МEҲРОБДАН ЧАЁН-ХАЙРУЛ-УМУРИ АВСАТУҲО

Деҳқон “озғина бер” деб тилангучига нима беришини билмаган ҳолда йўлакдан чиқиб кетди. Махдум  терлаган,  довдираган  йўсунда Анвар  билан  ичкарига  юрди.  Бир оз  сўзсиз  борғандан кейин секин Анварнинг афтига қараб қўйди.

—  Ғози  эшон  ҳузурингизда  экан, — деди  махдум, — ўзи  кўб  бемаъни  одам…  Зиёфат-миёфат деб яқин бир соат вақтимни олди. Ўзи кўб таммоъ одам. Сизга ҳам зиёфатдан дам урған бўлса керак?

Анвар илжайиб бош ирғатди. Махдум Ғози эшондан койиб давом этди:

—  Тамаъ  ўзи  кўб  мазмум1  суфат…  Чунончи,  азза  ман  қанаъ,  залла  ман  тамаъ2…  Отаси марҳум  ҳам  беҳад,  тамаъкор  эди.  Ит  еганини  қусиб,  ўғли  ундан  ҳам  расвороқ  чиқибдир.  Бу авлоднинг  каттадан-кичиги  бир-биридан  баттар…  Муфт3  ариза  ёздирибсан,  кета  бер.  Яна  бу ўртада зиёфат ба чи маъни?!

Анвар махдумнинг сўзига кулиб, орқада борар эди. Махдум ичкарига томон сўзланиб кирар эди:

— Такаллуф лозим эмас эмиш: мантими, сомсами — ҳар начук оғизға ёқадирған таом бўлса кифоя  эмиш.  Кабоб  бўлса  емасмидингиз,  эшон?!  Тўйға  ўзи  бош  бўлиб  турар  эмиш,  одам кутишни бениҳоят билар эмиш.  Эй…  ман сандек  таммоъни тўйбоши қилиб телба бўлдимми? Уйидан тоқ келиб, жуфт кетмакчи-да, бу таммоъ.

Махдум шу сўз билан ичкарига кириб, ҳавли саҳнида чақалоқ кўтариб турған Раъно ёнидан айвонга ўтди. Махдумнинг орқасида кирган Анвар Раънонинг олдида тўхтаб, ундан чақалоқни олди. Отасининг юзида аччиғланиш сезган Раъно Анварга “нима гап?” деган каби им қилған эди, Анвар кўз қисиб, арзимаганлик ишорасини берди.

Махдум  айвонга  чиқиб  ўлтурар  чоғида  яна  бир “астағфирулло”  деб  қўйди.  Чунки  кайфи жуда  ҳам  бузулған  эди.  Илгари  масжиддан  кеч  қайтиш  билан  бузулған  авзо,  Ғози  эшоннинг “пастлиги” ила жуда ҳам авжига чиққан эди. Бу кунги кутилган “даромад” сартопо4 фалокатка учраб, махдумнинг кўнглини ғаш қилған, айниқса деҳқоннинг ҳам текинга қутулиши ва ўзининг Анвар  олдида  шарманда  бўлаёзиши…  Буларнинг  ҳаммасига  шу “паст”, “таммоъ”  сабабчи  ва шунинг учун ҳам махдум Ғози эшон тўғрисида ҳар бир сўзни айтишдан тортиниб турмади.

Анвар ҳавли юзида чақалоқни восита қилиб, Раъно билан сўзлашар эди. Махдум кечки ош пишириш  билан  машғул  Нигор  ойимдан  таомнинг  тайёр  бўлиш  вақтини  сўраб,  Анварни  ўз ёниға чақирди.

— Қани, бу ёққа, Анвар! — деди махдум. — Таомни шу срда тановул қилсақ ҳам бўлур…

Сен,  Раъно,  укаларингга  қара-чи:  Мансур  ташқарида  кўрингандек  эди;  дарбозани  ҳам занжирлаб кир, қизим!

Раъно ташқариға чиқиб кетди. Анвар қўлида чақалоқ билан айвон муюшига келиб ўлтурди.

Чақалоқ Анвар қўлидан ирғиб ҳар тарафка талпинар ва турлик товушлар чиқариб қичқирар эди.

