МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЗУЛМ ЎЧОҒИ

Худоёрхонға 1283-нчи  йилда  учунчу  мартаба  тахтка  чиқиш  насиб  бўлди.  Унинг  охирға салтанати  хонлиқ  истибдодининг  аччиғ  зулм  ва  таъаддиларининг  жонсўз  қора  саҳифаларини ташкил этадир. 1283-нчи ҳижрийдан 1292-нчигача бўлған саккиз йил, Худоёрнинг эркин нафас олиб, Фарғона устида ўзи тилаганча қамчи ўйнатқан ва зулм тиғини камбағаллар қони билан сарбаст  бўяған  сўнгғи  давридир.  Мамлакатни  обод  қилиш  баҳонаси  билан 1284-нчи  йилда Қўқон косибларини ҳақсиз – муфт1 ишлатиб янги раста, карвон сарой, пахтасарой ва коппонлар бино  қилдирди. 1285-нчи  йилда  Қўқоннинг  Урганч  мавзеъида  машҳур  Оқсаройни  солдирди, узоқ  жойдан  ариғ  қазитиб  келиб,  Оқсарой  атрофини  суғортирди.  Иссиғ  кунларда  салқинлаш, малика  хонимлар  билан  ишрат  қуриш  учун “Боғи  Эрам”  ясатди.  Онаси  Ҳоким  ойимнинг васиятига мувофиқ, 1286-нчи йилда “Ҳоким ойим мадрасаси” деб машҳур мадрасани, яна шу йилда  Амир  Умархон  тарафидан  асоси  қўйилған  маълум  янги  ўрдани  ҳам  теварагида  боғ  ва гулзорлари билан ишлатиб битирди2

1286-87-нчи йилларда “Улуғ наҳр”, “Хон ариғ” деб машҳур ариғни қазитди. 1287-нчи йилда ўз  номидаги “Мадрасаи  олий”ни  ва “Дахмаи  шоҳон”ни, 1288-нчи  йилда  Қўқоннинг  эски қаландархонасини  бузиб,  янгидан  таъмир,  ҳам  ўлган  оғаси  Султонмуродхон  исмига  мадраса бино қилдирди. Ва ушбу йил ўғли Ўрмонхоннинг хатнаси учун бир юз йигирма кун ош бериб, тўрт ойлиқ тўй эълон қилди. Шундоғки, ҳар кун икки юз қозон ош дамланар, саккиз юз танур нон ёпилар, икки юзлаб улоқ берилар, мамлакатдан тўйға келгучи аъёнға ҳар кун минглаб тўн кийдирилар эди.

Бу қадар саховат, бунчалик дабдаба, албатта, хазинадаги олтинлар кучи билан бўлғандир, деб баъзиларнинг кўнглига келар. Хонлар ва подшоҳлар хазинасидаги олтинлар манбаъи ҳам фуқаронинг  билак  кучидир.  Лекин  Худоёрнинг  саховатпешалиги  ва маъмуриятпарварлиги меҳнаткашнинг хазинага олтин суратида йиғилған кучидан эмас, бевосита билак кучидан, кўз ёшидан  эди. Cунки  Муҳаммадалихон  давридан  бошланған (1240) ўзаро  тахт  талаши,  ўзбек-қипчоқ  жанжали  ва  бошқа  тўполонлар  хазинани  ялаб-юлққан.  Худоёр 1283-нчи  йил  тахтка ўлтуришида эшиги очиқ – бўш хазинагагина эга бўлған эди.

Бу “маъмурият  даври”  саналған  беш-олти  йиллар  Фарғона  фуқароларининг  умҳузн3лари, қора  кунлари  бўлған  эди.  Худоёрнинг  Сирдарёдан  сув  чиқариш  можаросини  мисол  учун олайлиқ.

Хоннинг раъйи сув чиқаришға тўхтади. Хазинанинг бўшлиғини, ўйланған ишнинг ниҳоятда улуғлиғини андиша қилмади. Қаламравидаги барча шаҳар ва қишлоқларға саркорлар, чўғоллар тарқатди.  Улар  халқдан  солиқ  йиғишқа,  ёрдам  тўплашқа  буюрилгаън  эдилар.  Бу  ихтиёрий равишдаги  ҳозирликдан  сўнг, “мамлакатимдаги  ҳар  бир  хонадон  битта  кетман  ва  битта мардикор берсин!” деб истисносиз умумий бир фармон ҳам бўлди. Қамчиси кўкда тобланиб, ханжари заҳар сочқан “хон ҳазратнинг буйруғиға” ким қарши бора олсин. Ҳар бир оила, гарчи, рўзғор бошлуғини бўлса ҳам, битта кетман билан хон таъйин қилған жойға йўллай бошлади. Бойлар битта мардикор ёллаб бериш устига от ёки арава ҳам топишқа мажбур эдилар.

