МEҲРОБДАН ЧАЁН-МАХДУМНИНГ БАХТИ

Шу  кундан  бошлаб  Анварнинг  ҳаётида  янги  саҳифа  очиладир.  Яъни  махдум  Анварга илгаригича – истиқболи қоронғу бир ятим, деб қарамай, балки Анвар каби ўз ўғли бўлмағаниға ўкуна  бошлайдир.  Дарҳақиқат,  унинг  ўкунишига  арсийдирган  чигил  масалалар  ҳам туғиладирким, масалан: Анвар ўрда хизматига кириб қолса, ойиға беш тилло, ўн тилло нақдина даромад қилиб турса, бу маблағлар… 

Шундай истиқболдағи бу “маблағлар” масаласи махдумнинг ичини ари бўлиб талайдир. “Ўн ёшдан  бери  ўқутиб,  едириб,  кийдириб  келаман;  албатта,  даромад  маним  ҳаққим  бўлур”,  деб ўйласа ҳам, бу ҳукмидан ўзи унча рози бўлинқирамайдир. Ҳар ҳолда масала чигил…

Моҳлар  ойимнинг  Раънони  Анварга  бериш  тўғрисидағи “аҳамиятсиз”  сўзлари  ўша вақтларда махдумнинг энсасини қотирған бўлса, ҳозир шу ҳақда чинлаб ўйладиғина эмас, балки “ҳалигидек Анварнинг бахти очилиб кетса, нима маломати бор. Ятимлик айб эмас, инсон учун фазлу  камол  лозим,  кулиб  турған  бахт  ҳожат,  наслу  насабнинг  ҳеч  аҳамияти  йўқ.  Раънонинг ҳуснига ҳар ким ҳам таҳсин қилур: Анвар албатта йўқ демас… Бу борада мол ва жонни бир қилишдан  бошқа  маслаҳат  йўқ”  деган  қарорға  дафъатан  келиб  қолди.  Мундан  бирар  ойлар илгари Нигор ойимға: “Анвар балоғатға етаёзди. Сен билан Раънога шаръан номаҳрам, ундан қочишларинг  лозим”,  деган  бўлса  ҳам,  бу  буйруқ  ҳозирғача  амалга  ошмаған  эди  ва  бундан кейин  ҳам  амалга  ошмайдирған  бўлди.  Зеро,  махдумнинг  фикрича  Анварга  оғир  туюлиш эҳтимоли бор эди…

Анвар Муҳаммад Ражаб пойгачи тарафидан белгиланган бир муфтида ҳисоб, иншо (таҳрир) қоидаларини ўргана бошлади. Махдум ҳам жон отиб араб ва форсийдан таълимни кучайтирди.

Анвар бир йил ичида ҳисобни ўрганди. Ва бошқа дарсларида ҳам яхши муваффақият қозонди, ҳам  шу  кўкламдан  эътиборан  ҳар  кун  ўрдаға  бориб,  Муҳаммад  Ражаб  мунший  қўл  остидағи мирзолар  ёнида  дафтардорлиқ,  номанавислик  усулларини  тажриба  қила  бошлади.  Бир  йил чамаси маошсиз тажриба кўрди. Шунда ҳам ҳафта сайин Муҳаммад Ражаббек ўз киссасидан уч-тўрт  танга  чой  пули  бериб  турар  эди.  Анвар  шу  арзимаган  уч-тўрт  тангани  ҳам  махдумнинг қўлиға келтириб берар ва ҳафта сайин ўзига устозининг умидини каттароқ боғлатиб борар эди.

Анвар  бир  йиллик  тажрибада  ўрдадағи  дафтардорлиқ,  форсийча  ва  туркча  номанавислик1 ҳунарларини тамоман деярлик ўрганиб тажрибалик мирзолар қаториға кирди. Сармуншийнинг оғзидан  чиққан  маънони  тартибка  солиб  нома,  ёрлиғ  ва  бошқача  бир  тазкирани  таҳрир  қила олар, мирзолар жумлани ғалат ифода қилиб, сармуншийдан аксар танбеҳ эшитканларида, Анвар бундай танбеҳка жуда сийрак учрар эди.

Иккинчи  йилдан  бошлаб  етти  тилло  моҳона2  билан  маошлиқ  мирзолар  қаториға  ўтди. Моҳонадан  ташқари  солиқлардан  ҳам  дархонлиқ3  қоғози  олди.  Солиқлардан  дарҳонлиқ махдумдинг  рўзғориға  катта  енгиллик  эди.  Чунки  сўнгғи  йилларда  хонлиқ  томонидан  халқ устига  тушкан  ва  тушиб  турған  солиқлар  беҳад  ва  тўлаб  бўлмаслиқ  эдиким,  бу  ҳақда  келаси бобларимизда сўз бўлур. Шу хурсандлик баробарида биринчи ойнинг етти тиллоси яхлит ҳолда махдумнинг қўлиға тегиши гўё тўй устига тўй эди. Домланинг етти тиллони олғандағи ҳолини тасвир  қилиш,  албатта  қийиндир;  кўзлари  ғилайлашқан,  афтида  қизиқ  ўзгариш  кўрилиб, оғзининг танопи узоқ саёҳатни ихтиёр қилған – “ҳабба… ҳосилинг дуруст, Анвар болам, лекин пулга  эҳтиёт  бўл,  бўтам!”  деган  эди.  Етти  тиллонинг  қўлдан  чиқиш  хабари  Нигор  ойимнинг қулоғиға етишкач, Анвардан ранжиди: “Ҳамма пулингни домлангға чакки берибсан, Анвар; уст-бошингни,  кўрпа  ёстиғингни,  ортиб  қолса  Раъно  укангнинг  устини  тузатишинг  керак  эди.

