МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЧАҚАНГИЗ СИЙҚА ЭМАСМИ?

Ул аксар шом ва эрталабки намозларнигина масжидда ўқуб, қолғанларини уйида адо қилар, пешин,  аср,  хуфтанларга  вақт  тополмас  эди.  Аммо  бу  кеч  жўртта  хуфтанга  чиқмади.  Яъни Маматқул  ўн  пул  учун  шошиб,  топқан  гапини  кишилар  орасида  сўзлаб  берса  эҳтимол  эди. Ошдан сўнг ишхонасига чиқди. Дастгоҳ ёнидағи қора чароғни сқиб ўришдаги узуқларни улади, аймашқан ипларни ешди, чигилларни ёзиб тароғлади, оғзи билан охор буркиб яна таради ва энг сўнг  қурутиш  учун  ўришни  елпиди.  Уриш  гўқишқа  ростланғандан  кейин,  эски  тўппидаги найчага  солинған  ипларни (арқоқни)  олиб,  дастгоҳка  тушти,  тиғ  ва  гулани  орқаға  суриб моккини ростлади.

Қора  чароғ  аранг-аранг  дастгоҳни  ёритар,  елкаси  ташқариға  туртиб,  кўкраги  ичка  ботқан Сафар  бўзчи,  гўё  дастгоҳка  қуюлиб  қўйғандек  кўринар  эди.  Тепки  босишдан  ғич-ғич  қилған нағма  эшитилар  ва  бу  нағма  оҳангага  ўйнағучи  мокки  у  ёқ-бу  ёққа  ўтиб  турар,  лаҳза  сайин арқоқ-ўриш бирлашиб, тўрт эллик бўз ҳосил қилар эди. Сафар бўзчининг бир кечлик ишига бир оҳор  мўлжал  бўлиб,  қора  чароғнинг  мойи  ҳам  соат  вазифасини  ўтар,  яъни  қора  чароққа тўлдирилган мой ҳар кун бир оҳорға етиб битар эди.

Сафар бўзчи наворт ёғочини ўраб, оҳорлиқ тандага — ўришка мўралади ва нос отиб, кўча томонға  қулоқ  солди.  Чунки  ул  ҳануз  Маматқулнинг  келишидан  умидвор  эди.  Бир  оз  қулоқ солиб турғандан кейин, моккига янги найча жойлаб, яна ишка уринди. Ичкарида чарх тоблаб найча солиш билан машғул Тўхтабиби кўйлак енгини иплик ўришчалар билан тўлдириб чиқди.

Гап-сўзсиз, ўришчаларни эски тўппига ағдариб, бўшалған найчаларни йиғиб олди.

— Оёғим совуқ қотти, оловнинг иложини қил-чи.

— Ўт ёқиб берайми?

— Ҳа, бали, уч-тўртта тарашани кертиб кирсанг бўлади.

Тўхтабиби  чиқиб  кетди.  Сафар  ака  асабийлангандек  тез-тез  тепки  босиб  ишка  қаради.

Мокки  тўхтовсиз  икки  ёққа  сапчиб  турди.  Ўн  дақиқа  чамаси  шу  ҳолда  иш  қизғин  давом эткандан кейин, бирдан мокки тўхтади, Сафар бўзчи ташқариға қулоқ солиб қолди. Кўча эшик “ғийқ”  этиб  очилиб,  йўлакдан  кичкина  оёқ  товши  келди.  Сафар  бўзчи  моккиси  қўлида  ўзича илжайди, яна бир-икки оёқ боскандан кейин, дўконхона эшиги очилди.

— Бали, Маматқулим, бали… Эшикни ёп, эшикни!

Маматқул эшикни ёпди ва икки қўлини оғзиға кўтариб исинди.

— Совуқ қотдингми, Маматқул? Ҳозир олов ёқамиз, ҳозир… Боядан бери Маматқул келади, деб ўн пулни сақлаб ўлтурибпан-да.

Шу пайтда эшик қияғина очилиб, яна ёпилди.

— Киравур, Тўхта, киравур: ўзингнинг Маматқулинг-ку.

Тараша кўтариб Тўхтабиби кирди ва Маматқулға қаради.

— Маматқулмидинг, — деди Тўхтабиби. — Бемаҳалда нима қилиб юрибсан, болам? Энанг эсон-соғ юриптими?

