МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЁРЛИҒ БЕРИШ МАРОСИМИ

 Ёрлиғнинг  кимнин  исмига  ёзилғанлиғини  эрталабданоқ  ўрдада  ҳар  ким  сезиб  қолди. Девонда эски одатича ўз ишини қилиб ўртурғучи Анварнинг ёниға дам-бадам мирзо ва ғайри сарой  ходимлари  келиб,  оҳистағина  уни  табрик  этиб  кетар  эдилар.  Анвар  табрикларга илтифотсиз,  оддий вазиятда,  хонға  эшитдирилиши  зарур,  атроф  ҳокимларидан  бу  кун  келган нома ва аризаларнинг муҳимини аҳамиятсизидан ажратиб, худайчига топшириш учун тайёрлар, баъзиларини  биринчи  хонада  олдиға  довот-қалам  қўйиб  дафтар  устида  ўлтурган  мирзо, муфтиларга ҳавола қилар эди. 

Сармунший  хонасида  Анвардан  бошқа  яна  икки  номанавис  бор  эди.  Бу  иккиси  қоғозға михлангандек  гап-сўзсиз  савағич  қаламни  қирр-қирр  қоғоз  устида  юритиб  турар  эдилар.  Бу қовоқ-тумшуғи  осилиб  кетканларнинг  биттаси  Шаҳодат  муфти  бўлиб,  номзади  хонға  манзур қилинғанлардан  эди.  Иккинчиси  шоир “Мадҳий”нинг  сармунший  бўлишини  орзу  қилған Калоншоҳ отлиғ яна бир пешқадам мирзо эди.

Биринчи хонадаги ўн бешка яқин мирзолар ҳам турлиси турли вазиятда: Султонали мирзоға ўхшағанлар ер остидан ёнидағисиға кулим муомала қилар ва баъзилари Шаҳодат муфти каби тўнини  бескари  кийиб  олған  кўринар  эди.  Анвар  ёнидағиларнинг  бу  ўзгаришларидан сиқилғансумон ҳар бир аризани кўриб чиқиш ораси уларга қараб олар эди. Қаршисидағи иккиси гўё мум тишлаған каби сўзсиз эдилар.

— Бу кундан мени мазох қилиб бошладилар, — деди ниҳоят Анвар, — гўё мен сармунший бўлар эмишман…

Шаҳодат муфти савағич қаламини довотка бир-икки тиқиб олғач, кўзи қоғозда экан, жавоб берди:

— Бўлсангиз ажаб эмас…

— Йўқ, — деди Анвар ариза буклаб, — сиз қишлоқда бўлғанингиз сабабдан келгунингизча ишлар  тўхтаб  қолмасин  деб  вазифамдан  ташқари  ишларга  уриндим.  Эртадан  бу  вазифани ўзингиз олингиз, тақсир, мен бу мазохларга чидай олмайман.

Шаҳодат  муфти  қарийб  бутун  кўкрагини  ёпқан  баҳайбат  мошгуруч  соқолни  қалам  билан таради.

— Мазох бўлмаса керак, — деди билинтирмайдиган энтикиб, — алҳол ёшсиз, муҳафазангиз бутун, зерикиш сизнинг учун айб бўлади… Биз энди бу ишни кўб қилиб зерикканмиз…

— Албатта, — деди муфтининг ёнидағи Калоншоҳ мирзо кўзини қоғоздан олмаған ҳолда, — мазохларга қулоқ солиш керак эмас.

Анвар табрикларни бир қадар ҳақиқатка яқин кўрар эди. Аммо уларга “мазох” деб таъбир қилиши,  ўзини  маълум  ўнгғайсизлиқдан  қутқариш  ва  уларга  ҳам  енгиллик  бериш  учун  эди.

Бироқ Калоншоҳ мирзонинг кейинги сўзи яна уни эзиб, очиқдан-очиқ бўлған бу адоватка қарши қандай  муқобала  қилишдан  ожиз  келди.  Шу  ҳолда  биринчи  хонанинг  даҳлизидан  худайчи кўринди ва турған жойидан Анварни чақирди:

— Мирзо Анвар!

