Юлдузли тунлар-32

3

Шайбонийхон тўрдаги эшикдан кирганда ҳамма ўтирганлар ўринларидан сапчиб туриб, хонга эгилиб таъзим қилдилар. Хон шаҳнишинга тўшалган кимхоб кўрпача устига чордана қуриб ўтирди. Унинг ўнг ёнига чўкка тушган мулла Абдураҳим қуръондан қисқа бир оят ўқиб, хон ҳазратларига энг олий тилаклар билдирди-ю, ниҳоят мақсадга ўтди:


— Имоми замон, халифаи раҳмоннинг ниятлари фақат шаҳар олиш эмас, дину миллат душманларини фош этиб, сизу бизни Муҳаммад алайҳиссалом юрган муқаддас йўлга етаклашдир. Агар фақат молу мулкни ўйлайдиган подшоҳ бўлса, Самарқанд қопқалари очилган заҳоти урҳо-ур, деб қалъага от қўйиб кирур эди, карнай-сурнай чалдириб, ўз ғалабасини тезроқ халққа ошкор қилур эди. Аммо бизнинг улуғ хонимиз — доноликда Искандари замон Шайбонийхон молу мулкдан аввал инсофу имонни ўйлаюрлар.
— Барҳақ! — деб қўйди мулла Абдураҳимдан пастроқда ўтирган Муҳаммад Солиҳ.
— Подшоҳ инсофу имонни унутса не чоғлиқ мурдорликлар юз бериши, мамлакат не чоғлиқ хароб бўлиши темурийларнинг кирдикорларидан бизга аён. Абдуллатиф мирзо ўз отаси Улуғбек мирзони ўлтиртирди. Ҳиротда Ҳусайн Бойқаро ўз невараси Мўмин мирзони ўлтиртирди. Мана ҳозир биз билан ўлтирган Султон Али мирзо ўз оғаси Бойсунқур мирзони туттириб ўлдирмоқчи бўлганда, оғаси қочиб қутулди. Кейин Бойсунқур мирзо бу инисини туттирганда кўзини кўр қилмоқчи бўлди. Аммо жаллодни олтинга сотиб олиб, бу Мирзо ҳам қочиб қутулди. Мирзоларнинг саройида сотқинлик, хиёнат, бузуқлик авж олди. Қуръони шариф майни макруҳ деб қатъий тақиқлаган. Аммо даврамизда ўлтирган мана бу ёш Мирзо жойнамоз устида ўлтирган имоми замон ҳузурига май ичиб ширакайф келмиш. Бу Мирзонинг шаҳвонийпарастлиги, шу ёшдан ҳаром йўлга юришлиги имоми замон хонимизга аввалдан аён эди!
Кўпакбий ғазабланиб гап қўшди:
— Осиб ўлдириш керак бундай Мирзони!
— Айб фақат бу навжувон Мирзода эмас, — деб Муҳаммад Солиҳ унга эътироз қилди. — Бунинг отаси Маҳмуд мирзо бағоят имонсиз бузуқ одам эди. Самарқандда подшоҳлик қилганда хотинбозликка қаноат қилмай, баччабозликни ҳам авжига чиқарган эди. Бечора халқ чиройли ёш ўғлонларини кўчага чиқартиришга қўрқиб, қизларни яширгандек ичкарига яширар эди.
— Ўғил отасига тортибдир-да?
— Онаси-чи? Мирзонинг онаси қалай?
Бу қалтис саволдан ҳамма бир лаҳза жим бўлиб қолди. Чунки «Шайбонийхон Зуҳра бегимни никоҳлаб олмоқчи эмиш», деган овоза кўпчиликнинг эсига тушди. Хон бу аёлга уйланса обрўси тушишини бояёқ сезган ва уйланмоқчи эмаслигини мулла Абдураҳимга айтган эди. Ҳозир мулла Абдураҳим миш-мишларни бартараф қилишга шошилди:
— Мирзоларнинг касофати хотинларига ҳам урмиш. Бу Мирзонинг онаси ўз нафси учун ёлғиз ўғлини қурбон қиладиганга ўхшайди!
Мулла Абдураҳимнинг бу гапидан кейин хоннинг Зуҳра бегимга муносабати ҳам кўпчиликка аён бўлди. Султонлардан бири:
— Қутурган бияга судратиб ўлдириш керак ундай хотинни! — деди.
Яна бири:
— Қопга солиб энг баланд минорадан ташлаш керак!— деди.
Шайбонийхон мунозарага эрк бериб, ўзи ҳамманинг гапига зимдан қулоқ солиб ўлтирарди. Бир-биридан қўрқинчли таклифлар кўпайиб кетгандан кейин Шайбонийхоннинг ишораси билан мулла Абдураҳим ҳаммани жим қилди.

