МEҲРОБДАН ЧАЁН-ҲАЁТ ШАМЪИ

Неча  йиллар  Анварнинг  кўнглини  машғул  эткан  бир  муаммо  ниҳоят  орзуға  мувофиқ  ҳал қилинғандек, яъни шубҳа ичида қизарған муҳаббат ғунчаси висол хабари билан очилаёзғандев ва қуруқ томоша билан кечкан унинг ой, йиллари бу кун Раъно гулини искаш башоратига ноил бўлғандек  эди.  Дарҳақиқат,  бунча  йиллардан  бери  махдумнинг  эшигида  қолиши,  опаси Нодиранинг: “Мен сени онамнинг уйига чароғчи бўларсан, деб сўйинган эдим. Ўз истиқболинг учун  қайғирмай,  бир  кишини семиртириб  юришинг  ақлли  йигитнинг иши  эмас,  Анвар”  каби таъналарига бўйин эгиши ва ҳатто шу уйдан силжимаслик фикрида ўзи тиламаган вазифаларга ҳам уриниши яна шу башоратни олиш учун эмасмиди? 

Истиқбол  сўзини  ҳар  ким  ҳар  турлик  тушунадир.  Анвар  ўз  истиқболини  ёлғиз  муҳаббат орқалиқ кўрар эди. Ота-онанинг чароғини ёқиш учун аввало ўзига бир шамъи ҳаёт топмоқчи ва ўзи шамъсиз туриб ота-онаға чароғ ёқишни асло тасаввур қилолмас, яъни истиқбол Анварнинг фарди ҳаётида1 ёлғиз муҳаббат эди.

Йигитлар ўз истиқболлари қайғусида янги бино, янги рўзғор тузийдирлар ва ҳатто дунёда хаёлий ҳам бўлмаған рафиқалари учун кийим тикдирадирлар… Анвар эрса аввало Раъно каби бир рафиқаға эга бўлмоқчи ва шу воситада бошқа масалаларга қарамоқчи эди.

Анвар Султонали мирзога бояғи ваъдани бериб, бу хабар билан юраги шопиринған ҳолда уйга  келди.  Меҳмонхонада  ўзини  кутиб  ўлтурганлар  билан  нари-бери  ишни  битириб,  ичкари кирди.  Унинг  бу  кириши  ҳар  кундагидек  киши  билмас,  тасодуфий  эмас,  Раънони  кўришдан бошқа яна маълум бир маънони Раънодан ўқуш учун эди.

Раъно  айвоннинг  устунига  суяниб  китор  ўқур,  Нигор  ойим  ўчоқ  бошида  овқат  пишириш билан  машғул  эди.  Раъно  ўзига  қараб  келгучи  Анварга  ер  остидан  кулимсиб  олғач,  бир  оз кўриниб  турған  оёқ  учларини  сариғ  атлас  кўйлаги  билан  яширди,  атлас  кўйлакни  яхшиғина туртиб  турған  сирлик  кўкраги  устига  ён  ўрим  сочларини  олиб  ташлади.  Анвар  яқинлашғач, секингина китобдан кўзини олиб, “ҳорманг” деди, яна китобка юз ўгирди. Анвар келди ва унинг қўлидағи китобка қаради.

— Умар Хайём, — деди ва Раънонинг қаршисиға, ҳавлига оёғ солинтириб ўлтурди. – Қани, ўқу-чи эшитайлик.

Раъно китобни секингина ёпиб, Анвага узатди:

— Сиз ўқунг, мен эшитай.

— Ўзинг ўқи, бахилсан-да.

— Мен тўғри ўқий олмасам, тунови кунгидек куласиз…

— Жўрттага хато ўқуб, ўзинг кулдирдинг… Ўқи, Раъно.

Раъно китобни ерга қўйди:

— Мен ўқиб зерикдим…

— Маним учун ўқиб бер, деяпман.

Раъно йўлакка ишорат қилди:

— Дадам келиб қолади.

— Қаёқдан бу қадар уятчан бўлиб қолдинг?

Раъно табассум билан жавоб берди ва унда бир оз қизариниш белгиси бор эди. Анвар бу ҳолдан бир нарса сезгандек, сўзни бошқаға бурди:

— Кун иссиқми, терлабсан, Раъно?

Раъно бурни устидаги билинар-билинмас марварид резаларини рўймоли билан артди.

