МEҲРОБДАН ЧАЁН-ТАНИЙСАНМИ ШУ ЖАЖЖИ ҚИЗНИ?

Фалакми кажрафтор, турмушми бемаза, ҳар ҳолда Анварларнинг толеъи яна пастлик қилди. Бир кун Анорбиби биравникида юмуш қила туриб тўсиндан оғриб қолди, бир соатнинг ичида тилидан  ҳам  айрилди.  Занбилга  солиб  ўз  уйига  келтириб  ташладилар.  Болаларнинг  фиғони фалакка чиқди. Куяви табибга югурди. Натижада юрак фалажига йўлиққани маълум бўлиб, шу кун кечаси ҳатто уч гўдаги тўғрисида бир оғиз васият қилолмай вафот этди. Мозорға элтдилар. Тобут олдида икки оғаси билан олти ёшлиқ Анвар ҳам йиғлаб борди.

 

Ўн  бир  ёшлиқ  Темур,  тўққиз  ёшлиқ  Қобил  ва  Анварларни  тарбия  қилиш  оғирлиғи Нодиранинг  устига  тушди.  Марҳума  онасининг  ёдгорлари  бўлған  бу  уч  болани  бегоналар

қўлида хор қилиб қўйишни Нодира истамаса ҳам, эрининг фақирлиғи бунга монеъ эди. Таъзия кунлари ўткандан кейин ўғуллиққа деб сўрағанларға икки болани бериб юборди ва Анварни ўзи билан олиб, онасининг қақир-қуқурларини бир аравага ортиб эрининг уйига келди.

Нодира  онаси  ўрнига  Анварнинг  бошини  силади,  ювиб-таради  ва  Анварнинг  истиқболи учун  қайғирди.  Отаси  ва  ўз  эрининг  касбларига  яхши  баҳо  бермагани  учун  Анварни  бошқа киши  қилмоқ  фикрига  тушти.  Уни  ўқутмоқчи,  ҳатто  мадрасаларга  юбормоқчи  ва  шу  йўсун муллалиқ даражасига еткузиб, отасининг уйига чароғчи қилмоқчи эди. Анварни ўзлари турған маҳалладан бир гузар нари бўлған Солиҳ махдумнинг мактабига берди. Анвар “тахта”дан ўқуш бошлади, зеҳнининг тиниқлиғидан бўлса керак, ўн бир ёшида саводи чиқаёзди. Бироқ ўқишда қанча бахтли бўлса, пешанада ўшанча бахтсиз эди. Шундоғки, Нодира икки болалиқ бўлған эди.

Эри: “Укангга  едириб-кийдирайми  ёки  ўз  болаларингними?  Укангни  кишига  шогирд  бериб юбор”,  деб  Нодирани  қисташға  турди.  Бечора  Нодира  оғир  ҳолда  Анварни  кишига  шогирд бериб,  ўқушини  зоеъ  қилишға  кўзи  қиймайдир,  эрига  муқобала  учун  ҳеч  бир  мантиқ тополмайдир. Чунки эрининг ҳоли ўзига маълум. Шу йўсун яна бир йил ўтиб, Анвар тўғрисида эри  билан  аччиғ-тизиқ  бўлған  бир  кун  паранжисини  ёпиниб  кўчага  чиқди  ва  тўғри  Солиҳ махдумнинг уйига борди. Шу вақтларда Солиҳ махдумнинг онаги Марғилонға кетмаган эди.

Нодира Моҳлар ойимға йиғлаб ҳасрат қилди. Ҳамма саргузаштларини бирма-бир сўзлади.

Шу бола учун эридан чеккан изоларини чизиб:

—  Улуғ  даргоҳларингизга  шу  ятим  боланинг  умри  зоеъ  бўлмасмикин,  ўқуши  жуванмарг қилинмасмикин,  деб  келдим.  Бир  парча  нонларингизни  аямай,  ятим  бошини  силасаларингиз, деб келдим, — деди.

“Қуш тилини қуш биладир” деганларидек, Нодиранинг самимий арзи бандачилиги Моҳлар ойим билан Нигор келиннинг юкларини эзди ва шу онда Моҳлар ойим мактабхонадаги болалар ичидан Анварни чақиртириб олди. Анвар келишкан, дўндиқ бола эди.

—  Домласи  мақтайдирған  ўзимнинг  зеҳнлик  болам-ку, — деди  Моҳлар  ойим  Анварни кўриш билан ва Нодирага таскин берди.

—  Хўб  қизим,  хўб,  поччаси  боқмаса  боқмасин,  мен  ўзим  боқаман,  ўқутиб  катта  мулла қиламан.

Анвар поччасининг кейинги кунлардаги дағал муомалари сабабини ўйлаб, хафаланиб юрар эди. Моҳлар ойимнинг ҳалиги сўзи билан масалага тушунди ва ятимона бошини қуйи солди. Бу ҳолдан опаси таъсирланиб, кўзига ёш олди.

— Йиғламанг, жувон, — деди Моҳлар ойим, — йўқлик қурсин – йўқлик. Поччаси камбағал бўлса,  унда  ҳам  гуноҳ  йўқ,  ҳамма  гап  тақдири  азалдан.  Яхши:  бу  кунданоқ  бола  сизникига бормайдир, ўз ёнимда ўғлим бўлиб ётадир. Отинг нима, катта йигит?

— Анвар…

— Оҳ, отинг ҳам ўзингга ўхшаш чиройлик экан… Манови дўндиқ қизни танийсанми?

