Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 7-қисм

Бунинг  маъноси  шу.  Гўшт  етиштириш  муҳим  эмас.  Муҳими  гўшт  топшириш.  Халқ  олдида, талабчан  юқори  ташкилотлар  олдида  юзни  ёруғ  этишнинг  бирдан-бир  йўли  шу.  Лекин буларнинг  барини  дашт  бўрилари  не  билсинлар.  Марказлардан  областларга  тўхтовсиз  сим қоқишади. Шу куннинг қатъий талаби: қандай бўлмасин, ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, гўшт топшириш  планини  бажариш  керак,  вассалом.  Етар  шунча  пайсалга  солингани.  Беш  йиллик якунланадиган йил ахир, биз халққа нима деймиз. Қани план, қани гўшт, қани мажбуриятлар? Аммо буларни чўл бўрилари не билсинлар.

 

«Планни  албатта  тўлдирамиз,—  жавоб  йўлларди  область  бошқармаси,—  яқин  ўн  кунлик ичида бажарамиз. Жойларда қўшимча имкониятлар мавжуд. Зўр берамиз, талаб қиламиз…»

Бу орада ҳеч нарсадан асти хабари йўқ чўл бўрилари ҳамон Акбара етакчилигида юмшоқ қор устидан сас-сабарсиз юриб, чекка, холи жойларни паналаб, босқин бошлайдиган ерларига келиб  тўхтадилар.  Ўзларини  баланд  ўсган  чий  тўплари  орасига  урдилар.  Уларни  чийларнинг қўнғир илдиз тўпларидан сира ажратиб бўлмай қолди. Акбаранинг тўдасига ҳаммаси бу ердан баралла кўриниб турарди. Яратилганларидан бери ҳаммалари бир-бирларига ўхшаш, бўксалари оқ, елкалари малла кийикларнинг1 сон-саноқсиз подалари хавф-хатардан холи кенг жинғилзор водийда янги тушган қор остидаги эрман, шувоқларни иштаҳа билан чимдиб юришарди. Акбара пайт пойларди. Пайт пойламаса бўлмасди. Босқин олдидан нафасни ростлаб олиш керак. Ундан сўнг  барчалари  баравар  подага  ташланадилар  ва  дарҳол  ҳайда-ҳайдани  бошлаб  юборадилар.

Ўшанда  қувиб  кета  туриб  яна  нималар  қилиш  кераклиги  ўз-ўзидан  равшанлашади.  Ёш бўриларнинг тоқатлари тоқ, думларини асабий типирлатишади, қулоқларини дам тиккайтириб, дам шалпайтиришади. Оғир, босиқ Тошчайнарнинг ҳам қони жўшади, тишларини ўлжасининг биқинларига санчиш зуғумида ғижирлатади. Бироқ Акбара кўзларидан чақнаган ўтни яширар, бўриларни  ҳали  босқинга  бошламас,  энг  қулай  пайт  келишини  пойларди.  Фақат  шундай қилгандагина ов бароридан келади. Акс ҳолда сайғоқлар бир зум ичида шамолдек елиб, кўздан ғойиб бўладилар. Бошқа ҳеч қайси ҳайвон улардек тез югуролмайди. Ҳа, пайт пойлаш керак.

Шунда, худди ёздаги чақиндек, осмонда яна бояги вертолётлар кўринди. Бу сафар улар тез пастлаб учиб келишди. Бемалол ўтлаб юрган сайғоқларнинг қалин тўплари устига ёпирилишди.

Сайғоқлар қаттиқ ҳуркиб кетдилар. Ҳаммаси бир зум ичида рўй берди. Юзлаб, минглаб қўрқиб кетган  сайғоқлар  серкаларини  йўқотиб,  кўзлари  ола-кула  бўлиб,  ўзларини  бошолмон  ҳар томонга ура бошладилар. Беозор маҳлуқлар кўкдан тушган темир балога тоқат қилолмадилар.

Вертолётларга эса худди шунинг ўзи керак эди. Улар қутурганча тўзғиб бораётган подаларни ерга  қисиб,  ўраб,  ундан  олдинга  ўзиб  ўтиб,  бир  подани  нарида  ўтлаб  юрган  бошқа  подалар билан тўқнаштириб, аралаш-қуралаш қилиб юбордилар. Ҳеч қачон бундай офатга дуч келмаган, тўз-тўз бўлиб кетган минглаб чўл кийиклари эс-ҳушларини йўқотиб, у ёқдан-бу ёққа югуришар, Мўйинқумда бамисоли жаҳаннам қўпганга ўхшар эди. Чўлда ҳеч қачон бунақаси бўлмаганди. Жуфт  туёқларгина  эмас,  уларнинг  азалий  ҳамроҳлари — бўрилар  ҳам  худди  шундай  ёмон аҳволга тушдилар.

