МEҲРОБДАН ЧАЁН-МАХДУМНИНГ ТАҲДИДИ

Анвар  ўртаға  дастурхон  ёзиб,  икки  лаган  манти  чиқариб  қўйди,  уч  киши  қамти  ўлтуриб, манти тановул қилишдилар. Таом асноси Шаҳидбек секин-секин мақсадға ёндашиб келди. 

— Халқ оғзида дув-дув гап, — деди манти чайнаб, — гўё сиз марҳум сармунший ўрниға насб1 қилинар эмишсиз, деб… Бу ҳақиқат гапми ёки овозами,  ясхҳи пайқолмади. Бу сўзнинг ҳақиқатини ҳозир ўзи сиздан эшитамиз-ку ва лекин сизга хайрихоҳ бўлған тақсирим ва мендек кишиларни  бу  шойиъа2  бениҳоят  хурсанд  қилди,  хррр…  Дарҳақиқат,  бу  мартабага  ниҳоятда лаёқатингиз бор эканини ўрда арбобларидан ҳам эшитамиз…

Шаҳидбек сўзни шу жойға келтириб махдумга қаради. Махдум соқолидағи хамир ушоғини олиб, меҳмонни лаганга тарғиб қилди.

— Кеча ва ўткан кунларда, — деди махдум лагандан олған мантисини қўлида ушлаган кўйи, —  бу  шойиъаларға  мен  ҳам  ишонмағандек  эди.  Аммо  бу  кунги  довруқ  мени  ҳам  тажжубка қўйди. Воқиъан Анвар сармуншийликка мансуб қилинса не ғаройиблиғи бор? Алҳамдулиллоҳ, фазли кофий, ақли солим, истеъдод бўлса боз инчинин…

Анвар  қўли  лаганда  экан,  кулимсиб  қўйди.  Шаҳидбек  кеч  ҳарорати  ва  манти  иссиқлиғи таъсирида  яна  ўбдан  терлаган  эди.  Рўймоли  билан  манглай  ва  бўйин  терларини  артар  экан,

Анварга қаради:

— Хўш, мирзо Анвар?

— Шундай гаплар бор, — деди Анвар, махдумга кўз қирини юбориб, — аммо бу гаплар менинг  хоҳишим  ва  рағбатим  хорижида  бўлмоқда.  Шунинг  учун  бу  шойиъаларға  аҳамият беришка арзимайдир.

Шаҳидбек махдум билан кўз урушдириб олди.

— Яъни суз сармуншийликни хоҳламайсиз? – деб сўради.

— Албатта.

— Сабаб?

—  Сабаби  шулки, — деди  Анвар, — мен  бунингдек  масъул,  айниқса,  тантаналик вазифаларга ҳаваскор эмасман.

— Албатта, шундай-ку, — деди Шаҳидбек, — аммо киши, алалхусус сизга ўхшаш йигитлар ҳамиша  бир  ўрунда  ўлтуриб  қолмайдирлар.  Тажриба,  истеъдодлари  ўскан  сайин,  юқорироқ мартабаларга  мина  борадирлар.  Шунингдек  сизни  ҳам  юқори  мартабага  кўтармакчига ўхшайдирларким, хррр… буни сизнинг ҳаваскорлиғингиз эмас, фазлингиз тақозо қилиб, бунда сиз асосан ҳар қанча қарши бўлсангиз ҳам, хррр… лаёқатингиз яна сизни бу хизматни қабул қилишка мажбур этадир.

— Кишилар муболаға қилғандек менда истеъдод йўқ, — деди Анвар, ерга қараған ҳолда. – Ундан  кейин  ўрдаға  кечагина  борған  менга  ўхшаш  ёшларнинг “бош  мирзо  бўламанъ  деб умидланишлари айни бир кулгидир. Яъни, демакчиманки, бу вазифа тамаъида ўн, йигирма ва балки  ўттуз  йиллаб  кўзини  тўрт  қилиб  келган  муншийлар,  муфти  ва  шоирлар бор.  Уларнинг ёнида  менга  ўхшаш  бир  ёш  тажрибасизнинг  ҳам  тамаъланиши  кулги  эмасми?  Айниқса, ўрдадағи  урфи-одатларни  ва  тажрибаларни  ўз  кўзидан  ва  бошидан  кечириб  турған  кишилар томонидан бу шойиъани дуруст деб ишонилишига тажжуб қиламан…

Шаҳидбек қўлини артар экан кулди:

— Шу ишончсизлиғингизнинг ўзи ҳам бир болалиқ.

— Болалиқ, болалиқ, — деб қўйди махдум.

