МEҲРОБДАН ЧАЁН-КИТОБ СЎЗИ

Асрдан бироз илгарироқ эди. Махдум дарбоза ёнида муборакбодчи мударрислардан бирини икки  букланиб  таъзим  қилған  ҳолда  узатар  эди.  Ҳазрати  мударрис  хайрлашқан  жойида  яна тўхтаб томоқ қириб олди. 

—  Ҳай,  мулла  Солиҳ,  яна  бир  гапни  саҳв  қилибман, — деди  ҳазрати  мударрис.  Солиҳ махдум югуриб ҳазратнинг ёниға келди. – Мирзога айтишни эп кўрмадим; масалан, ривоят ва ҳоказо масалаларга ҳожат тушса, биздан бегона қилмасин… Жанобингиз ҳам шуни таъйинлаб қўясиз.

— Хўб, тақсир, хўб.

— Фаромуш қилмассиз, албатта?

— Хотиржамъ тақсир.

Махдум уламо, амалдор ва ғайрилардан шунинг каби сипоришларни тўрт-беш соатдан бери қабул қила-қила жуда мияси суюлған эди. Ҳозирғи илтимосни ҳам ўшалар қаторида бўйниға олиб, ҳазрат мударрисни жўнатди.

Нари-бери бўз салласини бошиға чулғаб, сарпойчан кафшини шап-шуб босиб, дарбозадан ичкарига кириб бормоқда бўлған Сафар бўзчини махдум тўхтатди:

— Хўш, хўш, ука, — деди Сафар бўзчиға. – Йўл бўлсин сизга?

Чунки  махдум  муборакбодчи  камбағаллар  уёқда  турсин,  ҳатто  уламо  ва  бойлардан  ҳам ҳозир  зериккан  эди.  Бу  зерикишка  иккинчи  мартаба  нон  олдиришнинг  ҳам  алоқаси  бор  эди.

Сафар бўзчи остона ёнидан махдумга қийшайиб қаради:

— Лаббай, тақсир? – деди.

— Йўл бўлсин сизга?

— Мирзо Анвар иминга худо мартаба ато қилған эмиш деб эшитдим, — деди Сафар бўзчи, — пиримни зиёрат қилай, деб келяппан…

— Келганингиз маъқул, илло ўзи ҳозир жуда чарчаб қолған-да, четдан дуо қилиб турсангиз ҳам кифоя, ука.

Сафар бўзчи бошини қашиб, яна махдумнинг афтига қараб қўйди:

— Зиёрат қилиб чиқа бераман, тақсир. Бошқа гап йўқ, тақсир.

Махдум Сафар бўзчининг илгарисига ўтди:

— Майлику, ука, ранжитасиз-да.

— Садағаси кетай мирзонинг, — деди Сафар бўзчи махдумнинг қаториға бориб, — барака топқурнинг ўзи ранжийдирган йигит эмас, хоксор-да, тақсир, кўрсангиз биларсиз-ку, мен минан жуда қадрдон-да, тақсир.

Махдум асабийлашиброқ Сафар бўзчининг бетига қаради. Сафар бўзч ҳам махдумга бир оз тикилиб турғач, илжайди.

—  Кўрсангиз  биларсиз,  мен  минан  жуда  қадрдон-да,  тақсир, — деди  яна  ва  махдумга илтифот  қилмай,  ичкарига  юрий  берди.  Бир  неча  мартаба  келиб  Анварнинг  меҳмонхонасиға ўрганиб қолған, шунга биноан бу тўғрида махдумнинг ёрдамиға муҳтож ҳам эмас эди.

Анвар меҳмонхонада Шаҳидбек ва яна бир саркарданамо била сўзлашиб ўлтурар эди. Сафар бўзчини  даҳлизда  кўриб  ўрнидан  турди.  Иккиси  неча  йиллик  қадрдонлар  каби  самимий кўришдилар. Сафар бўзчи кўзида ёши билан Анварни табрик қилди. Анвар унга ўз ёнидан жой кўрсатиб  ўлтуришдилар.  Сафар  бўзчининг  фотиҳасига  анови  икки  бек  аранг  қўл  кўтариб қўйдилар.

