МEҲРОБДАН ЧАЁН-БИРИКИШ

Далв ойи1, қаттиғ қиш. Девоннинг ҳар икки хонасига бир нечадан сандал қўйилған эди. Ҳар бир сандалга тўрттадан мирзо жойлашиб, дафтар таҳрири, ёрлиғ иншоси билан машғул эдилар.

Хон ҳузурига чақирилған Анвар ярим соат чамаси кечикиб чиқди. Анвар ўз хонасиға келиб кирганда, четдаги танчада Шаҳодат муфти бошлиқ мулла Абдураҳмон ва Калоншоҳ мирзолар нима тўғрисидадир, оҳиста-оҳиста сўзлашиб ўлтурар эдилар. Эшикда Анвар кўриниши билан уларнинг суҳбати кесилди ва ҳар ким ўз қўлидағи ишка қаради.

— Эҳи, эҳи, — деб йўталинди Шаҳодат муфти, — нима фармон бор, мирзо Анвар?

—  Ҳеч  гап, — деди  Анвар  ўз  танчасига  жойлашиб. — Ўш,  Андижон  ҳокимларига  нома буюрилди… Сиз, мулла Абдураҳмон ака, қўлингиздағини неча нусха тайёрладингиз?

Мулла Абдураҳмон ёнидағи қоғозларни санади:

— Уч нусха.

— Яна бир нусха ёзсангиз бас. Закотчи исмини қўймагандирсиз?

— Қўймадим.

— Жуда яхши, ўзим қўярман. Қўлингиздағини тезроқ ёзиб битирсангиз, яна бир иш бор, — деди Анвар ва Шаҳодат муфтига юз ўгирди. — Тақсир, сиздан бир илтимос; кечаги Абдушукур понсадга маҳзарни2 ўзингиз ёзиб бермасангиз бўлмайдирған кўринади. Боя менга яна учрашди; ғулдир-ғулдир қилади, мақсадиға ҳеч бир тушуналмадим. Чамаси, унинг даъво кониятини сиз яхшироқ билар экансиз?

— Қўйинг шу бош оғриғини, — деди муфти, — неча бора менга иши тушиб, бирар мартаба ҳақ берганини хотирламайман.

— Ҳақ олиб беришка мен кафил.

— Эй-ҳа, мен ололмағанни сиз олармидингиз?

—  Ололмасам,  сизга  ўз  ёнимдан  тўлай,  тақсир;  иш  қилиб,  шунинг  даъвосидан  мени қутқаринг-чи.

Шаҳодат  муфти  индамади.  Анвар  қоғоз  олиб,  бир  нарса  ёза  бошлади.  Шаҳодат  муфти оҳистағина  ёнидағи  Абдураҳмонни  туртиб  қўйди  ва  Анварга  ишорат  қилиб, “ана  аҳвол” дегандек илжайди. Яъни унинг ҳаракати “кўрдингми мирзобошини, қўлидан маҳзар ёзиш ҳам келмайди”  мазмунида  эди.  Мулла  Абдураҳмон  оҳиста  бош  кўтариб  кулимсиди.  Бу  гапдан хабардор  бўлиб  ўлтурган  Калоншоҳ  мирзо  қўлини  оғзиға  карнай  қилиб  Анварга  тўғрилади, яъни, жиртак чалди. Шу ҳолда эшикдан Султонали мирзо кириб, Калоншоҳга тикилиб қолди…

— Маймунлиқ муборак!

Иш билан машғул Анвар қоғоздан бошини кўтариб, эшикдаги Султонали мирзога қаради:

— Нима гап?

— Ҳеч гап, — деб кулди Султонали, аммо кўзида ғазаб ўти ёнар эди.

— Мен бояғи қоғозға кирган эдим.

Анвар ёнидағи қоғозлар ичидан бир ариза ажратди:

— Жавоб мен айтканча бўлсин.

— Хўб.