Манти тановул қилиниб битди. Махдум лаганлар тегини ичиб-ялади. Фотиҳадан сўнг лаган ва дастурхонларни ичкарига элтмакчи бўлған Анварни Шаҳидбек тўхтатди:

— Лаганларни қўйиб туринг-чи, мирзо, илгари ҳалиги масалани ешайлик.

Анвар қўлидағи дастурхон ва лаганни суфа лабига қўйиб ўлтурди.махдум гулдурос билан кекириб, устидан “алҳамдулиллоҳ” ҳам деб олди.

— Хўш, мирзо Анвар?

— Гап бояғича, бек ака, — деди Анвар, — бу масала аҳамият беришка арзимайдир.

Шаҳидбек махдумга қаради. Махдум Анварни жеркти:

— Арзийдирми, йўқми, ахир, сўзга қулоқ бер-да, Анвар болам.

— Хўб, марҳамат қилсинлар.

—  Эшитишимизга  қарағанда, — деди  қўлини  ўйнатиб  Шаҳидбек, — жанобға  манзур қилинғанлар орасида сизнинг номзадингиз бор экан.

Анвар кулимсиди:

— Бор деб эшитдим.

— Ўрдадағи ишончлик кишиларнинг сўзларига қарағанда, ёрлиғ сизнинг отингизға бўлар эмиш.

— “Бўлди” билан “бўлар эмиш” орасида катта фарқ бор.

—  Хўб, — деди  ўзини  елпиб  Шаҳидбек, — биз  бу  иккисини  бир  ёққа  қўяйлиқ-да,  икки орадан “башарти бўлса” феълини олайлиқ, хе-хе-хе… Башарти ёрлиғ сизнинг исмингизга бўлиб қолса, сиз шунда нима қиласиз?

Анвар кулиб махдумга кўз қирини ташлади.

— Сиз бу “башарти бўлса”ға ҳам ишонманг, бек ака.

Махдум хўмрайиб Анварга қараб қўйди. Шаҳидбек яна сўради:

— Ахир, шу эҳтимолга қарши жавоб беринг-да, хррр.

— Мен истеъфо ва узр аризаси берар эдим…

— Ҳамоқат3! – деди махдум ва тескари қараб олди.

Шаҳидбек таассуф қилған каби бошини чайқади:

— Бу сўзингиз билан бояғи гапингизга қарши бордингиз. Боя “мендан бошқа бўладирғанлар ҳам бор, мен бу ишка умидланмасам ҳам бўладир”, дегандек қилған эдингиз, ҳозир эрса бошқа нарсани айтасиз, хррр.

— Куфрони неъмат, нон тепкулик, — деди махдум. Анвар яна кулимсиди, аммо жиддий тус олған эди:

— Хайр, кишилар ўйлағандек, меним мирзобошилиққа истеъдод ва лаёқатим ҳам бўлсин, агар ёрлиғ берсалар, бу вазифани қабул ҳам қилайин, — деди, — аммо анови – йигирма-ўттуз йилдан бери шу мансабнинг қайғусида келган кишилар тинч ётадир, деб ўйлайсизми, ҳар замон оёғимдан чалмайдирлар, деб ишонасизми? Мана шу андишада тубан ва аҳамиятсиз бўлса ҳам, ҳозирғи  хизматимни  аъло  кўраман  ва  шу  мулоҳаза  билан  тақсирим  айтканларидек,  куфрони неъмат қилмоқчи бўламан.

Шаҳидбек махдумга қаради, махдум Анварга қарши чиқди:

—  Сен  ўз  ишингни  билиб  қилсанг,  вазифангда  сустлик  кўрсатмасанг, — деди, — сенга бутун олам душман бўлғанда ҳам бир мўйингни хам қилолмас. Чунки ҳақ ҳамиша ғолибдир,

ҳақсизлик эрса мағлуб. Туҳмат ва бўҳтон хавфида маъракадан4 юз ўгуриш – йигитларнинг иши бўлмас. Чунончи, ушбунинг мисоли туркийда ҳам бор: “Чумчуқдан қўрқиб, тариқ экмаган” деб қўрқоқ  кишиларни  масхара  қиладирлар.  Шунга  ўхшаш  сен  ҳам  чумчуқдан  қўрқиб,  тариқ экмагучилар хилидан бўлсанг… мен янглишиб юрған эканман-да, болам!