Махдум чақалоқнинг ҳаракатига қизиқсинди:

—  Мам-мам,  мам-мам-мам, — деди  қўлини  чақалоққа  уйнатиб, — ду-ду-дув,  ду-ду-дув… ҳай баччаталоқ, ҳай баччаталоҳ!.. Беҳад шўх бўлибти-да, беҳад, ду-ду-дув!

Чақалоқ махдумга талпинар, кичкина қўлларини гоҳ очиб, гоҳ юмар эди.

— Кел, йигит, кел! Алҳол хом-да, хом; қизамиқ чиқиб ўтса эди. Ду-ду-дув!

Раъно укаларини бошлаб кирди. Махдум чақалоқни қўйиб, болаларни койиб кетди:

—  Ҳай  бемаънилар!  Чақирмаса,  уйга  киришни  билмай-санлар!  Кийимни  қара,  кийимни!

Турпоққа ағнадингми, эшшак! Қоқ, қоқ, ешиб қоқ! Аттанг-а, эсиз кийим… Буларни энди нима қилса бўлади, Анвар?

Анвар махдумдан қўрқиб турған болаларнинг аҳволиға қараб, кулимсиди:

— Эси кириб қолар.

— Қиёматдами? Буларнинг татиғини бермасам…. ҳе, кўзларинг қурсин! Раъно, сен акангга кўрпача солиб, укангни ол, онангға айт, ош дам еган бўлса, сузсин!

Раъно айвонга кўрпача ёзиб, Анвардан чақалоқни олди ва онасининг ёниға кетди.

— Анвар, қани кўрпачага чиқинг! Қўлларингни ювиб кел, эшшаклар!

Болалар югуришиб ариққа кетдилар. Анвар ҳам қўл ювиш учун болалар орқасидан борди. Ариқнинг суви жуда лойқа эди. Анвар болаларни ариқдан қайтариб, обдастадаги тиниқ сувдан уларнинг қулиға қуйиб, ювинтирди. Навбат ўзига етканда айвонда туриб, махдум бақирди:

— Раъно, акангнинг қўлиға сув қуй!

Анвар  Раънонинг  келиб  сув  қуйишиға  қарамай,  ўзи  ювина  берди.  Раъно  етиб  келгунча қўлини ювиб олди. Махдум қизидан аччиғланди:

— Жуда суст қадамсан-а, Раъно. Сени талқон еб сувга юборған киши қайтиб келгунингча, тиқилиб ўлади!

Махдумнинг ташбиҳидан Анвар ва Раъно кулишдилар. Сўзни жойида ишлаткани учун бўлса керак, махдумнинг ўзи ҳам кулимсиради:

— Тўғри-да, мирзо Анвар, қўли суст косибдан оёғи чаққон гадой яхши эмиш!

Улар яна кулишдилар. Махдум завқланди. Анвар кўрпачага чиққандан кейин Раъно ўртаға дастурхон  солди.  Нигор  ойим  сопол  лаганда  палов  келтириб,  ҳаммалари  бирга  ошқа ўлтурдилар. Ош ўхшалған эди. Биринчи ошамдаёқ махдум Нигор ойимни тақдир этти:

— Бу кунги ошинг дуруст, Нигор… Бироқ гўштни кўб солибсан.

Нигор ойим кулимсиб Анварга қаради:

— Гўшт кўб бўлса ош ўхшаладир.

— Хайрул-умури авсатуҳо, Нигор5.

— Бу сўзнинг ошқа гўштни кўб-оз солиш билан нима алоқаси бор?

Раъно онасининг бу сўзи билан пиқ этиб кулди. Анвар юзидаги кулгини яшириш учун четка қаради.

—  Ҳадиснинг  ҳукми  ом6,  Нигор, — деди  махдум. — Бундаги  умур — умурид-дунё7, умурид-дунё иборат аз ҳаракати аҳли мўъмин. Инчинин8, бу ҳадиснинг амалиёти охират учун ҳам ҳукми жорийдир9… Масалан, шабу рўз савм10 ва салот11 мўмин кишини жисман нотавон ва нафақаи аҳли аёлдан ожиз қиладир. Бас, бу ҳолда ибодатнинг касрати, яъни тоатда ифрот12 ҳам хайрул-умурга қўшилмас, зеро, фарз ва суннат банда учун кофий эрди. Маънойи кофий чист, ай авсат13…  Бинобарин,  бу  ҳадиси  шариф  рўзғорот  борасида  дастур  тутилса,  яна  айни  ҳикмат  ва савоб.  Масалан,  ошқа  йигирма  пайса  гўшт  солмоқчисан;  аммо “авсат”  қилмоқ  ниятида, мазкурдан  ўн  пайсани  ажратиб  қолдинг.. .Бас,  ҳикматни  томоша  қил;  эртаси  кун  ошинг  яна жазлик,  яъни “авсат”  билан  икки  кунлик  эҳтиёждан  қутилиб,  савобга  ҳам  дахлдор  бўлдинг.

