МEҲРОБДАН ЧАЁН-ХОН КЎНГИЛ ОЧМОҚЧИ

Қавс  ойи1  кирган  бўлса  ҳам,  ҳаво  мўътадил,  кун  жумъа  эди.  Ўрда  боғиға  сув  сепилиб, супурилган, ўртадағи шаҳсуфага лолагул гилам ёзилиб, хоннинг ўлтуриши учун бахмал кўрпача устидан  арслон  териси  ташланған  эди.  Ҳозир  шаҳсуфа  хон  ва  аъёндан  холи,  аммо  шаҳсуфа қаршисидағи нимсуфалар вазирлар, саркардалар, қозикалон, шайхулислом, қози-қуззот, раис ва шаҳарнинг  зўр  уламолари — мударрислар,  аҳли  тариқат  эшонлар,  ўрда  ходимлари  ва  энг пастарини қўрбоши ва даҳбошилар билан лиқ тўлған эди. Уламо қисмида умуман банорас тўн, оқ салобатлик салла, вазир ва саркардаларда кимхоб ва бахмал тўнлар, бошларида баъзан салла ва баъзан ўсиқ баррадан тикилган телпаклар ҳилпирар эди.

Хон  бу  кун  жумъа  намозигача  кўнгил  очмоқчи  ва  бундаги  йиғилғанлар  шу  кўнгил  очиш соатида  иштирок  эткувчи  хоннинг  кўнгил  тортарлари,  яъни  мамлакат  аъёнлари  эдилар.  Хон ҳали  ички  ўрдадан  чиқмаган,  ҳамма  раъият “жаноби  олий”ни  кутиб  муҳташам  дарбозага  кўз тикканлар эди. Шаҳсуфадан бир оз нарида, атрофи бордон билан ўроғлиқ бир капа пайдо бўлған ва бу капа ичида бир неча киши суҳбат қуриб ўлтурар эдилар. Бир неча дақиқа куткандан сўнг, муҳташам  дарбозада  Дарвеш  удайчи  кўриниб,  қаршисидағи  раъиятка  ўрундан  туриш ишоратини  берди.  Бирдан  ҳамма  шув  этиб  қўзғалди.  Дарвеш  удайчй  дарбоза  ёниға  ўтиб, рукуъга2  борди.  Ичкаридан  кимхоб  тўн  билан  йўғон  қорнини  ўраған,  оқ  шоҳи  салласини манглайиғача туширган Худоёр кўринди. Хон кўриниши билан барча раъият ҳам удайчи каби рукуъга  кетдилар.  Худоёр  орқасидан  ёш  Ўрмонбек  қизил  бахмалдан  тикилган  сипоҳи  кийим билан  отасини  таъқиб  этар  эди.  Бунинг  орқасидан  қизил  мовутдан  шаҳзода  каби  кийиниб, силоҳ3 тақинған ва ҳар қаторға тўрт нафардан терилган ўн олти-ўн етти яшар, ёш ва хушрўй сипоҳлар (маҳрамлар)  чиқдилар.  Хон  шаҳсуфага  қараб  келди.  Ўнинчи  қатордан  сўнг  ёш сипоҳлар  туркуми  узулиб,  яхши  интизомлик  қирқ  нафар  навжувон  шаҳзода  орқасида  хонни таъқиб этар эдилар. Шу ҳолда нимсуфаларнинг биридан чалғулар товши келди. Созлар нафис ва оҳангдор қилиб “Сарбозча” куйини чалдилар. Куй созда қайтариб олинғач, хон орқасидағи ёш сипоҳларнинг бир қисмидан шу куйнинг ашуласи эшитилди:

 

Шаҳаншоҳим, шаҳаншоҳим, бахтингиз кулсин!

Давлатингиз, шавкатингиз душманлар кўрсин!

 

Қалқон ушлаб, ханжар таққан ёвлар майдонга!

Номуссизлар, вафосизлиқ қилдингму хонға!

 

Бизнинг айткан назримиз бор Шоҳимардонға!

Аҳдин бузиб динин сотқан бўялгай қонға!

 

Шаҳаншоҳим, шаҳаншоҳим, бахтингиз кулсин!

Давлатингиз, шавкатингиз душманлар кўрсин!

