Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 13-қисм

Ярим кун ҳам ўтди. Поезд Волгабўйи ерларидан кетиб борар, купе вагонларда ҳамма узоқ сафар  тадоригини  кўриб,  жойлашиб  олган,  Авдий  Каллистратов  тушган  умумий  вагонда  эса одатдаги  ғала-ғовур  ҳаёт  бошланганди.  Йўловчилар  ҳар  хил,  ҳар  ким  бирор  баҳонаи  сабаб билан йўлга отланган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ — йўлга чиқиш керакми, керак, вассалом.

Улар орасида нашаванд чопарлар — Авдий Каллистратовнинг ҳамроҳлари ҳам бор. Назарида мана  шу  поездда  ўндан  ортиқроқ  чопар  кетаётгандек  эди.  Лекин  ҳозирча  улардан  фақат иккитасинигина билади. Чаққон Утюг вокзалда уни шуларга бириктириб қўйган. Бу азаматлар Мурманскдан келишяпти. Уларнинг каттароғи Петруха йигирмаларга чиққан, иккинчиси ҳали

ёш  бола,  ўн  олтиларга  кирган,  унинг  исми  Лёня,  лекин  Лёнянинг  ҳам у  томонларга  иккинчи маротаба бориши. Шунинг учун ўзини ҳар балони кўрган одамдай тутади, ҳатто керилиб ҳам қўяди.  Мурманлик  болалар  аввал  ўзларини  сал  тортиброқ  туришди.  Лекин,  Авдий  ишончли кишиларнинг тавсияси билан чопар бўлиб бораётгани, демак, ўз одамлари қатори эканлигини билишади  ва  уни  шимолликларга  хос  талаффуз  билан  Авдий  деб  чақиришади.  Қилинадиган ишлар  ҳақида  кўпроқ  тамбурда,  чеккани  чикқанда  гаплашиб  туришади.  Одамлар  вагонда чектиришмайди.  Чунки  вагон  тиқилиб  кетган,  шусиз  ҳам  нафас  олиш  мушкул.  Шу  сабабдан чекиш,  у  ёқ-бу  ёқдан  лақиллаб  гаплашиш  учун  тамбурга  чиқишади.  Авдий  ҳали  чекишни қойиллата олмайди, бунга ҳаммадан бурун Петруха эътибор берди:

— Нима, Авдий, илгари ҳеч чекмаганмисан? Қиз боладай ичингга тортишга қўрқасан?

Авдийнинг ёлғон гапиришдан бошқа иложи қолмади:

— Илгари чекардим, кейин ташлаганман…

— Кўриниб турибди. Мен кичкиналигимдан ўрганганман. Визнинг Лёнькамиз бўлса худди бангининг  ўзи.  Тутатгани-тутатган.  Чол  боболардай  тоза  бурқситади.  Онда-сонда  отиб  ҳам қўяди. Тўғри ҳозир ҳеч мумкин эмас. Лекин кейин ҳиссасини чиқарамиз.

— Ҳали ёш бола-ку!

—  Ким  ёш,  Лёньками?  Кичкина  деманг  бизни,  кўтариб  урамиз  сизни.  Сен  ўзинг  энди боряпсан бундай катта ишга. Ҳашар деб ўйлама буни. Лёнька бўлса, бало, ҳаммасини билади.

— Ўзиям ўт-пўт тутатадими ё фақат бориб-келиб турадими? — кизиқиб сўради Авдий.

—  Лёньками?  Чекмай  бўладими?  Ҳозир  чекмаган  одам  йўқ.  Лекин  чекишини  хам  билиш керак,— донолик қила бошлади Петруха. Бировлар оғзидан кўпиги келгунча чекади. Бунақалар ишга ярамайди, Палағда. Тайёр ошни бузади. Ўт деганимиз қанақа — одамни хурсанд қилади, кайфинг чоғ бўлади, ўзингни жаннатга киргандай сезасан, яйрайсан.

— Нимаси кайфингии чоғ қиларкин?

— Нимаси бўларди? Шу кетяпсан. Олдингдан бир кичкина жилға чиқди. Ўтаман десанг, бир сакраб  ўтасан-кетасан.  Сенинг  назарингда  бўлса,  у  катта  дарё,  океан,  баҳри-дилинг  ҳам очилади-да. Ана шу-да сенга кайф. Ўзи бўлмайди бу кайфнинг. Қаердан топасан ўша кайфни?

Нон сотиб оласан, кийим-кечак сотиб оласан, оёғингга оласан, бошингга оласан. Ароқни ҳам ҳамма  ўз  пулига  олиб  ичади.  Ўт  бўлса,  жуда  қиммат,  лекин  роҳатижон-да:  ширин  бўлиб пинакка  кетасан.  Худди  кино  кўраётгандай  бўласан.  Фарқи  шуки,  кинони  юзлаб,  минглаб одамлар  кўради.  Сен  эсанг,  ўзинг  хон — қўланканг  майдон.  Бировнинг  сен  билан  иши  йўқ.

Тумшуғини суқадиган бўлса боплаб башарасига туширасан. Жўна. Нима ишинг бор, итвачча.

Қандай хоҳласам, шундай яшайман. Аралашма. Ана, гапнинг пўсткалласи шу! — У жим бўлиб қолди. Кейин жинчироқдек милтиллаган кўзларини қисиб, юзсизлик билан деди: — Менга қара, Авдий,  балки  тотиб  кўрарсан,  а?  Бир  кайф  қилмайсанми?  Жиндеккинасини  бекитиб қўйганман…

— Олдин ўзим топай,— бош тортди унинг таклифидан Авдий,— кейин тотиб қўрарман.

— Рост айтасан,— қўшилди унга Петруха,— ўзингники беминнат.— Яна жим бўлди. Сўнг яна жағи очилди: — Бу ишда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Атрофдаги ҳамма бизга ёмон кўз билан қарайди. Кампиршолардан тортиб кўкрагига тақир-туқирларни осиб олган ветеранларгача, ҳар бир  пенсионер,  бошқаларни  айтмай  қўя  қолай,  ҳаммаси  бизга  душман,  бизни  кўролмайди.