— Терлашим иссиқдан эмас, — деди кулимсираб Раъно, — бошқа нарсадан…

— Нимадан, қани?

Раъно бир оз эски кулавич ва мунаққидлик ҳолатига кирди:

— Сиз беклашканингиздан бери… сизни кўрсам уяладирған бўлиб қолибман. Терлашим ҳам

сиздан уялғанимға…

— Кесатуқ ҳунаринг эсингдан чиқдими, деб турған эдим. Ҳар начук ёдингда экан. Тағин, хўш?

— Хон жанобнинг муншийлар муншийси бўлған бир йигитнинг салобати борлиғини ким инкор этсин. Албатта, бу тўғрида канизингизга ҳақ берарсиз деб ўйлайман.

—  Хўб,  ҳақ  бердик, — деди  кулиб  Анвар  ва  ўрнидан  турди. – Башарти,  канизимиз уялмасалар, бизнинг ҳам бир амримиз бор: амр қилсақ уялмасмикинлар?

— Амрингизга маҳжуби инқиёд2 этишка канизингиз ҳозир.

— Канизларнинг ўз хўжалари билан ўлтуриб муомала қилишлари мумкинми? Амрга инқиёд этишдан илгари шу тўғрида жавоб берсангиз…

Раъно ирғиб ўрнидан турди, гўё канизлардек, икки қўли ёнида ва боши кўксида афу сўради:

—  Инсон  муштақ  ас  нисёнаст3…  Канизи  бетамиз  ҳамиша  афу  атоға  лойиқдир,  чунки зархарид4 хўжасиға содиқдир.

Анвар,  очиқ  ва  ўюн-кулгини  бир  дақиқа  ҳам  қўйиб  туролмаған  парининг  санъаткор  шу вазиятига кулимсираган кўйи анча қараб турди, ҳам ўзининг хўжалиқ рўлини бузмай:

— Мен суфада бўламан, фурсат топиб ёнимға чиқ, сенга айтадирған махфуй бир сўзим бор, — деди.

Раъно канизлар каби бош букиб “ҳозирман” ишорасини берди ва табассумга мойил жоду кўзлари  билан  Анварга  оҳиста  бош  кўтариб  қаради…  Анвар  ўзини  завқ  ҳам  кулгидан тўхтатолмаған  ҳолда  ташқариға  бурулиб  жўнад.  Ўчоқ  бошида  машғул  Нигор  ойим  ҳам қизининг кейинги ҳаракатидан кулиб, Анварга қаради. Лекин, Раъно билан Анварнинг доимий шунингдек ўюнлариға тушуниб қолғани учун бу тўғрида гап айлантирмади:

— Ошим пишиб қолди, Анвар, — деди ўчоқ бошидан кулимсиб, суфада бўласизми?

— Бўламан.

—  Отангиз  аср  намозидан  чиқиб,  бир  жойға  бориб  келаман,  дега  эдилар.  Сизнинг ошингизни сузуб чиқара берайми?

— Майли.

— Ташқарида болалар кўринса айтиб юборингиз-чи!

— Хўб.

Анвар махдумнинг қаёққа бориб келишини ўйлаған ҳолда ташқариға чиқди.

Шомдан  бир  оз  эртароқ  эди.  Енгилча  бир  шамол  суфа  атрофидаги  гулларни  эринибкина қимирлатар  ва  бу  қимирлатишдан  райҳонларнинг  ўткур  иси  ўқтин-ўқтин  димоғқа  келиб уринарди.  Ўн  икки-ўн  уч  кунлик  ой  кўкнинг  шарқи-жануби  қисмидан  туссизгина  бўлиб кўтарилиб келмакда, қуёш ботқан сайин унинг чеҳраси ҳар замон очилиб бормоқда эди. Шаҳар подаси  қайтиб,  теваракдан  сигир  ва  бузоқларнинг  ма-а-а-му-у-у-лари,  қўзичоқ  ва  қўйларнинг ба-а-а-бу-у-у-лари эшитилиб турар эди.

Анвар суфада ўрда юмишларидан баъзисини таҳрир қилиш билан машғул экан, ичкаридан Раъно чиқиб келд. Гўё Анвар Раънонинг келишидан хабарсизча ўз ишига қаттиғ берилган эди.