 

Хон суфанинг зинасига етиб, юқори минди. Шаҳзода ҳам отасини таъқиб этди. Ёш сипоҳлар хон  ва  Ўрмонбекни  зинада  қолдириб,  тўғриға  ўтдилар,  суфадан  айланиб  бориб,  хоннинг муҳофазатига, яъни Худоёр ўлтурадирган арслон терисининг орқасиға саф торта бошладилар.

Хон  бориб  арслон  терисига  ўлтурди.  Ўрмонбекни  ўзининг  ўнг  томониға  олди.  Раъият  ҳамон рукуъда…  Ёш  сипоҳлар  суфанинг  уч  тарафини  қуршаб  олған  эдилар.  Хон  жойлашғач, рукуъдагиларга  тиккайиш  ишоратини  берди.  Барча  бош  кўтариб,  қўл  қовиштирди.  Соз  ҳам тўхтади.  Суфанинг  зинасида  удайчи  ҳозир  бўлиб,  қўлини  кўтарди,  раъият  ҳам  унинг  билан баробар дуоға қўл очдилар.

—  Душманлар  хароб,  мунофиқлар  бетоб  ўлсин…  Онҳазратимнинг  давлатларига  худо тавфиқу адолат берсин!

Дуодан сўнг барча юз сийпади. Хон удайчига бир нарса дсб ишорат қилди.

— Мингбоши, қушбеги, домла шоғовул, жаноб шайхулислом, оталиқ ва амсоли ҳазратка ул жаноб ўз хузурларидан жой меҳрибончилиқ қиладирлар!

Удайчи  санаған  кишилар  бирин-бирин  шаҳсуфага чиқиб  хонға  салом  ва  таъзимдан  кейин атрофлаб  тура  бошладилар.  Суфага  ўн  чоғлиқ  аркон4  чиққандан  сўнг,  хон  удайчига  яна  бир нарса деб қўйди.

— Фароғат ато қилдилар!

Сипоҳлардан  бошқа  барча  тик  турғанлар  шув  этиб  ўлтурдилар.  У  ер-бу  ердан  йўталган товуш эшитилди.

Удайчи хонға арз қилди:

—  Онҳазратимнинг  давлатларига  худо  тавфиқу  адолат  бсрсин…  Қулларидан  бири валинеьматимга икки калима арзим бор, дейдир!

Хон келсин, ишоратини қилди. Барчанинг кўзи бояғи бордонлиқ уйга тушти. Бордон ичидан узун  бўйлиқ,  қора  соқоллиқ,  устида  малла  тўн,  симоби  бўз  салласининг  пашини  бир  қарич осилтирған бир киши чиқди; тамкин, виқор билан битта-битта юриб келиб, зина ёнида хонға қарши тўхтади… Хондан тортиб ҳаммага табассум туси кирган эди. Киши хонға қарши турған ҳодда  салласини  тузатди,  соқол-муртини  силади,  тўнини  қоқиб,  олдини  ўради,  сўнгра хотиржамъ рукуъга борди. Бирдан хон ва раият кулиб юбордилар. Бу киши Худоёрниинг энг яхши кўрган қизиғи Зокир-гов эди.

Зокир-гов  бошини  рукуъдан  кўтариб,  гўё  жаноза  ўқуған  кишидек,  икки  елкасига  салом берди.  Яна  гурр  этиб  кулиб  юбордилар.  Зинанинг  иккинчи  бошида  турған  Дарвеш  удайчи Зокир-говга танбиҳ берди:

— Кимнинг ҳузурида турғанлиғингизни унутманг!

Зокир-гов қўли қовуштирилған ҳолда, гавдасини қимирлатмай ёнидағи удайчига қаради:

— Ўзим ҳам билиб турибман, бу ерда аҳмоқ бор, деб ўйлайсанми?

— Хўш?

— Хонимға арзим бор!

Яна гурр эткан кулги боғни тутиб кетди5.

Удайчи:

— Арзинг бўлса, додрас6 ҳузуридасан, гапур!

— Арзимни ўйлаб туриппан-да, ўйлағали ҳам қўймайсанми? — деди Зокир-гов. — Ёки мен ҳам сўзимдан янглишиб Жаббор жиннидек осилиб кетайми?

— Арзга келиб турғанингға бир ош пишар вақт бўлди!

—  Мен  ҳам  арзимни  миямда  пишириб  олаётибман-да;  пишмаған  ош  ич  оғритадими-а, тақсирлар?

— Арзингни йўлда ўйлаб келмабсан-да!

