МEҲРОБДАН ЧАЁН-ХУШЁРЛИҚ

 Ҳозир Абдураҳмон ўзининг яқин мозийсида усти ширнига беланган от тезакдан бошқа бир нарса кўрмаганидек, истиқболида ҳам эпақалиқ бир ҳол тасаввур қилолмас эди. Бир неча ойлар ниҳоятда  руҳсиз,  кайфсиз  ва  дарсига  ҳам  ҳавсаласиз  давом  этиб  юрди.  Гўё  бу  кунларда бениҳоят ичкулукдан сўнг бош оғриғи даврини кечирар эди. Шу йўсун кўб вақт руҳий хасталиқ кечириб кутилмаганда жонланиб кетди. Яъни “Ақоид”нинг шарҳига яхши тушуниш учун беш бармоғини оғзиға тиққандек енг шимарди. 

Юқоридағи руҳ тушиш даврида ул мозийсидағи каби эркалик, амру фармон ва шуҳрат учун қайғирган, кўб бош оғритиб эндиги шуҳратни мўйчинак истеъмоли билан эмас, балки ақоид, шарҳ ва ҳавоший1 воситасида топмоқчи бўлған, яъни фарди ғоясиға2 диний олимлиқ либосини кийдириш фикрига келган эди. Беш йил “ғоя” учун қаттиғ берилиб, рутубатлик ҳужрада захлаб, саломатлиги учун умр бўйи аримайдирған ориғлиқ, рангсизлик ортдириб йигирма саккиз ёшида “хатми  кутуб”  қилишға  муваффақ  бўлди.  Беш  йиллиқ  ўзгаришдан  сўнг  домла  мударрис Абдураҳмоннинг эски гуноҳларини кечирган эди. Ўз ёнидан бир мунча сарф этиб, Абдураҳмон учун хатм тўйи қилиб берди.

Мулла Абдураҳмон Қўқон сафарига ҳозирланар эди. Кўнгли Қўқонда ўзини кутиб турған уламолиқ шуҳратига;  муфтилик,  қози  ва  аъламлик  мансабига  ошиқинар  эди.  Унинг  фикрича, Қўқондағи қариндош-уруғлар ҳам ёш олимнинг истиқболиға ҳозирлик кўргандек эдилар.

Шу йўсун ошиқлар ёр васлига ошиққандек мулла Абдураҳмон ҳам ўз шаҳрига елиб-югуриб етди.  Ул  ўйлағанча  истиқболға  бутун  Қўқон  кўчиб  чиқмаса  ҳам,  қариндош-уруғдан  уч-тўрт киши, маҳалла кексаларидан иккита савобталаб чол дарбоза ёнида кутиб олдилар. Бу соддача истиқбол қилиниш Абдураҳмоннинг Бухорода туриб қилған ширин хаёлиға биринчи зарба эди. Уйига бориб тушти. Бир неча кунгача фотиҳахонлиқ, ҳордиқ чиқариш маросимлари давом этди. Лекин бундан ҳам қаноатлана олмади, билъакс, жини отланди. Чунки зиёрат қилғучиларнинг аксариси мертуқ-сертуқ қавму қариндошлар, узоқ-яқин кўз таниш мадраса талабалари ва бир неча  маҳалла  имомлари  бўлиб,  ул  куткан  асосий  моялар3,  яъни  мударрис,  пешволар,  муфти-уламолар ва бекбекзодалар, бообрў ашроф ва боёнлар зиёратчилар орасида ақалли кўз оғриғи учун ҳам кўринмадилар. Бу иккинчи зарба эди.

Зиёрат қилишға “қўли тегмаган” баъзилар узр мақомида ўз уйларига “махсус зиёфат” билан чақирарлар,  деб  кутди.  Бахтка  қарши,  бу  умид  ҳам  бўш  чиқди.  Бир  неча қариндошларнинг титраб-қахшаб қилған зиёфатлари билан “уйдан уйга ўтиб неъматлар ичида сузиб юриш” хаёли ҳам “бир хаёл” бўлиб қолди. Бу учунчи зарба эди.