Анвар, худайчи учун ажратқан аризаларни қўлиға олиб ўрнидан турди:

— Аризалар тайёр… Ҳузурингизга чиқармоқчи бўлиб турған эдим.

Худайчи бошини чайқади:

— Аризаларни ҳозирча қўйиб турингиз, — деб ерга ишорат қилди, — ўзингиз мен билан бирга келингиз.

— Қаёққа, тақсир?

— Ҳузури муборакка.

Мирзолар  бир-бирларига  қарашиб  олдилар.  Шаҳодат  муфти  бўзрайиб  ҳамроҳига  қаради. Анвар эса қўлида аризалари билан ҳайрат ичида эди. Даҳлизда уни кутиб турған худайчи яна танбеҳ қилди:

— Мен сизга айтаман, Анвар.

Анвар, қўлидағини ўз жойиға қўйиб худайчи орқасидан чиқди. Хон тахтда эди. Ўнг тараф курсида Абдураҳмон офтобачи1 ва сўлда шоир мулла Ниёз домла қўл боғлаб ўлтурар эдилар.

Биринчи  хонадан  Худоёр  ҳузурига  кирадиган  эшикнинг  икки  ёнида  ойболта  кўтарган  икки жаллод сурат каби қотқанлар, улар қаторида хон улуғлари – аъён ва сарой беклари чизилишиб ўлтурғанлар эди.  Худайчи “ҳузури муборакка” таъзим қилди…

— Чақирдинғма? – деди хон.

— Тақсир.

— Изн берамиз.

Худайчи  қуллуқ  қилған  кўйи  орқаси  билан  юриб,  биринчи  хонанинг  даҳлизига  келди  ва даҳлизда кутиб турған Анварни “ҳузури муборак” сари йўлға солди.

Анвар “ҳузури муборак”нинг эшигида тўхтаб, таъзим адо қилди ва унинг ёнидағиларға ҳам ярим таъзим ишорасини берди.

— Ишларинг яхшима, мирза? – деб сўради хон.

— Дуолари баракасида, қиблагоҳ, — деди Анвар.

Хон мулла Ниёз домлаға қаради:

— Бу жигит бизнинг мирзалар орасида ўбдан кўринади, — деди.

Домла Ниёз ўрнидан қўзғалиб олди.

— Файзи шоҳаншоҳий.

— Мен бу жигитни мирзабоши қилмақчи бўлдим, — деди хон ва тизаси тегидан бир қоғоз олиб, домла Ниёзға узатти, — уқунғ, домла.

Домла  Ниёз  ўрнидан  туриб,  қоғозни  олиб  ўпди,  Абдураҳмон  офтобачи  ва  унга  эргашиб биринчи хонадаги аъёнлар баробар ўрунларидан туришдилар.

Домла Ниёз турған кўйи ёрлиғни ўқуди:

“Ба  исми  субҳонаҳу.  Анруллоҳи  фаризатун  ва  амруно  вобиж2.  Бизким  Фарғона мамлакатининг  хоқони  султон  ибни  султон,  аъни  Сайид  Худоёрхон  сўзимиз:  Жулуси солисамизнинг3  учунчи  санаси  мутобиқи4 1287-нчи  ҳижрия  моҳи  сафарнинг 25-нчиси,  ушбу ёрлиғимизни  бердик хўқандлик  мулла  мирзо  Анварғаким,  мазкур  мулла  мирзо  Анвар  бинни Салимбой  саръи  шариф  узра  устивор  туруб,  амримизга  инқиёд5 этиб  девонбеги  унвон  дигар садри  муншийлик  умури6  вазойифаларимизни  кама  янбағи7  адо  қилғай  деб.  Адойи  ҳадама8 асноси  биз  амири  вазифа  мутлақалъинон9  дорус-салтананинг  ҳаққи  шаръийсиға  хиёнат қилишдин  ижтиноб10,  адолатимиз  ойинасини  даноат11  ғубороти  бирлан  халалдор  айлашдин парҳез, арзи доди фуқаромиз суръати истимоъида12 иҳмол13 ва сустлик кўрсатмай интишори14 адолатимиз кўшишида субҳи шом машғул ва мабзул15, диққат ва эътибори том қилғай деб ва яна мазкур исмига ёрлиғ мактуб бўлмиш итоатига афроди девонхонамиз маъмурлар деб, муҳри шоҳонамиз бирлан ушбу ёрлиғни таъкид ва тақрир16 этдик”.

