МEҲРОБДАН ЧАЁН-БИШЎЙ, ЭЙ ХИРАДМАНД…

 — Муфтиларингиз меним орқамдан жўнаған бўлсалар керак, мирзо Анвар?

Хаёли бошқа нарсада бўлған Анвар Султоналининг сўзига тушунибми, эмасми, ҳар начук бош ирғатиб қўйди.

— Мен сиз билан хайрлашиб кўчага чиқсам, “дўстингиз” мулла Абдураҳмон уларни кутиб турған экан. Чамаси кундузги “суҳбат”нинг мобаъди1 бўлса керак?!

Анвар хаёли билан видоълашқандек, тилар-тиламас Султоналига юз ўгирди.

— Қандай суҳбатнинг?

— Суҳбатнинг эмас, ғийбатнинг.

Анвар кулди:

— Сиз мулла Абдураҳмон домлани кўралмай қолдингиз.

—  Масала  кўралмасликда  эмас,  унинг  нолойиқ  ҳаракатида,  дўст  кўриниб  душманлик кўчасига киришида.

— Биз унинг чин кўнглини билишдан ожизмиз.

— Ҳар ҳолда бу калтакесак бизга дўст эмас.

— Хўш? — деб кулди Анвар.

— Муфтилар бизга дўстми, душманми?

— Балки душмандирлар, лекин биз уларга душман эмасмиз.

— Бали! — деди Султонали мирзо. — Башарти бизнинг ёрдамимизда ишлик бўлған бир одам, эрта-кеч бизнинг душманимиз ҳисобланған кишилар билан ҳамсуҳбат бўлса, оғиз-бурун ўпишса, биз унга қандай баҳо беришимиз керак? Бундай одамни биз очиқдан-очиқ душман ёки аҳмоқ деймиз. Аммо мулла Абдураҳмон аҳмоқ эмас, кўб иш кўрган туллак! Энди фақат унинг душманлик тарафи қолди, ҳам бу аниқ. Меним ҳукмимга қаноат қилмасангиз, ҳикматка қаранг.

Шайх Саъдий:

“Бишўй, эй хирадманд, аз он дўст даст,

Ки бо душманонат бувад ҳамнашаст”2, —

дейдирлар…

— Мен мулла Абдураҳмонни яхши киши, деб ўйлайманми?

—  Ўйламайсиз,  бироқ  унинг  ўзига  яраша  муомала  қилмайсиз,  шу  билан  бирга  анови муттаҳамларни ҳаддидан оширасиз!

Анвар баркашдаги магиздан бир-икки дона олиб қўлида ушлади.

— Сизнингча, улар билан қандай муомала қилишимиз керак?

— Мулла Абдураҳмонни ўрдадан жўнатиш керак; тинчкина имом ва хатиблигини қилсин. Муфтиларга ҳам қозихонадан бирар вазифа топилиб қолар.

Анвар  бош  тебратиб  кулди.  Тойир  ака  гулханга  ўтун  қалаб  шом  учун  жойнамоз  ёзди. Султонали  мирзо  имом  бўлиб,  уч  киши  шомға  турдилар.  Шомни  ўқуб  гулхан  ёниға  ўлтурар экан, Султонали сўради:

— Ёки уларни ўрдадан жўнатиш осон эмасми? — Осон, бироқ осон ишда лаззат йўқ, — деб кулди  Анвар. — Сизнинг  шу  гапингиз  билан  бир  киши  ёдимға  тушти:  ўзи  мулла Абдураҳмоннинг қавмларидан бўлған оқ кўнгилли содда бир киши бор. Оти… ҳа, оти Сафарбой, касби бўзчилиқ. Ўткан кун ўрдадан қайтиб борсам, шу киши уйда мени кутиб ўлтурибдир. Хўш, келинг, Сафар ака? — Куйган-пишкан, менга “арз” қилди: мулла Абдураҳмоннинг бир дўстидан эшиткан  эмиш,  гўё  мулла  Абдураҳмон биравга “мирзо  Анварнинг  тегига  яқинда  сув  келади” деган эмиш… “Бу нима деган гап, мирзо, нега сизнинг тегингизга сув келади?” деб сўрайди. Мен кулдим… “Ҳозирча  тегим  қуруқ,  башарти  тегимга  сув  келса,  бўзчилиқни  ўргатасизми?”  деб сўрадим.  Саволимга  жавоб  бермайди,  фақат  сизнинг  сўзингизни  айтиб: “Имомимиз  фисқи-фасод,  бундай  кишини  ҳайдаганингиз  маъқул”  дейди.  Сизга  ёқадирған  сўзни  айтдимми, Султонали ака?!