Хон гапирар экан, ўнлаб кишилар унинг салмоқдор, вазмин овозидан, дона-дона қилиб айтаётган сўзларидан сеҳрлангандай қотиб қулоқ сола бошлади. Шайбонийхон мирзоларнинг инсофни, имонни унутганлари, эл-улусни вайрон қилганларига яна бир талай мисоллар келтирди-ю, бирдан Хўжа Яҳёга юзланди:
— Бу мирзоларингнинг пири — сизнинг отангиз Хўжа Аҳрор эди. «Мен валийман» деб, подшоҳларга ҳукмини ўтказиб, жуда катта бойлик орттирган эди. Бизнинг хабаримиз бор, отангиздан сизга жуда кўп олтин қолған. Отангиз ўлгандан кейин, мана, ўн бир йилдан бери сиз Самарқандға руҳоний ота бўлиб юрибсиз. Сиз ҳам нафсга берилиб, жуда кўп сийму зар тўплағансиз. Балиқ бошидан бузилади. Пир қандай бўлса, мурид ҳам шундай бўлади.
Қапталингизда ўтирған мана шул шаҳвонийпараст ёш Мирзо сизнинг муридингиз, худо олдида сиз шунға жавоб бераман деб қўлини олғансиз!
Шайбонийхон шаҳодат бармоғини бигиз қилиб, аввал Мирзони, сўнг Хўжа Яҳёни кўрсатди-да, кейин ўша бармоғини пастга қаратиб силкитди:
— Сизнинг яна бир муридингиз аёл боши билан эр истаб келиб, пастда ўтирипти. Сизнинг қандай пирлиғингизни мана шулар кўрсатиб турипти! Сиз аввал муридларингизга хиёнат қилиб, Самарқандни Бобурга бермоқчи бўлдингиз. Кейин булар пирларига хиёнат қилиб, менинг олдимга келди. Хиёнат устига хиёнат! Бири у ёққа тортса, бири бу ёққа тортади!
Подшоҳ ўзича-ю, дин раҳнамоси ўзича! Бири бирини алдайди. Бири бирининг гўштини емоқчи бўлади! Муҳаммад алайҳиссалом ҳам пайғамбар эдилар, ҳам подшоҳ эдилар, ҳам лашкарбоши эдилар. Ким шунга қодир бўлмаса, ким пайғамбаримизнинг муқаддас йўлидан юрмаса, мана шу пир билан муридга ўхшаб кофирлик жарига йиқилади!
Шайбонийхон бу гапларни ўзининг қўл остидаги аъёнларига ҳам тегизиб гапирмоқда эди. Чунки уларнинг баъзиси «хонимиз тахту тожга қаноат қилмай имоми замон, халифаи раҳмон ҳам бўлиб олдилар», деб шивирлашар эди. Темурийларнинг ишини кўпдан бери кузатиб юрган Шайбонийхон уларнинг салтанатларида Хўжа Аҳрор каби диний раҳбарлар ўзларича мустақил ҳукмдор бўлиб олиб, мирзоларнинг ҳокимиятини ичдан заифлаштирганини яхши билар эди.
Шайбонийхон хонлик ҳокимияти билан диний ҳокимиятни ўз қўлида бирлаштириб, темурийларга нисбатан катта бир устунликка эришмоқда эди. У Бухорода мадрасада ўқиб юрганда шариат ва тариқат илмини яхши ўрганган, қуръонни ёд билар эди. Ҳозир Шайбонийхоннинг қароргоҳида ислом динини ундан яхши биладиган, қуръонни қироат билан ўқишда ундан ўтадиган одам йўқ эди. Унинг имомлик ва халифалик унвонлари шундан ҳам келиб чиққан эди. Шайбонийхон марказлашган улуғ бир давлат тузишга интилар экан, бу мақсадга тезроқ етиш учун қўл остидаги одамларнинг ихлос ва эътиқодини ҳам қозонишга, уларнинг мафкурасини ўзига бўйсундириб, ҳаммасини бир доҳий атрофига жипслаштиришга алоҳида эътибор берар эди. У ўз даврининг энг зўр мафкураси — диний мафкура эканлигини яхши биларди. Шунинг учун ҳозир ўзи эришаётган муваффақиятларни ҳам динга ва илоҳий кучларга боғлаб гапира бошлади:
— Бизнинг Самарқанддаги душманларимиз етти бошлиқ аждарҳодай зўр эди. Бу аждарҳо не-не қўшинларни комига тортиб ютиб юборган. Аммо бизнинг имонимиз пок, ниятимиз холис. Олло таоло шу аждарҳони инидан тортиб чиқариб, бизнинг ҳузуримизга олиб келди. «Нима қилсанг қил!» деб қўлимизга берди. Худонинг қудрати билан Самарқанддек шаҳарнинг қопқалари бизга жангсиз очилди!
Самарқанд урушсиз таслим бўлаётганлиги, унинг подшоҳи ва диний раҳбарлари ўз оёқлари билан Шайбонийхон ҳузурига кириб келганлиги нақадар улкан бир зафар эканини барча аъёнлар гўё энди астойдил ҳис қилдилар. Бу зафарнинг худо томонидан берилганлиги эса Шайбонийхонни уларнинг кўзига худонинг назари тушган бир авлиё қилиб кўрсатар эди.
Шайбонийхон нафаси ўткир валий бўлмаса, бу қадар мураккаб, бу қадар қийин ишни шунчалик донолик ва усталик билан амалга оширолармиди?
Мулла Абдураҳим ўрнидан сакраб туриб:

— Имоми замонимиз минг йил умр кўрсинлар! — деб олқиш айтди.
Бошқалар ҳам оёққа қалқдилар. Устма-уст олқиш янгради:
— Искандари сонийга офарин!
— Ҳазрати валийга минг раҳмат!
— Халифаи раҳмон дунё тургунча турсинлар!
Ҳамма аъёнлар ўринларидан турганларидан кейин Султон Али мирзо билан Хўжа Яҳё ҳам жойларидан кўтарилдилар. Аммо улар тирик мурдадек оёқда зўрға туришар эди. Агар ҳозир Шайбонийхон мана бу олқиш айтаётганларга бир оғиз буюрса, улар Мирзо билан Хўжани тилка-пора қилиб ташлашлари аниқ эди.
Хоннинг ишораси билан олқишлар тинди, ҳамма жойига қайтиб ўтирди.
— Манави хўжа билан мирзоға, — деди Шайбонийхон, — минг азоб бериб ўлдирсак ҳаққимиз бор. Бироқ инсофу имон қанчалик бўлишини буларга яна бир кўрсатиб қўяйлик. Майли, қонларидан кечайлик, жонлари омон қолсин!
Боятдан бери ўлимни бўйинларига олиб, жонларидан умид узиб ўтирган Мирзо билан Хўжа энди бирдан эгилиб, хонга миннатдорчилик билдирдилар. Хўжа Яҳёнинг кўнгли юмшаб, кўзига ҳатто ёш келди:
— Худо умрингизни берсин, хон ҳазратлари!..
— Бироқ, — деди хон овозини кўтариб, — жаноб Хўжа Яҳё молу дунёга ҳирс қўйиб, тавфиқни унутган. Имонларини поклаш учун Маккаи мукаррамага сафар қилсинлар. Хўжага эрталабгача муҳлат берамиз. Керакли нарсаларини йиғиштириб, икки ўғиллари билан бирга ҳажга жўнасинлар. Кўпакбий!
— Лаббай, хон ҳазратлари!
— Хўжа Яҳёни ўғиллари билан эрта эрталаб Самар-қанддан чиқариб қўйишни сизга топширдик!
— Бош устига, хон ҳазратлари!
— Мана бу ёш Мирзо, — деб Шайбонийхон Султон Али мирзога қараб давом этди, — бизга ўғил тутингиси келибди. Майли, диндан қайтганни яна дин йўлига солиш — савоб иш. Шаҳзода Темурхон уни ўз одамлари қаторига олсинлар.
Отасига яқин ўтирган йигирма ёшли хушбичим Темурхон семиз Мирзога нафратли бир назар ташлади-ю, аммо хонга таъзим қилиб, буйруқни бажаражагини айтди.
— Яхши бўлса ошини ер, — қўшиб қўйди Шайбонийхон, — ёмон бўлса бошини!
Султон Али мирзо вақтинча тирик қолаётганини кўп одам шу сўзлардан сезди. Энди пастки қаватда ўтирган Зуҳра бегимнинг тақдирини ҳал қилиш керак эди.
Шайбонийхон бир вақтлар Зуҳра бегимни жуда гўзал деб эшитиб, «ўзимга ғунчачи* қилиб оларман», деб ўйлаган эди. Шунинг учун бегимга ёзган хатига бир неча сатр шеър қўшган эди.
Аммо уни бугун ўз кўзи билан кўргандан кейин бегимдан ихлоси қайтди. Тўғри, шеър ёзиб бегимни алдагани кўнглининг бир четини хира қилиб турар эди. Аммо бу ерда Зуҳра бегимдан нафратланиб гапирган аъёнлар у хотиннинг бузуқлигига хонни ҳам ишонтирди-ю, кўнглидаги бу хираликни тарқатиб юборди. «Ўзи шундай алданишга муносиб хотин экан, — деб ўйланди хон. — Агар ҳозир қўйиб берсам, султонлар уни қутурған бияга судратиб ўлдиради. Лекин мен «Муродингизга етасиз!»— дедим. Муроди — эрга тегиш экан. Зўр бир эр топиб бериб, сўзимнинг устидан чиқайин!»
Хоннинг кўзлари даврада ўтирган султонларни оралаб ўтиб, пойгакроқда ўтирган йўғон гавдали чўтир қора кишида тўхтади. Мансур бахши деб аталадиган бу одам табиблик қилар эди. У чилдирма чалиб «кўчириқ» қилишни ҳам билар эди, «кўтарувчи» деган лақаби бор эди. Унга хотин чидамас — олган хотинлари ё бир-икки йил умр кўрмай ўлар, ёки қочиб кетар эди.
— Мансур бахши, сиз хотинга ёлчимай юрибсиз,— деди Шайбонийхон. — Пастдаги бегим келинчак ёнглиқ ясаниб келибди. Шуни сизга узатайикми?
Мансур бахши ўрнидан сакраб турди, қувонганидан оғзи қулоғига етгудай кулиб таъзим қилди:
— Марҳаматингиздан айланайин, ҳазратим, жон дейман!