Султонали  қоғозни  олиб  чиқар  экан,  яна  уларга  қараб  қўйди.  Уларнинг  учави  жиддий равишда  ишка  берилган,  қоғоздан  бош  кўтармас  эдилар.  Султонали  чиқиб  кетди.  Бир  оздан кейин Шаҳодат муфти секин бош кўтариб Анварга қаради. Анвар ўз ишига қаттиғ боғланған эди.  Шаҳодат  муфти  Калоншоҳ  билан  кўз  тўқнаштириб, “яхши  бўлмади”,  деган  каби  бош чайқади. Калоншоҳ аҳамиятсиз кўз қисди. Одатдагидан ҳам ранги ўчкан Абдураҳмон буларнинг ҳозирги им-ишоратига иштирок этмай, ўз ишига қараған эди.

Солиҳ махдумнинг ўша сўзи билан Абдураҳмон ишка олинған эди. Уч ойдан бери Анвар қошида — ўз ҳузурида мирзолиқ қилиб келар ва иккинчи ойдан беш тиллолиқ моҳонага ҳам ёзилған эди. Бир ойлар чамаси Анварга садоқат билан, унинг қаноти остиға киргандек ишлади.

Бу  орада  Шаҳодат  муфти  ва  Калоншоҳ  мирзо  кабилар  билан  сирдон  бўлмаса  ҳам  танишди, яқинлашди.  Бошда  Шаҳодат  муфтилар  уни  ётсинишиб  унинг  ёнида  ҳар  турлик  ғийбатларни қилишдан чўчидилар. Чунки мулла Абдураҳмоннинг Анвар кишиси бўлиши тахмин қилинған эди. Иккинчи ойдан моҳонага ёзилиши ҳам уларнинг ўз андишаларида янглишмағанлиқларини кўрсатди.  Бироқ  Абдураҳмоннинг  баъзи  ҳаракатлари,  масалан  мирзо  Анварнинг  арабча, форсийча лафзлардан холи, содда таҳририни нусхаларга кўчирар экан — “аттаому било милҳи” (тузсиз ош), деб кулиб қўйиши муфтиларни ўйлатиб қўяр, бу таънани чин кўнгилдан чиққаниға шубҳаланишни-да,  шубҳаланмасни-да,  билмас  эдилар.  Шундай  фурсатларда “аламзада” муфтилар  ҳам  бирар  латифа  сўзлашка  тутунар,  аксар,  латифа  мазмунини  бир  тарафка  буриб юритар эдилар. Баъзан Шаҳодат муфти ишдан чарчаған каби оҳ тортиб, ўзича “ямутул-асаду фил ғабоби жуъан ва лаҳмут-тайри ютраҳу лил-килоб”3, деса, иккинчи ёқдан Калоншоҳ мирзо шу  мақолнинг  давомини  сўзлаб “ва  хинзиру  яному  фил-фирош  ва  улул-уқули  яному  алат-туроб”4,  дер  эди.  Мулла  Абдураҳмон  уларнинг  кинояси  мазмунига  тушунибми  ёки тушунмасданми — ҳар ҳолда бир илжайиб қўяр эди.

Шу  йўсун  иккинчи  ойда  бу  икки  муфти  мулла  Абдураҳмонни  синаб  вақт  кечирдалар. Абдураҳмон  ҳам  ўзининг  аксар  сўз  ва  ҳаракатлари  билан  уларни  шубҳадан  чиқара  борди, ниҳоят икки муфти учунчи ёш “олим”ни ҳам гарчи бир “нодон” тарафидан келтирилган бўлса ҳам “заршунос” деб билдилар ва учунчи ойдан уни ҳам ўз ёнлариға олиб сирдон бўлишдилар. Бояғидек, “қозихона  маҳзарлари”  уларга  дастмоя  бўлди.  Анвар  ўзи  вақт  тополмай,  бирар нарсани муфтиларга ҳавола қиладирған бўлса, “мирзобошининг тиши ўтмади” деб кулишдилар. Мулла  Абдураҳмон  ҳам  валинеъмати  бўлған  Анварнинг  риоясини  унутаёзди.  Чунки  мазкур икки  муфтининг  таъсирлари  кучлик  бўлиши  устига,  ўзи  ҳам  уларга  мойил,  ҳатто  бу камситишлардан лаззат олғучи эди…

