Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 9-қисм

Лекин,  бу  ерда  ҳам  омадлари  келмади.  Инларига  яқинлашиб  қолганда  улар  одамларнинг устидан  чиқдилар.  Қадрдон  инларининг  шундоқ  ёнгинасида  каттакон  юк  машинаси  қорайиб кўринар,  унинг  ғилдираклари  жилғин  буталари  ичига  ёриб  кирган  эди.  У  ерда  одамларнинг ғовур-ғувури  эшитилди.  Бўрилар  бирпас  жим  қулоқ  солиб  туришди-да,  сўнг  индамай  очиқ чўлга  қараб  юришди.  Негадир,  худди  шу  пайт  тун  қоронғилигини  ёриб  машинанинг  ўткир чироқлари ёнди. Гарчи уларнинг шуълалари нариги томонга тушган бўлса-да, лекин бўрилар учун шунинг ўзи ҳам етарли эди. Улар чўлоқлана – чўлоқлана, оғриқ азобидан диконглаб бош оққан  томонга  жўнадилар.  Акбаранинг,  айниқса,  олдинги  панжалари  ачишиб  оғрирди…  Зада бўлган  оёқларига  озгина  ором  бериш  учун  у  эримай  қолган  қорлар  устидан  қадам  босишга уринарди.  Бўри  панжасидан  тушган  эзгин  нақшли  гуллар  қорда  аламли,  маъюс  судралиб борарди. Болалари ўлди. Бошпана йўли берк. Чўлда одамлар изғияпти…

Улар  олтовлон  эдилар.  Ҳайдовчи  Кепани  ҳам  ҳисоблаганда,  тасодиф  туфайли  бир  жойга йиғилиб  қолган  ўлжа  тўпловчилар,  эртага  ишни  барвақтроқ  бошлаймиз,  деб  чўлда  тунаб қолгандилар. Иш ҳам уларга жуда маъқул келди. Ёмонми, машинага ортилган ҳар бир кийик учун  эллик  тийин  тўлашади.  Бугун  учта  кузовни  лиқ  тўлатдилар.  Лекин  барибир  қоронғи тушгунча  ҳамма  отилган,  йиқилган  кийикларни  йиғиб,  улгуришолмади.  Эрталаб  йиғилмай қолганларини топиб, машинага ортиб, сўнг прицепларга жойлаштиришади. Улар эса ўлжаларни Мўйинқумдан узоқларга олиб кетади.

Ўша кеча ой тўлган эди. Тўлин ой баркаши уфқдан жуда эрта кўтарилди. Ой қути ўчган, қори  бутунлай  эриб  кетмаган  чўлнинг  ҳаммаёғидан  баралла  кўриниб  турарди.  Унинг  мовий шуълалари  чўлдаги  бутазорлар,  ўр-жарлар,  дўнг-тепаларни  дам  ёритиб,  дам  кўланкалантириб қўяди. Лекин шу ҳувиллаган, кимсасиз жойларда улкан юк машинасининг қорайган шарпасига ҳеч  кўникиб  бўлмайди.  У  бўриларнинг  жонларига  кутқу  солади:  ҳар  сафар  ўгирилиб карайдилару,  юраклари  орқаларига  тортиб  кетади,  думларини  чотларига  қисиб,  қадамларини тезлатадилар. Шунга қарамай, улар ҳадеса тўхтаб, яна ортларига тикилиб қоладилар, ўзи нима бўляпти,  нега  одамлар  уларнинг  ини  олдида  тўхташди,  нима  бор  уларга?  Анови  қўрқинчли катта машина бу ерда ҳали узоқ турармикин ё кетармикин? Дарвоқе, бу машина ҳарбий йўриқ билан  чиқарилган,  усти  брезент  билан  ёпиладиган,  баҳайбат  ғилдираклари  юз  йил  юрса  ҳам емирилмайдиган, истаган жойда бемалол юриб кетаверадиган «МАЗ» вездеходи эди. Кузовда эртага  жўнатиш  учун  қолдирилган  ўнлаб  сайғоқ  тўшлари  орасида  қўллари  худди  асир олингандай  боғлаб  қўйилган  бир  одам  ётар,  у  тагидаги  ва  ён-атрофидаги  сайғоқларнинг лошлари  вақт  ўтган  сайин  совиб,  қотиб  бораётганлигини  ҳис  қиларди.  Ҳарқалай,  уларнинг териси уни иситиб, жонига ора кириб турар, бўлмаса аҳволи жуда чатоқ эди. Машина устига ёпилган  брезентнинг  тирқишидан  ой  мўралар,  лекин  ётган  одамнинг  нигоҳи  бўшлиқдан  ўзга нарсани илғамас, қути ўчган чеҳрасида азоб-уқубат шарпаси аксланарди.

