МEҲРОБДАН ЧАЁН-ҚУВ ОДАМ ЭКАН

Сафар бўзчи дарбозадан кирганда, ичкаридан ясамол бир хотин чиқиб қолди. Мундай яхши кийинган ва ҳусндор хотинни ул ўз умрида биринчи мартаба кўргани учун бўлса керак, хотин яшириниб олғунча, ундан кўзини олмай қаради. Таажжуб ва ҳайрат ичида келиб меҳмонхонаға кирди. Меҳмонхонада Анвар йўқ, Анвар ўрнида бегона бир киши — Султонали мирзо ўлтурар эди. Сафар бўзчи салом берди. Султонали мирзо жавоб бериб, ўлтурган жойидан Сафар бўзчиға жой кўрсатди. Сафар бўзчи бир оз сўзсиз ўлтурғандан кейин, “мирзасини” сўради. Султонали мирзо,  Анварнинг  қўшниларидан  бириникига  зарур  бир  юмиш  билан  чиқиб  кетканлигини  ва бир оздан сўнг келишини сўзлаб, ундан мирзода қандай юмиши борлиғини савол қилди.

— Юмиш-ку, йўқ, тақсир, — деди Сафар. — Биз бир холис дуогўй одам… Мирзамни бир зиёрат қилай, деб келган эдим.

Султонали  Сафар  бўзчини  бир  нарсанинг  тамаъида  юрған  киши,  деб  ўйлади.  Чунки Анварнинг  қўли  очиқлиғини,  унга  кўб  ҳожатмандларнинг  ўрганиб  қолғанлиқларини  яхши билар эди. Аммо Сафар бўзчи Султоналининг силлиқ муомаласидан хурсанд бўлиб, унга қарши ўзида дўстлиқ сезди. Бир оз жим ўлтургандан кейин Сафар яна тилга келди:

— Барака топсин мирзам одамжон-да, одамжон; биздек фақирлар билан ҳам оғайни, сизлар билан ҳам шундай, барча баробар.

Бу сўз Султонали мирзонинг бояғи фикрига қарши сўзлангандек тушди. Сафар бўзчининг мирзо билан оғайнилиқ даъвоси уни таажжубга солди.

— Шундай, шундай… Мирзо, сиз айтканча, барчага баробар йигит, — деди Султонали.

— Нима касб қиласиз?

— Бўзчилиқ, тақсир. Лекин мирзам, сен бўзчисан, деб биздан ҳазар қилмайди, биз шунисига адо-да,  тақсир…  Бўлмаса  гузаримизнинг  оқсоқоли  ҳам  икки  оғиз  гапимизга  қулоқ  солсин-чи.

Нафсамбир гап яхши-да, тақсир.

Сафар бўзчининг “нафсамбир” гапи Султоналини беихтиёр кулдирди.

— Тўғри айтасиз. Исмингиз нима?

—  Биз  деворнинг  кавагида  ётқан  бир  одам-да.  Ўзимиз  киму,  исмимиз  нима  бўлар  эди.

Шаҳарнинг Олим қовоғи1 эмасмизки, айткан он таниб олсангиз.

Султонали  мирзо  яна  кулди, — “нафсиламр”  гаплардан  завқланиб,  ул  ҳам  Сафар  бўзчиға қарши ўзида яқинлиқ ҳис этди ва бир оз ўйлаб турди.

— Исмингизни айтсангиз, балки мен танир эдим… Сиз бўзчи бўлсангиз, ўткан ҳафта мирзо Анварга бир сўз айткан эмасмисиз?

—  Айткан  бўлсам  эҳтимол;  нега  десангиз,  қўл  бўшағанда  мирзамнинг  зиёратига  келиб тураман-да.

— Сиз… Сиз мулла Абдураҳмоннинг қавмларидан эмасмисиз?

— Хе-хе-хе… Худда, тақсир.

— Агар янглишмасам, исмингиз Сафарбой чиқар? — Сафар бўзчи завқланиб, кайфланиб кулиб юборди:

— Мирзам айткан эканлар-да. Султонали мирзо ҳам кулди ва кулги ораси латифа қилди:

—  Сиз  ўзингизни  паст  уриб  Олим  қовоқ  эмасманки,  отимни  айткан  он  танисанг  дейсиз, ҳолбуки, сизни ўрданинг мирзобошиси, шаҳарнинг қўрбоши, даҳбошиси ҳам танийдир.

— Тавба қиппан, тавба қиппан, — деди Сафар. — Мен ўз қадримни билмай юрған эканман-да.

Иккиси  ҳангама  сўқиб  бир  неча  пайт  кулишдилар  ва  бир  онда  эски  қадрдонлар  ҳолиға ўтишдилар.  Султонали  уни “Сафар  ака”  деб  хитоб  қила  бошлади  ва  мулла  Абдураҳмоннинг кейинги  аҳволидан  сўради.  Сафар  бўзчи  мулла  Абдураҳмоннинг  бўшатилғанидан хурсандлигини изҳор қилди ва унинг лаби гезариб юрғанини сўзлаб, Султоналини кўлдирди.