Ҳикмати дигар14: дунё важҳинг15 яхши эрди. Таомни яхши мазалик еб, нафсинг яхши ошқа ҳў16 қилди.  Вақти  келиб,  афтодаҳол  бўлдинг,  кунинг  гўштсиз  таомға  қолди:  аммо  нафси амморангни17 сержаз ошқа ҳў қилдирғанинг важҳидан гўштсиз ош оғзингға ёқмайдир, бу — бир азият; сониян: лазиз ошқа ҳў қилған нафсинг тақозаси билан, анвоъи ҳабосатларга ва мазмум кирдорларга18  иртикоб19  қилмоғинг  хавфи  ҳам  бордир;  бу  нимадан  келди?  Албатта “авсат”ка риоясизлиғингдан.

Махдумнинг “амри маъруфи” Нигор ойимға қаратиб сўзланса ҳам, ҳақиқатда умумий, яъни, бир ўқ билан бир неча қушни урмоқчи эди. Бироқ, қаршиға қараб отилган бу ўқдан махдумнинг ўзи ҳам амин эмас, агар лаган теварагидагй ўлтурғучилардан бири туриб, бошқаларидан қатьи назар,  фақат  бу  кунги  хайрул-умурингизни  мисолга  олайлиқ: “Йўлакдаги “умурид-дунёнгиз” ўзингиз  айткан “авсат”ка  кирадими?”  деб  сўраса,  билмадикки,  махдум нима  деб  жавоб  берар эди. Мадраса кўрган Солиҳ махдум, балки бу саволдан ҳам шошиб қолмас. Китобнинг “нафақа” баҳсидан варақ очиб, “нафақаи аҳли аёл” учун бўлған “ҳаракат”нинг фарзлиғидан ва бундаги ҳисобсиз савоблардан дам уриб, “нафақа” билак иши йўқ баъзиларни “ерга қаратса” ҳам мумкин эди… Лекин ўқ еганлардан ҳеч бириси махдумга қарши чиқмағанларидек, унинг сўзини тасдиқ этиш  белгисини  ҳам  кўрсатмадилар.  Эҳтимолки,  улар  муқобалага  ожиз  эдилар  ёки  қарши чиқишға  орада  бошқача  бир  сабаб  бор  эди.  Фақат  бир-бирисига  қарши  ўлтурган  икки  ёш маънолиқ кўз уриштириб кулимсидилар.

Махдум амри маъруфдан кейин ошқа қаради, кўб вақт сўзсиз фақат ошдан бош кўтармади.

Махдумнинг  даъвосича,  ҳар  бир  ишда  ҳам “авсат”  мезондир.  Лекин  ош  олишда  бу “мезон” унутилди.  Бошқалар  ора-чора  бир  гўшт  қўшиб  олғанда,  махдум  бир  ошамни  ҳам  гўштсиз юбормаслиққа тиришиб борди, яъни “авсат”дан ўтиб “аъло”да иш кўрди…

Ошни  яримлатқанда,  махдум  лагандан  бош  кўтариб,  Анварни  тузукроқ  олишға  таклиф қилди, болаларни ошни тўкиб ейишда айблаб, Раънони чипхўрлиги учун койиди:

— Чипхўрсан-да, қизим… Шу ҳам ош ейишми?

— Меники адно20, — деди Раъно.

Бу сўз Анвар ва Нигор ойимларни товуш чиқариб кулишка мажбур этди.

— Сенга бир сўз тегмасин, қизим, — деди кулиб махдум. — Ошни суст еган киши, ишда ҳам суст бўладир.

— Бўлмаса, ошни “аъло” ейиш керак экан-да…

— Оғзинг куймаса аълоси ҳам дуруст.

Яна кулишдилар.