Энди  унинг  такдири  мана  шу  одамларга  боғлиқ.  Бу  ерга  улар  билан  бирга  келди.  Худди уларга ўхшаб Мўйинқум қирғинидан пул ишлаб кетмоқчи эди…

Одамнинг  умри  нима,  деган  саволга  жавоб  топиб  бериш  қийин.  Инсон  муносабатлари шунчалар  турфа,  табиати,  феъл-атвори  шунчалар  ранг-баранг  ва  мураккабдирки,  ҳатто  энг мукаммал,  энг  замонавий  компьютер  системалари  ҳам  энг  оддий  инсон  табиатининг  умумий чизиғини  ажратиб  беролмайди.  Мана  шу  олти  кишини  олинг.  Тўғрироғи,  беш  киши,  чунки вездеходнинг  шофери  Кепа  ўз  ҳолича,  буларга  фақат  ҳайдовчи  бўлибгина  қўшилган,  яна уларнинг ичида бирдан-бир бола-чақали одам, лекин очиғини айтганда, шерикларидан унчалар фарқи  ҳам  йўк,  шуларнинг  биттаси,  хуллас,  мана  шу  олтовлон  ҳаётда  бир-бирига  тамомила қарама-қарши  ҳолатлар  бўлиши  ва  бунда  компьютер  ҳисоб-китобига  ҳам  ҳожат  йўқлиги, шунингдек,  гап  одамларнинг  энг  кичкина,  арзимас  коллективлари  устида  бораркан,  ақл етмайдиган, англаш қийин ҳоллар ҳам кўп эканлигига мисол бўлаолади. Худонинг хоҳиши шу экан-да,  бўлмаса,  уларнинг  ҳаммалари  ҳайратомуз  тарзда  бир  хилдаги  одам  бўлиб чиқармидилар. Яна ким билади, ҳар ҳолда, улар Мўйинқумга отланган чоғларида аҳвол шундай эди…

Бедананинг  уйи  йўқ,  қайга  борса,  питпилдиқ  дегандай,  булар  ҳам  тайини  йўқ,  қамғоқдек шамол қаерга учирса, шу ерда дайдийдиган кимсалар эди. Фақат Кепагина бундан мустасно эди.

Учтасини  хотини  ташлаб  кетган,  ҳаммалари  ҳам  на  бировни  ёлчитган,  на  ўзлари  ёлчиган; шунинг учун ҳам дунёдан тўйган, ҳамма нарсадан норози эдилар. Улар ўртасида ёшгина бир йигит ажралиброқ турарди. Унинг исми ҳам ғалати — Авдий эди. Бу ном қадим китобатда бор:

Инжилнинг  учинчи  Мулк  битигида  айтилган.  Ўзи  асли  дьяконнинг  ўғли  бўлиб,  Псков томонлардан  эди.  Отасининг  вафотидан  сўнг,  черков  ходимининг  куртаги  деб,  таҳсил  учун диний  семинарияга  қабул  қилинган,  аммо  икки  йилдан  сўнг  куфронага  йўл  қўйиб  у  ердан ҳайдалган эди. Мана энди икки қўли боғланганча «МАЗ»нинг тепасида жазосини кутиб ётибди.

Обернинг тили билан айтганда, у кемада исён чиқармоқчи бўлди.