Уларга қолса, дарров бизни суд қилса-ю, ит бормас жойларга бадарға қилиб юборса. Шунинг учун  бўйнимизни  қисиб,  кўзга  ташланмай,  ғариб-бечора  бўлиб  юрамиз.  Лекин  ҳақимизни олайлик-чи! Ана унда кўринг бизни! Чўнтакда пулинг жарақлаб тургандан кейин уларнинг қош-қовоғига қараб ўтирасанми!.. Лекин сира эсингдан чиқарма, Авдясь. Бир гап бўлса, миқ этиб оғзингни  очма!  Бу  қонун.  Гуллаб  қўйсанг,  тамом.  Жонингдан  умидингни  уз.  Итдай  бўғизлаб кетишади.  Ҳатто  қамоқда  ётган  бўлсанг  ҳам,  қўллари  етади.  Ҳазиллашиб  бўлмайди  булар билан…

Гап  узоқ  чўзилди.  Маълум  бўлишича,  Петруха  аллақайларда,  бир  қанча  қурилишларда ишлаб  кўрибди.  Ёз  келиши  билан  Мўйинқум  атрофларидаги  чўлларга  жўнаркан.  Бу  ерларда нашапояларни ях-ши биларкан. Айниқса, сойлар ва жарликларда чангалзор бўлиб ётади. Ана, ҳосил! Истаганингча йиғиб ол. Бутун дунёга десанг ҳам етиб ортади. Уйда ёлғиз қари онаси бор экан. Ичаркан. Акалари қутб томонларга, газопровод қурилишига кетишган экан. Пулни катта-катта ишлашаркан. Лекин қишининг совуғига чидаб бўлмас экан. Ёзда эса чивин мўр-малахдек одамга ёпириларкан. У бўлса ҳар йили бир марта кўзи қисиқ Осиёда ўйнаб келаркан. Кейин то янаги  йилгача  ялло  қилиб  юради.  Хоҳласа  тукуради,  хоҳласа  кўпиради.  Шериги  Лёньканинг оиласи  бундан  ҳам  ишкалроқ.  У  на  онасини  кўрган  ва  на  отасини.  Болалар  уйида  ўсган.

Мурманскда узоқ сафарларга чиқадиган кема капитани бор экан. Кўпроқ Кубага қатнаркан. Бир куни у хотини  билан  келиб,  ҳамма  қоғозларни  тўлдириб  Лёнькани  ўзига  ўғил  қилиб  олибди.

Уларнинг болалари  йўқ  экан.  Лекин  беш  йилдан  сўнг  яна  бари  айқаш-уйқаш  бўлиб  кетибди.

Капитаннинг  хотини  ўйнаши  билан  Ленинград  томонларга  қочибди.  Капитан  ичкиликка берилибди. Уни портнинг ўзида ишлашга қолдиришибди. Лёнька мактабда ўлганнинг кунидан ўқибди. Гоҳ капитаннинг холасиникида, гоҳ бухгалтер бўлиб ишлайдиган акасиникида турибди.

Бухгалтернинг  хотини  эса  нақ  ялмоғизнинг  ўзи.  Дард  устига  чипқон  дегандай  бола  шўрлик қаровсиз қолибди. Дийдаси қотибди. Жонидан тўйиб капитанникидан кетиб қолибди. Кейин сув ости кемасининг собиқ жангчиси, уруш ногирони бўлган бир одамникидан бошпана топибди.

Лекин бу киши Лёнькага ҳеч қандай таъсир кўрсатолмабди. Бола бевошликка ўрганиб қолган.

Хоҳлаган  жойига  боради,  хоҳлаганда  келади.  Мана,  бу  йил  Лёнька  иккинчи  марта  нашага кетяпти. Ўзи ҳам нашавандликка ўрганиб қолганга ўхшайди. Қаранг, эндигина ўн олтига кирган бола,  ҳали  ўн  гулидан  бир  гули  очилмаган…  Авдий  Каллистратов  бу  ачинарли  гапларни эшитаркан, юраги жуда эзилди, йиғламоқдан бери бўлди. Нашавандлик борган сари ўз комига кўпроқ навқирон ёш йигитларни тортиб кетяпти. Тезроқ бу ҳодисанинг моҳиятини очиб, авра-астарини  ағдариб  ташламаса  бўлмайди.  Авдийнинг  энг  катта  мақсади  ҳозир  шу.  Ҳаёт денгизининг усти сокин кўрингани билан унинг тагида кўзга чалинмайдиган шиддатли оқимлар борлиги равшан. Шунга ўхшаш қайғули воқеалар ичига чуқурроқ киргани сайин бунга кўпроқ ишонч ҳосил қилмоқдайди. Турли бемазагарчиликлар қилишга майллар уйғотадиган шахсий ва хусусий  сабаблар  бўлиши  мумкин.  Лекин  ёшлар  ўртасида  бу  каби  касалликлар  ва бемаънигарчиликларни келтириб чиқарадиган ижтимоий сабаблар ҳам мавжуд. Бир қарашда бу сабабларни  илғаб  олиш  осон  эмас.  Улар  касалликни  бутун  танага  тарқатадиган,  бири-бири билан боғланган қон томирларини эслатарди. Ўз шахсий миқёсинг ва даражангдан туриб ушбу сабабларнинг тагига етиб бораман деб, қанча уринма, барибир фойдаси йўқ. Умуман ҳеч қандай натижага  эришолмайсан.  Бунда  кам  деганда  йирик  социологик  тадқиқот  яратиш,  ундан  ҳам яхшиси,  матбуот  ва  телевидение  орқали  кенг  баҳс  уюштириш  керак.  Осмондаги  ойни хоҳламайсизми,  мабодо?  Худди  ўзга  сайёралардан  келган  мавжудотга  ўхшайсиз,  а?  Унинг семинаристларга хос чекланганлиги, кундалик ҳаётни билмаслигини ҳисобга олганда, осмондан тушган деса ҳам, хато бўлмасди. Кейин у бир нарсага ишонди: бундай воқеалар ҳақида очиқ-ошкора фикр юритишдан ҳеч ким манфаатдор змас экан. Ва бу нарсалар гўё жамиятимизнинг обрўсини  сақлаш  учун  қилинади.  Ваҳоланки,  бунда  аввало,  ҳамма  гап  бошқа  шахсларнинг кайфиятлари ҳамда фикрларига чамбарчас боғлиқ ҳолда ўз мавқеига путур етказмаслик, уни яна бир карра хавф остига қўймаслик устидагина боради. Жамиятнинг қайсидир бир қисмида рўй бераётган  ишкалликлар  ҳақида  бонг  уриш  учун  афтидан,  бошқа  кўп  нарсалар  қатори,  ўзига зарар келтириб қўйишдан чўчимаслик керак. Бахтигами, бахтсизлигигами, Авдий Каллистратов бундай  ғаддор  қўрқинч  юкидан  холи.  Лекин  ҳали  турмушнинг  барча  паст-баландликлари, кашфиётлари олдинда эди. У эндигина бу йўлга кириб келаётганди. Эндигина адашган дилларга меҳру шафқат ва хайрихоҳлик юзасидан ҳаётнинг ўзига қоронғу томонларини ташналик билан ўрганмоқчи, тажрибаларидан ўтказмоқчи эди. Йўлдан озганларнинг жилла қурса бир кисмига мадад етказсам, дерди. Йўқ, у насиҳатлар қилмоқчи, ваъзлар ўқимоқчи, таъналар ёғдирмоқчи, айбламоқчи эмас. У ҳалокатли ҳаётни ёлғиз қайта қуриш бадалигагина қутулиш мумкинлигини ўз шахсий иштироки ва шахсий намунаси орқали уларга исботламоқчи, шу маънода, уларнинг ҳар  қайсилари  жилла  қурса,  ўз  қалблари  доирасида  инқилоб  қилишлари  зарурлигини уқдирмоқчи эди. Лекин бундай гўзал тилак, ғоялар бениҳоя қимматга тушишини ҳатто ҳаёлига чам келтирмасди.