Шу  ўртада  ўйнаб  юрған  олти  ёшлар  чамалиқ  Раъно  югуриб  келиб,  Моҳлар  ойимнинг бағриға кирди. Анвар ўзидан ҳам дўндиқроқ Раънога қараб кулди:

— Раънохон, — деди.

Моҳлар ойим Раънони бағридан чиқариб буюрди:

— Бор, Анвар акангга салом қил!

Раъно  келинларча  Анварга  салом  қилди  ва  жазб  қилғандек  Анварнинг  яқиниға  бориб

тўхтади.

— Кўриш, Анвар! – деди ойим.

Анвар Раънони бағриға олиб қучоқлади. Шу ҳолда Моҳлар ойим кулимсиди.

— Агар ўлмасам, шу дўндиқ қизимни бериб, Анварни ўзимга куяв қиламан.

Анвар  уялиб  бағридағини  бўшатиб  юборди.  Хотинлар  кулишдилар.  Шу  йўсун  Нодира Моҳлар ойимдан жуда хурсанд бўлғани ҳолда уйига қайтиб кетди.

Ўз  уйида  бир  нонхўр  ортиши  махдумга,  албатта,  ёқмас  эди.  Бироқ,  онасининг  раъйини қайтаришдан ҳам ожиз эди. Шундоғ ҳам бўлса, “томоғи-ку, енгил, кийими оғирроқ. Кийимини опасининг  устига  қўймабсизда” – деди.  Моҳлар  ойим: “Кийими  бир  гап  бўлар.  Кишилар масжид,  мадраса  солғанда,  бир  бир  ятим  боқсақ,  арзимайдими?  Сенга  оғирлиқ  қилса,  ўз бисотимдан кийинтирарман, болам” – деди.

Анвар ўн икки ёшида учунчи оилани кўрди. Лекин бу охирғиси Анвар учун ҳар жиҳатдан ҳам қулай бўлди: ўқушини давом этдирар, қорни панжшанбалик нонлар билан тўқ, уст-боши ямоқ бўлса ҳам яланғоч эмас эди. Бу учунчи оилага кўчишда Анварни энг хурсанд қилған нарса мактабдаги болаларнинг озор беришларидан қутилиши ва домланинг асранди ўғли мақомини олиши бўлди. Болалар уни эҳтиром қилмасалар ҳам, унга бурунғича ёмон муомала қилишдан ҳайиқиб  қолдилар.  Анварга  бу уйда  ортиқча  юмуш  ҳам  йўқ,  чунки  ҳар  қанча  уй  хизматлари мактаб болаларидан ортмас, ўқушдан бўшаған вақтини Раънони ўйнатиб кечирар эди.

Ўн  уч  ёшида  мактаб  прўғраммасини  битириб,  ёш  бўлса  ҳам  халфалик,  яъни  домлаға кўмакчилик қила бошлади. Ба ҳар кун болалар озод бўлғандан кейин махдум унга кофия1дан дарс берар ва “Гулистони Саъдий”дан бир неча банд ўқуб, маъноси билан ёдлатар эди.

Ўн беш ёшида мактабни ёлғиз ўзи идора қилиш даражасига етканидек, яхшиғина форсийхон ва  бир  даража  араб  тилига  ошно  бўлди.  Махдум  мундан  бир  неча  вақт  илгарилар  Анварни мадрасага  узатиш  тўғрисида  сўзланиб  юрса  ҳам,  ҳозир  бу  гапни  оғзиға  олмай  қўйди.  Чунки мактаб ишида ялқовланиб Анварга суяниб қолди ва мадраса масаласини унутдириш мақсадида, араб, форс наҳвсарфидан ўзи дарс беришка киришди.

Махдум  Анварга  шу  жиҳат  билан  иноқ  эди.  Аммо  Моҳлар  ойимнинг  Анвар  билан муомаласи  холис  ва  самимий  бўлиб,  ул  Анварга  ўз  боласидек  меҳрибон  ва  ҳар  вақт: “Кўнглингни бузма, Анвар йигит; кўрасанми шу жажжи қизни? Албатта сенга бердираман!” дер эди. Лекин Моҳлар ойим ваъдасига еталмади. Махдумдан аразлаб Марғилон кетишка мажбур бўлди. Бироқ, кетар чоғида ҳам Анварни унутмади. Нигор келинни ўз ёниға чақириб: “Куявлик учун Анвардан яхшироқ йигитни тополмассиз, Раъноға худойим умр бериб, бўйи етса, албатта Анварга бердиргин” – деди.

 

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


Изоҳ:

1 Араб тили грамматикаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 64-қисм

64 Эртаси эрталаб Назир жувозкаш келди. Девордан бўйлаб овоз берди. — Зиёдулла чавандоз, берман бир қаранг! — деди. Бир-бир босиб бордим. Девордан қўл узатдим. ...

Юлдузли тунлар-79

4 Аграда сершамол ёмғир фасли бошланган саратон кунларининг бирида Тоҳир саройга — Бобурнинг ҳузурига келди. Девони хоснинг мармар айвонида ўтирган Бобур уни зўрға таниди — ...

Чингиз айтматов

АЙТМАТОВ Чингиз Тўрақулович (1928.12.12, Қирғизистон, Шакар қишлоғи) — қирғиз ёзувчиси, давлат, жамоат арбоби, дипломат. Қирғизистон халқ ёзувчиси (1968). Қирғизистон ФА ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400