Бир  ой  ўтмай  қавму  қариндошларнинг-да  зиёфатлари  ниҳоятига  етиб,  бева  онасининг туппасига  қаноат  этишка  мажбур  бўлиб  қолди.  Бухорода  ўйлағанча  бирар мадрасанинг мударрислиги  ёки  бу  топилмағанда  мукаррирлигигина  эмас,  ҳатто  нариги  маҳалланинг имоматини  олиш  ҳам  қийин  келди.  Ўзидан  икки  маҳалла  нарида  бўлған  ҳозирғи масжид имоматига таъйин қилмоқчи бўлған эдилар, бунга ҳам мониъ чиқди; мулла Абдураҳмон алҳол суннатни бажо келтирмаган, яъни, уйланмай, тарки суннат қилған кишининг имоматида нуқс бор, дейишиб, маҳалладаги баъзи тақводорлар эътироз қилдилар. Шундан кейин бир неча ёр-дўстлар,  тўй  чиқимини  ўзаро  устларига  олишиб,  уни  уйландириш  фикрига  туштилар. Бухородағи “хаёллар”  зеру  забар4  бўлған  ҳолда,  мулла  Абдураҳмон  уйланиш  шарти  билан ҳалиги  маҳалла  имоматига  ўтди.  Ҳозир  шунчалик  паст  ишка  ҳам  бўйин  эгиш  зарурати  бор эди…

Мулла  Абдураҳмоннинг  совчилари  ибтадаан5  Солиҳ  махдумнинг  қизи – Раъно  учун бордилар. Чунки Раънонинг ҳусни бу даҳада машҳур, ундан кейин Абдураҳмоннинг ўзи Солиҳ махдумда  савод  ўқуб  юрған  фурсатда  ёш  Раънони  кўрган,  учунчидан – ёш  олим  кекса домланинг  қизига  уйланса  яна  бир  ҳусн  бўлар  эди.  Айниқса,  мулла  Абдураҳмон  ҳануз Раънонинг  эрга  берилмаганлиги  хабарини  эшиткач,  бу  тасодифни  истиқболининг  хайрлик фоллари сирасига киритди. Раъно бу ўн йил ичида яна етилган бўлса керак, деб тўйни кутмаёқ унинг  хаёлий  сиймосини  қучоқлай  бошлади.  Мактабдор  домлаларға  қарағанда  ўз  илм  ва мартабасини аллақанча юқори қўйғанлиқдан, Солиҳ махдумнинг қулоқ қоқмай домод қилишиға ишонар ва бу кунми, эртами, Раънони чиндан оғуш этиш учун ошиқар эди. Лекин тақдир бунда ҳам уни алдади. Совчилар Нигор ойимдан бўлмаған узрни олиб келдилар: “Қизлари ҳали ёш эмиш, энди ўн икки ёшқа кирган эмиш…”

Мулла Абдураҳмон хотинлар сўзига ишонмай Солиҳ махдумнинг ўз олдиға маҳалладан бир-иккита  кексани  совчи  қилиб  юборди.  Бу  совчилар  ҳам  яна  аччиғроқ  жавоб  билан  келдилар. “Солиҳ махдум қизини ўрдада мирзолик қиладирған Анвар исмлик бир йигитка фотиҳа ўқуб қўйған экан. Фотиҳа қилмағанда, албатта сизга берар экан, кўб афсус чекти”.

Бу жавобдан кейин Абдураҳмоннинг дами ичига тушиб, ўз тақдириға лаънат ўқуди. Аммо кўнглида Раънони оладирған Анвар исмлик йигитка қарши бир кек туғилди. Бу жавоб чиндан тўғрими,  найранги  йўқми,  деб  ўрдада  хизмат  қиладирған  Анвар  отлиқ  мирзони  сўраштирди.

Тўғрилиғини  билиш устига  ҳатто  бу Анварни  кимлигини  ҳам  хотирлади:  ўзи Бухороға  кетар олдида Солиҳ махдумнинг мактабида ўқуб юрған ўша ятим бола эмиш. Уч-тўрт йиллардан бери ўрдада  мирзолиқ  қилиб,  неча  тилло  моҳона  олар  эмиш…  Бу  сўраштириб  билишдан  кейин Абдураҳмоннинг ичи яна ёниб кетди; Бухорода хатми кутуб қилиб келган бир “олим”, ақалли бир маҳалла имоматига хархашасиз ўталмасин-да, унинг харом тукига арзимаган бир бесавод ятим ва баднажот исқирт ўрдадан фалон тилло вазифадор бўлсин ва шу туфайлда Раъно каби бир қизни ҳам ўзиники қилсин: бу айниқса киши чидарлик гап эмас эди…

Мулла  Абдураҳмон  бутун  камолатини  ишка  қўйиб,  имомат  ва  хатибликка  шуруъ6  қилди. Ҳар кун қавмлариған амри маъруф, наҳйи анилмункар айтиб, хусусан, ҳар хафта жумъа куни амри маъруфни кенгроқ доирада юритиб, кўбларнинг кўнглини эритишка муваффақ ҳам бўлди.