Уларнинг ҳаммалари Авдийни ҳисобга олмаганда, ўлгудай ароқхўр эдилар. Касбимиз ароқ ичиш дейишарди ўзлари. Бироқ, бунда ҳам Кепа уларга кўп қўшилолмайди, шоферлик қоғозини сақламаса бўлмайди, акс ҳолда хотини иккала кўзини ўйиб олишдан ҳам тоймайди. Лекин ўша кеча Мўйинқумда бошқалардан асло қолишгани йўқ — бўкиб ичди. Фақат Авдий-Авдюха, шу дайдивой, ичмайман, деб оёғини тираб туриб олди. Обернинг баттар ғазабини қўзғади.

Қўл остидаги тўш йиғувчиларга ўзини қисқа қилиб, Обер деб чақириш кераклигини айтиб қўйган  эди.  Эҳтимол  бу  сўз  катта  деган  маънони  англатишини  кўзлаб  шундай  қилгандир.  У чиндан ҳам, жазо олмасидан илгари жарима батальонининг катта лейтенанти эди. У унвонидан маҳрум қилинганда, хайрихоҳ кишилар: хизматини ортиғи билан адо этгани учун куйди бечора, деб анча хафа бўлиб юришди. Ўзи ҳам бошлиқлар менга нисбатан адолатсизлик қилишди деб -ҳисоблар,  сўраганларга  шундай  деб  тушунтирар,  ичидан  қиринди  ўтар,  лекин  армиядан ҳайдалишининг  ҳақиқий  сабаблари  ҳақида  чурқ  этиб  оғиз  очмасди.  Ўтганни  эсласанг,  эсинг кетади. Нима қилади эслаб, Обернинг ҳақиқий фамилияси Кандалов эди, асли Хандалов бўлиши ҳам мумкин, лекин бу билан кимнинг нима иши бор — Оберми-Обер, бундан ортиқ яна нима керак.

Бу  тўп  ўзини  хунта  деб  атайди.  Ҳаммалари  шунга  келишганлар.  Фақат  область  драма театрининг  собиқ  артисти  Гамлет-Галкингина «хунта»  деб  аташга  эътироз  билдирган: «Э қўйинглар,  шу  хунта-пунтасини.  Жиним  ёқтирмайди  шу  хунтани,  болалар.  Биз  сафарга отланяпмиз.  Келинглар,  номимиз  ҳам «сафар»  бўлсин!»  Лекин  Гамлет-Галкиннинг  бу таклифига  ҳеч  ким  қўшилмади. «Сафар»  сўзи  унча  тушунарли  эмасди. «Хунта»  дегани  эса дадил  ва  ўктам  эшитиларди.  Шунинг  учун  кўпроқ  шу  сўз  маъқул  бўлди  шекилли.  Ана  шу хунтанинг иккинчи одами Мишаш деган кимса.  Тўла айтганда, Мишка Шабашник. Қўтосдек серзарда  бу  зот  истаган  одамини,  ҳатто  Обернинг  ўзини  ҳам  бўралаб  сўкиб  юборишдан тоймасди. Мишашнинг одатларидан бири шу эдики, ҳар икки сўзнинг бирида «онангни…» деб турарди. Бу унга нафас олгандай ўрганиш бўлиб кетган эди. Авдийни боғлаб машина кузовига ташлаш фикри ҳам бошқалардан эмас, айни шу Мишашдан чиқди. Хунта эса унинг таклифини кўз очиб юмгунча бажо келтирди.