Анвар  икки  муфтининг  ғийбатларини  яхши  билса  ҳам,  Абдураҳмоннинг  бу  ғийбатда иштироки борлиғини сезмас эди. Фақат яқиндан бери Султонали мирзо Абдураҳмоннинг бунда иштироки  борлиғиға  воқиф  бўлди.  Ҳатто  шу  тўғрида  Анварга  баъзи  сўзларни  ҳам  айтди. “Мулла Абдураҳмондан нон емаймиз, сизга қарши қаттиғ қутурған икки итимиз бор эди, энди учунчисини ўзингиз келтирганга ўхшайсиз…”

Кечка томон мирзолар тарқалишдилар. Бироқ, бизнинг муфтилар ҳануз қўзгалмас эдилар. Анвар  эса  ҳаммадан  кейин  чиққучи  эди.  Икки  муфтининг  қўзғалмаслиқлариға  ўзи  сабабчи бўлғанлиғини яхши билган Султонали мирзо Анвар билан хайрлашиб чиқди. Шундан бир оз сўнг муфтилар ҳам кетишка чоғландилар.

Ҳаво совуқ, тўрт эллик чамаси қор ёғиб, кўча бетини ёпқан эди. Қўқоннинг ўзига махсус изғириқ бу қор билан яхши қуролланиб, кишининг қулоқ-тумшуғини заҳар каби ялаб ўтар эди.

Кишилар телпакни бостириб кийган ёки саллани қулоқ ва манглай аралаш ўраб, бўз гуппини тумшуққача кўтарган эдилар. Кўча бўйлаб ҳар ким чопар, бир нарсадан қуруқ қоладирғандек югурар эди. Бу кунги совуқ билан қор ҳар кимга ҳам ғарчлиқ кафш инъом қилған, бой ва беклар оёғидағи  бедона,  сағри  қала  кафшлар  билан  камбағал  косиблар  кийган  упика5,  айбаки кафшларнинг  ўзаро  фарқи  қолмаған  ва  ҳатто  баъзилар  оёғидағи  ёғоч  кафшлар  ҳам  ажойиб нағманавозлиқ қилар эдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Далв ойи — 22 январь-21 февраль.

2 Маазар — ариза.

3 Арслон чангалзорда очлиқдан жон берадир, аммо итни қуш гўшти билан боқадирлар (муал.).

4 Тўнғуз ҳузур қилиб тўшакда ухлайдир, оқиллар тупроқда ётадирлар (муал.).

5 Упика — бузоқ терисидан тайёрланган кўн.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-китоб сўзи

Асрдан бироз илгарироқ эди. Махдум дарбоза ёнида муборакбодчи мударрислардан бирини икки  букланиб  таъзим  қилған  ҳолда  узатар  эди.  Ҳазрати  мударрис  хайрлашқан  ...

Мeҳробдан чаён-икки хил садоқат

Кечаси  ёмғур  савалағандек  ёғиб  турадир...  Қоп-қоронғи,  олти  қаричлиқ  тор  кўчанинг муюшида  турған  бир  кўлага  ёмғурдан  қочқан  каби,  кичкина  эшик  панасига  ...

Бизга кучли танқидчилар керак

Ўзбек адабиёти ва санъатига назар ташлар эканмиз, устозларимиздан қолган адабий мерослар билан фахрлансак арзийди. Бу мерослар, истиқболимиз йўлини ёритгучи маёқлардек нур ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400