Домланг туфлаб тугишдан бошқани кошки билса!” – деди.

Махдум  етти  тилло “нақдина”ни  олиб  қанча  шодланған  бўлса,  ўшанчалик  ташвишка  ҳам тушди. Унинг фикрича, замона ёном, бузуқилар бениҳоят; мумкинки, Анварни ўзидан айнатиб оғзи  ошқа  етканда,  бошини  тошқа  тегдирсалар…  Раънони  Анварга  никоҳлаб  бошини  боғлаб қўяйми,  деб  ўйлади.  Бироқ,  Раъно  ҳали  ўн  бир  ёшда  эди.  Иккинчи  кун  Анвар  ишдан  қайтиб келгач, махдум уни боқчаға олиб кирди. Боқчадан кунгай ҳам кўкрак бир ўрунни кўрсатди:

— Ана шу ерга сенга атаб бир уй, бир айвон, ошхона ва ахтахонаси билан иморат солсам дейман… Ҳабба, Анвар? – деб сўради. Анвар кулди:

—  Иморатка  элли  тиллодан  кам  пул  етмайдир.  Маним  бўлса  бир  тийин  пулим  йўқ. Бўладирғани ҳам фотиҳа бергунингизча албатта сизники ва ойимларники, — деди.

—  Ҳабба…  ҳимматингга! – деб  юборди  махдум, — албатта-ку  шундай  ва  лекин  ўша ниятларингдан  кейин  бояғидек  алоҳида  пул  йиғсанг  дейман-да…  Албатта,  бу  гап  уч-тўрт йилсиз эмас-да.

Шу вақт Раъно нарида бола кўтариб турар эди. Махдум Раънони ўз ёниға чақириб, унга ҳам ҳалиги ўрунни кўрсатти:

— Ҳабба… мана шу ерга Анвар акангга уй солиб берамиз, Раъно. Бу сенга қалай ўхшайдир, қизим?

Раъно отасининг сўзига тушунмади:

— Анвар акамнинг ётадирған меҳмонҳонаси бор-ку, — деди.

—  Хе-хе-хе,  боласан  қизим,  боласан, — деб  кулди  махдум, — Анвар  аканг  токай меҳмонхонада ётади дейсан. Ахир бир кун уйланади, бамисоли сен бўлсанг эрга тегасан… Ахир уй керак-да, қизим.

Бу сўздан Анвар қизариб кетди. Раъно Анварга қараб олди ва дадасига аччиғ қилған каби бурулиб  ичкарига  жўнади.  Махдум  Анварга  усталиқ  билан  бир  маънони  онглатиб,  таъминот берганидек, бузуқиларнинг васвасасига қарши дам ҳам солған эди… Бу дам солиш Анварга ҳам таъсирсиз  қолмади.  Шу  кунгача  Раънонинг  ёш,  маъсум  ҳуснига  умидсиз  қарайдирған  бўлса, бундан кейин унга умид ва истиқболнинг ширин хаёллари билан термуладирған бўлди.

Махдум  ўзининг  чеккан  ташвишида  ҳақли  бўлиб  чиқди.  Анварнинг  теварагида “холис” маслаҳатгўлар ҳам кўринишиб қолдилар. Айниқса бу “холис”лардан бири поччаси эди. Поччаси етти тилло дарагини эшитиб энтикди. Эрининг тазйиқи остида Нодира ҳам кенгашка турди.

— Поччанг, бизнинг ҳавлиға келиб турсин, ўзим уйлантириб қўяман, дейди.

Анвар  бошқаларнинг  кенгашига  қулоқ  солмағанидек,  опасининг  сўзига  ҳам  илтифот қилмади. Махдум жавоб бермагунча бу уйдан кетмаслигини билдириб, фақат поччасиға ёрдам бериб туриш ваъдаси билан опасини тинчитди.

Анвар иккинчи ой маошидан уч тиллони ўзида қолдириб, уйга кийим-кечак олиш учун изн сўраған эди, махдум “шу иш чаккида, болам. Хайр, бундан сўнг шу номаъқулчилик бўлмасин!” деб  аранг  кўнди.  Анвар  Нигор  ойим,  Раъно  ва  ўзига  кийимликлар  сотиб  олди.  Нигор  ойим шолпар, Раъно атлас кийдилар.

