Навоий ижодкоргина эмас, серҳиммат инсон ҳамдир…

нннн

Аллоҳ таоло Навоий вужудига ва қалбига шоирлик, олимлик истеъдодини, инсонпарварлик салоҳиятини, сахийлик хислатини  жойлаган. Буюк Навоий яратган ва ҳозирда сақланиб қолган асарларининг ўзи 20 жилд бўлиб чоп этилди. Кўп ёзавериш мумкин, аммо хўб, яъни яхши ёзиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўзи ҳам улуғ шоир бўлган Бобур Навоий ҳақида: Алишербек назири йўқ киши эрди, туркий тилда  ҳеч ким онча кўп ва хўб ёзган эмас, деган мазмунда тан олиб ёзади…

Навоий бадиий меросида унинг лирик асарлари асосий ўринни тутади. Навоий ғазаллари киши кўнглини гоҳ осмонлар қадар юксалтирса, гоҳ денгиз туби қадар чўктириб, маҳзун қилади.

Ҳусни ортар юзда зулфин паришон айлагач,

Шаъм равшанроқ бўлур зулфин паришон айлагач,

Юзни гуллардан безабми, бизни қурбон айладинг,

Ё юзингга тегди қонлар бизни қурбон айлагач.

Ёки:

Кўргали ҳуснингни зору, мубтало бўлдим, санго

Не балолиғ кун эдики, ошно бўлдим санго.

Ҳар неча дедимки, кун – кундан узай сендин кўнгил,

Ваҳки, кун – кундин бадтарроқ, мубтало бўлдим санго.

Мен қачон дедим вафо қилғил, манго зулм айладинг,

Сен қачон айдинг фидо бўлғил манго бўлдим санго.

Қай пари пайкарга дерсан, телба бўлдим бул сифат,

Эй, пари пайкар не қилсанг қил манго, бўлдим санго!

Эй, кўнгил тарки насиҳат айладим, оввора бўл,

Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдим, санго…

Ғусса чангидин навое, топмадим ушшоқ аро,

То Навоийдек асиру, бенаво бўлдим санго.

Булар туркий ўзбек халқи, ўзбек адабий тили яшагунча яшайдиган, ҳар қандай замонда ўқилаверадиган, замонни маконни тан олмайдиган ғазаллар…

Навоий ғазаллари, рубоийлари ўзининг қат-қат маъноларга бойлиги билан ажралиб туради. Афсуски, бу маъноларни биз ҳамиша ҳам англаб етавермаймиз… Бир латифа бор. Тўйда ашула эшитиб ўтирган кишилардан бири ҳофиздан: “Муножот”ни айтинг”, деб илтимос қилибди. Ҳофиз: “ака ҳозиргина “Муножот”ни айтдимку” дебди. Ҳалиги шинванда эса, “а, шунақами, унда мазза қилган эканмизда”, дермиш. Бу латифа ҳаётий. Кўпгина шинавандалар қўшиқни оҳангига маст бўлиб, унинг маъносини унутган, маъносини тушунмаган пайтлари кўп бўлади. Чунки, Навоий ғазалларини тушуниш учун араб ва форс тилидан озгина хабардор бўлиш ёки шоир ғазалларини ўқиётганда айрим тушунарсиз сўзлар учраса, баъзан луғатга қараш керак бўлади… Шунингдек, Эркин Воҳид, Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулов каби шоир ва олимлар унинг ғазалларини бекорга шарҳлаб беришмаган…

“Муножот” куйига солиб айтиладиган “Кеча келгумдир”, ғазали соддароқ ғазал.  Навоийнинг  қўшиқ қилиб айтилаётган ғазаллари орасида мураккаб ғазаллари кўп ва эшитувчилардан аксарияти бу ғазалларни тушунишмайди. Шундай ғазаллардан “Шитоб айлаб”, “Қора кўзим…” сингариларни кўрсатиш мумкин. “Қора кўзим” юқорида номи келтирилган адиблар томонидан шарҳлаб берилган. Комилжон Отаниёзов ижросида айтилган “Шитоб айлаб” ғазали ҳам тушунтиришга лойиқ асарлардан:

Тун оқшом келди кулбам сори ул, гулруҳ шитоб айлаб,

Хироми суръатидин гул уза, хўдин гулоб айлаб.

