МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЖИЛОВХОНАДА БИР ЖАНЖАЛ

Аср  намози  учун  масжид  жиловхонасиға  энди  уч  киши  йиғилған  эди.  Жиловхонанинг тўрида  ўлтурган  қора  тўнлик,  ўттуз  ёшлар  чамасида  рангсиз  ва  ёшлиғига  қарамасдан  қуюқ соқолини  баҳайбат  ўстуриб,  бир  бурдагина  юзига  от  тўрба  осқан  каби  бир  киши  эди.  Унинг ёнида бўз яхтак боғичини осилтириб, хандаландек бўқоғи билан ўнг томоғини зийнатлаган ўрта яшар  яна  бир “ҳусни  Юсуф”  кўринар  эди.  Унинг  қаторида  ошловдек  чозуқ  юзлик,  оқ  бўз кўйлаги  ердан  тўрт  эллик  кўтарилиб,  бўз  салласи  гардани  аралаш  ўралған  учунчи  нозанин ўлтурар эди. 

Булардан  биринчи  муҳтарам  шу  масжиднинг  ёш  имом  ва  хатиби  Абдураҳмон  домла жаноблари бўлиб, иккинчиси маҳалланинг ширин сўз ғийбатчиларидан Самад бўқоқ, учунчиси масжиднинг  муаззини  Шукур  сўфи  эди.  Самад  бўқоқ  билан  Шукур  сўфи  имом  афандининг мулойимона, ҳам битта-битта айни мақомиға чертиб ва қатор териб борған сўзига сомиъ эдилар:

Ўрда ичида шунчалик оқил ва донолар тўлиб ётқан бир фурсатда, таҳсил кўрмаган, нодон бир  гўдакка  бундай  улуғ  бир  бир  вазифа,  валлоҳи  аълам  топширилмас  деб  ўйлайман.  Бу вазифани  уҳда  қилмоқ  учун  кўб  гап  керак.  Аввало  ақли  солим,  сониян,  таҳсили  том  лозим, ваҳоланки, сиз айткан йигит ўткан саналар Солиҳ махдумда савод ўқуб, биздан ҳижжа ўрганиб юрар эди. Баҳарҳол бу хабарга ақл бовар қилмайдир…

— Ҳа-а, тақсир, — деди Самад бўқоқ ва Шукур сўфини тирсаги билан туртти, — бу бала киму,  ўрдаға  мирзабошилиқ  ким.  Замонанинг  зайли  минан,  бояғидек  Мамаражаб мирзабошининг ярдамида ўрдаға киришиб қоған-да… бояғидек оппоққина бўлса Мамаражаб ўз ёниға оған-да…

Имом бўқоқнинг сўзини тинглаган ҳолда, икки кўзини ерга қаратқан эди.

— Юртнинг сўзига қараб айтаяпман-да, — деди Шукур сўфи, енгилга оҳангда, — ҳарчи бир неча кундан бери катта-кичикнинг оғзида шу гап.

— Кўбчиликнинг оғзини тикиб бўлардима, сўфа.

Самад бўқоқнинг бу сўнгғи ғийқиллашида томоғи остидағи йўғон томирлари туртиб чиқди. Имом ҳамон икки кўзи ерда бўлғани ҳолда кичкина бошини қимирлатди:

— Ўрдадан бирар киши масхара учун хабар тарқатқандир.

— Ҳа-а, тақсир.

Шу ҳолда жиловхонаға тўртинчи киши кириб келди. Буниси жиккак, қирқ билан эллийнинг ораси,  елкаси  туртиб  чиқған  Сафар  бўзчи  исмлик  эди.  Имомга  салом  бериб,  сўфининг  ёниға ўлтурди ва сўзга бир оз қулоқ солғач, тушунар-тушунмас баҳска аралашиб қолди.

—  Иншоолло,  шу  йигит  мирзабоши  бўлар, — деди  Сафар  бўзчи  суҳбатнинг  руҳини билмаган ҳолда, — ўзи ажаб зукко йигит, фуқоропарвар бола: бўғани маъқул, а, лаббай, тақсир?