Ёш эди-да. Фақат ёш эдими… Ахир, семинарияда Исонинг тарихини ўрганаётганда, унинг чеккан  азоби  ва  риёзатини  ўз  жонида  туймаганмиди  ва  ўшанда  уни  Гефсиман  боғида  Иуда сотганлигини  ўқиганди,  ҳўнг-ҳўнг  йиғламаганмиди!  Ўша  кун  тиғида  Исо  Руҳиллони  Ғулқоф тоғида қатл қилганларида, буни олам иморатининг инқирози ва ҳалокати деб англамаганмиди!

Дунё  ўз  фарзандларини  уларнинг  энг  покиза  ғоялари  ва  руҳий  умтилишлари  учун  ҳаммадан кўпроқ жазолайди. Лекин ўшанда ҳали ғўр йигитча олам қурилишининг бу қонунияти устида ўйлаб  кўрмаганди.  Балки  бу  ўша  ғоялар  ўлмаслиги  ва  охир-оқибатда  тантани  қилиши  учун зарурдир. Эҳтимол, буни мулоҳаза қилиб кўриш керакдир? Ростдан ҳам, шундай бўлса-чи? Бу ғалабанинг баҳоси эмасмикин?

Авдий бошда бу ҳақда Виктор Городецкийга оғиз очган эди. Ёшлари ўртасида унча катта фарқ  йўқ  эса-да,  Авдий  уни  Никифорович  деб  ҳурмат  қиларди.  Бу  суҳбат  Авдий  диний семинариядан кетиш фикрига тушган кезларда ўтган эди.

— Нима ҳам дердим? Биласанми, ота йигит, сени ота йигит деганимга ранжима, Авдий, сени шундай  деб  чақириш  менга  жуда  ёқади,—  деб  мулоҳаза  юритарди  Городецкий,  чой  ичиб ўтиришаркан,—  Сен  семинариядан  кетасан,  тўғрироғи,  сени  черковдан  чиқаришади.

Уламоларинг сени осонликча қўйиб юборишмайди. Сени шаккок деб эълон қилишади. Черков унда-мунда  бўлиб  турадиган  бунақа  ишларни  ёқтирмайди.  Ахир,  у  ерда  сенга  ҳеч  ким адолатсизлик қилгани йўқ. Сени ҳеч ким хўрлагани, эзгани, қонингни ичгани ҳам йўқ. Черков кишилари  билан  заррача  ҳам  сан-манга  бормагансан.  Ота  йигиг,  сенинг  олдингда  черков заррача  ҳам  айбдор  эмас…  Нима  десамикин,  сен  соф  ғоявий  мақсадлар  туфайли  алоқангни узяпсан.

—  Ҳа,  Виктор  Никифорович,  рост  айтасиз.  Тўғридан-тўғри  сабаблар  йўқ.  Гинахонлик, хафагарчиликнинг ҳам ўрни эмас. Булар жуда жўн гаплар. Ундан кейин гап менинг ўзимда ҳам эмас. Масала шунда-ки, маврусий динлар бугунга келиб мутлақо эскиб қолди. Улар эндигина уйғониб  келаётган  ибтидоий  уруғчилик  онгига  қарата  мурожаат  қилган  эди.  Ўзингиз  ҳам тушунасизки,  агар  тарих  динларнинг  умумжаҳон  уфқига  янги  бир  бош  сиймо — Худо —Замондош  сиймосини  илгари  сурса,  ушбу  сиймо  ҳозирги  давр  талаб-эҳтиёжларига  жавоб берадиган  янги  илоҳий  ғояларни  кўтариб  чиқса,  ана  ўшанда  диний  таълимот  ҳали  ўз  қадр-қимматини йўқотмаганлигига ишонса бўлади. Менинг у ердан кетишимнинг сабаби шунда.

— Тушунаман, тушунаман! — кўнгилчанлик билан кулиб қўйди Городецкий чой ҳўпларкан.

Сўнг давом этди: — Бу гапларинг одамнинг этини жимирлаштириб юборади. Сенинг назариянг ҳақида  фикр  билдиришдан  олдин  шуни  айтиб  қўяй.  Мана,  бемалол,  гашт  қилиб  чой  ичиб ўтирибмиз.  Мен  чин  дилдан  ўрта  асрларда  яшамаганим  учун  суюнаман.  Биласанми,  кўз кўрмаган,  қулоқ  эшитмаган  бундай  бидъат  учун  католик  Европада,  Испания  ёки  Италияда сенинг ботир оғзингдан чиққани ва менинг тешик қулоғим эшитгани учунгина, ота йигит, аввал иккаламизни ҳам нимта-нимта қилишарди, кейин ўтда ёқишарди, ана ундан кейин кулимизни кўкка  совуришарди.  Янчиб,  майдалаб.  Инквизация  жон-жон  деб,  бизни  тилка-пора  қилиб ташлаган  бўларди.  Бир  шўрликнинг  устидан  у  худонинг  модарзодлиги  устида  гап  кетганда, кулиб  қўйди,  деб  ёзган  эканлар.  Муқаддас  инквизация  нега  Худодан  куласан  деб,  уни  ўтга ташлаган. Кўрдингми, сен билан бизни-ку, асти қўявер, нима бўлишимизни…

—  Виктор  Никифорович,  узр,  гапингизни  бўламан,—  Авдий  мийғида  истеҳзоли  кулиб, семинаристлар киядиган қора ридонинг тугмаларини асабий қадай бошлади.— Билиб турибман, нимага  кулаётганингизни.  Лекин  ҳазилни  қўяйлик.  Агар  бизнинг  замонамизда  инквизация бўлганда ва мабодо, эртага бидъат учун ўтда ёнишга тўғри келганда, мен барибир ўз сўзимдан қайтмас эдим.

— Ишонаман,— деб бошини силкиди Городецкий.

—  Мен  бу  фикрга  тасодифан  келганим  йўқ.  Насронийлик  тарихини  ўрганиб  ва  ҳозирги замонни синчиклаб кузатиб шундай хулосага келдим. Мен Худонинг янги, замонавий шаклини излайман, майли, уни ҳеч қачон тополмасам ҳам…

— Тарихни тилга олганинг яхши,— унинг фикрини бўлди Городецкий.— Энди менга қулоқ сол.  Сенинг  янги  Худо  ҳақидаги  бу  фикринг — ғализ,  мавҳум  назария.  Бизнинг  ақлли зиёлиларимиз уни нимаси биландир актуал ғоя деб атаган бўлардилар, Илгариги одамларнинг тили  билан  айтганда,  бу  мулоҳазаларинг — ақлбозлик.  Сен  Худо  яратмоқчисан.  Лекин  ҳар қанча  жозибадор  ва  сеҳрли  кўринмасин,  уни  ақлий  муҳокамалар  билан  яратиб  бўлмайди.