Чекиб мужгони шабравлар, киби жон қасдиға ханжар,

Белига зулфи анбар торидин, мушкун таноб айлаб,

 “хўдин гулоб айлаб”, “мужгони шабрав”, “мушкун таноб” каби бирикмаларни тушунмагунча бу мисралардаги маъноларни англаш қийин. Маъшуқа ошиқ ёнига шунчалик шитоб юриб келибдики, юзида гул устидаги шабнам каби (“хўдин гулоб айлаб”) гулоб ҳидли тер пайдо бўлибди. Маъшуқа шу қадар дадил эканки, мужгони (“шабрав”) тун қароқчисига ўхшаб, белига зулфи анбар торидан белбоғ боғлаб олибди. Қароқчи белини арқон билан боғласа, маъшуқа мушку анбар ҳидли сочи билан боғлаб олибди… Ғазалнинг давомини ўқийлик:

Кулуб ўлтирдию илгим тутиб ёнида ер берди.

Такаллум бошлади ҳар лафзини дурри хушоб айлаб.

“Ки, эй зори балокаш ошиғим менсиз нечукдирсан?”

Мен ўлдим лол айтолмайин, майли жавоб айлаб.

Ҳар лафзини “дурри хушоб”га ўхшатиб, яъни оғзидан дур сочиб гапиришнинг ўзи аломат. Уларни тушунмасдан нега маъшуқанинг сўзидан ошиқ лол бўлиб қолганининг сабабини ҳам тушунаолмаймиз: сандиққа солиб қўйилган дурлар сандиқ очилганда ярақлаб кетганидай, маъшуқа гапирганда лафзи, сўзлари дур каби (“дурри хушоб” бўлиб) ярақлаб кўринади. Шу учун ошиқ ўзидан кетиш даражасида лол қолмоқда:

Чиқорди, шишае май доғи бир соғар тўло қилди,

Ичиб тутди, менго юз лутф осо итоб айлаб,

Ичиб фарёд этиб тушдим, оёқиға бориб ўздин,

Мени не бодаким лутфи, ани масту хароб айлаб.

Аниким элитмиш васл уйқуси ишрат туни мундоқ,

Навоийдек нетар то субҳи машҳар тарки хоб айлаб.

Бу мисралар нисбатан соддароқ бўлсада, оддий китобхон: “лутф осо итоб айлаб”, “не бодаким лутфи, ани масту хароб айлаб”, “субҳи машҳар” сингари сўз бирикмаларини тушинмаслиги мумкин. Аслида май туфайлигина эмас, “лутф осо итоб” айлаган (яъни сўзларини одоб билан баён этаётган) маъшуқанинг ҳолати туфайли ҳам ошиқ масту хароб бўлган. Исломий сўфилар машҳар тонгини уйғоқ кутиб олиш илинжидалар. Аммо Навоий, ғазал мақтаъси(охирги мисралари)да:“гар ишрат туни васл уйқуси сени шу қадар элитса, машҳар тонгини уйғоқ кутиш ҳожат бормикан”, деган сўфиёна фикрни шеърга солади. Шунингдек, “Қора кўзим” қўшиғидаги:

Таковарингға, бағир қонидин хино боғла,

Итингга ғамзада жон риштасидин расан қилғил,

Юзинг висолига етсин десанг кўнгилларни,

Сочингни боштин оёқ чин ила шикан қилғил.