— Ҳақиқат… — деб кулди Анвар ва бир оз ўйланиб тўхталди. – Ҳақнинг ҳақсизлиққа ғолиб келганини оғизда эшитсам ҳам, шу чоққача амалда кўралмадим, — деди, — масалан, мендан ҳам ўзингизга равшанроқдирким, мирзолардан Сайидхон, мулла Сиддиқ ва Мўминжонларнинг бошиға  қандай  фалокатларни  солмадилар,  ҳолбуки  ҳақиқатда  улар  хон  ўйлағанча  хиёнатчи кишилар  эмас,  фақат  бу  учавининг  ёмонлиқлари  бир  неча  адоватлиқ  мирзоларнин  тўқума туҳмат ва бўҳтонлари эди5. Айниқса ўзим бир неча йилдан бери ўрдада ишлаб, шунингдек ўз ора фисқу  фасодларни  ҳар  кун учратмакдаман  ва  шунинг учун  булғанч  бир  муҳитда  мундай ташландиқ вазифани ўз устимга олишдан хазар қиламан.

— Сенинг мисолинг, — деди махдум, — нодираи воқиъадир… Агар шундай ҳодисаларни ўйлаб  турсанг,  ўрдада  эмас,  ҳатто  кўчада  ҳам  юришинг  маҳолдир.  Бахтинг  бунчалик  кулган экан, жабонат6 билан давлат қушини қўлдан учуриш куфрони неъмат, болам!

—  Ҳа,  тақсир, — деди  Шаҳидбек, — айни  ҳикмат  сўзлайсиз…  Укам  мирзо  Анвар,  бахт деган нарса йигитка бутун умрда фақат бир мартаба қарайдир, хррр, агар шунда маҳкам тутиб қолсангиз, хўб, бўлмаса ҳамиша отнинг кейинги оёғисиз-да.

— Тилак ва ташвиқотларингиз холисона бўлғани учун ташаккур айтаман, — деди Анвар, — яна шу ҳолда мени маъзур кўрасиз…

Махдум яна қишишди, ўнг кўзини қисиб, бир ёқлама Анварга қаради. Чунки ул жуда аччиғи чиққан кезларда кишига шу хилда қарар эди.

— Мен ким, Анвар?

— Сиз… Сиз устозим…

—  Бас,  устозингнинг, — деди  махдум, — шу  кунгача  қайси  таълимидан  зарар  ва  қайси кенгашидан зоеғлиғ тортдинг?

— Нафдан бошқа ҳеч. Лекин ўз умримда бир густохлик7 қилмоқчиман.

Махдум яна аччиғланиб, бир-икки тамшанди:

—  Бошқа  нарсага  густоҳлик  қилсанг  қил,  илло  ҳозирғи  инодинг  айни  ҳамоқат! – деди қўлини пахсалаб, — агар мен сенга устоз ва ота бўлсам, бу ишка қулоқ қоқма, илло ўзинг бил, тузукми?!

Анвар индамади, чунки махдум кейинги жумла билан маълум бир таҳдидгача бориб еткан эди.

—  Қизишманг,  қизишманг, — деди  Шаҳидбек, — мирзо  Анвар  сиз  ўйлаған  йигитлардан эмас. Албатта, мирзо Анвар айткандек, хррр… ўрдада ўшандай гаплар ҳам йўқ эмас ва лекин мен  азмойишчи8  бўлсам,  хррр,  шуни  айтиб  қўяйки,  ўрдадағи  каттадан-кичик  мирзо  Анварга ҳурмат билан қарайдир. Чумолини оғритмаған кишига ким ҳам адоват қилсин-хррр…

—  Ҳабба! – деди  махдум, — энди  нима  қолди;  орада  гўдаклик  хавфидан  бошқа  ҳеч  гап йўқ… Ойиға қирқ тилло вазифа, анвои ҳадяи шоҳона, яна – элдан кўриладирган обрў, ҳурмат, ҳай, ҳай, ҳай…

Махдумнинг кейинги жумласи Анварни кулимситди. Кучланиб жиддиятини сақлаған ҳолда:

— Ҳозирча мени бош мунший қилиб ёрлиғ берганлари йўқ, — деди, — шунинг учун бу тўғрида сўзлашиш манга қолса ҳали эртароқ кўринадир.

— Мен ҳам буни билиб турибман, болам Анвар – деди махдум. – Башарти бу мартабани худойи таъоло сенга насиб қилса, ҳалигидек болалиқ ақлинг билан нобуд қилиб қўймағил, деб сўзлайман. Эшитишима қарағанда, жанобға бир ариза ёзиб, узр баён қилмоқчи эмишсан…

— Ким айтди?

— Ким айтканини қўябер, аммо бояғи ҳаракатларинг бу кори баддан ҳам қайтмаслиғингға бизни ишонтирадир. Дарҳақиқат, ушбу хабар тўғрими?

—  Сизга  арз  қилған  киши  балки  билиб  сўзлагандир…  Башарти  сиз  бу  фикримни  маъқул топмасангиз… албатта мажбурман.

— Ҳабба, — деди махдум тамом очилған қиёфатда, — гўдаклик лозим эмас, жабонат кўб Мазмум9 суфат, “Осилсанг ҳам баланд дорға осил” мақоли кўб пурҳикмат сўз.