Маматқул Тўхтабибининг сўзига бош ирғатиб, Сафар бўзчиға қаради…

— Маматқулнинг менда иши бор, холаси. Оловни тезроқ ёқ. Маматқул совуқ қотипти…

Тўхтабиби ўтунни гулхан ўрниға ташлаб, қўлидағи қовғасини қора чароққа тутиб ёндирди ва бориб ўтунни ёқди.

— Уларни жўнатиб келдингми, ўғлим Маматқул?.. Бали, бали. Ёнларингға яна бошқа киши ҳам келдими?

— Йўқ.

— Ҳа, ҳа.,. Имом поччанг сенга кетавур демапти-да?

— Мен тағин икки қайта чай қўйиб бердим-ку: мен кетсам уларга ким чай қўйиб берарди. Мен чайни қўйиб гапни тинғаб ўлтурдим.

—  Бали,  бали, — деди  Сафар  кулиб  ва  хотиниға  қараб  қўйди. — Йигит  деганинг  ана шундай  бўлсин-да,  бизнинг  Асқарбойлар  ҳам “йигит”да.  Қани,  Маматқул,  гулханнинг  ёниға борайлиқ-чи, исиниб гапиришамиз-да.

Иккиси  гуриллаб  ёнған  олов  ёниға  чўнқайдилар.  Сафар  ака  оёғини  кафшидан  чиқариб оловға тутди.

— Асқарбой ухлаб қоғанми, дейман, хола?

— Ухлаб қоған, — деди Тўхтабиби ва бориб дастгоҳ ёнидағи бўшаған найчаларни йиғиб олди.

— Шуларни тўлдириб берсам, бу кечка етар?

— Тўлдиравур-чи, кўрамиз-да.

Тўхтабиби дўконхонадан чиқди. Сафар бўзчи Маматқулға қараб илжайди. Маматқул ҳам ўз

навбатида илжайиб, Сафар бўзчининг чақалиқ чўнтагига кўз ташлади ва нима учундир энтикиб қўйди.

— Хўш, Маматқул охун?

Маматқул ўйлаб иккиланди:

—  Китоб…  китоб  сўзини  айтишмади-да,  ҳе…  Катта  домлам  қурғандағи1  ижжани2  ўқуған эди, мен…

Сафар бўзчи боланинг андишасига тушуниб кулди:

— Сен уқуб ололмадингми, аттанг. Майли, уқуб олғанингни айта бер.

Маматқул енгилланиш нафаси ютди, кўзини беихтиёр Сафар бўзчининг чўнтагига тикди.

— Китоб сўзи бўлмаса ҳам чақани беравурасизми, Сафар ака?

Сафар бўзчи кулгидан ўзини тўхтата олмади, чўнтагадан чақаларни чиқариб қўлиға олди:

— Беравураман-да. Кўраяпсанми?.. Шундан ўнови сеники.

— Имом поччам, — деди Маматқул кўзини чақадан ололмағани ҳолда, — имом поччам ўзи ўрдаға мирзабоши бўған экан-да… Ўша хат битадуған жайда мулла эмас бир киши катта бўб қоған  экан…  Ўша  мулла  эмас  хоми  киши  имом  поччамни  хат  битишка  тозаси  экан,  деб мирзахонадан чиқарған экан-да… Али мирзо деган киши имом поччамни унга ёмонлапти…

Сафар бўзчи Маматқулнинг сўзини бўлди:

— Кимга ёмонлапти?

— Ўша мулла эмас хоми кишига ёмонлапти-да… Шуннан кейин имом поччамни чиқарипти.

Энди катта домламларни ҳам ўрдадан чиқарсам, деб юрған экан. Ўзи жуда ёмон киши экан-да…

Катта домламлар буни нима қиламиз энди, деб имом поччамнинг олдиға келишипти экан-да, — деди Маматқул ва бир неча фурсат Сафар бўзчининг қўлидағи чақага қараб турди. — Чақангиз сийқа эмасми, Сафар ака?

Сафар ака кулди, чақадан бештасини ажратиб Маматқулға узатти.

— Мана ўзинг кўр-чи.

Маматқул чақани олиб, уёқ-буёғини текширди:

— Муҳри бутун экан. Бир пулга ўн пайса ҳолва берармикин, Сафар ака?