-мисраларини ҳам изоҳсиз тушуниш қийин. Таковар дегани овга миниладиган отдир. Ошиқ маъшуқасига овга минадиган отингнинг туёғига бағримнинг қонидин хино боғла, жонимнинг ипидан итингни боғлайдиган (ип) арқон қилгин деяпти. Бу муҳаббат шиддатини кўрсатадиган мисралар. “Чин ила шикан” деганини тушуниш учун киши баланд минораларнинг ичидаги айланма зиналарни кўз олдига келтириш керак. Минорага чиқувчи одам айланма зиналар орқали тепага чиққанидай,  ошиқ маъшуқага, агар кўнгиллар юзингни висолига эришишини истасанг, сочингни чин ила шикан шаклида гажак қилгин, деяпти… Бу даҳшатли даражада буюк маънавий ўхшатишдир.

Навоий ғазаллари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо унинг ижодкорлиги ғазаллари билан тугамайди. Навоий кўпқиррали ижодкор. У ғазаллар, мухаммаслар, мусаддаслар, рубоийлар, қитьалар ёзиш билан бирга буюк ва беназир достонлар ёзган.  “Фарҳод ва ширин”,  “Лайли ва Мажнун”, “Садди Искандарий”, “Ҳайратул аброр”, “Сабъаи сайёр”, “Лисонут тайр” достонлари унинг буюк иқтидоридан дарак беради. Қиёслаш учун шуни айтиб ўтиш керакки, биргина “Фаҳод ва ширин”, достони ҳажм жиҳатидан Пушкиннинг “Евгений Онегин” достонидан 3 баравар катта. Навоий 60 минг мисралик “Хамса”ни, яъни 5та достонини бор йўғи 6 ой ичида ёзганлигини тасдиқлайдиганлар бор. Навоий бир асарида: Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си ҳақида гапириб асарни 30 йил ёзилганига ишора қилади ва фурсатим бўлганида, “ўттиз йилин битигайман ўттиз ой”, дейди. Бу мақтончоқлик эмас, Навоийнинг ўз кучини билганидан дарак беради… Унинг “Хазоинул маоний” номли тўрт девони 47 минг мисрани ўз ичига олади.

Навоийнинг бадиий меросигина эмас, илмий мероси ҳам беназирдир. “Муҳокаматул луғатайн”, “Мажолисун нафоис”, “Мезонул авзон” сингари илмий асарларини эсласак, бу Инсоннинг нақадар  кучли салоҳият эгаси эканлигидан ҳайратга тушамиз.

Навоийга Худо истеъдод бериш билан бирга қувваи ҳофизасини ҳам кучли қилган экан, ёшлигиданоқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут тайр” асарини, ёд билиши, улғайгач эса, ўнлаб шоирларнинг минглаб мисраларни ёд ўқиган. Зеро бу ҳол минглаб мисраларни ёд билган ўша давр шоирлари учун урф бўлган. Шоирликка ҳавас қўйганларга “сен минг мисра шеър билмасанг, шоир бўлолмайсан”, деб шарт қўйишган. Бедилхонлик, яссавийхонлик кечаларида ҳамма улуғ шоирлардан ва ўз шеърларидан ёд ўқишган.

Бугунги баъзи ўзбек шоирларининг ўз шеърларини ҳам ёд билмаслигини эсласак, хотираси кучли Навоий кабиларга меҳримиз ортади.

