Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 2-қисм

Вужуди ичра яна бир вужуд битганини сезган Акбара тинчини йўқотди. Юраги гурсиллаб ура бошлади. Кўкраги остида вояга етаётган болаларини хавфу хатарлардан асраш ва қўриш иштиёқида ғайрат-шижоатга минди. У ҳозир ҳеч нарсадан тап тортмас эди.

 

Табиат ато этган наслни асраш сезими кучга кирган эди. Шунда у меҳр бутун вужудига иссиқ қондай югурганлигини ҳис қилди, энди дунёга келадиган болаларини эркалагиси, бағрига олиб иситгиси, уларни тўйдириб-тўйдириб эмизгиси келди. Бу оналикнинг энг биринчи бахтиёрлиги эди. У қорнида икки қатор тўлиб, қизариб, бўрсиллаб турган эмчакларидан сут тошиб, повиллаб келишини ўйлаб орзиқиб кетди, азбаройи маза қилганидан инграб юборди ва кўзларини юмиб олди. У ини имкон берганча жисмини ёзиб, оҳиста-оҳиста эркаланиб керишди ва шундан сўнг кўнгли биратўла жойига тушиб, яна ўзининг кўк ёлли Тошчайнарига яқинроқ сурилди. Тошчайнар ёллари қалин ўсган ҳайбатли ва чайир бўри эди. Шунча ўжар ва дўлайган эканига қарамай, у ҳам жуфтининг юрагида нималар кечаётганлигини сезди. Назарида жуфтининг қурсоғида бир нарсалар бўлаётгандай эди, буни ўйлаб унинг чеҳраси очилди. Тошчайнар қулоғини диккайтириб гувалакдек қийшиқ ва чўнг калласини кўтарди, шунда унинг ичига чуқур ботган қорамтир кўзларининг қорачуқлари совуқ йилтиллаб, улардан қандайдир бир шарпа, аллақандай татти башорат ўтгандай бўлди. У оҳиста томоғини қириб, йўталгандай ириллади. Шу билан жуфтига меҳр-оқибатини, уни ҳар қандай бало-қазолардан ҳимоя қилишга тайёр эканлигини, кўк кўз қанжиғига ғинг демай бўйсунишини изҳор этди ва шундан сўнг Акбаранинг бошини, айниқса унинг порлаб турган кўк кўзлари ҳамда тумшуғини катта, иссиқ сўлакайи оқиб турган тили билан эркалаб ялаб-юлқай кетди. Акбара Тошчайнарнинг тилини яхши кўрарди. Арлонининг қони жўшиб, бетоқат ҳирсга тўлиб, нари сакраб-бери сакраб ўйноқлаб, шунда ҳам тили илондай эшилиб-тўлғаниб, шиддатга киришини ёқтирар, лекин ўзини гўё ҳеч нарсани сезмагандай бепарво кўрсатар эди. У эт-мойга кўп тўйиб, осуда роҳатланиб ётган чоғларида ҳам арлонининг сўлакайи оқиб турган ипакдек юмшаган тилини хуш кўрарди.

 

Бу икки жондорнинг бошчиси, ақли-эси Акбара эди. Овни у бошлаб берарди. Арлон эса унинг қора қули — амру иродасини ғинг демай бажо келтирар, бинобарин, ишонган тоғи эди. Арлон ҳеч қачон чарчаш нималигини билмасди. Ўрталаридаги шу муомала йўсини ҳеч қачон бузилган эмас. Фақат бир куни кутилмаган синоат бўлиб ўтди. Арлон кечаси билан йўқ бўлиб кетди-да, тонг азонда бутунлай бошқа қанжиқнинг бадбўй исини эргаштирганча қайтиб келди. Дайдиган арлон бўриларни ўн чақиримлаб узоқ ерлардан мараз ҳидига чақирадиган ўша ебтўймас юҳо бўрининг исига Акбара сира тоқат қилолмади. Ёмон ғаши келиб, аччиғи чиқди, нафрати қўзиди, тўсиндан шартта эркагининг елкасига тишларини қаттиқ ботирди. Сўнг бир неча кунгача унга ҳеч рўйхуш бермай, орқасидан ялинтириб юрди. Сўлжайган, обрўсини тўккан аҳмоқни ўзига яқинлаштирмади. У дод деб, қанча ув солмасин, ўзига гўё ҳеч бир алоқаси йўқдай, худди энди у ўзи учун ўлгандай, ҳатто йўлига бўлсин, бир марта қайрилиб қарамади. Тўхтамади. Агар Тошчайнар шунда унга яқинлашиш ва кўнглини овлаш учун яна осилгудай бўлса, Акбара чиндан у билан тап тортмай олишарди. Зотан, бу икки махлуқнинг боши ўзи, арлони эса — оёғи эди.

Ҳозир эса Тошчайнарнинг кенг бағрида ётиб, пича ҳуши ўзига келди. Қўрқинчли дамларда эркагининг бирга бўлганидан, унга далда берганидан рози эди. Шунинг учун арлонининг эркалашларига қаршилик қилмади, ҳатто унга жавобан ўзи ҳам унинг тумшуғини бир-икки бор ялаб қўйди. Лекин, бояги ваҳиманинг асорати ҳали кетмаган, дам-бадам вужудига титроқ кирар, шунда батнига қулоқ тутар, ҳали туғилмаган болалари нима сабабдандир безовта бўлаётганликларини тингларкан, ҳаммасига: ини борлигига ҳам, тоғларга катта қор тушганига ҳам, совуқ тун шитоб билан бостириб кириб келаётганига ҳам шукурлар киларди.