Ҳамма кулиб юборди. Шайбонийхон бу тугунни ҳам султон ва аъёнларга ёқадиган бир усталик билан ечганидан кўпчилик мамнун эди:
— Хон ҳазратлари доно йўл топдилар!
— Мансур кўтарувчи энди бегимни қучоғидан қўймай роса кўтаради.
— Бири бирига муносиб!
— Бироқ, — Шайбонийхон яна сўз бошлаган эди, ўзаро гаплар ва кулгилар дарҳол босилди, — бахшининг тўйини Самарқандда қиламиз. Ҳаммамиз шаҳарга тартиб билан кирамиз…
Самарқандда бир неча марта бўлган ва қаерда нима борлигини яхши биладиган хон қўшинларнинг шаҳарга кириш ва жойлашиш тартибини олдиндан ўйлаб қўйган эди. Ҳозир шуни буйруқ шаклига келтириб, лашкарбошиларга аниқ кўрсатмалар бера бошлади.
Шайбонийхоннинг беш минг кишилик қўшини Чорраҳа дарвозасидан Самарқандга кириб борганда шаҳарнинг нариги томонидаги Сўзангарон дарвозасидан юзлаб одамлар қочиб чиқиб кетмоқда эдилар. Бобур ҳозир Шаҳрисабзда эди. Самарқанддан қочиб чиққан унинг тарафдорлари Шаҳрисабзга қараб шошилмоқда эдилар.
Аммо Шайбонийхоннинг қуюндай югурик отлиқлари уларнинг кўпини қувиб етиб, кўчларини талашди, кўпларини аёвсиз ўлдиришди.
Кечаси шаҳарда талончилик авжига чиқди. Фақат Хўжа Яҳёнинг ҳашаматли уйига ва кенг ҳовлисига талончилар йўлатилмади. Кўпакбийнинг юзтача навкари Хўжа Яҳёнинг ҳовлисини қўриқлаб турди. Бироқ Кўпакбий қўйган махсус одамлар Хўжа Аҳрордан қолган бойликлар, олтин ва жавоҳирларнинг қайси сандиқларга жойлаштирилаётганини пана-панадан кузатиб, кўз тагига олиб қўйдилар.
Хўжа Яҳё икки ўғли, уч хотини, ўн бештача хизматкори ёрдамида туни бўйи кўч йиғиштирди. Тонг отганда барча сандиғу бўғчаларини, кўч-кўронини тўртта аравага ва ўн икки туяга юклатди. Аёлларни соябон аравага чиқаришди. Хўжа Яҳёнинг ўзи, икки ўғли ва ўнта қўриқчи хизматкор йигити энг яхши отларини миндилар, Самарқанд билан ғамгин хайрлашиб, қалъадан чиқдилар. Кўпакбий ўз навкарлари билан бирга Хўжа Яҳёни Оҳаклик тоғигача кузатиб қўйди.
Термиз йўлига тоғ ошиб ўтиш керак эди. Бир тоғ дарасининг ичида Кўпакбий Хўжа Яҳёга қараб:
— Биз онҳазратимнинг буйруғини бажардик, энди у ёғига ўзингиз кетаверинг! — деди-ю, навкарлари билан орқага бурилди.
У кўринишидан Самарқандга қайтмоқчига ўхшарди. Аммо дарадан чиққандан кейин йўлни ўнгга бурди, бошқа бир дара орқали Хўжа Яҳёнинг ўнг томонидан айланиб ўтди.