Айни замонда у ўз асарларини Исломий ақидалар, “Қуръон” ва ҳадисларга асосланиб ёзилганини ҳам унутмаслик керак: “Ашрақат мин акси шамсил, каъси анворил Худо, Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқди садо”, -деб бошланади шоирнинг илк девони. Навоийнинг кўплаб асарларида Ислом ва сўфийлик таълимоти ўзаро уйғунлашиб кетган. Навоийнинг умрининг охирги йилларида ёзган “Лисон ут тайр” асари аслида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут тайр” асарига жавоб шаклида ёзилган бўлсада, шакли ва мазмуни билан сўфистик қарашларнинг мажмуидир. “Лисон ут тайр” бошдан оёқ рамзлар билан ёзилган ва нафсни тийиш, Аллоҳга етишиш ҳақидаги достондир. Марҳум дўстимиз Шарафиддин Шарипов бу достон бадиияти ҳақида номзодлик диссертацияси ёқлаган эди. Яна бир дўстимиз Иброҳим Ҳаққул қатор китобларида Навоийнинг тасаввуф адабиётидаги ўрнини аниқлаб берган.

Шуни ҳам айтиш керакки, Навоий ижоди йўқ жойдан пайдо бўлган эмас. Навоий ижоди, Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Аҳмад Югнакий, Юсуф хос Ҳожиб, Лутфий, Саккокий сингари туркигўй шоирларнинг кучли таъсирида пайдо бўлган. Айни замонда, Навоий ижоди ўзидан кейин ўтган кўплаб шоирларга ижодий озуқа сифатида таъсир этган. Хусусан, Бобур, Огаҳий каби шоирлар ижодида бу таъсир сезиларлидир. Бобур ижодида Навоий таъсири ҳақида Иброҳим Ҳаққул “Занжирбанд шер қошида” китобида ёзган. Қаранг, эътибор бермаган эканмиз. Навоийнинг кўпчилик ёддан биладиган:

“Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш,

Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш.”

Рубоийсига Бобурнинг:

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,

Шод этмас эмиш кўнгилни меҳнатда киши,

Кўнглим бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,

Ғурбатда севинмас эмиш, албатта киши.

Рубоийси маънан яқин экан.

Бу ерда, И. Ҳаққулов ҳам айтганидек, вазн, тасвир усули, радифда бир хиллик мавжуд. Фикрларда ҳам яқинлик бор, аммо ҳар бир шоир асарга ўз таржима ҳолига оид ғояни жойлайди.

Навоий ижодини хоразмлик шоир Огаҳий тўла маънода давом эттирган. Хоразм шеваси ўзбек адабий тилидан ажралиб туришига қарамасдан. Хоразмлик шоирлар тили, хусусан Огаҳий асарлари тили ўзбек адабий тили асосчиси деб юртилаётган Навоий тили билан айнандир. Огаҳий Навоийнинг кўплаб ғазалларига, (хусусан, биз юқорида келтирган “Тун оқшом”, деб бошланадиган ғазалига) мухаммаслар боғлаган. Мухаммасларида Навоийнинг фикр-туйғуларини давом эттирган ва бойитган. Агар ғазал остида Огаҳий тахаллуси учрамаганда уни Навоийнинг ўзи ёзган деб ўйлаш мумкин эди. Шунинг учун Огаҳийни ўзбек ғазалнавислигининг Навоийдан кейинги энг йирик вакили деcак янглишмаймиз.

Навоий шахси ва истеъдодига хос яна бир хусусият унинг кўплаб тилларни билишидир. Ўша замон талабига кўра. Навоий туркий тилни мукаммал эгаллагани ҳолда. араб тилини яхши билган, қуръонни тушуниб ўқиган ва кўплаб сураларни, ҳадисларни ёд билган. У бу тилни илоҳий тил деб атаган. Икинчидан, Навоий форс тилини ҳам мукаммал билган ва бу тилда “Девони фоний” китобини яратган. Бу девон шунчалик мукаммал эканки, форсийлар ҳам уни ўз шоирлари деб биладилар. Аслида бу Навоий учун ҳам, туркийлар учун ҳам  фахрдир. Навоий форсий тилни, форсигўй шоирларни ҳурмат қилган. Жомийни ўз устози, пири деб билган аммо туркий тилда асар ёзганидан фахрланган:

Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам.