Имом ерга қараған ҳолда бошини қимирлатиб қўйди. Самад бўқоқ хўмрайиб Сафар бўзчиға қаради:

— Э, акиллай берасанда, Сафар, — деди бўқоқ, — биз нима деяпбиз-ку сен нима деяпсан.

— Хўш, нима деяпсанлар?

— Овоза гап деяпмиза, мирзабошилиққа катта милла керак деяпмиз-а.

— У милла эмас эканми?

— Милла бўлса ҳам, хашаки миллалардан-да.

—  Ашунга  қоғанда  чалғибсан,  Самад, — деди  Сафар  бўзчи, — хат  битишка  келганда қўявур, камбағалга қайишқанини кўрсанг, ҳа, бўлди дейсан.

— Занталағинг кимга қайиша қопти?

— Ҳаммага, ҳаммага, — деди Сафар, — мени ўзимга ҳам ёрдам қилди-да, яшағуринг.

— Ҳа-а, хўш?

— Бултур ана шу кезда, — деди Сафар энгашинқираб, — бозорға саккизта бўз олиб тушкан эдим.  Бирарта  мушкит  иғво  қилдими  закотчининг  томоғи  тақилладими,  ҳарчи  фалакат, қўлтуғимдағи  бўзни  ёппа  олди,  қўйди; “отанг  яхши,  онанг  яхши,  косибман,  савдогар  бўлсам уйим  куйсин”…  Асти  қўйса-чи…  Бир  йиллик  закотинг  деб  кўтарди  кетти.  Қўлингдан  нима келади,  Самад.  Хафалигим  ошиб,  уйга  қуруқ  қайтдим.  Майда-чуйда  кутиб  ўлтурган  бола-чақанинг қути учти. Мол кетти – жон кетти, ишка ҳам қўлим бормайди. Энди бўлар иш бўлған десанг юрак ачийди, дастмоя ҳам ғалтакка чиқадиған. Арза-парза биттирсамми дейман. Кўчада унга-бунга  кенгаш  солсам,  арзанг  маъқул  дейишди.  Шу  яқинда,  ўзи  ўрдада  турадиған  бир арзачи бор эмиш. Кеткан устига кеткан деб дўкон теги яримта бўз бор экан, қўлтуғимға тиқиб олдим.  Ана  шу  тобларда  сўроғлаб  арзачи  мирзоникига  борсам,  ҳозир  ўрдадан  келиб,  энди тўнини ешиб турған экан.  Ёш,  навқирон йигит, “салом,  алик”, “ҳорма”, “бор бўл”. “Шундай, шундай гап; бир парча арза биттирсам, деб келган эдим”. Ўрдалиққа гап уқдириш қиёматдан кейин,  тақсир.  Лекин  бу  йигитда  гаврлик1  сиёқи  йўқ.  Шукур  сўфи.  Гапка  қониб  олиб,  қулоқ қоқмай “хўб”.  Арзанинг  бир  ерига  закотчининг  оти  тушар  экан,  неча  қайта  сўраса  ҳам билмадим, ундан кейин афти башарасини уқдириб эдим, тусмоллаб биттасини ёзди, чоғи. “Eнди кета беринг, арзани ўзим топшираман” дейди. Жавобини ҳам икки кундан кейин ўзидан олар эмишман…

—  Манави  осонлиқни  қаранг,  тақсир.  Дуо  қилиб  қалам  учисига  бўзни  бердим,  олмайди. “Ёпирай, озсиндиёв, қурғур” деб қўрқдим. “Арза ўрунласа яна хизмат қилармиз, мирзабоши”. Яна  йўқ, “тоза  фалакат  бости”  деб  турсам, “арзага  ҳақ  олмайман,  бўзингни  олиб  кетавур” – дегани  экан.  Барака  топқурни  қаранг,  тақсир.  А,  шундақа  одам  ҳам  бўладими,  Самад  оға. “Олтин олмасанг, дуо ол” деб қўлимни очтим. Ҳа, энди буни қўявуринг. Эртаси кечқурун гула тўғрилаб ўлтурсам эшикни бирав тақиллатади. “Ҳа, келавуринг”. Дўконхонага бўз қўлтуқлаған бир киши кирди.