Раъно  оҳистағина  Анварнинг  ёниға  келиб,  суфага  суянди,  икки  қўли  билан  иягини  кўтариб, оралиқдан Анварнинг таҳририга қаради. Анвар ҳам мулойимғини кулимсиб Раънога кўз қирини ташлаб олғач, гўё илтифотсиз яна қаламини қоралаб, қоғоз устига бир-икки калима ёзди. Аммо учунчи  калимага  ўтканда  қалами  қўлида  ўйланиб  қолди  ва  бояғидек  ёнидағиға  кулимсиб қаради.  Раънонинг  ҳам  кўзи  унга  тўқнашиб  бир  оз  бир-бирларига  кулимсираган  ҳолда тикилишдилар…

— Нега тўхтадингиз, ёза беринг.

— Сенинг қилған ишинг доим шундай, Раъно.

— Масалан?

— Масалан… Ҳамиша иш чоғида келиб, фикрни бўласан.

— Мен ораға сўз аралаштирдимми?.. Ёза беринг, мен шундай қараб тураман.

Анвар Раънога ўнгланиб ўлтурди:

— Фойдаси йўқ, энди фикрни ўғирладинг.

— Мен фикр ўғриси эмасман… Қани ёзинг.

Анвар қўлидағи ёзилған қоғозни қўйиб, иккинчи оқ қоғоз олди:

— Энди бошқа нарса ёзаман?

— Майли ёзинг.

— Сен ҳам жавоб ёзасан, хўбми?

— Хўб.

— Тунови кундагидек жавоб тополмасанг нима қилай?

— Раъно суфага оёғ солинтириб ўлтуриб олди.

— Юзимга бир шапалоқ уринг, лекин сажъ қофияси осон бўлиш шарти билан.

— Маъқул, — деб кулди Анвар ва Раънога қараған ҳолда ўйланди. Бу ўйланишдан Раъно қошларини чимириб эътироз этди:

— Кўб ўйламанг.

Анвар жавоб бериш ўрниға қаламини қоралаб ёзди:

 

Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси,

Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг “Раъно”си.

 

Анварнинг қаламидан қоғозга тушиб борған сўзларни таъқиб эткан Раъно, қоғоздан кўзини олиб қизарди ва бош чайқаб тескарига қаради.

— Қани жавоб, Раъно?

Раъно  шу кўйи  бир  оз  Анварга  қарамай  турди  ва  қайрилиб  унинг  қўлидан  қалам-қоғозни олди-да:

— Уят қилмайсизми? – деб сўради.

— Маним ёзғанимни сен уят қилмасанг, мен ҳам сенинг ёзғанингни уят қилмайман. Лекин шарт шуку, маним икки йўлимға айни жавоб бўлсин.

Раъно яна бир оз ўйланиб, Анвардан яширинча ёзди:

 

Агар ор этса Лайли ҳақлидир Қайснинг жунунидин,

Не бахт, Раъно харидоринг талаб аҳлининг “Мирзо”си.

 

Раъно  ёзувни  Анварнинг  олдиға  ташлаб,  қизарған  ва  кулимсираган  ҳолатда  чопиб  гуллар ёниға кетди. Анвар жавобни ўқуб завқланди:

— Офарин, Раъно, лекин биравнинг устидан ортиқчароқ муболаға қилибсан.

Раъно гуллар ёнидан Анварга жиддий қаради:

— Сиз ҳам муболаға қилған эдингиз.

—  Маники  муболаға  эмас, — деди  Анвар, — масалан,  сен  ҳозир  гуллар  ёнидасан,  ҳам чиндан-да, гулларнинг раъносисан… Мана, мен яна ёза бошладим; жавобға ҳозирлан, Раъно.

Раъно югуриб Анварнинг ёниға келди ва унинг қаламидан томған сўзларни ўқуб борди:

 

Ҳамиша хавфда кўнглим бу муҳаббат интихосидин,

Мени ҳам этмаса мажнун дебон Раънонинг савдоси.

 

Раъно  кейинги  мисраъни  ўқуб  ўйланиб  қолди.  Анвар  ҳозирги  Раънонинг  ўйчан  кўзига анчагина тикилиб турғач, кулимсиди:

— Жавоби қийин келдими, Раъно?

— Қаламни беринг, — деди Раъно ўпкалаган қиёфатда қўл узатиб, — ўйлағали ҳам фурсат бермайсиз.

Ёзди:

 

Муҳаббат жомидин нўш айлаган5 аҳли зако бўлмиш,

Фунуни тибда мажнундир кишининг куйса сафроси.