– деган. Ҳамид Олимжон бир мақоласида айтганидек, Навоий туркий тилда асарлар ёзиш билан ўзбек адабиётини форс адабиётининг кучли таъсиридан қутилишга ёрдам берган…

Навоийнинг кўплаб тилларни билиши қувваи ҳофизасини ривожлантирган. Бир нечта тилда китоблар мутоала қилиш Навоийнинг кенг дунёқарашга эга бўлишига сабаб бўлган. У ўз асарларида туркий тиллар билан бирга араб, форс, урду, мўғил ҳатто хитойча сўзларни ҳам қўллаган. Олимлар ҳисоблаб чиқишган. Пушкин ўз асарларида 21 бир мингдан ошиқ, Шекспир сал кам 20 минг, сервантес 18 мингга яқин бетакрор сўз ишлатган. Навоий эса 1 миллион 379 мингга яқин бетакрор сўз ишлатган (Қаранг: Жанубий Қозоғистонда чиқадиган “Адабиёт ва санъат” республика газетаси. 2011, феврал сони). Ҳозирги ўзини даҳо деб ҳисоблаб юрган айрим шоирларимизнинг сўз бойлиги ҳаминқадарлигини эсласак, Навоийнинг буюклиги янада сезилади.

Навоийнинг шахси ва ижодини ажратиб бўлмайди. Маълумки, унинг асарларида серҳиммат, сахий одамларнинг, хусусан, Ҳотамтойнинг образи яратилган. Аслида Навоий ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассалам суннатларини ва Ҳотамтойнинг қилган ишларини такрорлаган. Муҳаммад пайғамбар ҳар бир жангдан кейин сафдошларига совғалар улашган. Тоғдай уюлиб ётган бойликни бир пасда одамиларга тарқатган, ўзига ҳеч нарса қолдирмаган. Навоий “Сабаи сайёр” асарида қаҳрамон қилиб олган Ҳотамтой эса, ўзининг энг охирги отини сўйиб, ундан мадад сўраб келган одамни меҳмон қилган.

…Ҳусайн Бойқаро тахтга чиққач ёшликдаги дўсти Алишерга турли мансаблар билан бирга ўнлаб катта-кичик қишлоқларни совға тариқасида беради. Шу тариқа Алишер Навоий катта бойлик эгаси ҳам бўлади. Аммо у бойликларини сандиққа солиб устига ўтириб оладиган тоифалардан эмас. Ҳамиша муҳтож ва камхарж одамларга берарди. Ҳиротнинг бир неча жойларида камбағаллар, етим-есирлар учун қозон остириб қўйган, масжид ва мадрасалар қурдириш билан бирга ўша мадрасаларда ўқийдиган талабаларнинг таъминоти учун нафақа, биз ҳозир тушунган маънодаги стипендия ҳам ташкил қилган. Ҳусайн Бойқаро оғир аҳволда қолиб, ўз хазинасини тўлдириш учун Ҳирот аҳлига солиқ солганда, халқнинг аҳволини енгиллатиш учун бу солиқни бир ўзи тўлаб юборган.

Унинг саҳаватлилиги ҳақида тарихда мисоллар кўп. Академик Иззат Султон бир анжуманда : “Навоий тириклигидагина эмас, ўлгандан кейин ҳам олимларни боқиб келади. Бизда юзга яқин, Тожикистонда ўнлаб, ҳатто Россияда Навоийшунослар бор. Ҳаммаси Навоий ижодини ўрганиб ўз оилаларини боқмоқдалар” деган эди.

Навоий ижодининг аҳамиятини шўро ҳукумати ҳам тан олган. 1944 йили фашистлар билан уруш бораётган бир пайтда Навоийнинг 500 йиллик юбилейи ўтказилган. Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Лидия Бать, Иванов. Уйғун, Ойбек, Порсо Шамсиев, Иззат Султон сингари шоир ва олимлар унинг асарларини чоп эттириш, таржима қилиш билан шуғулланишган, мақолалар, бадиий асарлар ёзишган. Иззат Султон ва Уйғуннинг “Алишер Навоий” драмаси, Ойбекнинг “Навоий” романи, Лидия Батнинг “Ҳаёт бўстони” асарлари ўша пайтлардаги рағбат туфайли ёзилган.