 

Урғочи бўрини қаттиқ қўрқитиб юборган кун ана шундай ўтиб борарди. Оналик табиатининг барча ғайришуурий сезимларига тобе ҳолда у ўзи учунгина эмас, болаларим деб, мана шу қоронғи ўнгирда яқинда туғиладиган бўричаларим деб қўрқди. Ахир, худди шуларни деб, икковлашиб қидира-қидира ниҳоят, мана шу ҳайбатли тик қоя остидаги қалин чангалзорлар ва тоштепалар билан тўсилган холи ўнгирни бошпана қилган эдилар.

Бунинг устига Акбара билан Тошчайнар бу ерларга келгинди эдилар. Разм солиб қаралса, улар у ерлик бўрилардан ажралиб турардилар. Уларнинг елка ёллари кўкрак жунларига қуюндай буралиб тушар, бутун елкаларини то каллага довур қалин жун қоплаган, худди дашт бўрилариники каби ёллари оқиш-кўкиш тусда товланар эди. Шунинг учун буларни оқёл деб

аташарди. Оқёллар Иссиқкўлнинг тоғ атрофларини ўзига макон тутган ерлик бўрилардан йирикроқ, бўлалироқ эдилар. Агарда Акбарага яқинроқдан бировнинг кўзи тушса, унинг тип-тиниқ кўк кўзларидан тамомила ҳайратга тушган, бунақасини бошқа ҳеч қачон учратмаган бўлар эди. Шу ерлик чўпонлар бу қанжиқ бўрини Оқдил деб юришди. Кейин-кейин бориб Акбари дедилар, яна бирмунча вақтлар ўтиб эса Акбара — Улуғ деб атадилар. Ким айтса айтгандиру, лекин унга шундай ном берилиши бежиз эмасди. Бунда қазонинг ҳам ҳукми борга ўхшаб кўринарди…

 

Бултур бу ерларда кўкёллар йўқ эди. Улар келишга келдилару, лекин ҳеч кимга қўшилмай бўлак бўлиб юрдилар. Бошида бу ерларнинг туб эгалари билан тўқнашиб қолмайлик деб, кўпинча эгасиз ерларда четлаб-четлаб изғишди, борига қаноат қилиб жон сақлашди. Кейин ўлжа излаб одамлар яшайдиган пастдаги жойларга ҳам панжа ура бошлашди. Лекин, бари бир туб ерлик бўри тўдаларига қўшилишмади. Кўккўз бўри Акбара очдан ўлса ўлардики, лекин бировларга қарам, сиғинди бўлиб яшашга асло кўнмас эди.

Ҳамма нарсани вақт ҳал қилади. Бора-бора келгинди кўкёллар оёққа мустаҳкам туриб олишди. Сон-саноқсиз омонсиз жангларда Иссиқкўл адирларидаги кўп ерларни ўзларига қарам қилишди. Келгиндилар ҳар нарсага эга чиқдилар. Маҳаллий бўрилар уларнинг аймоқ-дарига асти яқин йўлай олмасдилар. Жон сақлаш учун бегона жойлардан қочиб келган кўкёлларнинг ҳаёти Иссиқкўлда шу ангиз изга тушиб кетди. Лекин шунгача улар, эҳ-ҳэ, қанчалаб воқеаларни бошларидан кечирмадилар. Сезгир, зийрак Акбара уларнинг ҳаммасини қайта бошдан ўтказгандай бўлиб юради, тез-тез эслаб қўяди. Қанийди, махлуқлар ҳам кўрган кунларини бирма-бир сўйлаб берсалар эди. Балки яна ким билади, эсига тушганда, ҳаммаси тағин кўз ўнгидан ўтиб, аламли ёшларини тиёлмай оғир-оғир инграса, ажабмас…

 

* * *

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Рауф парфи:ассалому алайкум дорнинг оғочи

«Кунтуғмиш»дан Акиф БАҒИРга   КЎНГЛИМ ҚОРОНҒУДИР, ТЕВАРАК ТУТУН, Ёлғиз бошим узра узилар шамол, Кўзларимни ғажир аллақандай тун, Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи? – ...

Кумушнинг сўз ўюни

11. КУМУШНИНГ СЎЗ ЎЮНИ Шомга яқин меҳмонлар тарқалишдилар. Меҳмон-хонада ҳожи, қутидор, Ҳасанали ва Отабек қолған эдилар. Ичкарида Ўзбек ойим меҳмонларни кузатиб бўлиб, ...

Мeҳробдан чаён-танийсанми шу жажжи қизни?

Фалакми кажрафтор, турмушми бемаза, ҳар ҳолда Анварларнинг толеъи яна пастлик қилди. Бир кун Анорбиби биравникида юмуш қила туриб тўсиндан оғриб қолди, бир соатнинг ичида ...