Изҳори фазл ниятида қилинған бу кўз бўяш кўбларнинг диққатини ўзига жалб этиб, ҳатто унинг амри  маъруфини  тинглаш  учун  жумъа  кунлари  чет  маҳаллалардан  оғиб,  кишилар  кела бошладилар. Бу муваффақиятдан чатнаёзған мулла Абдураҳмон кучангандан кучанар, айниқса, орада  хонға  тегишлик  ҳукуматдор  бекларданкўриниб  қолса,  жаннат  ва  жаҳаннам  устидаги масалани дарҳол хонға итоат, бекларга ҳурмат билан айрибошлаб олар эди. Ҳаммабоп бўлишға қарағанда,  айниқса,  хонбоп  бўлишға  тиришар  эди.  Унинг  бу  жонбозлиғи  бошқа  тўғриларда бирар амалий натижага эришмаса ҳам, фақат бир важида ниҳоятда яхши самара берди. Унинг “дарёи фазли”га мафтун бўлған савдогарлардан бири қиз қариндошини бериб ўзига куяв қилди.

Яхши  оилага  куяв  бўлғанидек,  шаҳардаги  бошқа  давлатмандлар  билан  ҳам  алоқа  бғлади  ва уларнинг зиёфатлари воситасида баъзи мадрасаларнинг мударрислари, мукаррирлари билан ҳам танишди, қисқаси, бир оз бурни кўтарилаёзди. Фақат энди ўрдаға яқинлаша олса… Аммо ҳануз бу муяссар эмас-да.

Имомнинг  кўнгли  Анвар  қаршисиға  озғина  кирлик  эканини  ўқуғучи  юқоридан  онглади.

Унинг кўнглидаги шу озғина кир Анварнинг кўтарилишига тинчсиз эди.

— Нодон Анвар ўрдадан қувланиш ерида сармуншийлик маснадига минмакчи.

Холис муҳокама кўпинча муҳокама бўлиб қоладир. Аммо ғаразлик фикр аксар сўзлагучини шарманда  қиладир.  Шунга  ўхшаш,  мулла  Абдураҳмон  ҳам  муҳокамасига  озғина  ғараз аралаштириб, Сафар бўзчининг аччиғ ҳақоратиға ҳадаф бўлди.

Шундай, ул Анварга кекли эди. Шунинг билан бирга Анварга қарши амалда бир иш қилиш кучидан  ҳам  маҳрум  эди.  Балки  сиз “енди  Имом  афанди  уйланиб  олибдир,  Раънога  эҳтиёҳи қолмабдир, бас, шу ҳолда кек сақлашға қандай мантиқ бор?” дерсиз. Бу жуда содда муҳокама. Аслида бу кек Раъно билан бошланған бўлса ҳам, ҳозирда доирани бошқача ушлаган. Масалан дейсизми? Масалан, Сафар бўзчи жуда билиб сўзлади: “Сиз шунча йил Бухорода ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага бир имом бўлдингиз, ул бўлса…”

Битишка маҳкум бўлған кекни мана шу “неча йил Бухорода ўқуб келганлик ёки Бухороға бормаса ҳам кимсан фалоний бўлғанлиқ” сақлаб турар эди. Агар сиз содда бўлсангиз, масалага Сафар  бўзчи  каби  қараб “худой  берса  шундай”  дерсиз,  яна  гапга  тушунмассиз.  Абдураҳмон каби кишиларнинг табиъатига тушуниш албатта қийин ва тушунмаган маъқул.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


 

 

1Ҳошиялар, бирон китобнинг шарҳига берилган шарҳ

2 Аллоҳнинг бирлигини англаш ғояси

3 Аслзода

4 Остин-устун

5 Дастлаб

6 Ишга киришиш

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – хотира дафтаримдан

Рауф Парфи Рауф ака кўп хушлайдиган гапларидан бири бу турғунлик замони (1980-йиллар охири) деб аталган пайтларни тожиклар “замони карахти” деб аташидир. Қандай зўр топиб ...

Юлдузли тунлар-73

* * * Ғира-шира қоронғиликда ўнг қирғоқдан катта бир қайиқ чиқиб, кемага қараб кела бошлади. Кеманинг пастки қаватидан қўрчибоши: — Ким у қайиқдаги? — деб сўраганини Бобур ...

Қувланиш

7. ҚУВЛАНИШ Учинчи кундан буёққа қутидорнинг эшиги теварагидан Содиқ айрилмас эди... ҳозир кечки соат еттилар бўлиб қолғани учун бу кун ҳам унинг келмаслигига қарор берган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400