Биласанми, агар Исо қатл қилинмаганда, у Худо бўлмасди. Ҳамма тенг, баробар одил салтанат қуриш ғоясига мубтало ул ноёб зотни одамлар олдин ваҳшиёна бир тарзда ўлдирдилар, сўнг уни юксакларга  кўтардилар,  ҳамду  сано  ўқидилар,  қайғурдилар,  унинг  азобини  ўз  юракларига олдилар. Бунда тавоф ва ўз-ўзини айблаш, тавба ва умид, жазо ва марҳамат — инсонни севиш аралаш бўлиб кетди. Лекин кейин бориб, ҳаммаси бузиб талқин қилинди ва маълум кучларнинг маълум  манфаатларига  бўйсундирилди.  Ҳа,  барча  умумбашарий  порлоқ  ғояларнинг  тақдири доим мана шундай бўлган. Мана, энди ўзинг ўйлаб кўр. Катта ғоя туфайли дорга тортилган, хоч азобини бошидан кечирган, бошини жодига қўйган Худо-Мажзуб қудратлироқ, мафтункорроқ ва яқинроқми ёки замонавий фикрлайдиган мукаммал олий ҳилқат, мубҳам идеал афзалроқми?

— Мен бу ҳақда ўйлаганман, Виктор Никифорович. Сиз ҳақсиз. Лекин мен ўтмишни қайта кўрадиган вақт етди, деган фикримдан воз кечмайман. Бизнинг Худо ҳақидаги тасаввурларимиз қанчалар мутлақ ва ўзгармас бўлмасин, улар эндиликда дунё ҳақидаги янгича билимларга сира мос келмай, эскириб қолди. Бу аён ҳақиқат. Бу ҳақда тортишиб ўтирмаймиз. Балки мен мубҳам фикрга  асосланаётган,  қидирилмайдиган  нарсани  қидиришга  уринаётгандирман.  Нима  ҳам дердик! Майли менинг фикрларим мутлақ диний гаълимотга тўғри келмасин. Лскин мен нима қилай ахир. Кимда-ким мени бу фикримдан қайтаролса, ўзимни бахтли санардим.

Городецкий тушунарли дегандай қўлларини ёзди:

— Сени тушуниб турибман, ота Авдий. Лекин бари бир, сени огоҳлантириб қўйишим керак.

Худо излаш черков кишиларининг тасаввурида черковга қарши энг кўрқинчли жиноят билан баробар. Улар назарида бу дунёни ағдар-тўнтар қилиб юбориш билан тенг.

— Буни биламан,— деди хотиржам Авдий.

— Лекин Худо излашни черковдан ташқаридагилар ҳам қайтага бадтарроқ ёқтирмайдилар.

Сен буни ўйлаб кўрганмисии?

— Ғалати фикр-а,— ҳайратланди Авдий.

— Бош омон бўлса, кўраверасан ҳали…

— Лекин нега ундай? Шу ерга келганда уларнинг фикрлари бир жойдан чиқадими?

— Гап бир жойдан чиқишида эмас. Умуман, бунинг ҳеч кимга кераги йўқ…

— Қизиқ, энг керак нарсанинг кераги бўлмаса…

—  Қайдам.  Сенга  жуда  қийин  бўлади,  ота  Авдий.  Сенга  ҳавас  қилмайман.  Лекин  сени йўлингдан тўхтатмайман ҳам,— хулоса қилди Городецкий.

У ҳақ эди. Ҳамма гаплари ҳақ. Кўп ўтмай Авдий Каллистратов бунга тўла ишонди.

Семинариядан  ҳайдалиш  арафасида  шундай  воқеа  бўлиб  ўтди.  Ўша  куни  уларнинг шаҳарчасига  мўътабар  зот — патриархиянинг  ўқув  юртлари  бўйича  Координатори  ота Димитрий  ташриф  буюрди.  Уни  ректорат  вокзалда  эъзоз-икром  билан  қарши  олди.

Семинарияларда уни ота Координатор деб аташарди. Кўринишидан кўркам, салобатли, оқил ва доно (бу  вазифада  шундай  бўлиши  ҳам  керак),  ўрта  ёшлардаги  ота  Координатор  рўй  берган фавқулодда ҳодиса муносабати билан келган, бунинг сабабчиси аълочи семинаристлардан бири Авдий Каллистратов бўлиб, у муқаддас битикни очиқдан-очиқ тафтиш қилиш ва бидъат йўлига кирган,  Худо-Замондош  деган  шубҳали  фикрни  кўтариб  чиққан  эди.  Оқил  ва  ориф  ота Координатор  ўз  обрў-эътибори,  эътимодли  сўзи  билан  адашган  сабийни  ҳидоят  йўлига қайтариш, бу ишни шовқин-сурон кўтармай ими-жимида амалга ошириш ниятида эди. Муҳими, диндан  қайтганнинг  овози  кўчага  чиқмаслиги  керак.  Шу  маънода  черков  ўз  шаъни,  обрў-эътиборини-  ҳамма  нарсадан  юқори  қўядиган  бошқа  дунёвий  идоралардан  фарқ  қилмайди.

Авдий  Каллистратовнинг  ўрнида  бошқа  пишиқроқ,  тажрибалироқ  одам  бўлганда,  ота Координаторнинг  ниятини  тўғри  пайқар  ва  шунга  яраша  иш  қиларди.  Лекин  Авдий  кўзга кўринган черков намояндасини ҳақиқатан ҳам тушуниб етмади. Шу билан руҳоний отани ҳам мўлжалидан адаштириб юборди.

Авдий  ота  Координаторнинг  ҳузурига  кун  ўртасида  чақирилди  ва  унинг  қошида  озмас-кўпмас,  уч  соат  ўтирди.  Бош  корпуснинг  залларидан  бирига  академик  черковнинг  меҳроби ўрнатилган эди. Ота Координатор олдин ана шу ерда бирга ибодат қилишликни таклиф этди.

—  Чироғим,  фаҳмлаб  тургандирсан,  сен  билан  жиддий  гапимиз  бор.  Лекин  бот шошмагаймиз. Аввало, мени тангри таолонинг муқаддас меҳробига бошла,— деди у Авдийга косасидан  бўртиб  чиққан  қизарган  кўзларини  қадаб,—  аввало  биргалиқда  ибодат  қилиб олайлик, сўнг кўргаймиз.

—  Худо  хайрингизни  берсин,  тақсир,—  деди  Авдий,—  мен  тайёрман.  Шахсан  мен  учун ибодат  олло-таолога  каратилган  турли  ўй-ҳаёлларимнинг  энг  уйғун  нуқтасидир.  Худо-Замондош ҳақидаги фикр миямга қаттиқ ўрнашиб қолганга ўхшайди.

— Сабрсизлик шайтон иши, чироғим,— босиқ деди ота Координатор юмшоқ ўриндиқдан тураркан. У Худо-Замондош, турли уйғун ўй-ҳаёллар ҳақидаги сўзларни ҳам қулоғининг бир чеккасидан  ўтказиб  юборди.  Тажрибакор  руҳоний  арбоб  бошданоқ  барини  чигаллаштириб ўтиришни  маъқул  кўрмади.—  Ибодат  қилайлик.  Сенга  айтсам,—  давом  этди  у,—  қанча  кўп яшаганим  сари  Худонинг  марҳамати  бизга  шунчалар  чексиз,  раҳм-шафқати  шунчалар  улуғ эканлигига тобора кўпроқ имон келтиряпман. Ҳаммасини унутиб ибодатга берилган чоғингда буни  янада  чуқурроқ  ҳис  қиласан  ва  ўзингни  аржуманд  сезасан.  Яратган  тангримнинг  бизга муҳаббати ҳақиқатан ҳам чексиз. Бизнинг ибодатларимиз унинг олдида ҳавойи чулдирашлардан бошқа нарса эмас. Лекин бу Худо бирлан чамбарчас бирлигимизнинг далолатидир.

