ШАРҲЛАНМАГАН ЯНГИ ДУНЁҚАРАШ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, уни дунёқарашини, бошқарув стилини, ички ва ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларини тушуниш мақсадида, кузатишда давом этаяпман. Кузатув жараёнидаги хулосаларимни тизимга солишга ҳаракат қилаяпман.

Ўзбекистоннинг муаммоси шундаки, давлат авторитардир. Ҳокимият эркин ва рақобат асосидаги сайловлар орқали шакллантирилмайди. Олдинги Президент фақат вафоти билан ҳокимиятдан кетди. Янги давлат раҳбари эса давлат иерархиясида эгаллаган мавқеи, номинал ва бошқа ресурслар ҳисобига ҳокимиятга келди. Шу сабаб, биз учун ҳали ҳам “Шавкат Мирзиёев ким, у Ўзбекистонни қай томон йўналтирмоқчи?” деган саволга узул-кесил жавоб мавжуд эмас. Агар Ўзбекистон демократик бўлганида эди, бу саволга ўрин қолмасди. Сабаби, Президентнинг дунёқараши сайловлар чиғириғидан ўтиб, ҳокимиятга келган бўларди. Жамият эса унинг сайловолди дастури ижросини кутарди холос.

 

Ислом Каримов гапиришни яхши кўрарди, матбуот анжуманларини яхши кўрарди, соатлаб интервьюлар берарди. Каримов учун жамиятнинг дунёқарашига нафақат таъсир қилиш, балки, уни белгилаб бериш, қолипга солиш – муҳим сиёсий вазифа эди. Шавкат Мирзиёев, мана икки йилдирки, бир маротаба ҳам матбуот анжумани қилмади, бирор бир журналист билан савол-жавоб мулоқотлари ўтказмади. Каримов кўп гапирарди, лекин ўта эҳтиёткорлик билан у-бу тадбирга қўл урарди. Мирзиёев жуда кўп ишларни бошлаб юборди, лекин бу ишларни гапириб, шарҳлаб, жамиятга кенг тушунтиришни муҳим деб баҳоламаяпди. Мирзиёевнинг қарашлари билан, асосан, расмий нутқлар ва селектор мажлисларидаги сиздиришлар орқали танишиш мумкин холос.

 

Мирзиёевнинг ташқи сиёсати борасида кўп ўйландим. Қуйидаги қиёсий таҳлилни таклиф қилишим мумкин. Ислом Каримовда дихотомик (оқ-қора, дўст-душман, яхши-ёмон…) фикрлаш ниҳоятда устун эди. Бу қараш унинг ички ва ташқи сиёсатида аниқ устувор ёндашув эди. Каримов зеҳнияти замирида, асосида эҳтиёткорлик, ишончсизлик ётарди. Ўтган даврда Ўзбекистон ташқи дунёда ҳеч бир давлатга тўлик ишонмади, ҳеч бир давлат билан реал стратегик ҳамкорликни йўлга қўймади.

 

Ислом Каримовнинг ташқи сиёсатидаги асосий тамойили – “барча томонлар билан бир масофадаги ишончсизлик дистанцияси”ни сақлаш, “бир томонни иккинчи томонга қарама-қарши қўйиш орқали мувозанатга солиш” эди. Лекин, Мирзиёев ташқи сиёсатида эса “ҳамма билан имкон қадар яқинлашиш”, “бир яқинликни бошқа яқинлик билан мувозанатга солиш”, “барча томонлар билан имкон қадар жипс алоқаларни кучайтириш орқали мувозанат шакллантириш” концепцияси кузатилаяпди.

 

27 йиллик изчил информацион сиёсат натижасида, бугунги Ўзбекистон Каримов дунёқараши асосида фикрлашда давом этаяпди. Одамлар, айниқса кўпгина экспертлар, балки мени ўзим ҳам, вазиятни олдинги категориялар доирасида қўрқув-ишончсизлик мезони билан ўлчаяпди.

Мирзиёевнинг ташқи сиёсати Ўзбекистоннинг иқтисодиётига, ижтимоий вазиятга, хўжалик ишларига, минтақаларни ривожлантиришга, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, мамлакатни саноатлаштиришга бўйсундирилганлиги кўринаяпди. Мирзиёев назарида, бамисоли, бугунги Ўзбекистон учун, геосиёсатдан кўра геоиқтисод муҳимроқ.