—  Бу  киши  сизга  чин  дўст  экан, — деди  Султонали  жиддий. — Мен  ўз  фикримда янглишмасман. Бу калтакесак юткан чаённинг юрагида, худой билсин, сизга қарши катта адоват бор.

Шу чоққача олов кавлаб жим ўлтурган Тойир ака сўзга қотишти:

— Сафар, елкаси чиққан, жиккак йигит эмасми, тақсир?

— Бали, бали.

— У меним ошнам бўлади. Эҳей, у билан биз ҳар ёз бирга мардикор ишлар эдик, ўзи ўбдан яхши йигит.

—  Вассалом, — деди  Султонали  мирзо. — Бас,  Абдураҳмон  ҳам  адоватда  муфтилардан қолишмайдир. Шунча яхшилиқни билмаган киши…

— Яхшилиқ қил, дарёға ташла, балиқ билмаса, холиқ3 билур, деганлар. Фузулий: “Даҳр4 бир бозордир,  ҳар  ким  матоъин  арз  эдар”  деб  жуда  тўғри  сўзлайдир.  Шунга  ўхшаш  биз  ҳам, ўзимизда  бўлған  матоъни  бозорға  соламиз,  улар  ҳам  бисотларини  кавлаб  шундан  бошқасини тополмайдирлар.

— Бу шундай, мирзо Анвар, аммо ўзингизни душмандан мудофаа қилиш керакми, йўқми?

— Мен нимани душмандан мудофаа қилай? — деб кулди Анвар. — Агар уларнинг адовати мендан бош муншийлйкни олиш учун бўлса, марҳамат қилсинлар, ҳатто ўзим уларга ёрдам ҳам берай. Тўғри, сиз уларнинг номуссизона ҳаракатларидан қизишасиз, аччиғланасиз. Менчи, мен ҳам  бир  инсон,  кўкдан  тушкан  фаришта  эмасман,  ўз  устимдаги  ғийбатлардан,  ҳайвонча қилиқлардан,  иззати  нафсимга  тўқинған  ҳаракатлардан  аччиғланаман.  Сиз  айтканча,  уларни ўрдадан  ҳайдаш  мулоҳазаларигача  бориб  етаман.  Бироқ,  баъзи  андишалар  мени  тўхтатиб қўядир.  Аввало  улар  билан  тенглашиш  меним  учун  камчилик  куринадир;  иккинчи,  уларни девондан  ҳайдаш  тўгрисиға  келганда  яна  андишалар  бор:  башарти  муфтиларни  девондан чиқарсам  халқ  нима  дейди,  беш  кун  амалга  миниб,  ўттуз  йиллиқ  мирзоларни  қадр  қилмади, демайдими?  Агар  улар  тинчкина  чиқиб  кетса-ку,  яхши,  билъакс,  хон  ва  шоғовул  домлалар воситасида  яна  кириб  олса,  мен  нима  деган  одам  бўламан?  Бу  ҳолда  бир  адоват  устига  юз адоват  замланишида  шубҳа  йўқ.  Энди  мулла  Абдураҳмон  тўғрисида:  бошда  мен  бу  кишини ўрдаға  олишға  қарши  бўлиб,  биринчи  кўришимдаёқ  бу  мулладан  яхшилиқ  кутмаган  эдим. Бироқ, сизга айтканимча, ўртада нозик бир киши восита бўлди, шундан кейин ноилож хизматка олишқа  мажбурият  туғулди.  Мулла  Абдураҳмон  ифлослар  қаториға  ўткан  экан,  иши  осон, жўнатиб юбориш қўлимиздан келади. Ва лекин,  фикримча,  уни ҳам жўнатиш маслаҳат эмас. Аввало  хизматка  олмаслиқ  керак  эди;  олинғач,  уч  ой  ўтмасдан  жўнатиш…  Жуда  оғир,  агар ифлос бўлса унинг табиъати, биз ўзгарта олмаймиз, ҳар ким тилаган ошини ичадир.