— Шунчалик ҳолинг бор экан, думингга қумғон боғлашинг нима ҳожат эди, деб куламан.

Эгри тўнкага — эгри тўқмоқ; мирзам хўб яхши иш қилғанлар-да.

— Шундай, — деб кулди Султонали, — кишиларга энди нима дер экан, балки қулоғингизга чалинғандир?

Сафар бўзчи ўнг қовоғи устини силаб олди ва қўлининг текис ўсмаган тирноқлариға қаради.

— Бу тўғридағи сўзини эшитканим йўқ-ку… Энди ўзи ёмон одам-да.

— Масалан, ёмонлиғи?

— Ёмонлиғи… — деб яна тирноғиға қараб қолди, — ишқилиб, тақсир, шу одамни пайини қирқсам, дейди-да. Илгари холисанлилло душман бўлса, энди аламзада бўлди-да…

Сафар бўзчининг содда кўнглида яширинған сир оз-оз сиртига ҳам тепиб турар эди. Унинг — “…энди аламзада бўлди-да” жумласидан шубҳаланиб қолған Султонали жиддий тус олди:

— Мен мирзо Анвар билан бирга тураман, Сафар ака, — деди. — Мирзо билан бизнинг орамизда  ҳеч  бир  яширин  гап  бўлмайди.  Масалан,  сизни  тусмол  билан  танишим,  мулла Абдураҳмон тўғрисида келиб айткан сўзингизни билишим…

— Мен буни билиб туриппан, тақсир.

—  Билиб  турған  бўлсангиз, — деди  Султонали  ўпкалик  қиёфатда, — нега  мендан шубҳаланасиз?

— Йўқ, йўқ, ука, мен худой ҳаҳқи…

— Бўлмаса, нега мулла Абдураҳмон тўғрисидағи саволимга тузук жавоб бермайсиз?

— Мен айтдим-ку, ёмон одам-да, ўзи…

— Унинг ёмон одамлиғини ўзим ҳам биламан. Аммо мени ҳам ёмон одам деб ўйлағанингиз учун… Хўб, ҳали мирзо Анвар келганда ўша мендан яшириб турған гапин-гизни сўзларсиз, мен шунда сизни уялтирарман…

Сафар бўзчи бирдан кулиб юборди ва қўли билан Султоналини яниб қўйди:

— Уят қилсангиз ҳам “нафсамбир”ини айтай, анча қув одам экансиз.

Бу содда баҳо Султоналини кулдирди:

— Сиз мендан ҳам қувроқ экансиз.

— Мен топқан гапимни мирзамнинг ўзига айтай, деган эдим-да.

—  Албатта  айтасиз,  лекин  мен  ҳам  эшитсам,  зарар  қилмайди.  Хўш: “аламзада”  нима қилмоқчи?

— Аламзадами? — деб кулди Сафар ва бир оз ўйлаб турди. — Ўрдада турадиған бўлсангиз, анови катта гўзим муфтиларингиз бор-ку?

— Бор, бор: пул берсангиз ҳаром ўлган эшакнинг ҳалоллиғиға фатво берадирган муфтилар.

Хўш?

—  Гапларингиз  ҳам  қизиқ  экан…  Ана  шу  муфтиларингиздан  иккитаси  ўткан  кун домламизнинг ҳужрасига меҳмон бўлишди…

Сафар бўзчи ўткан фаслда ёзилған можарони бир-бир сўзлаб борди. Эшиткучи бўзчининг соддағина қилиб сир олишини кулиб, завқланиб тинглаб турди.

— Боланинг сўзи кўб тутал келди, тақсир. Чамаси мирзам бир қизға уйланмакчи экан-да.

Қизи  қурғур  чиройлиқ  бўлса,  қўйинг-чи,  шу  қизни  хонға  олдирмоқчи  бўлғанлар-да.  Кишига алам қилғандан кейин ҳар бир куракни бемалол…

Султонали  мирзо  бу  сўзни  эшитиш  билан  бирдан  ўзгариб  кетди,  кўзи  катта  очилиб, манглайида узун-узун ажинлар ҳосил бўлди:

— Тутилмаган гап… Хўш, сўзлай беринг-чи?

— Боланинг хуллас гапи шу, — деди Сафар ва бир оз жим қараб турди. — Ҳа, ҳа, яна бир нарса ҳам бор экан: улар шуни мувофиқ кўрганларидан кейин — “бунинг давоси гулчин” деб айткан  эмишлар.  Мен  боланинг  бу  сўзига  ҳарчанд  тушуналмадим.  Бола  янглишқанми  ёки муллаларнинг шундай тожикиси ҳам бўладими, мен энди авом одамман-да, тақсир.