 

Бирор бир қарор қабул қилишдан олдин, Каримов ниҳоятда узоқ ва синчиковлик билан ўйланарди. Ҳаттоки назарий жиҳатдан хавф-хатар эҳтимоли кам бўлган соҳаларда ҳам Каримов эҳтиёткорликни афзал кўрарди. Мисол, ўтган 27 йил ичида Ўзбекистонда бор йўғи 2-3та хорижий олий ўқув юртлари филиаллари очилди. Унда ҳам, ўша давлатлар билан алоқаларни мажбуран кучайтиришга қўл урилганда бу филиаллар очилди. Лекин, кейинги икки йилни ичида, адашмасам, 10-15дан ортиқ хорижий олий ўқув юртлари филиаллари очилиш жараёнлари бошланди. Хориж давлатлари билан имзоланган иқтисодий ва бошқа соҳадаги шартномаларни санаш бериш ҳам қийин.

 

Демак, Мирзиёев ички ва ташқи сиёсати – бутунлай бошқа дунёқарашга асосланган. Бу концептуал бошқа ёндашув. Энг қизиғи, ўтган даврда энг узоқ муддат бош вазир бўлган жорий Президент қарашларида олдинги маъмуриятга хос эҳтиёткорликлар ва қўрқувлар устувор эмас, аксинча, таваккалчилик ва ишончга мойиллик устун.

Агар ички сиёсатдаги ислоҳотлар динамикаси, ташқи дунё билан алоқаларни парваришлаш шу зайлда давом этилса, яқин 3-5 йил ичида Ўзбекистон бутунлай ўзгаради, мустаҳкам ривожланиш тезлигига эга бўлади, ва кейинги ўн йилликлар ичида ўзини энг асосий минтақавий қудрат ва пост-совет ҳудудидаги гигантлардан бири сифатида намоён қилиш имкониятини қўлга киритади.

Лекин бугунги кундаги асосий масала – Ўзбекистондаги дунёқарашлар тўқнашуви. Бир томондан, жамият олдинги маъмурият дунёқараши асосида яшашни давом эттираяпди. Чунки, янги ҳокимият ўзининг янги дунёқарашини тушунтирмаяпди, шарҳламаяпди. Айни пайтда, жорий ҳокимиятнинг ички ва ташқи сиёсатдаги ҳаракатланиш модели мутлақ янги. Айни пайтда, бу ўзгаришлар дунёқарашни шакллантириш, вазиятни шарҳлаш билан олиб борилмаяпди.

Жиддий зиддият!

Яъни, Мирзиёев сиёсатини Каримов категориялари орқали баҳоланиш сабабли, янги ҳокимиятнинг легитимлигига жиддийгина путур ҳам етаяпди. Менимча, янги ҳокимият ҳали ўз тафаккурида ҳам эски информацион сиёсат босимидан қутула олганича йўқ, ўзида янги дунёқарашни концептуал тушунтиришга ирода ва шижоат топа олмаяпди. Демак, бугунги Ўзбекистонда икки дунёқараш мавжуд бўлиб, бири 27 йил давомида зеҳниятда қаттиқ ўрнашган, иккинчиси ҳокимиятда бўлиб, у ўзини тўлиқ англагани ва жамиятга ўзини тушунтириб бера олганича йўқ.

Муаллиф:Камолиддин Раббимий

Манба:facebook

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туҳмат балоси

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари тадбиркор Жаҳонгир Умаров калтаклангани ҳақидаги маълумотни рад этди. (more…)

Дунёнинг ишлари қизиқ : “ўлмаган банда кўраверар экан!” дейди машойихлар

Дилмурод Саййид Сурат 2005 йили олинган Бугунги амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан бир қанчасига эътибор берсам,уларни бундан 12 йил аввал муаммо сифатида ...

Ўзбекистон: россия мудофаа вазирини тошкентга нима етаклаган бўлиши мумкин?

Россия Мудофаа вазири Тошкентда. Расмий хабарларга кўра, Сергей Шойгу аллақачон Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан музокаралар олиб борган. Сергей Шойгу икки ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400