МEҲРОБДАН ЧАЁН-АНВАРНИНГ АНДИШАСИ

Анвар Шаҳидбек билан махдумнинг сўзларига қарши мажҳул бир азиятда бош қимирлатиб суфага қайтди. Уларнинг чиқиб кетишларини кутиб турғандек ички эшикдан Раъно кўринди.

Ҳар замон титраб, учиб кетишка ҳозир турған бошидағи сариғ атлас парчасини (рўймолни) бир қўли билан босиб ушлага эди. Анвар Раънони шу ҳолда кўриб, суфа ёнидағи очилған гуллар устида тўхтади. Раъно келар экан, ўпкалик кўз билан Анварга кулимсиб қарар эди. Келиб суфа лабида турған бўш лаганларга тақилди.

— Бу кунги меҳмондорчилиғимиздан рози бўлған ўхшайсиз, Анвар ака, — деди қайрилиб

Раъно.

— Жуда рози бўлдим, — деди Анвар ва Раънонинг ёниға келди, — айниқса, сенинг қўлинг билан тугилган мантилардан жуда мамнун бўлдим, Раъно.

Раъно лаганлардан қўлини олиб, тирсаги билан суфага суянди:

— Маним қўлим билан тугилган мантиларни қаёқдан билдингиз?

—  Қаёқдан  билдингиз? – деб  Анвар  кулди,  қўлида  бир  дона  қашқар  гули  бор  эди, — айниқса, сенинг қўлинг нимага теккан бўлса, мен ўшани даррав сезаман.

— Мен туккан мантилар қандай экан?

— Танимайди дейсанми?

— Танимайсиз.

—  Чоклари  диққат  билан  чимтилган,  тўрт  бурчаги  иккига  қовиштирилған,  дўндиқ… танимайди, деб ўйлайсанми? Мен нуқул сен туккан мантиларни танлаб едим…

— Мазалиқ эканми?

— Мазалиқ нима деган сўз, — деди Анвар, — мана шу қашқарнинг қизил гули ёдингдами, биз бу гулни келтириб ўтқузған йилимиз пушти ранглик бўлиб очилған эди. Икки йил ўтмай қизил туска кирди. Биласанми бу нимадан?

Раъно Анварнинг жиддий қилиб берган бу саволига тушунмади:

— Офтоб қизартирғандир.

— Янглишасан, Раъно, — деди Анвар, — мен бу гулнинг қизариш сиррини ҳам биламан, бунинг қизаришиға ҳам сен сабаб, сенинг қип-қизил лабинг…

— Ҳазилни қўйинг, — деди шу гулдек қизарған Раъно, — Шаҳид семиз нима учун келган экан, сизни мирзабоши қилмоқчилар шекиллик?

— Бу гапни қўй, Раъно, ишонмасанг ойнаға қара, сенинг лабинг билан шу қизил гул ранги орасида фарқ борми, мана қара?..

Анвар томонидан лабига тегизилган гулда Раъно ўзини олиб қочди:

— Ҳазил ўлсин… Сизни мирзабоши қилмоқчиларми?

— Мени ҳар бало қилмоқчилар… Лекин бўлмаған сўз.

— Нега бўлмаған сўз, шаҳарга овоза бўлған эмиш-ку?

Анвар  орқаси  билан  сакраб  суфа  лабига  оёқ  солинтириб  ўлтурди.  Раъно  бояғидча  унинг ёнида суфага суянди.

— Овоза ҳақиқат эмасдир.

—  Шамол  бўлмаса,  теракнинг  боши  қимирламас  эмиш.  Балки  сизни  мирзабоши  таъйин қилурлар.

— Мени мирзабоши, таъйин қилсалар яхшими, Раъно?

— Яхшими, ёмонми, мен қайдан билай?

— Ёмон, Раъно.

— Нега ёмон?

— Ифлос иш. Агар бошқа касб топсам, ўрдани бутунлай ташлаб кетар эдим.

— Ифлос иш?.. Сизнинг бек поччангиз ҳам шу хизматни қилар эди-ку?

