МEҲРОБДАН ЧАЁН-ҒАРИБ КЎНГЛИ

Анвар  бошқалар  каби  югурмаса  ҳам  елиб  келар  эди.  Хишткўпрукка  етканда,  катта  сув ёнидаги  ҳужра  эшигида  қўсқи1  пўстунга  ўралиб  турған  қоровул  унинг  олдиға  тушиб  салом берди:

— Совуққа қотқан кўринасиз, тақсир… Гулханимиз бор.

Анвар  тумшуғини  тўнидан  чиқариб  илжайди  ва  тутун  чиқиб  турған  эшикка  бурилди, қоровул олдинда келиб, эшикни очиб берди, Анвар ичкарига кирди. Тутун билан қоп-қорайған, пасткина қоронғи ҳужранинг ўртасида гулхан ёниб, алангаси мўрига ўрлар эди. Гулхан ёнида қўлиға касав тутқан Султонали мирзо олов жўнашдириб ўлтурар эди.

— Сиз ҳам совуққа қотқанларданмисиз! — деб кулди Анвар.

— Жон олов — жон эр, депти бир хотин… Гулхан ўтлик йигитнинг иссиқ қучоғи эмиш.

Қани, бу ёққа марҳамат! Қоровул  ва  Султонали  мирзоларнинг  қисташлари  билан  Анвар  гулханнинг  тўрига,  тўрт қатланиб солинған кийизга ўлтуриб, қўлини оловға тутди.

— Ўзингиз ўлтурмайсизми, ака, ўлтуринг!

Анварнинг бу сўзи билан адаб сақлаб турған қоровул гулханнинг бир чеккасига чўккалаб, гулхан ёнидағи қора қумғонни оловға тираброқ қўйди.

—  Совуқ  тузук  бўлди, — деди  Анвар  исиниб. — Ўрдадан  чиқиб,  ўзингизни  гулханга урибсиз-да?

— Қарасам уйга еткунча қотадирғанман, Тойир акамнинг туйнугида тутун кўриб, эшикни очсам, иш катта. Хиралик бўлса ҳам кирдим, нима қилади… Бироқ, сизни Тойир акамнинг ўзи чақириб кирганга ўхшайди, ҳали сизга чой дамлайман, деб овора бўлса ҳам эҳтимол…

Тойир ака қумғонни яна олов томонға итариб қўйди:

— Ҳозир дамлаймиз, тақсир, ҳозир. Сув ҳам қалқиб қолибдир, яхши, кўк чойимиз ҳам бор.

— Ўзларингиз ичмасангиз, меним учун ҳожат эмас, мен ҳозир кетаман.

— Шу гулханни ташлаб, қаёққа?

— Уйга… Балки кишилар кутиб ўлтурган чиқарлар.

—  Шундай  совуқда  сизни  ким  кутсин,  чойни  дамлай  беринг,  Тойир  ака,  мирзобошини юбормаймиз.

— Шундай бўлсин, тақсир… Ғарибларнинг чойидан ҳам бир ичиб қўйсинлар, — деди Тойир ака  ва  ўрнидан  туриб  бурчакдаги  ёрилған  тарашадан  бир  қучоқни  келтириб  гулхан  ёниға ташлади. Қайнаб тошқан қумғонни оловдан олиб, чой дамлади.

—  Тойир  акамнинг  гулханини  ташлаб  кетиб  бўлмайди, — деди  Султонали, — бир-икки пиёла чойидан ҳам ичиш керак, бир-икки калима суҳбатини ҳам эшитиш керак.

Анвар  илжайиб  қўйди.  Тойир  ака  қозиқдағи  тугунни  очиб  тўрт-бешта  нон,  бир  ҳович каттақўрғон  магиз  олиб,  кичкина  баркашчага  солди.  Баркашни  Анвар  олдиға  келтириб,  узр айтди:

— Камбағалчилиқ, тақсир, олдингизға дастурхон ёзолмадиқ…

— Нима айби бор, — деди Анвар, — мен шундай қоронғи уйда гулхан ёнида ўлтуришни ва шу ҳолда чой ичишни жуда яхши кўраман.

— Бу ўлтуришнинг ўз олдиға бир нашьаси бор, — деди Султонали.

— Бор… Шоирона, дарвешона бир маъноси бор. Мен ёш, ятим чоғим, опамнинг уйида шу ҳолни  кўрар  эдим.  Язнам  қашшоқ  косиб  эди.  Қиш  келди  дегунча  гулхан  ёқар  ва  шу  йўсун гулхан ёнида ўлтуриб чой ичар эдик. Шу гулхан ҳаёти ҳануз меним эсимдан чиқмайдир ва шу ҳаётка ҳамиша кўнгилда бир муҳаббат сақлайман.