—  Баайни  ҳақиқатни  айтдингиз,  тақсир,—  деб  кўйди  Авдий  эшик  олдида  бошини  эгиб тураркан.

Лекин у ҳали чиндан ҳам ғўр ва сабр-қаноатсиз эди. Суҳбат чоғида у одоб юзасидан сукут сақлаб ўтирмади ва дарҳол гапнинг пўскалласига кўча қолди.

—  Изн  берсангиз,  айтай.  Бизнинг  тушунчамизда  Худонинг  чек-чегараси  йўқ.  Лекин  ер юзининг одамларида фикр билишдан яна билишга томон ўсиб боради. Бундан бир хулоса келиб чиқади: Худо ҳам ўсиши керак. Сиз нима деб ўйлайсиз, тақсир?

Координатор ота энди жавобдан ўзини олиб қочолмади.

—  Қизиққонлик  қиляпсан,  чироғим,—  деди  у  томоғини  оҳиста  қириб  йўталиб,  сўнг  уст-бошини  тўғрилаган  бўлди.—  Ёшликда  нималар  бўлмайди.  Лекин  ўшанда  ҳам  Худо  ҳақида бундай  ҳаёлга  бориш  керак  эмас.  Яратган  эгамни  билиш  азал-абад  бандасининг  қўлидан келмайди.  У  бизнинг  ихтиёримиздан  ташқарида  мавжуд.  Ҳатто  материализм  ҳам  тан  олади:

борлиқ онгимиздан ташқарида деб. Инчунин, Худо ҳам.

—  Маъзур  тутинг,  тақсир.  Лекин  ҳамма  нарсани  ўз  оти  билан  атаган  маъқул.  Бизнинг онгимиздан ташқарида Худо йўқ.

— Сен шунга аминмисан?

— Ҳа. Шунинг учун ҳам айтяпман.

—  Майлинг.  Лекин  шу  билан  бирга  нуқта  қўймаймиз.  Айтайлик,  таълим  юзасидан  андак муноқаша  қиламиз.  Бунга  биз  ибодатдан  сўнг  қайтурмиз.  Кани,  энди  марҳамат  қил,  мени ибодатга бошла.

Ота Координатор академик черковда Авдий билан бирга ибодат қилмоқчи бўлганлигининг ўзи мантиқан олиб караганда, ёш семинаристга кўрсатилган катта илтифот эди. Шунинг учун ҳайдалай деб турган талаба ушбу қулай вазиятдан фойдаланаман деса, не ажаб.

Улар  узун  йўлакдан  олдинда  ота  Координатор,  ён  томонда  пича  орқароқда  Авдий Каллистратов юриб борардилар. Руҳоний отанинг адл қоматига, ишонч билан қадам ташлашига, тўпиғигача  эркин  тўкилиб  турган,  унга  ўзгача  бир  улуғворлик  бағишлаган  қора  ридосига қараркан,  унда  асрлар  бўйи  етилиб  келган  нуроний  бир  қудрат  мужассамлигини  ҳис  қилди Авдий.  Бу  куч  ҳар  бир  инсон  фаолиятида  дин-иймон  ақидаларини  ҳимоя  қилароқ,  хаммадан бурун  ўз  манфаатларини  кўзлайди.  Ҳаётда  ҳақиқат  йўлларини  ахтараркан,  Авдийга  мана  шу қарши  турган  куч  билан  тўқнашишга  тўғри  келади.  Ҳозирча  ҳар  қайсилари  ўзларича ишонадиган ва имон келтирадиган У сари қадам тешлардилар. Ҳар бир инсонга У номи билан дунё  ва  одам  боласининг  ўрни  ҳақидаги  барча  учун  баробар  фикрларни  уқдиришлари  лозим эди.  Унйси  ҳам,  буниси  ҳам,  У  номига  таваккул  қилардилар,  зеро,  ёлғиз  Ўзигина  ҳамма нарсадан хабардор ва ҳаммага баробар марҳа-матли. Улар юриб борардилар…

Ўша соат академик черковда ҳеч ким йўқ эди. Шунинг учун бўлса керак, у ҳайҳотдай бўм-бўш кўринди. Умуман, унинг бошқа черковлардан фарқи ҳам йўқ эди. Фақат қоронғилатиброқ қўйилган меҳробнинг ичкарисидаги кўзлари бир нуқтага ҳаёлчан тикилган Исонинг қорамтир сочлар ўрамидаги юзи ҳаддан зиёда оқариб кўринарди. Унга бўздай ёруғ тушириб қўйилганди.

Ҳар икковлари — Худонинг шўбони ҳам, ҳали ҳур фикрлашдан маҳрум бўлмаган талаба ҳам чўнқайиб  тавофга  турдилар,  нигоҳларини  Ўзига  тикдилар,  бутун  ўй-ҳаёллари  билан  Ўзига берилдилар.  Улар  ёлғиз  Ўзига  роз  айтиш  умидида  эдилар.  Зеро,  Ўзи  ер  юзининг  истаган нуқтасида, куннинг истаган вақтида истаганча одамлар билан, ҳаттоки бутун инсоният билан бир вақтда мулоқот қила оларди. Мана шунда ҳам зоҳир эди Ўзининг интиҳосизлиги.

Бу  сафар  ҳам  ҳар  қачонгидай  бўлди:  ибодат  ўйинини  адо  этаркан,  уларнинг  ҳар  бири ташвиш-андуҳларини  Ўзига  баён  қилмоқни,  Ўзига  имон-эътиқоддан  келиб  чиқадиган  хатти-ҳаракатларини  оқламоқни  истарди.  Уларнинг  ҳар  бирлари  коинотда  шу  қадар  кичкина  бир нуқтани  шу  қадар  кичик  муддатга  ишғол  қилиб  тураркан,  ўзларини  тасаввурдаги  шу  коинот билан мувофиқлаштиришга уринар, чўқинар, ёруғ оламга меҳмон бўлганлиги учун Яратганга шукрона  айтар,  ҳамма  кунлардан  ҳам  кейин  келадиган  охир  кун  эшикка  ташриф  буюрганда, тилда ва дилда Ўзининг номи билан жон олишини илтижо қилардилар…

Кейин  улар  яна  ўша  хонага  ўз  вазифаларини  адо  этгани  қайтдилар.  Юзма-юз  ўтириб, очиқдан-очиқ сўйлашиб олдилар.

— Шундай қилиб, чироғим, сенга панд-насиҳат айтмоқчи эмасман,— деб сўзини бошлади ота  Координатор  Авдий  Каллистратовнинг  рўпарасидаги  юмшоқ  чарм  ўриндиққа  қулайроқ жойлашиб  оларкан.  Авдий  стулда  ўтириб,  семинариянинг  одми  кийимлари  остидан  ёғочдан туртиб чикқан ориқ тиззаларига қўлларини тираганча тавозе билан уни эшитишга ҳозирланди.