— Закотчидан тинчмисиз? – деб Анвар кулди.

— Худойға шукур, давлатингизда, мирзам.

— Бозорлар яхшими?

— Бир навъи… ҳарчи тириклик тебраниб туради, ука.

Сафар бўзчининг бояғи ҳаракатидан аччиғланиб ташқарида қолған махдумнинг кимни ҳам бўлса ичкарига таклиф қилған товши эшитилди. Сафар билан Анварнинг сўзлари бўлинишка мажбур бўлди.

Мулла  Абдураҳмон  Анвар  билан  ёнма-ён  ўлтурғучи “дўсти”  Сафар  бўзчини меҳмонхонанинг  даҳлизига  киришидаёқ  кўриб  қолди  ва  сариқ  туси  бўзариб  кеткан  ҳолда ичкарига қадам узди. Сафар бўзчининг ҳурмати учун лоақал қимир этмаган беклар ҳам мулла Абдураҳмоннинг истиқболиға қўзғалишдилар. Махдум мулла Абдураҳмон билан Анварни бир-бирларига танишдирди.

—  Балки  хотирларсиз,  мирзо  Анвар, — деди  махдум, — сиз  маним  қўлимға  келган йилларингизда мулла Абдураҳмон акангиз ҳам бизнинг мактабда ўқур эдилар.

— Хотиримда. Хўб саломатмилар, тақсир?

—  Алҳамдулиллоҳ, — деди  Абдураҳмон  ва  ер  остидан  Сафар  бўзчиға  қараб  қўйди, — мартабалари муборак бўлсин.

— Қутлуғ, тақсир, қани, марҳамат қилсинлар.

Ўлтуришдилар,  фотиҳадан  сўнг  яна  бир  даража  аҳвол  сўрашилди.  Ҳозирги  тасодуф  жуда қизиқ  тушкан  эди.  Мулла  Абдураҳмон  бу  учрашишдан  ниҳоятда  ўнгғайсизланған.  Анварни табрик этиш учун оғиз очишға қодир эмас ва ҳар замон қаршисидағи “бемаъни”га қараб қўяр эди. Шу ҳолда бир неча фурсат сўзсиз ўлтуришкандан кейин, Анвар кўбчиликни дастурхонға таклиф қилди ва Шаҳидбек мулла Абдураҳмонни сўзга тортди.

— Нима лавозимотдалар, тақсирим?

— Имоматда, — деди Абдураҳим ва ер тегидан Анварга кўз юбориб олди, — Бухородан келганимиздан бери имоматдамиз… Мадрасада ҳам бирмунча мукаррирлигимиз бор…

— Кўб яхши экан; имоматлари қайси маҳаллада?

— Бизнинг маҳаллада, — деди сўзга аралашиб Сафар бўзчи, — тақсиримнинг илмлари жуда дарё, ўзлари Бухорода хатим китоб қилғанлар.

Шаҳидбек гўё кўнгил учун яна:

— Кўб яхши экан, — деди.

— Мулла Абдураҳмоннинг илми дарҳақиқат яхши бўлған деб эшитаман, — деди махдум.

Сафар бўзчи мулла Абдураҳмоннинг тилагига қарши яна сўзлаб кетди:

—  Яхшилиққа  келганда – яхши,  бироқ  тақсиримнинг  толеълари  бир  оз  пастлик  қилиб туради. Бўлмаса мударрислик, муфтилик, мирзолик – буларнинг барига ҳам тақсирим етук…

Фақат  толеъ  паст-да,  бек  бобо.  Мана  энди  мирзам  оталиқ  қилиб,  ўрдадан  бирар  иш  топиб берсалар, тақсиримға ҳам офтоб тегса ажаб эмас. Ўзлари ҳам бир ҳафтадан бери мирзамнинг ҳақлариға дуода эдилар… а, тақсир, шундай эмасми?

Мулла Абдураҳмон Сафар бўзчининг қаршисида ҳозир ҳар бир ризолатка ҳам бўйин эгар эди. Манглайидағи терини артиб бесаранжом аҳли мажлиска қараб чиқди ва ғулдиранғансумон:

— Шундай, — деб юборди.