Вертолётларнинг  бу  мудҳиш  босқинчилигини  кўрган  бўрилар  ҳам  эсхоналари  чиққанча, писиб чийларнинг дўмпайган илдиз тўплари тагига биқиндилар. Лекин бари бир юраклари дош бермай, лаънати ердан ура қочишга тушдилар. Бўрилар бу ердан иложи борича тез бош олиб кетишлари, кўздан йўқолишлари, бехатар жойга етиб олишлари керак эди. Бироқ, худди мана шунинг иложи топилмай қолди. Улар қочиб ҳали узоққа ҳам бормаган эдилар, баногоҳ тўфон кўчгандай  ернинг  гувиллагани,  зириллагани  эшитилди.  Вертолётлар  керакли  томонга  ҳайдаб бораётган сон-саноқсиз сайғоқлар ақлдан оздирадиган тезлик билан бўрилар томонга бостириб келардилар.  Бўрилар  на  бир  чеккага  қочиб  чиқолдилар,  на  ўзларини  панага  ололдилар.  Улар йўлида нимаики учраса, ҳаммасини остин-устун қилиб, мажақлаб ташлайдиган, қора булутдай шиддат  билан  ёпирилиб  келаётган  талотум  остида  қолдилар.  Агарда,  улар  шу  онларда  бир зумгина тўхтасалар эди, кўз очиб-юмгунча сайғоқларнинг туёқлари тагида топталиб, қаро ерга қоришиб кетардилар. Бошвоғини йўқотган, ўзини мутлақо идора қилолмай қолган бу подалар мисоли жонли сел каби ваҳшат солиб келарди. Бўрилар қадамларини секинлатмай ва аксинча, ваҳиманинг  кучи  билан  янада  зўр  бериб  қоча  бошлаганлари  учун  ҳам  ўлмай  омон  қолдилар.

Лекин,  энди  улар  ҳам  ақл  бовар  қилмас  мана  шу  буюк  қочқинда  сиртмоққа  тушган  эдилар. Аёвсиз ваҳший оқим уларни суриб кетгандан суриб кетди. Энди улар ўзлари боягина қувғин қилиб, қирғин-баротга солиб, этини бир бурдадан қилиб ташламоқчи бўлганлари сайғоқлар — азал  қурбонлари  билан  умумий  ёвуз  хатардан  биргаликда,  ёнма-ён  жонларини  ҳовучлаб қочишар эди. Омонсиз қисмат уларни теппа-тенг қилиб қўйганди. Бўрилар билан сайғоқларнинг мана шундай бир тўп ичида қочганлигини қари Мўйинқум ҳатто энг улуғ ёнғин пайтлари ҳам кўрмаганди.

Акбара  бир  неча  маротаба  тўп  ичидан  чиқишга  уриниб  кўрди.  Лекин,  эпини  қилолмади. Ёнма-ён  чопиб  бораётган  кийикларнинг  туёклари  остида  қолиб  кетиш  ҳеч  гап  эмасди. Акбаранинг бўрилари қутурган бу талотумда ҳозирча жипслашиб борар эдилар. Акбара уларни кўз қири билан кўриб турарди — ана, улар кийиклар орасида тобора илдамроқ югурмоқдалар, ана, кўзлари қўрқинчдан жайноқланган тўнғичлари — ҳов ана Хумкалла, ҳов ана Илдам, ана, ҳолдан  тойиб,  базўр  етиб  келаётган  Суйгиной,  ана,  Мўйинқумнинг  қаҳрли  ботири — Тошчайнар,  эвоҳ,  у  ҳам  даҳшатли  қўрқув  ичида  тирақайлаб  қочиб  келади.  Кўккўз  Акбара шуларни  орзу  қилганмиди  ахир.  Кўринг,  катта  ов  ўрнига  улар  сайғоқларга  қўшилиб  қочиб боряптилар.  Шундан  ўзга  чоралари  ҳам  йўқ,  гўё  дарё  чирпирак  қилиб  кетаётган  хасдай…

Биринчи  бўлиб  Суйгиной  кўздан  йўқолди.  Издиҳом  туёғи  остида  қолиб  кетди.  Фақат  бир чинқириқ эшитилди. Сўнг бу овоз минглаб туёқларнинг ола-тасири ичида йўқ бўлиб кетди.

Қувғин  солган  вертолётлар  эса  улкан  қочоқ  поданинг  икки  ёнида  учар,  пода  тўзғиб кетмасин,  яна  чўлдан  қайтариб  келиш  қийин  бўлади  деб,  уни  четдан  қисиб  келишар,  рация орқали  бир-бирлари  билан  сўйлашар,  бир-бирларига  мослашиб  ҳаракат  қилишар, жониворларнинг  ўтакасини  ёришар,  уларни  янада  тезроқ  чопишга  мажбур  қилишар  эди.

Шлемофондан  қувғинчиларнинг  қулоқни  батанг  қилувчи  хирқираган  овозлари  эшитиларди:

 

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-20

Ўн учинчи боб Чопдор жойида турарди, Султонмурот ўтовдан чиқа солиб, Чопдорга минди-да, атрофга аланглаб қичқирди: — Онатой, овулга чоп! Имилламай югур! Одамларимизни чақир! ...

Мeҳробдан чаён-адрас тўн ва иссиғ нон “фожиъаси”

 Ёрлиғ  олишнинг  иккинчи  соатларида  бутун  шаҳарга  бу  хабар  тарқалиб  кетди.  Ўрда жарчиси бозор ва уруниш жойларда тўхтаб:  — Айюҳаннос! Билмаган билсин – эшитмаган ...

Юлдузли тунлар-72

4 Узоқ Сирдарё воҳаларида энди лола барг ёзадиган салқин ҳамал ойида Жамна бўйлари авжи саратон пайтидагидек иссиқ эди. Куни бўйи офтобда отлиқ юриб бадани мисдай қизиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400