Авдий масалани узил-кесил қиладиган гапни кутганди. Лекин хазратнинг нигоҳида на қаҳр ва на бошқа бир ғараз уқмай бир оз ажабланди. Аксинча ота Координатор ташқаридан бағоят хотиржам, вазмин кўринарди.

— Қулоғим сизда, тақсир,— деди итоат билан талаба.

— Гап шундай. Мен сенинг танобингни тортиб қўйгани. келганим йўқ. Сенга ўгит айтиб ҳам ўтирмайман.  Булар  жўн  нарсалар  ва  сенга  муносиб  эмас.  Сени  енгилтак  деёлмайман.  Лекин ўйламай-нетмай  қизишиб  айтаётган  гапларинг  одамнинг  ғашини  келтирмай  иложи  йўқ.

Фаҳмлаган бўлсанг керакким, сен билан ўзимни тенг қўйиб гаплашяпман. Очиғини айтсам, сен анча-мунча  ақллисан…  Сирли  жойи  йўк,  черков  ўз  таълимотига  қарши  боришингдан манфаатдор  эмас.  Аксинча,  Худо  йўлида  буткул  ва  сира  оғишмай  кўшиш  кўрсатишингни истайди.  Мен  ҳам  буни  яшириб  ўтирмайман.  Сенинг  марҳум  падарингни  яхши  билардим.  У билан доим фикримиз бир жойдан чиқарди. Шунинг учун қулоғингни оталарча чўзиб қўйишим мумкин эди. Отанг чин христиан, эзгу одам эди. Бунинг устига анча билимдон, маърифатли ҳам эди. Насиб этган экан, мана сен билан идора одамларининг расмий тили билан айтганда, дьякон, кўп  йиллар  черковда  хизмат  қилган  марҳум  дьякон  Иннокентий  Каллистратовнинг  солиҳ фарзанди билан ҳам кўришдим. Нима бўляпти ўзи? Яшириб ўтирмайман, бошда сен ҳақингда кўп  яхши  гапларни  эшитгандим.  Лекин  бу  ерда  ҳозир  одамни  анча  ташвишга  солиб  қўйган масала  устида  келдим.  Сен  ҳали  оддий  талабасан.  Лекин  ҳалитдан  Худонинг  таълимотини тафтиш  қилишга  тушибсан.  Оғзингдан  чиқаётган  бефаришта  гапларга  қулоқ  солсам, ёшлигингга  бориб,  чакки  қадам  ташлаётганга  ўхшайсан.  Бир  нарсага  ишонгим  келади.  Гап шундаки,  анчайин  сабабларга  кўра  одам  ёшликда  ўзига  қаттиқ  бино  кўяди.  Турли-туман одамлар  феъл-атвори,  таълим-тарбиясига  кўра  бу  турлича  намоён  бўлади.  Турмушнинг тегирмонидан бутун чиққан, ёши бир ерга бориб қолган одам ҳаёт шомида Худога ишончини йўқотгани ёки илоҳий истилоҳ ва тушунчаларни ўзбошимчалик билан талқин қилганлигини ҳеч эшитганмисан?  Йўқ,  бунақа  воқеа  рўй  берса  ҳам,  аҳён-аҳён  тасодиф  билан  рўй  беради.

Одамнинг  ёши  улғайган  сари  илоҳиётнинг  моҳиятини  шунча  чуқур  англайди.  Ахир,  барча Европа  файласуфлари,  хусусан,  алғов-далғов  инқилоб  даври  арафасида  динга  қарши даҳрийларча кескин ҳужум бошлаган (бу ҳужум уч юз йилдан бери тинмай давом этиб келяпти) анави француз энциклопедист алломалари ҳам жуда ёш эдилар, шундай эмасми?

— Рост айтасиз, тақсир, ёш эдилар,— тасдиқлади Авдий.

—  Ана  кўрдингми?  Бу  ёшликка,  нима  десамикин,  экстремизм  хос  эканлигини кўрсатмайдими? Ҳозир ёш-қари барчанинг оғзида шу сўз. Шундай қараганда, экстремизм ёш билан боғлиқ бир нарса бўлиб чиқади.

— Тўғри-ю, лекин сиз айтган ўша экстремистлар, адолат юзасидан тан олишимиз керакки, эътиқодлари бениҳоя кучли одамлар, тақсир,— луқма ташлади Авдий.

— Ҳеч шубҳасиз, шубҳасиз,— шоша-пиша рози бўлди ота Координатор,— аммо бу алоҳида масала. Ҳар ҳолда улар черков ходими бўлмаганлар, динга муносабатлари ҳам хусусий ишдан нарига ўтмаган. Уларнинг йўллари бошқа. Сен эса, келажакда шўбон бўласан, чароғим.

—  Ана  кўрдингизми,—  унинг  сўзини  бўлди  Авдий,—  ахир,  одамлар  менга  ва  менинг билимларимга тўла ишонишлари керак.

—  Сабр  қил,—  қовоғини  уйди  ота  Координатор,—  сенинг  фойдангни  кўзлаб  айтаётган гапларимни тушунишни истамасанг, унда майли, бошқача сўзлашамиз. Хўш, биринчидан, дин-иймонга шак келтирадиганлар сендан аввал ҳам ўтганлар, сендан кейин ҳам бўладилар. Сенга ўхшаган шаккокларни черков кўп кўрган. Нима бўпти? Ҳар бир ишнинг бир қийиғи бор. Бундай ўткинчи, тасодиф воқеалар бундан кейин ҳам бўлиб туради. Лекин, уларнинг бари муқаррар бир ечимга келади: ё кимса ўз шубҳа-гумонларидан бутунлай воз кечади ва оғишмай, ғайрат-жиҳод кўрсатиб  чин  дин-иймон  йўлини  тутади,  натижасида  руҳонийлар  ўртасида  ҳам  мағфиратли бўлади,  ё  куфр  йўлидан  қайтмаса,  ундай  муртад  черков  томонидан  рад  этилади  ва  бошига тавқи-лаънат ёғилади. Учинчи йўл йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Биласанми шуни?

— Ҳа, тақсир, лекин учинчи йўл менданам кўпроқ черковнинг ўзига керак.

—  Ана  холос,—  масхаралагандай  бошини  чайқади  ота  Координатор.—  Топган  гапингни қара,— деб хитоб қилди ва аччиқ киноя билан давом эттирди: — Қани, марҳамат қилиб, менга айтиб бер-чи, Муқаддас черковга таклиф қиладиган учинчи йўлинг нима экан? Инқилоб эмасми ҳайтовур? Мунақасини ҳали тарихнинг қулоғи эшитмаганди…

— Асрлар бўйи қотиб қолган фикрларни ўзгартиш, ақидабозликдан қутулиш, инсон руҳига Худони англашда ҳурлик бериш ва Худони инсон борлиғининг энг олий зуҳуроти деб билиш…

—  Астағфурилло,  бас,  бас! — титраб,  тутаб  кетди  ота  Координатор.—  Бу  ўзбошимчалик жуда кулгили, чироғим!

— Агар сиз, тақсир, мустақил фикрга эга бўлишликни бесарлик деб қораласангиз, гаплашиб ўтиришимизнинг бошқа маъноси йўқ!..