60 – 90 йиллар орасида ҳам Навоийшуносликда кўпгина тадқиқотчилар етишиб чиқди. Булардан Эргаш Рустамов, Абдуқодир Ҳайитметов, Азиз Қаюмов, Суйима Ғаниева, Натан Маллаев, Алибек Рустамов, Абдурашид Абдуғафуров, Шарафиддин Шарипов, Нажмиддин Комилов, Султонмурод Олимов, Иброҳим Ҳаққуловларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Навоий ижоди бўйича ўнлаб номзодлик ва докторлик диссертациялари ёқланган. Юқорида номлари саналган олимлардан ҳар бири уч тўрттадан китоб ёзишган. Юзлаб мақолалар эллик олтимишга яқин китоблар бор. Ҳали яна ёзилади. Академик олим Иззат Султон, адашмасам, Иброҳим Ҳаққул Навоий ижодида сўфизм мавзусида докторлик ёқлаган пайти бир қизиқ ўхшатиш қилган: “Навоий ижоди бир денгиз, ҳар бир олим бу денгиздан бир пақир сув олади. Пақирлаб сув олингани билан денгизнинг суви камаймайди. Навоийни ўрганиш давом этаверади”, деганди.

Ботир НОРБОЙ.

Филология фанлари доктори.

ШУКРОНА

Шукр дейман: бундан роса

Беш юз йил аввал

Навоийни яратибди

Такдири азал.

Магар бизнинг асримизда

Туғилсайди У,

Буюк бошин емирарди,

Эҳтимол, қайғу.

Сўзсиз, қолиб кетар эди

Шеърлари дилда,

Отиларди машъум ўттиз

Еттинчи йилда.

Балки, Усмон Носир янглиғ

Тортганча афгон

Кўлда кишан армон билан

Берар эди жон.

Тайр тилин ўқий деса

Шоири имон,

Аҳли нокас тутқазарди

Қўлига кетмон.

Ҳамса битмок ўрнига ҳам

Бошида ошиб,

Ўтар эди мустабидлар

Билан олишиб.

Золимларнинг тўкмоғидан

Бўларди талқон.

Балки, тубан шоирчалар

Қўймасди омон.

Ё чойчақа тополмасдан

Мен каби пурғам,

Шеър ёзиш йўқ, мол боқарди

Шоири олам.

Балки, умри зиндонларда

Ўтган бўларди.

Балки, Орол бўйларида

Ракдан ўларди.

Шукур дейман: бу кун эмас,

Беш юз йил аввал

Навоийни яратибди

Такдири азал.

                                                                        1988 йил сентябр

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россия мактабларида тарих дарси 1-синфдан бошлаб киритилади

Россия мактабларида тарихни ўқитиш биринчи синфдан бошланади. Бу ҳақда таълим вазири Сергей Кравцов маълум қилди. “Тарихий қадриятларни сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ...

Диплом ишини ёзиш нархи қайси олийгоҳда қанчалигини биласизми? 

АУДИТОРИЯ. Ҳамма навбатдаги дарс бошланишини кутаяпти. Бир ўқитувчимизнинг тоби қочган экан, дарс битирувчи курс билан қўшиб ўтказиладиган бўлди. Орқа ўриндиқда ўтирган ...

Россияда хотинини уриб ўлдирган ўзбекистонликнинг 3 нафар боласи онасиз қолди

Россиянинг Криуша қишлоғида яшовчи 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси 3 нафар фарзандининг онасини ўлдиришда айбланди. Ҳозирда унинг иши юзасидан суд жараёни бошланган. Бу ҳақда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400