Султонали мирзо муфтилар тўғрисида бир нарса деялмаса ҳам, Абдураҳмонни жўнатишға исрор этди5.

— Хўб, муфтилар қолсин, яна бир неча кун сасишсин. Бироқ, Абдураҳмонни тўхтатманг, агар сиз шу чувалчангнинг баҳридан ўтсангиз, ҳамроҳларига катта ибрат кўрсаткан бўласиз.

Анвар кулиб қўйди.

— Сиз меним дўстимга қаттиғ тикилдингиз…

—  Тикилишка — тикилдим, — деди  Султонали мирзо  жиддий, — сиз  лоақал шуни ҳам жўнатмасангиз,  мен  кетаман.  Муфтиларнинг  афтини  кўриб  қийналар  эдим.  Энди  бу  учунчи ифлоснинг юзига қарашқа тоқатим қолмади!

Султонали жиддийлашкан эди, Анвар яна қарши боришни мувофиқ кўрмади.

— Хўб, — деди, — сиз шуни маслаҳат кўрсангиз, жўнатайлиқ.

—  Бали! — деди  Султонали. — Сиздан  яна  бир  талаб:  эртадан  бошлаб  мени  ўз ҳузурингизга  олинг,  токи  муфтилар  эртадан  кечкача  ғийбат  сўзлаб,  маймун  бўлиб  вақт кечирмасинлар.

— Бу ҳам осон, — деб кулди Анвар, — улар мен йўқ вақтдан фойдаланиб, юрак бўшатар эдилар. Энди бундан ҳам бечораларни маҳрум этмакчисиз, бу қадар зулм…

Султонали яна кулмади:

— Қилғанға қиламиз-да.

Шундан  кейин  кетишка  чоғландилар.  Анвар  қўзғалар  экан,  ёнчиғидан  бир  тилло  олиб, Тойир акага узатти. Тойир ака билибми, билмасданми, ҳар ҳолда тиллони қўлиға олғандан сўнг, яна тез қайтариб берди:

— Уят, уят бўлади.

— Бу пул ўзимга, деб ўйламанг, — деди Анвар Тойир аканинг қўлини итариб, — сиз бу пулга  ўтун,  магиз,  ортиб  қолса  чой  оласиз.  Султонали  акам  билан  келганимизда  гулханни бундан ҳам катта қилиб берасиз.

— Сизлар келсаларинг ҳаммасиям ўзимиздан топилади.

Анвар пулни олмади. Тойир ака маслаҳат сўрағандек Султоналига қаради. Султонали дуо қилиб олинг, деган каби ишорат қилди. Тойир аканинг дуосидан кейин чиқдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Мобаъд — давоми.

2 (Эй ҳушёр киши! Душманларинг билан бирга ўлтуришкан — ҳамсуҳбат бўлган дўстингдан қўл ювғил (муал.).

3 Холии — яратувчи, худо.

4 Даар — дунё, олам.

5 Исрор этмоқ — қистамоқ.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 62-қисм

62 Назир жувозкаш кўпкарига Олмакўз байталини миниб келди. Ўзиям, байтали Олмакўзмисан, Олмакўз бўлди-да! Кўзлари бўталоқ кўзларидай катта-катта, дум-думалоқ, олмадай-олмадай ...

Хайрихоҳ қотил

17. ХАЙРИХОҲ ҚОТИЛ Миршаблар томонидан қўрбоши маҳкамасига сў-роққа олиб кетилган қутидор қайтиб йўлакдан кириши билан минг хил ташвишда ўлтурғучи Офтоб ойим билан Кумушка ...

Мeҳробдан чаён-қизиқлар

Зокир-гов хонға қуллиқ қилди ва икки-уч қадам бордон томонға юриб, бутун товши билан чақирди: — Баҳромбой! Ҳов, Баҳромбой!!! Бордон  ичидан  бир  оёғида  кафш,  иккинчиси  ...