Ғира-шира қоронғилик тушиб, одам одамни яхши танимайдиган пайт бўлганда Кўпакбий барча аскарлари билан юқоридан кўчкидай ёпирилиб тушди. Қий-чув, дод-войларга қарамай, Хўжа Яҳёнинг ўзини ҳам, икки ўғлини ҳам, қўриқчи йигитларини ҳам қиличдан ўтказишди. Тирик қолган аёллар Кўпакбийнинг ўнбошиларига бошқа ўлжалар қаторида улашилди. Сандиқдаги жавоҳирлар ва олтин-кумушларнинг ярми кечаси хоннинг хазинасига элтиб топширилди. Чунки Кўпакбийнинг Хўжа Яҳёни ҳажга жўнатиш баҳонаси билан тоғ ичида ўлдириши ва бойлигини мусодара қилиши Шайбонийхоннинг имо-ишораси билан қилинган эди.
Бу воқеадан хабар топган Султон Али мирзо ўлим хавфи ўзига ҳам яқинлашиб келаётганини сезди-ю, қандай қилиб бўлса ҳам қочиб қутулишнинг пайига тушди. Қуюқ туман тушган куни азонда икки навкари билан Феруза дарвозасидан яшириқча чиқиб, Панжакент томонга қочди.
Бироқ Темур Султон унинг кетига қўйган хуфиялар бу воқеадан хабардор эдилар. Султон Али мирзо қалъадан қочиб чиққунча уни атайлаб қўйиб берган эдилар. Чунки унинг айбини бўйнига қўйиб қочиб кетаётган пайтида тутиб ўлдирмоқчи эдилар. Султон Али мирзо Сиёб бўйларига бормасданоқ кетидан Темур Султон икки юз навкари билан уни қувиб етди ва дарҳол ўраб олиб, бир қилич зарби билан бошини танасидан жудо қилди.
Мансур бахшига никоҳлаб берилган Зуҳра бегим ёлғиз ўғлининг тобутда бошсиз ётган танасини кўрганда ўзининг калласига муштларини уриб дод солди, юзини қўли билан тирнаб қонатиб юборди, кўйлагининг ёқасини йиртиб чинқирди. Лекин ғолиблар бунинг ҳаммасига: «Баттар бўл, ўзинг сабабчисан!» дегандек бир заҳарханда билан қарашди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Ғ у н ч а ч и — муваққат хотин.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида​ чингиз айтматов бюсти ўрнатилди

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Қирғизовул ҳудудида жойлашган 33-умумтаълим мактабида ушбу бюстнинг очилишига бағишланган маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ...

Қаршилаш

9. ҚАРШИЛАШ Бу кунги кутилмаган тун Ҳасанали отани гангиткан, унинг кекса кўзлари уйқу билан тамом чаплашиб олған эдилар. Ул бу хабарни эртага эрталаб қайси йўсун билан бекка ...

Муҳаббат

Муҳаббат — чиройли капалак, қўрқаман шўрликни тутгани. Капалак қувганим ёнимда, ёдимда йўқ аммо етганим. Юрагим ранжиган боладай на эрмак, таскинга кўнади. Муҳаббат — ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400