— Баайни ҳақиқат — сира маъноси йўқ! — қизишиб кетди ота

Координатор ва ўрнидан турди. Унинг овози гулдираб чиқа бошлади:— Кўзингни оч, бола!

Такаббур бўлма! Ҳалокат чоҳига бориб қолибсан! Сен бадбахт, Худони фақат ўз тасаввурингда мавжуд деб биласан. Одамни Худо узра Худо деб тушунасан. Ҳолбуки, онгнинг ўзи фалакнинг иқтидори  билан  яратилгандир.  Сен  янгича  фикрлаш  ниқоби  остида  бидъатга  берилиб,  бани башар  неча  минг  йиллаб  оғир  қийноқ  ва  изтироблар  ичида  топган,  унга  бениҳоя  қимматга тушган, ҳалолни — ҳалол, ҳаромни — ҳаром қилган сўзларни йўққа чиқармоқчисан. У сўзлар неча-неча  авлод  инсон  қавмларининг  илоҳий  аҳкомига  айланган.  Сен  ақидабозликдан  халос бўламан  деб,  нимага  эришасан.  Ҳолбуки,  бу  ақида  бу  аҳком  Худонинг  иноятидир.  Черков бидъатсиз яшаб келган, яна яшайверади. Ақидасиз, аҳкомсиз дин-иймон йўқ. Ҳамон гап очилди, эсингда тут: ақидапарастлик — ҳар қандай қонун-қоида, низомлар, ҳар қандай ҳокимиятнинг таг-заминидир.  Эсингдан  чиқмасин.  Сен  Худони  гўё  янги  фикр  билан  яхшиламоқчи  бўласан, аслида эса уни бутунлай инкор этасан. Ҳатто, ўзингни Унинг ўрнига қўйишдан ор қилмайсан!

Лекин яхшилик ва марҳамат сенга боғлиқ эмас. Сенга ўхшаганларга ҳам боғлиқ эмас. Худонинг инон-ихтиёри ўзида. Бизни нима қилса, ўзи билади. Сенинг шаккоклигинг ўз бошингни ейди.

Худованди карим эса боқий ва тонуқдир! Омин.

Авдий  Каллистратов  ота  Координатор  қошида  лаблари  қумдай  оқарганча  турарди:  унинг бунчалар  қаҳр-ғазабга  миниб,  жазавага  тушишини  кўриб  юраги  эзилди.  Лекин  барибир  ўз деганидан тоймади:

— Маъзур тутинг, тақсир. Ўзимиздан чиқаётган нарсаларни илоҳий кучларга нисбат бериб ўтирмайлик. Нега бўлмаса, У бизни бу қадар ожиз ва нотугал қилиб яратди. У ўзи бино қилган махлуқларни  ҳам  иккита  тескари  томонга — яхшилик  ва  ёмонликка  ажратиб  юбормаслиги мумкин  эди-ку.  Нега  Ўзи  бизни  бунчалар  шак-шубҳалар,  иллатларга  гирифтор  қилиб  қўйди?

Нега  одамлар  бунчалар  маккор?  Худонинг  ўзига  мурожаат  қилганларида  ҳам,  маккорликдан ўзларини  тийиб  туролмайдилар.  Худога  бунинг  нима  кераги  бор?  Сиз  Дин-иймон  таълими мутлақ кучга эга бўлишини истайсиз. Олам ва одам руҳининг моҳияти бир марта бирваракай, абадиятга очилган деб ҳисоблайсиз. Лекин ахир, бу мантиқка тўғри келмайди-ку. Наҳотки биз христианликнинг икки минг йили давомида ўша алмисоқдан қолган аҳкомларига бир оғиз ҳам ўз янги сўзимизни қўшолмасак? Сиз ҳақиқатга бир ўзингиз ҳокимлик қилмоқчи бўласиз. Лекин бу оз деганда ўз-ўзини лақиллатишдир. Зеро, ҳақиқатни бир марта ва бирваракай билиб етган таълимотнинг, ҳатто илоҳий таълимотнинг бўлиши мумкин эмас. Мабодо, шундай бўла қолса, у ўлик таълимотдир.

У жим бўлди. Ўртага тушган сукунатда дераза ортидан шаҳар черковининг жом садолари эшитилди. Жом садоси Авдийга худди инсонни Худога боғлаб турган Мулоқот тимсоли каби ғоятда  яқин  ва  шунчалар  таниш  эди.  Шунда  Авдий  худди  ушбу  садолар  каби  чексизлик  аро сузиб, кўздан йироқлашиб, йўқ бўлиб кетгиси келди…

—  Сен  жуда  ҳам  ҳаддингдан  ошяпсан,  бўтам,—  деб  тўнғиллади  ота  Координатор,  энди унинг  товуши  совуқ  ва  бегона  эди.—  Сен  билан  диний  мавзуларда  тортишиб  ўтиришнинг ҳожати йўқ эди, зеро, билимларинг ифрот, ғўр ва ҳатто шубҳали. Сени бани башарнинг ғаддор душмани иблис васвасага солиб қўймадимикин? Лекин сўзимнинг охирида сенга бир нарсани айтиб қўяй: бундай фикрлар билан сен ҳеч қачон рўшнолик кўрмайсан. Зотан, асос-эътиборли таълимотларни  шубҳа  остига  оладиганларни  динга  алоқаси  йўқлар  ҳам  асло  ёқтирмайдилар.

Ахир, ҳар қандай мафкура ўзини ҳақиқатнинг энг сўнгги эгаси деб билади. Сен албатта, ҳали бу нарсалар  билан  тўқнашасан.  Бир  қарашда  унчалик  билинмаса-да,  лекин  дунёвий  ҳаёт  ғоятда шафқатсиз. Сен ҳали енгил ўйлашнинг жадига қоласан. Ўшанда менинг гапларимни эслайсан.

Лекин бас, семинариядан кетасан, ҳозирлик кўр, черков сендан юз ўгиради. Худо уйини ортиқ тарк эт!

—  Менинг  черковим  доим  ўзимда,—  бўш  келмасди  Авдий  Каллистратов.—  Менинг черковим — мен  ўзим.  Мен  ибодатгоҳларни  тан  олмайман.  Руҳонийларни  ҳам  уларнинг ҳозирги савиясига кўра тан олишни истамайман.

—  Нима  ҳам  дердик,  бўтам,  Худонинг  ўзи  раҳм  қилсин.  Лекин  билиб  қўй:  дунё  сенга  ўз айтганини  қилдиради.  У  ерда  ўз  кунингни  ўзинг  кўришингга  тўғри  келади.  Неча-неча миллионлаб сенга ўхшаганларнинг беллари синиб ётибди бир кунимни кўраман деб…

Кейинчалик Авдий яниб айтилган бу сўзларни бир эмас бир неча марталаб эслади. Лекин унга ҳаётининг энг олий маъноси ҳар доим ҳали олдинда — нурли уфқларда кўринар, йўлидаги барча  чигалликлар,  турмуш  савдолари  вақтинчадай  туюлар, одамлар  ахийри,  бир кунмас  бир кун ортидан эргашишларига ишонарди. Ҳаётнинг асл маъноси ҳам ахир шунда эмасми?