Махдум Сафар бўзчини мулла Абдураҳмон тарафидан воситачилик учун жўрттага келган, деб ўйлади.

— Мулла Абдураҳмон ўзимизники, — деди махдум, — албатта мирзо Анвар қўлидан келган ёрдамини аямас.

— Албатта, мунший тариқасида ўрдага олинса ҳам бўлади, — деди утта1 бек.

Анвар ваъда бериб қўйишни эп билмаганликдан, сўзсиз ултурар эди. Мулла Абдураҳмон ҳар замон манглай терини артиб олар эди. Сафар бўзчи тунови кунги адабсизликни тақсиримнинг кўнглидан  чиқардим,  деб  мулла  Абдураҳмоннинг  кўзини  учратишка  ва  озгина  бўлса  ҳам тақсиримдан  миннатдорчилик  олишға  тиришар  эди.  Бир  мунча  вақт  шу  кўйи  сўзсиз ўлтуришкандан кейин беклар фотиҳа ўқуб қўзғалмоқчи бўлдилар. Сафар бўзчининг яна оғзини очиб  юборишдан  қўрқиб,  ҳатто  қимир  этмай  ўлтурган  имом  ҳам  бекларнинг  фотиҳасига қўшулишиб  ўрнидан  турди.  Сафар  бўзчи  ҳам  мирзонинг  ҳақига  дуо  қилиб  имомга  эргашти.

Чунки имом билан биргалашиб кетиш орзуси, шу баҳонада тунови кунги паст-баланд гапларни мулла Абдураҳмоннинг кўнглидан чиқариш нияти бор эди.

Анвар  билан  хайрлашиб,  тўрт  киши  баробар  кўчага  чиқдилар.  Ўттуз  қадам  чамаси  бирга бориб,  Шаҳидбек  ўз  ҳавлисига  бурулди.  Яна  бир  оз  борғандан  сўнг  иккинчи  бек  ҳам  бошқа кўчага  кириб  кетди.  Мулла  Абдураҳммон  ҳам  Сафарбой “дўсти”  билан  бирга  юришни хоҳламади шекиллик тез-тез адим ташлаб ҳамроҳлик алоқасини узмоқчи бўлди. Бунга қарши Сафар ака уч ҳатлаб бир босиб, Абдураҳмоннинг ёнидан чиқди. Бу ҳолдан яна имомнинг феъли айнаб, йўл устида бирдан тўхтади ва Сафарнинг афтига бир турли мушук қараши қилди:

— Нега тўхтадингиз, боравуринг.

Сафар бўзчи Абдураҳмоннинг тўхтағанидан хабарсиз икки-уч адим нарига ўткан эди:

— Биргалашиб борамиз-да, тақсир.

— Мен сиз билан юришни хоҳламайман, жўнанг, жўнанг!

Сафар бўзчи тушунолмай бир оз қараб қолди:

— Нега, тақсир?

— Нега дейди-я, аҳмақ одам…

—  Ўзларингизни  айтишларингизга  қарағанда,  мусулмон  киши  учун  кина  сақлаш  бир рўймолни  ювиб  қурутқанча  экан, — деди  Сафар  бўзчи, — бизлар  бўлсақ  тўрт  кундан  бери шайтонни апичлаб юруймиз… Шуниси ҳам кифоя-да, тақсир.

—  Астағфирулло, — деди  имом, — сиз  ўша  куни  маним  устимга  уч  кунлик  гап қилдингизми?

— Шайтоннинг ишида, тақсир, — деди Сафар, — ахир, яна маним айтканим бўлди-ку, мен бунга бир нарса деяпманми? Недир, кинани қўяйлиқ деяпман-да.

Мулла  Абдураҳмон  истиғфор  айтиб  йўлға  тушти.  Сафар  бўзчи  ҳам  мулойимғина  унинг ёнида қўл қовуштириб жўнади.

— Хўш, кинани ташлаған бўлсангиз, — деди йўлакай имом, — нега боя уларнинг олдида оғзингизға келганини ўтладингиз?

— Яхшилиқдан бошқа ҳеч гап айтмадим. Фақат илмингизни мақтадим.

— Бошқа гап айтмадингизми?