Eни  олти,  бўйи (чуқурлиғи)  беш  газдан  ўн  беш  газгача  қазиладирған  ариғнинг  узунлиғи ўттуз  чақирим  ва  шу  ўттуз  чақиримлиқ  ариғ  қазилиб  битканда,  Наманган  ва  Андижон туманларидан икки минг ботмонғача ер суғорилар эди. Шу йўсун ариғ қазила бошланди. Лекин ишчи кўб, озиқ-овқат йўқ эди. Бойлар киши ёллаб қутулғанлар, ўттуз чақиримлиқ ариғ хатига бола  чақасини  оч  ташлаб,  кетман  кўтариб  келган  нуқул  меҳнаткаш,  косиб  ва  деҳқонлар чизилғанлар эди. Ўз ёнларидан сарф қилиш учун оқчалари, ҳукумат тарафидан бериладирган овқатнинг салмоғи йўқ эди. Иссиғ қуёш остида, гиёҳсиз чўл бағрида кетман одатдагидан кўброқ ем талаб қиладир. Ариғ қазувчиларнинг овқатдан силлалари қуриб, иликлари пучайган, ердан ўн  қадоқ  тупроқ  олиб  ирғитишқа  эмас,  ҳатто  кетманнинг  ўзини  кўтаришка  ҳам  дармонсиз эдилар. Хон тарафидан улар устига ишбоши қилиб белгиланган саркорлар, очлиқ ялқовлиғини чинга  ҳисоблаб,  қулоқ  эшитмаган  сўкишлар  билан  бечораларни  таҳқир  этар,  сулайиб йиқилмағунча  кетманни  ташлатмас  эдилар.  Ҳар  ўн  беш-йигирма  кунда  ариғ  бошиға  келиб турғучи  хон,  саркорларнинг  сиъояти4  билан  ҳар  бора  бир-икки  меҳнаткашни  қовлиқда,  ўзига итоатсизликда  айблаб,  кўбчилик  кўз  ўнгида  бўғизлатар  ва  ҳар  гал  келиб  кетишида  шунинг сингари мазлумлар қони билан янги “Хон ариғ”ни намлар турар, бу зулмни ўз кўзлари билан кўриб турған бечоралар очлиққа, дармонсизлиққа қарамай жон аччиғида ишка ёпишар эдилар.

Шу йўсун зулм зарби остида ниҳоятда улуғ иш бир йилга ҳам қолмай итмомиға еткан, минг чақиримлар  бўйлаб  Сирнинг  сирлик  суви  кумуш  каби  оққан,  гиёҳ  унмаган  чўллар меҳнаткашлар  қони  бўлса  керакким,  хоннинг маъмуриятпарварлиги,  яъни  унинг  мадрасалар, тўрт ойлаб тўй бериши хазинада асрлардан бери йиғилиб ётқан олтинларни сарф қилиб эмас, тўғридан-тўғри фуқарони муфт, мажбурий ишлатиш йўли билан эди.

Хоннинг гарчи зулм билан бўлса ҳам солған мадрасаларига, қаздирған ариғалариға таҳсин қилғучи, “золим  бўлса  ҳам  маъмуриятпарвар  экан”  дегучи  баъзи  биравлар  орамизда  топилиб қолур. Шунинг учун хонни “маъмуриятпарвар” қилған омиллар устида тўхталиб ўламиз:

Хон икки мартаба тахтдай ҳайдалиб, анчагина тажриба ортдирған, учунчи мартаба тахтка ўлтуриши  маданиятлик  ўрус  истибдодининг  Тошкандин  олиб  Хўжандга  ҳам  қўл  узатқан саналарга  тўғри  келган  эди.  Бу  кунги  шароит  тажрибалик  хонни  бошқача  сиёсат  ушлашка мажбур этар эди. Ниҳоятда қаттиғ қўллиқ бўлиш, юқори табақа ҳисобланған уламони, ашрофни ўзига қаратиш лозим ва тахтига аждаҳо каби оғиз очиб келмакда бўлған ўрусларга қарши ўз маданиятини  қуриб,  жавоб  бериши  керак  эди.  Шунинг  учун  меҳнаткашни  раҳмсиз  ишлатиб мадрасалар  бино  қилмоқда,  ариғлар  чиқармоқда,  сарой  ва  расталар,  қаландархона  ва  ўрдалар ёпмоқда эди. Абдукаримхондан бери ўнлаб хонларға яраб келган ўрдани бўзиб, янги ўрда бино қилиши  ўз  кайфига  қарағанда  ҳам  ўрусларга  жонлилиқ  кўрсатиш,  ялтирасин  шаъну  шавкат билан Фарғонани ўз қўлида сақлаб қолиш учун эди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


 

1 Текин

2 Эски  ўрда  Шаҳруҳ  хоннинг  ўғли  Абдукаримхон  тарафидан 1145 ҳижрия  миёналарида  бино  қилинған.  Худоёрнинг орзулариға жавоб бералмайдирган ҳолға келиб эскирган эди (муал.)

3 Умумий хафалик

4 Чақимчилик

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-ўшкент лаҳзаси

Оқ чўққилар, шавақи сойлар яшилликка кўмилган моҳтоб. Мовий осмон ёйилмасида сузар улкан олмадай офтоб. Хаёлимнинг тиришларига гуллар оқиб келар қаёқдан — рўмолларнинг ...

Чингиз айтматов:қиёмат 31-қисм

Июль охирлаб қолганди. Кунлардан бир кун мен газета редакциясидан кўнглим хира бўлиб чиқдим.  Юрагимга  қил  сиғмасди.  Негаки,  кутилмаганда  менинг  чўл  очеркларимга ...

От кишнаган оқшом (қисса) 27-қисм

27 Эртаси куни отлар сероб бўлди. От кўплигидан бинойидай отлар-да тўдага тумшуғини тиқолмади. Бир ош пиширим вақт ўтди. Улоқ ердан қимирламади. Қимирласа-да, беш-ўн одим ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400