— Ҳай, воқиъан, — деди махдум, кулги ораси тўхтаб. — Мирзобошидан бир илтимосимиз бор экан, ёдимдан чиқаёзған экан… Ким ҳали… ҳабба, боя мулла Абдураҳмон келган эди. Ўшал ваъдамизга мувофиқ сиз билан учрашмакчи экан. Чоғи ул ҳам мирзолиққа киришмакчи. Хўб, мен мирзо Анвар билан гаплашиб қўярман, ўз ёниға олса керак, дедим. Узи яхши мулла бўлған кўринади, закки табъ21 йигит…

Анвар бир оз ўйлаб турди.

— Ким у мулла Абдураҳмон, хотирлай олмадим?

—  Ўзимизнинг  мулла  Абдураҳмон-чи,  ахир…  Ерлиғ  олған  кунингиз  фотиҳага  келган  ёш имом.

Анвар яна бош чайқади:

— Ҳеч бир эсимда йўқ.

—  Хўб, — деди  махдум  ўнг  кўзини  қисиб. — Ўшал  кун  фотиҳага  келган  бўзчи мухлисингизни хотирлайсизми?

— Хотирлайман.

— Ҳабба, энди ўшал бўзчининг устига кирган ёш муллани ҳам хотирлаб қаранг.

— Хотиримга келди… Ўзи ёшлиғида бизнинг мактабда ўқуған?

— Ҳабба, — деди махдум ва баҳска Нигор ойимни ҳам тортди, — уни сен ҳам биласан.

— Мен қаёқдан билай?

— Ўзи Бухорода ўқуб келган, Раънога бир неча қайта совчилар юбориб юрған одам.

Нигор ойим боши билан “танидим” ишорасини бериб, Анварга секин кўз қирини юборди. Раъно “совчи”  сўзи  билан  энсаси  қотқандек  сочиқни  олиб  қўлини  артди.  Махдум  кейинги сўзини  ўйлаб  айтдими,  йўқми — ҳар  начук  Анварда  ғаюрлик  каби  бир  ҳис  уйғониб,  ўзидан жавоб куткучи махдумга илтифотсиз, Раънодан сочиқни сўради.

— Нега қўл артасиз, Анвар. Кун бўйи оч юриб, еган ошингиз шуми?

Анвар  Нигор  ойимға  раҳмат  айтиб,  тўйғанини  сўзлади  ва  қўл  артар  экан,  чақалоққа  гап қотди:

— Анвар билан Раънонинг тупроғи бир жойдан олинған, — деди махдум ош ошалаб, чунки ҳануз уники “авсат”ка етмаган эди, — иккиси ҳам кам таом.

Махдумнинг бу сўзи юқоридағи гуноҳини ювғандек бўлди. Улар бир-бирларига қарашиб, илжайишдилар. Нигор ойим ҳам оғирлиқдан чиқди.

— Шундай, Анвар… Шу йигитни ўз ёнингизға олсангиз, қалай бўлар экан?

— Ҳозирча мирзоға эҳтиёжимиз йўқ.

—  Мирзога  эҳтиёжингиз  бўлмаса  ҳам,  яна  шундай  кишиларни  олғанингиз  маъқул,  деб ўйлайман.  Зеро  бундайлар  ўзингазга  синамол,  яна  ўз  тарбиянгизда  етишсалар  бошқалардан сизга  хайрихоҳроқ,  инчинин,  хизматингизга  азтаҳидил  камарбаста  бўлурлар.  Бу  ҳам  бир маслаҳат-да, болам Анвар.

— Ўйлашиб кўрармиз.

— Ўйлашқан албатта яхши ва лекин мен буни кўб вақтлардан бери андиша қилур эрдим.

Билохир22, амниятингиз учун бу тадбирни кўб пухта идрок қилдим. Зеро, Султонали мирзодек ҳамкуфларингиз23 кўпайса хайриятингиз, деган мулоҳаза фикримга келди.

— Балки тўғридир…

Анварнинг кўзи дастурхонда эди. Бу тўғрида қатьиятсиз муҳмал жавоблар беришидан недир туйинған  Раъно  Анвардан  кўз  олмай  турар  эди.  Нигор  ойим  Мансурга  қолған  ошни  едириб қўйиш билан ора-чора гапка ҳам қулоқ солғандек бўлар зди.

Махдум кекириб, сочиқ сўради.