Ўша кунлари нашаванд чопарлар билан чўллар қўйнига кириб бораркан, поезд даричасидан кета-кетгунча  бўм-бўш  ҳувиллаган  тақир  маконларга  эрталабдан  кечгача  тикилиб,  ўзига  ўзи дерди: «Мана, ниҳоят, инон-ихтиёринг ўзингда, редакциянинг топшириғини ҳисобга олмаганда, сени  боғлаб,  қўлингни  ушлаб  турган  ҳеч  нарса  йўқ,  нимани  хоҳласанг,  шуни  қиласан.  Хўш, нима? Не топяпсан бу сарсонлик-саргардонликда? Асл, ростмана ҳаётнинг ўзи мана шу. Сен у билан  юзма-юз  турибсан.  Юз  йил  илгари  қандай  бўлса,  ҳозир  ҳам  шундай.  Одамлар қайлардандир қайларгадир борадилар, сен эса шу йўловчиларнинг бири, нашаванд чопарлар ҳам йўловчи,  лекин  ашаддий  йўловчи — улар  энг  даҳшатли  иллатлардан  бирининг  устига  тухум қўйиб  кун  кўрадилар.  Ўша  сизловуқдай  тутун,  ўша  кайфу  мастоналик  арзимаган  нарсага ўхшайди, лекин одамни одамликдан чиқаради, мосуво қилади. Аммо уларнинг ўзлари ўзларини қурбон  қилиб  турган  чоқларида  сен  қандай  қилиб  уларни  ҳимоя  қиласан?  Биласанми,  булар қаердан  келиб  чиқяпти?  Сабаблари  қаерда?  Индамайсан.  Қайси  томондан  ёндашиш,  қайси томондан  тушунтириш,  нима  қилишни  билмайсанми?  Семинария  бағридан  ҳаёт  тўлқинлари ичига  нима  учун  отилиб  чиқдинг?  Уни  андаккина  бўлсин,  яхши  томонга  ўзгартирмоқчи эмасмидинг? Семинариядаги синфдошларинг сени идеалист деб чақиришарди. Балки, тўғридир.

Манави  чопарларнинг  кўзлари  менга  учиб  турмагандир,  уларнинг  ишига,  хулқи-атворига аралашиш  зарурми?  Қўлингдан  нима  ҳам  келарди?  Нима  қилиб  беришинг  мумкин  уларга?

Кирган йўлларидан қайтара оласанми? Бошқача яшашга кўндира биласанми? Сен қийналиб, ич-этингни еяпсан бу ёғи нима бўлади деб. Улар эса ўз олдиларига битта мақсад қўйганлар ва бу мақсадларидан  асло  қайтмайдилар,  омадим  келса-ю,  бойисам  дейдилар,  бахтларини  шунда кўрадилар.  Қани,  уларни  қайта  ишонтириб  кўр-чи,  улар  ҳақиқатга  тик  қарай  олармикинлар?

Агар  аралашмасанг,  ёрдам  бермасанг,  улар  эртами-кечми  қамоққа  тушадилар,  колонияларни тўлдирадилар  ва  бунга  айб  деб  эмас,  кулфат  деб  қарайдилар.  Қани  энди,  уларни  шу расволиклардан  қайтара  олсанг,  қани  энди,  пушмон  бўлиб,  тавба  қилиб,  диллари  тозаланса, жиноятдан  юз  ўгириб,  чинакам  бахт-саодат  нимада  эканлигини  англасалар.  Қандай  гўзал бўларди-я!  Лекин  уларнинг  бахтлари  нимада?  Биз  қадрлаган  нарсалардами?  Аммо қадриятларимизнинг асл баҳосини тушириб юборганмиз, ғоятда дағаллаштириб ташлаганмиз.

Балки  кулгига  қолган  чол-кампирларнинг  Худосидамикин  уларнинг  бахтлари,  лекин  бу  ахир чўпчак-ку? Умуман олганда, даста-даста пул топиш имкони турганда, сўз нима қилиб берарди?

Ҳозир кимни қарама — шунинг тилида бир гап — қуруқ раҳматга мушук офтобга чиқмайди.

Пул ўз оти билан пул-да! Чопарларнинг чўнтакларига кираётган ўша пуллар фақат ўзимизники эмасдир,  чет  пуллар  ҳам  бордир  уларнинг  ичида,—  қаранг,  қанча  талабгорлар  келишяпти —Мурманск, Одесса, Болтиқбўйи, ҳаттоки Узоқ Шарқ порт шаҳарларидан? Қаерга кетяпти шунча наша?  Унинг  сақичи,  мумидан  ишланган  бошқа  нарсалар-чи?  Гап  қаерга  кетаётганлигининг ўзидагина  эмасдир-ку?  Нега  бундай  бўляпти,  нега  бизнинг  ҳаётимизда,  бизнинг  ижтимоий системамизга иллатлар ёт деб, бутун дунёга жар солган бизнинг жамиятимизда бундай бўлиши керак?  Қанийди,  шундай  бир  нарса  ёзсангки,  унга  ҳамма  ўз  жонажон  ишидай  муносабат билдирса, унга ўз уйида бўлаётган ёнғиндай, фарзандларининг бошига тушган офатдай қараса, ана  ўшанда  айтилган  сўз  барча  холис  ниятли  кишиларнинг  қўллаб-қувватлаши  билан  пулдан  устун  чиқади  ва  ёмонликни  енгади!  Илоҳим,  шундай  бўлсин,  ёзилган  сўз  бекор  кетмасин, чиндан  ҳам, «аввалда  сўз  бўлган»  экан,  у  ўз  азал-абад  қудратини  кўрсатсин…  Шундай яшасангки, шундай ўйласангки…

Лекин  ё  раб,  сендан  сўрайман:  жарақ-жарақ  пуллар  турганда,  сенинг  каломинг  недир?

Яширин иллатлар олдида сенинг ҳукминг недир? Сўз билан ёвузлик моддиюнини қандай енги олиш мумкин? Менга Ўзинг куч-қувват ато қил, бошлаган йўлимда ва ишимда мени тарк этма, мен  ёлғиз  ўзимман,  ҳозирча  ҳеч  кимим  йўқ,  пулга  муккасидан  кетганларнинг  эса  адади  йўқ, сон-саноқсиз…»

* * *

 

 

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 14-қисм

Москва — Олмаота  поезди  Саратов  ерларини  орқада  қолдириб,  икки  кундан  бери Қозоғистон чўлларидан борарди. Авдий Каллистратов Турон томонларни биринчи кўриши. У бир  ...

Ўзгалар дарди…

Қушчалар, сайроқи қушчалар қафасда бўғилиб сайрашар, бетоқат потирлаб симларга ўралган оламга карашар... Қушчалар, озодруҳ қушчалар оламдан кўзларин узмайди, чирқираб ўзларин ...

От кишнаган оқшом (қисса) 5-қисм

5 Бир сурув қўй сотдим. Пулини белимга ўрадим. Намоз чавандозни олдимга солиб, Обоқлига жўнадим. Биродарлар, бизнинг Сурхонда мана бундай гап бор: от олсанг, Обоқлидан ол, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400