—  Эй,  девонами  бу  ўзи! — деди  Зокир-гов. — йўлда  ўйлаш  учун  бундан  бошқа  касал йўқми?

— Йўлда нимани ўйладинг?

—  Хон  ҳузурига  бораётибман,  деб  ўлимни  ўйладим,  ятим  қоладирған  болаларимни,  мен ўлгандан сўнг эрга тегадирган янгангизни ўйладим! (Кулги.)

— Жанобни ва шу қадар раъиятни маътал7 қўйма!

—  Хе-хе-хе! — деб  кулди  Зокир-гов. — Сизлар  ҳар  кун  минглаб  кишини  ўрда  тегида маътал қўйғанларингизда, мен бир нафас маътал қўйсам, хе-хе-хе!.. Тақсир, сизга арз!

Хон, “айт” деган каби бош ирғатди.

—  Тақсиримга  биринчи  арз  шуки, — деди  Зокир-гов, — ёнимда  турған  шу  бақа  афтни мендан  нари  қилсангиз,  зеро,  бунингизнинг  дағдағаси  сизникидан  ҳам  ўтадиған  кўринади! (Кулги.)

Худоёр удайчига, суфага чиқ, ишоратини қилди. Зокир-гов қўлини дуоға очти:

—  Онҳазратимнинг  даватлари  кам,  ўзларида  ғам,  кўзларида  нам,  душманларида  дам, қадларида хам бўлмасин… Шаҳзодамнинг бошларида бахт, остларида тахт ўйнаб, еш умрларига ажали бевақт етмасин… Шоҳи бахтиёрнинг хизматларига бел боғлаған оқ салла, кўк салла, тўни малла  оталаримизнинг  диллари  ҳам  ҳамеша  юқолларидек  оқ  бўлсин,  омин!  Соний,  арзи бандалигимиз шулки, биз, дарбадари девона, ақлу ҳушдин бегона, халқ гилида афсона, элкезар ғарибона  қулларингиз  дарду  алам  ютар  эрдик,  қаламравингизнинг  бир  четидан  ўтар  эрдик. Дедиларким,  бу  диёрнинг  хоқони,  Искандари  сони,  зару (евар  кони,  элнинг  ошу  нони,  яъни саховатда  Ҳотам,  каҳри  келса  мотам…  ғурабо8  ёридир  ва  яна  сизлардек  бозори  касод дарбадарлар,  энаси  кўчада  туққан  бепадар-парга  ҳам  эҳсони  жорийдир,  деб  биз  аҳли  тамаъ бечора, нафс илгида9 овора ғариблар ҳар қайсимиз беш пайса, ўн пайса тамаъ хапидан ютиб, даргоҳингазга юзландик, токи эски-туски ҳунарларимизни арз қилсақ, жанобингизни беш нул, ўн пул қарз қилсақ, деб… (Кулги.)

— Қўп, ҳунаринғизни кўрсатинғ! — деди хон.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Қавс — 22 ноябрь-21 декабрь.

2 Рукуь — бош эгиш.

3 Силоо — қурол-аслаҳа.

4 Аркон — давлат арбоблари.

5 Бундаги кулгига сабаб “хонимға” сўзидир. Чунки бизда “хоним” деб хотин кишига айтиладир (муал.).

6 Додрас — олампаноҳ, хон.

7 Маьтал — кутмоқ.

8 Ғурабо — ғариблар.

9 Илиг — қўл.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мутаваккил бурхонов. нурли сиймолар (1991)

(ФИТРАТ ВА ЧЎЛПОН ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР) БИРИНЧИ ҲИКОЯ Тақдир менга Абдурауф Фитратдай улуғ исонни таниш бахтини раво кўрганидан мамнунман. Мен Фитратни анча яқиндан билганмаи, ...

От кишнаган оқшом (қисса) 29-қисм

29 Жўра бобонинг тўриғига қораликни кўрсатиб келдим, қораликни искатиб келдим. Хиёл ўтди, тўда гувиллаб қўзғолди. Улоқни бир Чил от олиб чиқди. Биродарлар, Чил отнинг бир ...

Абдулла қодирий:ўткан кунлар-5

5. КИРОЙИ КУЯВИНГ ШУНДОҒ БЎЛСА! Пояфзал бозори ва унинг бурчагидаги ҳавли... Ўқуғувчи албатта бу ҳавлининг эгаси билан таниш чиқар. Кўримсиз, чирк босиб қорайған, жуда кўб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400