Султонали мирзо шу жумла устида ўйладими ёки бошқача бир андиша уни машғул этдими, баҳарҳол, бирар дақиқа чамаси сўзсиз хаёл суриб қолди. Сафар бўзчи эса, бу ҳолдан бад олиб, манглайини қашиди. Қашир экан, бармоқ ораси Султонали мирзонинг юзидан бир нарса ўқушқа тиришар эди.

— Улар қайси кун шу маслаҳатни қилған эдилар? — деб сўради Султонали мирзо.

— Ўткан кун, тақсир.

— Яъни орада кеча панжшанба ўткан?

— Бали, бали.

Султонали бошини чайқаб тебранди. Сўнгра мирзо Анварнинг кўкламга чиқиб уйланмакчи бўлғанини,  қиз  эса,  шу  уйнинг  боласи  эканини,  домлалар  мирзо  Анварнинг  обрўсини  тўкиш фикрига тушканликларини сўзлаб чиқди:

—  Раҳмат  сизга,  Сафар  ака, — деди  Султонали. — Сиз  мирзо  Анварнинг  обрўсиға тўқунмоқчи бўлған бир ёмон-лиқнинг хабарини олдиндан олиб келгансизким, мирзо Анварнинг бир дўсти бўлишим сифати билан сизга миннатдорчилиқ изҳор қиламан ва шунинг билан бирга бу  хабарни  мирзога  билдирмаслигингизни,  ҳозирча  бу  сирнинг  иккимизнинг  орамиздағина қолишини сиздан сўрайман.

Негаки,  мирзо  Анварни  бу  хабар  билан  ташвишка  солған  бўламиз.  Мирзога  бу  хабарни айтишдан  илгари  ошиғич  равишда  сиз  билган  ифлослар  қаршисиға  чиқиб  ишлашимиз, мирзонинг  обрўсиға  тўқунадирған  ёмонлиқни  дафъ  қилишимиз  ва  шундан  кейингина  бўлиб ўткан  бу  можарони  унга  сўзлашимиз  керакка  ўхшайдир,  Мен  ҳозир  мирзо  Анвар  қайтиб келмасданоқ,  шу  гап  орқасидан  бир  жойға  бораман….  Борадирған  жойимни  сизга  айтиб  ҳам қўяй: “Давоси гулчин” жумласидаги “гулчин” сўзини бола янглиш онглаған, улар — “давоси Гулшан” деганлар. Зероки “Гулшан” сўзи бир хотиннинг иеми бўлиб, бу хотин хонға чиройлик қизлар топиб бергучи ҳарам далласидир2. Улар ўзларининг ифлос ниятларига шу хотин орқалиқ етмакчи,  шу  воситада  мирзо  Анвардан  ўч  олмоқчи  бўлғанлар.  Фурсатни  қочирмай  шу хотиннинг олдиға боришим керак. Гапка тушунган чиқарсиз, Сафар ака.

— Тушундим, садағанг кетай, тақсир.

— Гап шундай бўлсин; иш бартараф бўлғунча бу тўғрида мирзога оғиз оча кўрманг, жон ака, — деди такрор Султонали ва ўрнидан турди, — Мен мирзо Анвар келмасдан жўнай, келса юбормайдир. Сиздан мени сўраса, бир киши чақириб кетди, дерсиз, дурустми?

— Хўб, мен ҳам сиз билан кетаберсам?

— Йўқ, сиз ўлтуринг, меним дарагимни айтиб уни хотиржамъ қилинг. Ундан кейин келаси жумъа албатта шу ерга келиб мендан натижани эшитарсиз, мирзо билан учавимиз ўлтуришиб суҳбатлашармиз, маъқулми?

— Хўб.

Султонали хайрлашиб, ошиғич меҳмонхонадан чиқди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Худоёрга чет мамлакатлардан мол келтириб сотувчи машҳур савдогар (муал.).

2 Далла — қўшмачи.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 3-қисм

3 Биродарлар, сиз сўраманг, мен айтмайман... Оти Момосулув эмиш. Юзлари кулчадайми, ё, сулувми? Кўзлари қорами, ё зиғир гулидайми? Қошлари қуюқми? Қуюқ бўлса, қайрилмами? ...

Биз бахтли бўламиз

Н. га Майли-да, кимгадир Ёқса, Ёқмаса, Уларга қўшилиб Йиғлашармидик. Биз бахтли бўламиз Худо хоҳласа, Худо хоҳламаса Учрашармидик... Райҳон ҳидларингни Йўлларимга сеп, Кут ...

От кишнаган оқшом (қисса) 40-қисм

40 Бир сафаргисида мени-да эргаштириб жўнади. — Бошингдан ўтган савдони ўз тилинг билан ўзинг айтиб берасан, — деди. — Ўзи, қаерга бораяпмиз? — дедим. Ботир мироб шаҳодат ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400