Тойир  ака  Анварга  сопол  пиёлада  чой  узатди.  Гулхан  кейинги  қаланған  тарашалар  билан алангаланиб ёнди. Қоронғи ҳужра ёришиб, учқунлар билан зийнатланди.

— Бола-чақангиз борми, Тойир ака?

— Йўқ, тақсир… Шу ерда юртни дуо қилиб ётаман.

—  Тойир  акам  ҳам  сизга  ўхшайди, — деб  кулди  Султонали. — Тўйни  кўкламга қолдирганингиз яхши бўлмади, қиш кунлари Тойир акамдек ёлғизлиқ…

—  Чунки  мен  Тойир  акам  турмишини яхши  кўраман…  Дардисарнинг  нима  кераги  бор-а, Тойир ака?

Тойир ака қўлида касав билан олов тўғрилар эди.

— Қурби еткан кишининг бола-чақа қилғани маъқул, тақсир.

— Нима учун?

Тойир ака олов жўнашдириб, бир оз жавобсиз ўлтурди. Соқол-муртига учиб тушкан учқун кулларини селпиб ташлади.

— Худой фарзанд берса, қариған кунларингизда ишингизга ярайди, — деб қўйди Тойир ака, яна бир оз олов тўғрилаб турди. — Менда ҳеч ким йўқ… Ёшим эллидан ошқан, тақсир… Ҳозир куч-қувват бор, бир нарса топиб бўлади… Бир вақт келар, куч кетар, шунда менга ким қарайди, тақсир?  Иссиқ  жон,  мен  оғриб  ётарман,  бир  қошиқ  сувға  муҳтож  бўларман…  Шунда  сувни менга ким беради, тақсир? Ўлим ҳақ, ажал етиб амонатни олса, кўзим юмилса, бир чеккада ўлиб қолғанимни  ким  билади,  тақсир?..  Кишининг  бола-чақаси  бўғанда  шундай  гаплар йўқми,  деб ўйлайман-да.

—  Тўғри  гап, — деди  Султонали, — дарҳақиқат,  киши  қандай  кунларга  қолишини билмайди. Тойир акам айтканча, бола-чақа бўлса, бир оз кўнгил тўқи-да.

Анвар бир оз сўэсиз, ўйланиб турди, қўлидағи пиёласини бўшатиб, Тойир акага узатти.

— Уйлантириб қўяйлиқми сизни?

Тойир ака миннатдор оҳангда кулди.

— Э, жонингдан, тақсир, — деди, — энди бўлмайди.

— Нега бўлмайди?

— Соқолға қаранг, ўлим иси келади…

— Бўлмаған гап… Сиз биздан ҳам ёш кўринасиз.

— Кўнгил қариған, тақсир, кўнгил, — деди Тойир ака, қўлини кўкрагига тегизиб олди. — Энди  кўнгил  ҳеч  нарса  ҳам  тиламайди,  фақат  тинчлиқ  тилайди…  Тинчлиқ  қачон  бўлади, унисини билмаймиз-да.

Сўзни  яна  айлантиришка  йўл  қолмади.  Анвар  ер  остидан  Султоналига  кўз  юборди. Султонали маънолик бош ирғатиб қўйди. Тойир ака ўз олдидағи ёниб ўчкан хокаларни кулдан ажратиб,  гулханга  ташлар  эди.  Бояғи  шиддати  йўқолған  гулхан  нафис  кўк  тутун  чиқариб оҳистағина чайқалиб ёнар эди. Куллар кўкка учар, чўғлар кулга ботар, чалалар чўққа айланар эдилар… Учави ҳам сўз қўйишқандек анча вақт гулханнинг шу ҳолини таъқиб этдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Қўсқи — жулдур, эски.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 71-қисм

71 Ғўнғир-ғўнғир овоз эшитдим. Кўзимни очиб, осмонранг оламни кўрдим. Яхшилаб қарадим, кўраётганим осмоннинг ўзи бўлди. Ҳайрон бўлиб, теварагимга алангладим. Теварагимда ...

Жодугар ҳинди

4. ЖОДУГАР ҲИНДИ Қайин отасининг оғриған касалидан тузала олмай ва ё тезроқ ўлиб тирикларни қутултирмай «чарлар» балоси билан ўзини ипсиз боғланғани учун сўнг чекда ...

Устозим рауф парфи – “энди ҳеч ким шеър ўқимайди”

Рауф Парфи Рауф Парфи хонадони там маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг филиали эди дейиш мумкин. Трактор заводи яқинидаги уйнинг биринчи қаватида жойлашган тўрт хонали ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400