—  Мен  бек  почча  бўлолмайман,  Раъно.  Ўрдадағи  тўкулиб  турған  гуноҳсиз  қонлар,  доим теваракдан эшитилиб турған оҳу зорлар маним юрагимни эзадир, тинчлиғимни оладир. Яна мен мирзобоши  бўлиб  қолсам  бу  оҳу  зорларнинг,  тўкилган  маъсум  қонларнинг  ичида  билфеъл1 сузарман. Бу вақт маним азобим бевосита бўлур. Балки бунда иштирок ҳам қиларман. Чунки хонға  яхши  кўруниш  учун  кўб  ишларни  унинг  истагича  кўрсатиш,  зулм  пичоғини  қайраб бериш, шу мансабда узоқ яшамоғимнинг асос шартидир. Лекин мен бундай виждонсизлик учун яратилмаған  ўхшайман.  Мадҳу  сано,  олқиш  ва  дуо  замирига  яширинған  зулмдан  фарёд, ҳақсизликдан  дод  маънолариға  малҳам  бўлиш,  албатта  маним  қўлимдан  келмас.  Чунки “соябони  марҳамат”  виждон  кенгашига  қулоқ  соғучи “аҳмоқ”лардан  эмасдир.  Дадангнинг феъли сенга маълум, Раъно. дунёда “манфаат”дан бошқани кўрмайдир. Маним нима учун бу мансабдан  қочқанлиғимнинг  фарқиға  бормай, “куфрони  неъмат  қиласан,  ойиға  фалон  тилло” деб  дафъатан  қўрқоқлиғимға  ҳукм  чиқарадир.  Дадангга  бояғи  узрларни  кўрсатиш  тошнинг қулоғиға азон айтиш билан бир бўлғани учун сукут қилдим. Агар орада бир киши бўлмаса эди, гарчи, бош мирзолиқ ҳозир бир хаёл эрсада, ўшанда ҳам шу овозаға бўйин сунмас эдим, Раъно.

Раъно  Анварнинг  кўзига  тўғри  тикилиб,  сўзни  тинглади.  Унинг  тусида  Анварга  ачиниш вазияти бор эди:

— Яхши ният билан мирзолиқни қабул қилсангиз, — деди, — аҳолидан ёрдам қўлингизни йиғмасангиз, шу ҳолда барча гуноҳ сизнинг бўйнингиздан соқит бўладир, Анвар ака.

—  Тўғри, — деди  Анвар, — лекин  гап  бунда  эмас,  Раъно,  мен  шундай  бўлишини  тилар эдим.  Бошқалар  мен  тилаганча  қилмайдилар,  биноан  алайҳи,  масъулият  маним  бўйнимдан соқит  бўлди,  деб  тинчланиш  мумкин  эмасдир.  Сен  тамоман  бошқача  тушунган  бир  масала, сенинг  ҳаракатинг  ва  истагинг  аксича  натижаланиб  турса,  руҳар  эзиласан,  виждонан азобланасан.  Мана,  асли  мушкилот  шу  нуқтададир.  Йўқса  гардандан  соқит  қилиб  қўйиш  ҳар нарсадан ҳам қулай вазифа, аммо маънавий мағлубият оғир масала, Раъно.

Раъно Анварнинг мақсадиға тушунди шекиллик, бир неча вақт жим қолди ва қаршисидағи йигитнинг ўйчан юзига бир-икки қараб олди.

— Демак, мирзобошилиқни қабул қилмайсиз?

— Агар топширсалар, қабул қиламан.

— Шунчалик мушкилот ичида?

— Чунки отанг буни мендан талаб қиладир.

— Отамнинг қандай бийлиги бор?

Маъсум  бу  саволдан  сўнг  Анвар  энтикиб  қўйди  ва  Раънони  бир  фурсат  кўздан  кечириб турди:

— Жуда катта бийлиги бор, — деб яна энтикди.

Раъно қайтиб сўрамади. Гўё ул ҳам бундаги бийликка тушунган эди. Секингина лаганларга қўлини юбориб, Анварга бўштоброқ қаради:

— Чой ичасизми?

— Кейинроқ ичаман.

Раъно лаганларни кўтариб жўнади. Атлас кўйлак ичида тўлқинланиб кўринган унинг латиф гавдаси алҳол Анварнинг кўз ҳадафи эди.

— Мен хуфтанга чиқмайман, Раъно!

Раъно ярим йўлда тўхтаб, кулимсираган ҳолда Анварга қаради:

— Чиқарман! – деди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


Изоҳ:

1 Амалда

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Унутолмаса нима қилсин?

9. УНУТОЛМАСА НИМА ҚИЛСИН? Бу гал Отабекнинг кутилмаган равишда Марғилондан тез қайтиб келишини Ўзбек ойим ўзининг жуҳуд домладан қилдирған жодусининг ҳинд сиҳрини ...

Устозим рауф парфи – ўртакаш излаб

Рауф  ака билан юз берган ҳаддан кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Агар уларни ёзаверсам, бир неча китоб бўлса керак. Бир йилда 10 тасини ёдга олсам ҳам жами 250 та воқеа ...

От кишнаган оқшом (қисса) 84-қисм

84 Тарлон-ай, нима кунларга қолдинг-а?... Тушда бўлаяптими, ё ўнгда бўлаяптими? Сен фарқламасанг, мен фарқлай олмай қолдим, Тарлон... Ҳалигилар қандай жонзот эди, Тарлон! ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400