—  Нима  дедим,  ахир?  Шунчалик  илмлари  бўлса  ҳам  толеълари  озғина  пастлик  қилиб турадир, дедим. Бу тўғри гап эмасми, тақсир?

— Мен сизга мирзодан хизмат сўраб беринг, деб ваколат берган эмас эдим-ку.

— Ваколат-ку, йўқ… Ахир, токай илмингизни хор қилиб масжидда ётасиз… Ахир, биравни ука, биравни ака деб сиз ҳам тузукроқ ишка қатишинг-да, тақсир.

— Астағфирулло… Балки менга подшоҳлиқдан ҳам шу имомат яхшидир.

— Бе-е-е, гўрними, тақсир, — деди Сафар бўзчи, — у гапни қўйинг, нафсиламр гап яхши.

Шаҳардаги бирарта мударрис домлани ўшандақа мирзобоши кўтарсалар йўқ дерми?.. Вой-боёв, тақсир,  сизга  ҳам  ўрдадаги  бир  мирзоликни  берса,  деб, “сизнинг  ҳақингизга  тақсирим  дуода бўлдилар”, дедим-да. Маним холислигимни шундан ҳам пайқасангиз бўлар эди, ука.

—  Астағфирулло, — деди  яна  имом, — дарҳақиқат,  мен  уни  шундай,  деб  дуо қилғанмидим… Ёлғоннинг нима кераги бор?

— Тақсирим бўлсангиз ҳам ҳали ёшсиз-да, — деб кулди Сафар. – Башарти ростини сўзлаб “сизнинг  мирзобоши  бўлишингизни  тақсирим  кўралмаган  эдилар”  десам,  хурсанд бўлармидингиз, вах-хах-хах, хех-хех-хех… Йўқ, тақсир, ўзингиз ҳам Бухорода ўқуған бўлсангзи керак:  китоблар  икки  жойда  ёлғон  айтишни  маъқул  деган  эканлар;  биттаси – эру  хотиннинг орасида,  иккинчиси – икки  мўминни  битириш  учун.  Буни  худо  раҳмати  домлам  ўқуб  берар эдилар. Шу гап қулоғимда қолған экан, мен дуруғ2 айткан бўлсам китоб сўзига амал қилдим-да, икки мўминни битиштириш учун сўзладим-да.

Мулла Абдураҳмон яна оғиз очолмади. Чунки Сафар бўзчи “китоб сўзи” билан уни енгиб қўйди. Маҳаллага келиб етдилар. Сафар бўзчи кинани тамоман кўнглидан ювиб ташлаған эди.

Шомни мулла Абдураҳмон орқасида ўқуш учун масжидга кирди. Жиловхонадаги намоз кутиб ўлтурган қавмлар ичидан Самад бўқоқ, Шукур сўфилар ҳам кўринар эдилар. Сафарнинг имом билан бирга масжидга киришидан таажжубланган Самад бўқоқ уни туртиб сўради:

— Ярашдингларми?

—  Кина  деган  рўмолни  ювиб  қуритқунча, — деди  Сафар  бўзчи, — янги  мирзобошининг уйидан домла билан бирга фотиҳа ўқуб келамиз. Ҳали эшитдингми, ўша маним мирзам ёрлиғ опти-я.

Самад бўқоқ индамай четка бурулиб кетди. Шукур сўфи шом намози учун такбир тушура бошлади.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Анови, нариги

2 Ёлғон

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонлик шоир усмон қўчқор вафот этди

Бугун тонгда таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор вафот этди. (more…)

Юлдузли тунлар-63

КОБУЛ ТОШГАН ДАРЁ ЎЗАН ИЗЛАЙДИ 1 Кечки пайт Кобул қалъасининг жанубидаги кўлдан бир тўп ўрдак учди. Кўл бўйидаги бўлиқ ўт-ўланлар орасида писиб ўтирган мирзо Ҳумоюн камондан ...

Ота-она орзуси

Иккинчи бўлим Азизбек Тошканддан жўнатилди. Унинг ерига Қўқондан Нормуҳаммад қушбеги белгуланиб келди. Азизбекни қўлға тушуриб бериш билан қипчоқлар наздида ҳам Юсуфбек ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400