Нигор  ойим  Анварнинг  пинжига  кириб  олиб,  ўз  йўлиға  сола  бошлади.  Маошининг ҳаммасини махдумга бермасликка, шунга ўхшаш кам-кўстларга ҳам яратиб туришға ундар эди. Анварнинг  андишасини  рад  қилиб: “Ҳар  қанча  берсанг  ҳам  дадаси  ола  берадир.  Лекин берганингни сен билан бизга миси ҳам юқмас. Шундай бўлғандан кейин, ишни ўйлаб қилиш керак”,  дер  эди.  Чунки  Нигор  ойим  эрининг  Анварга  қаттиғ  ботина  олмаслиғини  сезар  эди. Шундай бўлса ҳам Анвар етти-саккиз ойғача топқанини махдумга бериб, дуосини олиб турди. Лекин махдум шунчалик даромад билан ҳам эски табиъатини бир зарра ўзгартмас, ҳамон эски тос, эски ҳаммом: ҳар кун суюқ ош, худо ёрлақаған кун озодлиқнинг палови, шунда ҳам Анвар кеч келиб совиған ошни ер, уйда иссиғ нон ёпилмас, ҳамиша панжшанба кун йиғилған нон суви қочиб, тарақлаб келаси панжшанбағача кафолатни ўз устига олар эди. Бора-бора Анвар ҳам бу ҳолдан сиқилиб, Нигор ойимнинг кенгашича иш қилмоққа мажбур бўлди. Олтин бериб қуруқ дуо ва миннатдорчилик олишдан, дуосиз еб-ичишни аъло кўрди. Уйга гўшт ва бошқа масаллиғ олиб бериб, хоҳлаған таомини буюриб турди; ўзи яхши кийинганидек, Нигор ойим, Раъноларни ҳам  яхши  кийинтирди.  Нодирда  опасиға,  жиянларига  кийимлар  олиб  берди;  икки  тиллони Марғилонда оғриб ётқан Моҳлар ойимға совға-салом қилиб юборди.

Бу  ўзгариш  махдумни  довдиратиб  қўйди  ва  қўрқа-писа “бу ой  харожатлабсизми,  болам?” деб сўраған эди, “кам-кўстларни тузатиб олдиқ”  деган жавобни берди.  Иккинчи ойда,  кўрпа-ёстиқларни тузатиб, махдумнинг кўзи тўрт бўла бергач, икки тиллолиқ “холис” дуо ҳам олиб қўйди.  Лекин  махдум  бу  ҳолдан  анча  шошқан  эди.  Бирар  шайтон  йўлдан  оздирдими,  деб астағфируллоҳ  ўқур  эди.  Анварнинг  эскича  очиқ  юз  билан  муомала  қилиб  фақат “нақдина” важҳидангина  дам  бўлиб  қолиши,  топқанини “бемаза”  овқатларға,  кийим-кечак  ва  бошқа “беҳуда молояъни3”ларга сарф қилиши махдумни кўб тангликка солған эди.

Бўтам Анвар, — деди бир кун махдум, — дунё деган кўб ноёб нарса; кишининг бир куни бўлса йиғлаб-сихтаб ўтиб кета берадир, илло, зар қадрига етиш керак… менда бўлса ўзингда турғандек гап, болам.

Бундай “муассир”  насиҳатлар  ҳам  Анварга  кор  қилмади.  Чунки  Нигор  ойим  ва  Раънолар билан бу тўғрида қатъий битишиб қўйған эди. Шу билан бирга махдумнинг ойлиқ вазифасини икки  тиллодан  ҳам  камайтирмади.  Инсон  ҳар  нарсага  қобил…  бора-бора  махдум  шунга  ҳам қаноат  қиладирған  бўлиб,  ҳисоб-китобни  эсидан  чиқарди.  Бироқ,  ой  сайин  икки  тиллони олғанда “қолғани” тўғрисида бир оз юраги ачишиб қўяр эди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Дафтар ва номалар ҳар икки тилда юритилар эди (муал.)

2 Ойлик

3 Озод этиш

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-нигор

Катталарга қарардинг сирли, катталарга тутдинг гулингни, катта бўлдим мен бола шўрлик, кечалари пойлаб йўлингни. Энди сени кутмасман ортиқ, деразангга боқмасман маҳтал. ...

Юлдузли тунлар-60

* * * Бўстонсаройнинг тиллакори қабулхонасида Амударё бўйидаги Урганч ва Қоракўл шаҳарларидан хушхабарлар билан келган бек ва аъёнлар шарафига зиёфат берилмоқда эди. ...

Юлдузли тунлар-23

2 Чўқмор зарбидан жароҳатланган билаги қаттиқ оғриётганини мавлоно Фазлиддин қоронғи бир ҳибсхонада ёлғиз ўзи қолганда сезди. Уни Андижоннинг Чақаридаги тош истеҳком ичига, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400