— Сафарбой сизми?

— Ҳа, биз.

— Арза берганмидингиз?

— Берган эдим.

— Отангизнинг оти нима?

— Маматбой.

Қўлтуғидағи бўзни олдимға ташлади. Худда кечаги бўзларим; таппа-тақ саккизта.

— Бўзларингизни олдингиз-а?

— Ҳа, олдим.

— Хайр.

— Хўш.

— Бу яхшилиқ арзадан ҳам бурун мирзабошидан бўлди, деб ўйладим. Балаларнинг кенгаши билан  икки  бўзни  кўтариб  шом  пайтида  мирзанинг  уйига  бордим.  Чақирдим,  чиқди. Миннатдорчилик  билан  икки  бўзни  узатдим;  асти  олса-чи. “Яхтакка  бўзим  бор,  кетавуринг”, дейди. “Сотиб, пулини берайми”, десам “пулим ҳам кўб” дейди. Ақалли биттасини ҳам олмади. Яна дуо қилиб бўз билан қайтдим. Фаришта ҳам шунчалик бўлар, деб ўйлаб қолдим, Шукур сўфи! А, шундай йигит мирзабоши бўлмай ким бўлсин, Самадбой! Кўбни дуоси кўл деганлар; ишонмасанглар, ана тақсиримдан сўранглар!

Ҳикояни эшитиш асноси имомда бир ғижиниш вазияти бор эди. Ҳикоя биткач, заҳарханда билан Самад бўқоққа қаради, дами кесилаёзған бўқоқ бундан руҳланди.

— Ёлғонни ҳам ямламай ютадиған бўлилбсан-да, Сафар, — деди бўқоқ.

Сафар бўзчи тўсиндан ўзариб кетди. Рангиўчинқиради:

— Азбаройи худо, қасамми?

—  Иккита  бўзни  икки  қўллаб  оборсанг, — деди  Самад  бўқоқ, — қайси  аҳмоқ  олмай қайтарар экан? Ёлғонни сал киши ишонадиған қилиб гапириш керак, Сафар!

—  Азбаройи  худо,  олмади! — деди  Сафар  ва  асабийлашиб  ўрнидан  туриб  кетди, — шу каъбатуллонинг  ичида  ўлтуриб  ёлғон  гапирган  одам  мусурмон  эмас,  кишининг  қасамиға ошонмаған ҳам етти мазҳабда мўмин эмас!

Сафар аканинг азтахидил аччиғланғанини сезган имом ораға тушти:

—  Бундай  яхшилиқни  ҳар  ким  ҳам  қила  оладир,  Сафар  ака, — деди, — шунинг  учун мирзобошининг сизга қилған яхшилиғиға мен ишондим. Аммо бизнинг баҳсимиз унинг бева-бечорага  қилған  яхшилиғи  тўғрисида  бўлмай,  бу  одам  ўрдадағи  мирзоларға  бошлиқ  бўла оладирми, яъни ўшандоғ катта ишнинг уҳдасидан чиқадирми, устидадир.

—  Баракалла,  тақсир, — деди  Сафар  бўзчи  турған  еридан, — менга  қолса,  иншоолло, уҳдасидан чиқади!

Имом Сафар бўзчиға тушуна олмай, бир оз тикилиб турғандан кейин сўради:

— Унинг уҳда қилишини сиз қаёқдан биласиз?

— Худой билдирса, биламан-да тақсир?

— Хўш?

— Ахир, кўбчиликнинг дуоси кўл-да, тақсир!

— Кўбчиликнинг дуоси кўл бўлса яхши, — деди имом, — аммо бу хизматка унинг илми кофийми?