 

— Енгдинг, раъно, енгдинг, — деди Анвар, — лекин кейинги мисраъда бир хато қилдинг…

— Масалан?

— Тибнинг айтишича, сафро эмас, қон куйса, киши жинни бўладир…

—  Қоннинг  бузулишиға  аввало  сафронинг  куйиши  керак,  сафро  куймай  туриб  қон бузулмайдир… Хўш, яна ёзасизми ёки енгилдингизми?

— Енгилдим…

— Енгилган бўлсангиз, ютуғимни беринг.

Анвар юзини тутиб берди. Раъно бўшқина унинг юзига уриб қўйди.

— Агар шу гал ҳам енгсам, — деди Анвар ачиниб, — мен сени уруб ўлтурмас эдим…

— Нима қилар эдингиз?

— Энди фойдаси йўқ.

— Айтинг-да, агар менга ҳам маъқул бўлса, урғаним ҳисоб эмас, бўшқина урдим-ку.

— Лекин сен уни қилолмайсан…

— Нега қилолмайман, қани айтинг-чи.

— Қилолмайсан… — деб кулди ва бир оз айтишка кучланиб турди. – Мен… мен сенинг юзингга қўлим билан эмас, оғзим билан урар эдим…

Раъно  қизариб  ерга  қаради.  Юзга  оғиз  билан  уришни  ул  ўз  умрида  биринч  мартаба эшитканлиги учун  қизаришқа ва  ерга  қарашға  ҳақли  ҳам  эди.  Ўзининг  ёзған  муҳаббатка  оид шеърлари ва Анварга берган ҳалигидек жавоблари билан чин бир маҳбуба ва маъшуқа бўлиб кўринса ҳам, лекин кейинги гапларга ҳануз ошна эмас ва юзга оғиз билан уришлардан тамом бегона  эди.  Бу  гап  Анварнинг  ҳам  биринчи  жасорати  бўлиб,  иккиси-да  шу “янгилик”нинг ўнгғайсизлиғида қолдилар.

Гумбази  нилигун  қандилида6  шамъи  кофурий7лар  ёқила  бошлаған  эди.  Ой  ҳам  бир  оз нурланиб,  турмушка  янги  қадам  босқан  бу  икки  ёшнинн  ҳозирги  ҳолларидан  кулимсигандек кўринар  эди.  Бояғидан  бир  мунча  кучаятушкан  шамол  гулни  гулга  қувиштириб,  гўё  бу  икки ёшға: “Сиз  ҳам  ман  шу  гуллар  каби  қовишинг”  дегандек  бўлар  эди.  Ўнгғайсизлиқда  қолған Раъно хижолат аралаш Анварга кулимсиб бош кўтарди.

— Мен сизнинг “амрингизга” мувофиқ чиқған эдим.

—  Амримга  мувофиқми? – деди  Анвар  ва  Раънонинг  кўзига  тўғри  қараб  илжайди: —

Шомдан кейин.

— Нима шомдан кейин?

— “Амримга” мувофиқ чиқишинг.

— Ҳозир-чи?

— Ҳозир мумкин эмас.

Раъно ўпка билан Анварга қаради ва туриб ичкарига жўнади.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


1 Шахсий ҳаёт

2 Яширинча бўйсуниш

3 Фаромушхотирлик айрим пайтларда инсон учун хос хусусиятдир

4 Қул

5 Ичмоқ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 15-қисм

Тўртинчи кун тонг азонда қорли тоғларнинг букир тизмалари кўзга чалинди. Поезд улар кетаётган Чу ва Мўйинқум чўлларига яқинлашарди. Теп-текис кенгликлардан сўнг келадиган ...

Шавкат раҳмон-эсдалик

  Унуттаним йўқдир ҳали ўрикзорни, асов сойни, сой бўйида кўздан холи бақатерак ўсган жойни. Унутганим йўқдир ҳали ўйинқароқ зилол сувни, тол тагида шом маҳали ғира-шира ...

Бизда ким кўп йиғлайдир?

10. БИЗДА КИМ КЎП ЙИҒЛАЙДИР? Ғайри машруъ талоқ хати текканига олти ойларча фурсат ўтиб кеткан эди. Кумушнинг гўзаллик таърифини ғойибона эшитиб, оғзининг суви келгучи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400