Махдум  шу  гапни  айтиш  ораси  қонеъ10  ва  мағрур  Шаҳидбекка  қараб  олди.  Чунки  ул  бу мағруриятка  икки  жиҳатдан  ҳақли  эди; “башарти  сиз  маъқул  кўрмасангиз…”  деб  Анвар  ўз ризолиғини  махдумнинг  ёлғиз  шахси  билан  билдирди,  ҳам  шу  жумла  билан  устозидан бошқаларнинг ўз раъйига қарши бора олмаслиқларини онглатди.

Яхшиғина  тушурилган  манти  ва  одатдан  ташқари  энтикиб,  ҳаллослаб  кўб  сўзлаш натижасида  Шаҳидбек  чарчаб,  ёстиққа  суяниб  қолған  эди.  Шунинг  учун  ул  икки  орадағи онглашишни ёнбошлаған кўйи табрик этди:

— Балли, мирзо, балли, гап шундай бўлсин, хррр…

Бир-икки пиёла чой ичишкандан сўнг, махдум билан Шаҳидбек фотиҳа ўқуб, шом намозиға қўзғалишдилар.  Анвар  Шаҳидбекни  ўрта  эшиккача  кузатиб  борди.  Шаҳидбек  Анвар  билан хайрлашар экан:

—  Иншооллоҳ  ёрлиғ  оларсиз,  деб  ўйлайман…  Бир  неча  закотчилар  тўғрисида  сиз  билан кенгашадирган  гаплар  ҳам  бор.  Ўз  фарзандимиздек  йигитсиз,  сизнинг  мирзобоши таъйинланишингиз бизга айни муддао, — деди.

— Ёвда бўлса, тезаги тегар эмиш. Анвар ўз болангиз-да.

Анвар уларнинг сўзига қарши мажҳул бир вазият сақлаған ҳолда бош қимирлатиб суфага қайтди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


Изоҳлар:

1-Тайинлаш
2-Тарқалган хабар
3-Ҳамоқат—аҳмоқли
4-Маърака — жанг майдони.
Бир вақт Худоёр, “одил подшоҳ” бўлмоқ ниятида мазкур уч мирзони махфий равишда вилоятларга жўнатиб, уларга:
“Золим бекларим, порахўр қози ва бошқа амалдорларим бўлса, менга билиб берингиз, мен уларнинг жазоларини бераман”,
деб буюрадир. Сайидхон, мулла Сиддиқ ва Мўминжон — бу учави вилоят, туманларда неча вақт махфий кезиб, бек, қози,
умуман, мансабдорларни текшириб чиқадирлар. Уларнинг тўғри баҳо беришлари натижасида маъмурлардан қарийб тўқсон
фоизи  золим  ва  порахўр  кўрсатиладирлар.  Хон  бу  ҳолға  ҳайрон  бўлиб,  ўрдадан  бир  неча  кишиларга  сирни  очадир.  Бу кишилар бояғи уч мирзонинг рақибларидан бўлиб, хонға иғво қиладирларким: “Мирзолар ўзларига пора бергучиларни яхши
кўрсатиб,  бермагучиларни  ёмон  кўрсатадирлар.  Йўқса,  сизнинг  овони  адолатингизда  шунчалик  ёмонлар  бўладими?  Бу кўрнамаклар нафс сўзига кириб, жанобингизнинг аксар содиқ қулларингизни сиздан юз ўгуришларига ва салтанатингизга
раҳна солишға сабабчи бўлмасинлар”, деб. “Одил подшоҳ” бу иғвоға лаққа учиб мазкур уч мирзонинг қулоқ-бурунларини
кесиб, ўзларини ўрдадан ҳайдашка ва улар кўрсаткан ўн фоиз яхши кишиларни ҳам ишдан олишға буюрадир. Анвар эса
юқорида шу воқиъаға ишорат қилмоқдадир.
5- Жабонат — юраксизлик, қўрқоқлик.
6- Беандишалик
7- Мушоҳадагўй
 8- Айб, ёмон
9- Рози
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-шимол куни

Ечинади милашлар яна, тор йўлаклар яна сарғарар. Қовжираган куз тепасида айланади қора қарғалар. Тўлиб кетди қарғага осмон, ҳатто аранг кўринади кун. Қарғалармас, гўё ...

От кишнаган оқшом (қисса) 51-қисм

51 Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди. — Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар. Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам ...

От кишнаган оқшом (қисса) 38-39-қисм

38 Ора совиди. Қишлоқ тинчиди. Ана шунда Тарлонни уйга олиб келдим. Чавандозлар белига пул ўраб, Обоқлига йўл олди. Обоқлидан от олиб келди. От билан ажаб гапларни-да топиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400