— Ковфий, тақсир, ковфий!

— Ахир, сиз кофийлигини қаёқдан биласиз?

— Ахир… ковфий эмаслигини сиз ҳам қаёқдан биласиз, тақсир.

— Кофий эмаслигини мен шундан биламанки, — деди имом аччиғини ичига ютқан ҳолда, —  бундай  мансабга  минадирган  киши  Бухоройи  шарифда  таҳсил  кўрмаганда  ҳам  лоақал Хўқанд  мадрасаларида  ўқуған  бўлиши  керак,  аммо  сизнинг  мирзобошингиз  саводхонлиқдан бошқани билмайдир.

— Билмаганини сиз қаёқдан биласиз, тақсир?

— Чунки мен уни ўз қўлимда ўқутқанман… бир ятим бола эди.

— Худонинг бериши, тақсир, — деди Сафар, ўйлаб-нетиб турмай, — жанобингиз Бухоройи шарифда неча йил ўқуб, ниҳояти маҳаллага имом бўлдингиз… Худой бермаса шундай, тақсир. Ул бўлса мадраса кўрмасдан мирзаларнинг мирзаси бўлмоқчи; худой берса шундай, тақсир.

Сафар  бўзчининг  бу  сўзидан  имомнинг  қонсиз  ранги  яна  қонсизланған,  оламинчоқ  кўзи алланучка ҳолатка кирган эди.

— Аблаҳ одам экансан! – деди.

— Сиз ҳам аҳмоқ мулла экансиз! – деди Сафар бўзчи.

Имом ғазаби билан ўрнидан туриб Сафар бўзчиға хезланған эди, уни Самад бўқоқ ушлаб қолди.

— Падар лаънат, адабсиз! – деди Самад, — домлаға шундай сўзни айтасанми-я?

Сафар бўзчи турған ўриндан силжимади:

— Чўзма кекиртагингни, бўқоқ, — деди, қани қўйиб бер-чи тақсирингни, ёқалашсин-чи мен минан! Андишанинг отини қўрқоқ қўйдингми?

Шукур сўфи ўрнида бақа бўлиб қолған, имом бўлса гўё ҳужум қилмоқчидек Самад бўқоқни итарар  эди.  Самад  бўқоқ  ғийбатдан  бошқа  ишка  ярамағани  учун,  имомнинг  ёрдамиға  етиш чамаси йўқ эди.

— Шу адабсизлиғинг билан, — деди Саман насиҳатомуз, — яна домланинг орқасида намоз ўқуйсанми, Сафар, а!

— Ўқумасам қутиламанми сенлардан!

— Ўқумасанг бор, жўна!!!

—  Ҳе… — деб  сўкинди  Сафар  бўзчи  ва  жиловхонадан  чиқиб  жўнади.  Унинг  орқасича “падар лаънат жоҳил” деди имом ва илгариги ўрниға борди. Бир неча вақт учавлари ҳам сўзсиз ўлтурдилар.

— Бир ит-да, тақсир, хафа бўлманг.

Имом жавоб бермади. Яна бир неча киши келиб қўшилғач, Шукур сўфи мезанага чиқиб азон айтди. Асрни ўқуш учун масжидга кирдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


Изоҳ:

 

1  Оташпарастлик

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-8

Бешинчи боб Ниҳоят, ўша кунлар яқинлашмоқда эди... Оқсой учун ажратилган отларни ҳамма ҳар хил — кимдир десантчи, кимдир Оқсой отлари деб атар, аммо муҳими шундаки, икки ...

От кишнаган оқшом (қисса) 49-қисм

49 Биродарлар, ҳамсоямиз Қулмат полвон бозорлаб келди. Майиз сотиб келди. Деворимиздан авайлаб бўйладим. Нарх-навони сўрадим. — Қани, полвон, — дедим, — майиз қанчадан ...

Ўзбекистонлик шоир усмон қўчқор вафот этди

Бугун тонгда таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор вафот этди. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400