— Бу андишанинг ҳақлиғида шак йўқ, Анвар, — деди ва дастурхондаги донларни териб, оғзиға ташлади. — Менга таслим бўлиб ибтадаан шу мулла Абдураҳмонни ўз ёнингизға олинг.

Ул бир неча ойғача муфт хизмат қилишға ҳам рози.

— Масала унинг муфт ёки ҳақли хизмат қидишида эмас.

— Яъни, масалан?

— Мен янги мирзо бошлаб борсам, у ердагиларга оғмр келмасмикин, деб ўйлайман.

— Ул мажжонан24 хизмат қилади, бас, мирзоларингизға нима оғирлиқ?

—  Яна  ҳар  ҳолда,  бир-икки  ойдан  кейин  бўлса  ҳам  уларга  рақобатчи  ортадир…  Айниқса бизнинг Шаҳодат муфти кабиларнинг феъли сизга ҳам маълум.

— Шаҳодат муфти ўзи қандай ит! — деди махдум. — Андишамиз ҳам бамисоли шундай итлар қаршисиға ўз кишингизни тиккайтариш эмасми? Ёшлиғингиз бор, болам, ёки янги мирзо олишда биравнинг рухсатига ҳожат борми?

— Йўқ.

— Ана, холос. Аз карнайчи як куф. Мен эрта унга айтай, ҳузурингизга бораверсин.

— Бориши қочмас… Илгари мен у ердаги баъзилар билан кенгашайин-чи.

— Хўб, уларнинг юзи учун кенгашкан маъқул: аммо, баҳарҳол олмоқ керак.

Махдум фотиҳа ўқуб, шом намозига қўзғалди. Ташқи йўлакка етканда, ёдиға Ғози эшоннинг бемаънилиги келиб гушти, шу қаторда тўй, тўйға иштирок этадирган казолар, хоним ойимлар, ҳаммадан ҳам муҳим ва қизиғи ёмғур каби ёғиладирған тўёна ва уларнинг саранжоми… Сўфи такбир  тушурар  экан,  махдумнинг  кўнглидан “Раънога  чўри  қўша  кўрмасинлар-да,  тишлик ҳайвоннинг бўлғанидан бўлмағани яхши” деган андиша кечти…

 

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


 

1 Мазмум — ёмон; хато.

2 Қаноатли азиз, тамаъли киши хордир (муал.).

3 Муфт — текин.

4 Сартопо — бошдан-оёқ.

Ҳар ишнинг ўртаси яхшидир, ёки: ишда эътидол яхши (муал.).

6 Пайғамбарнинг буйруғи ҳаммага тегишлик.

7 Умурид-дунё — дунё ишлари.

8 Инчинин — (инчунин) — шунингдек.

9 Ҳукми жорий — ярайдиган ҳукм.

10 Савм — рўза.

11 Салот — намоз.

12 Ифрот — ҳаддан ошиш.

13 Етарли деганнинг маъноси нима, бу демак ўртачаликдир.

14 ҳикмати дигар — бошқа бир ҳикмат.

15 Дунё важжи — бойлик.

16 ҳў — одат.

17  Нафси аммор — доим ёмонликка буюриб турувчи нафс.

18 Кирдор — одат, қилиқ, иш.

19 Иртикоб — ҳаракат.

20 Адно — паст; озгина.

21 Закки табъ — озода табиат.

22 Билохир — ниҳоят.

23 Ҳамкуф – сафдош, дўст

24 Мажжонан — текинга.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-хон кўнгил очмоқчи

Қавс  ойи1  кирган  бўлса  ҳам,  ҳаво  мўътадил,  кун  жумъа  эди.  Ўрда  боғиға  сув  сепилиб, супурилган, ўртадағи шаҳсуфага лолагул гилам ёзилиб, хоннинг ўлтуриши учун ...

Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида​ чингиз айтматов бюсти ўрнатилди

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Қирғизовул ҳудудида жойлашган 33-умумтаълим мактабида ушбу бюстнинг очилишига бағишланган маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ...

Мeҳробдан чаён-бахмалбофда фақир бир оила

Анвар 1267-нчи ҳижрия миёналарида Қўқоннинг Бахмалбоф маҳалласида1 фақир бир оилада дуёға келди. Оналар туққан болаларини сизга “тилаб-тилаб олған фалоним” деб, оталар “худой ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400