Ариқдаги олтовлон: Воқеа Оққўрғон туманида бўлган, воқеа жойида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зоир Мирзаев бўлгани айтилмоқда

27 октябрь куни ижтимоий тармоқларни портлатган ариқдаги олтовлон сурати, «Кун.уз»нинг хабар беришича Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, «Абдуносир Ғулом» фермер хўжалиги майдонида олинган. Ариқ ичида турганлар — Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шерзод Муродов, туман сув хўжалиги бошлиғи Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедов, «Озод» маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли Зокир Мусабеков, «Мавлонбой ота» фермер хўжалигини раҳбари Аброр Мавлонов, «Абдуносир Ғулом « фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир).

 

Маълумотларга кўра, воқеа жойида бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев ҳам бўлган; «Кун.уз»га келиб тушган маълумотларда ҳам, бир қатор хорижий ОАВларда эълон қилинган хабарларда ҳам бош вазир ўринбосари бу олти кишини ғаллага ўз вақтида сув қуйилмагани учун шу кўринишда жазолагани таъкидланади. Бироқ Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омоновнинг айтишича, бу воқеа юз берган вақтда «республикадан ҳеч ким бўлмаган» (яъни, ҳоким айтмоқчики, бу ишга Зоир Мирзаевнинг алоқаси йўқ).

 

«Ғалла экиш бўйича тумани ҳокими ўринбосари (Шерзод Муродов) борганда, қилинган ишларнинг барчасини таҳлил қилмоқчи бўлган. Икки фермер хўжаликлари раҳбарлари, ўзининг ходимлари, сув хўжалиги бошлиғи билан биргаликда бўлган. Ғалла экилгандан кейин сув қуйилиши керак. Лекин сув қуйилмаган, ёнидаги ариқда эса сув оқиб ётибди. «Мана, сув бор-ку! Нега қуймайсан?», деган пайти сувга ўзи тушиб кетган. «Мана — сув! Бу ёққа кел, сен ҳам сувни кўргин», деб қолганларни ҳам сувга (нима қилган)…», — дейди ҳокимбува.

 

Омоновнинг айтишича, унинг ўринбосари Муродов шу йўл билан «ғаллага бўлган талабини кўрсатмоқчи бўлган». «Ғаллани 1 ноябргача экиб бўлишимиз керак. Бу пайтда суғориб, чиқариб юбориш керак. Шунга талаб сал кучайтирилган. (Шерзод Муродов) нотўғри қилган. Шунинг учун биз буни муҳокама қилдик. Ўзидан тушунтириш хати олдик. Бундан ташқари, энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилди. Бу воқеа ўтган куни, тушдан сўнг бўлганди», —  дейди туман ҳокими Фарҳод Омонов.

 

Шерзод Муродов ҳам ҳоким айтган гапларни деярли такрорлаяпти, фақат бир жойи жуда ёпишмай қоляпти — бу киши беш жабрдийда билан ариқ ичида турган маҳал Зоир Мирзаев 20—30 метр нарида бўлгану, лекин ариқдаги олтовлонни кўрмаган.

 

«Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим… Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. «Ариқда сув йўқ», дейилганди. «Мана, бор», деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик», — дейди Шерзод Муродов. Сувга «ўзи англаган ҳолда тушган» ҳоким ўринбосари нега уларнинг қўли боғлиқ турганига изоҳ бермади. Унинг айтишича, «туриш — шунақа». Рўпарада эса раҳбарлар бўлган: «Улар бизга терс қараб турганди, 20—30 метр узоқроқда эди. Улар орасида бош вазир ўринбосари, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари бўлган. Улар буни кўрмади».

 

Туман ҳокими унинг ўринбосари одамларни ариққа туширгани учун жаримага тортилганини айтган бўлса, ўринбосарнинг ўзи «йўқ, бошқа нарса учун жарима солишди», деди. «Далага сув қуйилмаганди, қишлоқ хўжалиги комплекси раҳбари сифатида назорат қилмагандим. Шунинг учун маъмурий жазо тайинланди», — дейди у. Ариқда турганлар ва тарқалиб кетган сурат муаллифи орасидаги масофа узоқ эмас, шунга қарамай, Муродов у ерда ким турганини эслолмади, билмайди (суратни тарқатган одамнинг устида милицияга шикоят қилдик, демаганига ҳам шукр).

Манба: Daryo — LIVE

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россия аэропортида ўзбекистондан келтирилган сут ва гўшт маҳсулотлари ёқиб юборилди

Воронеж вилояти бўйича Россия ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) бошқармаси «Аэропорт-Воронеж» халқаро ўтказиш пунктида чегара ветеринар ...

Матбуот хизматлари талаб даражасида ишламаяпти

Вазирлик ва идораларнинг матбуот хизмати талаб даражасида ишламаяпти, деб баёнот берди Комил Алламжонов. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Алламжоновнинг ...

Қозоғистонда ўзбекистон ва тожикистон фуқаролари яна бир фожиадан қутқарилди

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари тушган иккита автобус Қозоғистоннинг Оқмола вилоятидаги трассада тўхтаб қолди. (more…)