан. Ўрта тоифадаги одамларга келадиган бўлсак, яқин 10 йил ичида ...