Домла Ниёз ёрлиғни тугатиб, қоғозни манглайиға кўтарди ва икки қўллаб Худоёрға узатди.

Худоёр  ёрлиғни  олиб  қаршида  бош  букиб  турған  Анварга  ишорат  қилди.  Анвар  югуриб келиб, ёрлиғни олиб ўпти ва уни салласига санчиб, орқаси билан юриб, илгариги ўрниға бориб тўхтади.

Домла Ниёз Анвар тарафидан дуоға қўл очти.

—  Давлати  шаҳаншоҳи  рўз-барўз  афзун,  душманови  амир-ал-мўминини  сарнигун  бошад. Оллоҳи таоло сояи зиллаллаҳиро, аз сари раиятон кам накунад17

 

Ҳудонавдо, бигардоний балоро,

Зи офатҳо, нигаҳ дорий ту моро.

Ба ҳаққи ҳарду гисўи Муҳаммад,

Забун гардо забардастони моро18.

 

Дуо  асноси  айниқса  биринчи  хонадаги  аъённинг  йиғи  ва  риққат  оҳанглик “омин,  омин” садолари “ҳузури муборак”ни титратди. Дуодан кейин худайчи икки тўн келтириб, кимхобни домла  Ниёзга  ва  қора  бахмалдан  тикилган  мирзабошилиқ  хилъатини  Анврга  кийдирди. Кимхобни кийиб олғач, мулла Ниёз “саховатда Хотамитойдан, адолатда Нўширвони одилдан” ортиғроқ  ул  жанобнинг  ҳаққиға  яна  янги  дуо  ва  санолар  тўқуди,  гўё “амирал-мўминин”ни кўмди  ва  ўзи  ҳам  қайнади.  Бундан  сўнг  маросим  итмомига  етиб,  Анвар  секин-секин  орқаси билан юриб биринчи хонага ва ундаги аъённинг табрикларига кўмилиб, даҳлизга чиқди.

Анвар  девонхона  саҳнига  етканда  ичкаридаги  каттадан  кичик  мирзо,  муншийлар  янги бошлиқларини  муборакбод  қилғали  ўрунларидан  қўзғалдилар.  Ҳозир  баъзиларининг  устида бояғи “онглашилмовчилиқлар” гўё бўлмағандек, ҳатто мулла Шаҳодат муфти ҳам ҳеч нарсани кўрмагандек, ўз умрида биринчи мартаба Анварнинг ҳурматига ўрнидан турди.

— Муборак, муборак! Боракалло, мирзо Анвар! – деди.

Баъзи муншийлардаги ярим соатлиқ бу ўзгаришдан таажжуб қилинмасинким, бунинг сабаби оддий  ва  очиқдир.  Сармунший – демак,  агарчи  соқоли  кўксини  тутқан  Шаҳодат  муфти кабиларнинг  бўлса  ҳам  хўжасидир.  Шу  соатдан  бошлаб уларнинг  тақдири  шу  бир  кишининг қўлидадир.

Анвар самимий ва риё аралаш табриклардан анча ўнгғайсизланған эди. Бошидағи ёрлиғни қўлиға олиб, ўз-ўзидан таажжубланганнамо атрофидаги мирзоларға қаради:

— Жанобнинг амирлари билан, — деди Анвар уларга хитобан, — энг оғир ва жавобгарлик бир  хизматни  ўз  устимга  олишқа  мажбур  бўлдим.  Бу  мажбуриятим  ўзимга  эътимод қилғанимдан  эмас,  балки  сизнингдек  оталарим,  оғаларимға  такягоҳ  деб  ишонғанимдандир. Ўйлайманким, бундай мажбуриятда қолған бир укангизни албатта ерга қаратмассизлар ва ундан марҳаматларингни  аямассизлар…  Мен  сизларнинг  сояларингизда  тарбияландим,  менга  ўз шогирдларингиздек муомалада бўлиб келдингизлар. Бу кун мен расман сизларга бошлиқ бўлиш мажбуриятида  қолған  эканман,  яна  ҳеч  аҳамият  йўқдир.  Мақсад:  мундан  кейин  ҳам  менга кечаги  Анвар  каби  такаллуфсиз  муомалада  бўлишларингиз  ва  ҳурматлар  билан  мени ранжитмасликларингиздир. Чунки содда муомала яқинлиқ ва меҳрибонлиқ белгисидир.