—  Нега  бермасин.  Чақани  чўнтагингга  солиб  қўй,  қолғанини  сўзлаб  бўғанингдан  кейин оласан. Катта домлалар кенгашка келган эканлар, дегин?

— Ҳа… Чақамни белбоғимга тугсам тушиб қолмасмикин?

— Ҳозир тугма, мендан яна беш пулни олғанингдан кейин, қўшиб тугарсан.

Маматқул  қўлидағи  пулни  жарақлатиб  ўйнади  ва  шунинг  орқасидан  ижирғаниб шикоятланди:

— Оёғим ивишиб қоған.

— Чўнқайиб ўлтурма.

Маматқул ўлтуриб олғандан кейин, яна ижирғанди:

— Игна санчяпти?

— Қулоқ солма, сўзлай бер, ҳозир ўзи тузалиб қолади.

— А, шундайми, — деди Маматқул маҳсисини силаб. — Сизники ҳам ашундақа бўладими, Сафар ака?.. Катта домлам соқолини тутамлаб, ўшани янди., тузоққа тушар, деди. Имом поччам ўйлаб ўтурди, ундан кейин… Санчяпти-ку, Сафар ака?

— Ҳозир тузаласан, хўш?

—  Ундан  кейин…  Сизларга  маъқул  бўлса  бир  гап  хотиримга  келади,  деди.  Ўша  кўклам чиқса уйланади, деди…

Сафар бўзчи Маматқулни тўхтатиб сўради:

— Ўша-да, мулла эмас, синглиталоқ-да… Ўзингиз ҳам сўрай берайди экансиз-да!.. Оладуған хотини  чиройлиқ,  деб  эшитаман,  деди.  Бу  ҳам  бир  гап-да,  шу  қизни  хонға  тўғриласақ бўладимикан, деди. Катта домлалар маъқул дейишди. Ҳай-ҳай дейишди… Шу ерда Маматқул бир оз ўйлаб қолди, — бунинг давоси гулчин бўлади, дейишди.

Сафар бўзчи кейинги сўзни такрорлади:

— Гулчин бўлади, дейишди?

Маматқулнинг ўзи ҳам бу тўғрида иккилангандек бўлди.

— Мен яхши пайқамадим-да: давоси гулчин бўлади, дейишди… гулчай… йўқ.

— Ундан кейин?

— Шу, бўлди.

— Бари?

— Бари шу… Мен ташқариға чай қўйғани чиққанимда гап тинғамадим-да.

— Маъқул, маъқул, — деди Сафар бўзчи, — ундан кейин улар кетдиларми?

— Кетдилар. Имом поччам энди уйингга бор, деди менга… Чақани берсангиз қўшиб тугар эдим.

Сафар бўзчи кулиб, қўлидағи чақадан яна беш пулни узатди.

— Мендан ўн пул олғанингни ҳар кимга сўзлаб юрма, тузукми? Ҳа, ундан кейин бу гапни ҳеч  кимга  айтма,  домлаларингнинг  сўзи  савобсиз  гаплар  экан…  Уйингга  слғиз  кеткали қўрқмайсанми?

Маматқул  бир  оз  ўйланиб,  белидаги  чақа  тугунини  қўли  билан  ушлади,  Сафар  аканинг “қўрқмайсанми” саволига жавоб бермай, бориб эшикни очди ва югурганча чиқиб кетди.

— Ўша ким, ўша?

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Қурған — қуръон.

2 Ижжа — хижжа

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ёрлиғ бериш маросими

 Ёрлиғнинг  кимнин  исмига  ёзилғанлиғини  эрталабданоқ  ўрдада  ҳар  ким  сезиб  қолди. Девонда эски одатича ўз ишини қилиб ўртурғучи Анварнинг ёниға дам-бадам мирзо ва ...

От кишнаган оқшом (қисса) 51-қисм

51 Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди. — Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар. Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам ...

Нажот истаб тошкандга

14. НАЖОТ ИСТАБ ТОШКАНДГА Бу кун саккиз кундан берига — «кутилмаган бир бахт» эгаси бўлиб олған Кумушбиби учун бу ҳол кутилмаган бир бахтсизлик, кутилмаган бир фалокат эди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400