— Бу кунгача биз сизни марҳум мулла Муҳаммад Ражаббекнинг шогирди бўлғанлиғингиз учун эҳтиром қилмадиқ, — деди жавобан Султонали мирзо, — балки сизнинг истеъдодингизни ҳурмат қилдиқ. Мундан сўнг ҳам бош мирзолиғингизни эмас, мирзо Анварлиғингизни эҳтиром қилармиз.

Мулла  Шаҳодат  муфти  ер  остидан  Султоналига  хўмрайиб  қаради  ва  нос  отиб  ўз  жойиға бориб ўлтурди.

— Сиз ҳамиша мени муболағангиз билан уялтирасиз, мулла Султонали ака, — деди Анвар. – Агар менга ҳурмат лозим бўлса, муболаға билан эмас, яна такрор айтаман, бир қариндошингиз қаторида такаллуфсиз муомала қилиш билан бўлсин.  Фотиҳадан  сўнг  ҳар  ким  ўз  ишига  ўлтурди.  Анвар  ҳам  бахмал  тўнни  еша  бошлаған  эди, ёниға Султонали мирзо келди:

— Анвар, сиз уйга борсангиз яхши эди.

— Нима учун?

—  Ёрлиғ  олғнингизни  хабар  қилиш  учун  шаҳарга  ҳозир  жарчи  чиқар.  Уйингизга  сизни муборакбод қилғали кишилар келса…

—  Аввало  меним  уйим  йўқ.  Ундан  кейин  мени  муборакбод  қиладирған  танишларим  ҳам йўқ, — деди Анвар қўл силтаб, — бундан хотиржамъ бўлингиз.

— Ёшлиқ қиласиз, Анвар.

Анвар жавоб бериш ўрниға кулимсираб қўйди ва жойиға ўлтуриб, аризалар кўра бошлади.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


 

1  Машҳур офтобачи – Мусулмоқулнинг ўғли (муал.)
2 Аллоҳнинг амри фарздир, бизнинг амримиз вожибдир
3 Тахтга учинчи марта ўтириш
4 Мувофиқ
5 Бўйсуниш
6 Ишлар
7 Талаб даражасида
8 Хизматларни бажариш
9 Ўз-ўзига мустақил
10 Четланиш
11 Пасткашлик
12 Эшитиш
13 Эътиборсизлик
14 Ёйилиш
15 Бағишламоқ
16 Қарор
17  Шаҳаншоҳнинг  давлати  кун  сайин  кўпайиб,  амирал-мўъмининнинг  душманлари  йўқ  бўлсин.  Аллоҳ  таоло  худо соясини фуқаро бошидан кам қилмасин.
18  Эй худо, сен балоларни қайтарғучидирсан,
Офатлардан бизни сақлағучидирсан.
Муҳаммаднинг икки кокили ҳурматига,
Бизга ғолиб келгучиларни забун қил. (муал.)
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«бир ғариби бeчора»

22. «БИР ҒАРИБИ БEЧОРА» Бу тарихдаги хон ўрдаси Қўқоннинг бу кунда Хода бозор аталған ўрнида эди. Рўмоннинг ўн учунчи фаслида Марғилон ўрдасининг таърифи ёзилғанлиқдан ва бу ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-20

Ўн учинчи боб Чопдор жойида турарди, Султонмурот ўтовдан чиқа солиб, Чопдорга минди-да, атрофга аланглаб қичқирди: — Онатой, овулга чоп! Имилламай югур! Одамларимизни чақир! ...

Устозим рауф парфи –парфиёна туркистон

Рауф Парфи фазилатларининг чегараси йўқ эди. Ҳар доим бир нима ўйлаб топар эдилар. Уларнинг баъзилари  биринчи бор қўлланаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Суратда:Рауф Парфи, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400