Хунта  ичида  энг  кўзга  кўринмайдиган  камсукум  одам  бу — Гамлет-Галкин.  Ичкиликка муккасидан  кетган,  саҳнани  жуда  эрта  тарк  этган  ушбу  кимса  дуч  келган  ишни  қилиб  кун кўрарди.  Мана,  орадан  осмондан  тушгандай  бу  мўмай  иш  чиқиб  қолди.  Кийик  дейдими-ей, сайғоқ  дейдими-ей,  унга  нима  фарқи  бор,  оёғидан  кўтариб  шартта-шартта  машинага  ташлар экансан. Бир ойда ҳам тополмайдиган ақчангни икки-уч кунда бемалол ишлаб оласан. Яна Обер қурғурнинг сийловини айтмайсизми? Бир яшик ароқ. Тўғри, бу ўртадаги умумий даромаддан олинади. Лекин барибир-да. Ниҳоят, бу тўп ичида энг қўй оғзидан чўп олмагани бу — Узуқбой. Унинг  оёқ-қўли  жуда  чаққон.  Узуқбой  ўзи  шу  ерлик,  Мўйинқум  атрофларидан.  Негадир уни Абориген деб чақиришади. Узуқбой ор-номус деган нарсаларнинг ҳатто кўчасидан ҳам ўтмаган. Нима  десанг,  барига  рози,  барига  кўнади,  қўшилади.  Бир  шиша  ароқ  учун  Шимолий  Қутбга десангиз  ҳам  боради..  Абориген-Узуқбойнинг  қисқача  таржимаи  ҳоли  бундай:  тракторчилик қилиб юрган эди. Кейин бошини кўтармай ичадиган одат чиқарди. Бир куни кечаси тракторини катта йўлнинг ўртасига ташлаб кетибди. Унга бир машина келиб урилиб, одам нобуд бўлади. Узуқбой шундан сўнг икки йил ўтириб чиқди. Бу орада хотини болаларини олиб кетиб қолди. Шундан  кейин  Узуқбой,  қайдасан,  деб  шаҳарга  жўнади.  Тайинли  бирон  ишнинг  бошини тутмади.  Озиқ-овқат  дўконида  юк  ташиб  юрди.  Уйларнинг  қоронғу  йўлакларида  чўк  тушиб ўтириб шиша бўшатди. Обер уни шундай қоронғу йўлакларнинг биридан топди. Узуқбой унга миқ этмай эргашди. Нимасига ҳам миқ этсин… Обер Кандаловга йўқ деб бўлардими — узокдан ҳид билишга жуда уста одам…

 

Обер  Кандалов  бош  бўлган  хунта  мана  шу  тахлит  топишган  эди.  Улар  Мўйинқум маъракасида юзага чиқишди…

Агар  тақдир  ва  тақдирлар  ҳақида,  ҳодисаларни  олдиндан  белгилаб  берадиган тирикчиликнинг  турли-туман  ҳол-аҳволлари  ҳакида  сўз  юритадиган  бўлсак,  унда  айтишимиз керакки,  Авдий  Каллистратов  ўз  вақтида  диний  мактабни  муваффақият  билан  битириб,  шу йўлда  кўшиш  кўрсатиб,  яхши  унвонларга  мушарраф  бўлиб  юрганда  эди,  унда  Худо  шоҳид, Обер  Кандаловни  ҳеч  қандай  ташвишга  қўймас,  бошини  бунчалар  қотирмасди.  Дарвоқе, Авдийнинг  барча  синфдошлари,  енгилтаккина  ўқувчи  болалар  кейинчалик  ҳам  танлаган  ҳаёт йўлларини  собитқадамлик  билан  давом  эттиришди,  уларнинг  ҳаммалари  бу  соҳада  собиқ дьяконнинг  ўғли  Авдийдан  кўра  абжирроқ,  чапдастрок  чиқишди.  Улар  диний  таҳсилни тугатгач,  черков  мансаб  шотисининг  пиллапояларидан  муваффақият  билан  кўтарилиб боришарди. Ваҳоланки, Авдий руҳоний оталарнинг севимли, истеъдоди порлоқ ўқувчиларидан ҳисобланарди. Ўз синфдошлари қаторидан чиқмаганда эди, у ҳеч қачон Обер Кандаловга ҳам дуч  келмасди.  Обер  Кандалов  эса  попларни  дунёга  янглишиб  келиб  қолган  одамлар,  деб биларди. Ўзидан қолар гап йўқ, у умри бино бўлиб черков остонасига яқин йўламаган ва ҳатто черков нима экан деб қизиқиб кўрмаганди.

 

Агар-магар деймиз… лекин шундай бўлишини ким билибди  дейсиз. Ҳаммасини олдиндан билиб  бўлсайди…  Бир  марта  бирга  қилинадиган  ишга  ким  анкета  тўлдириб  ўтиради.  Пул ишлашдан бошқасини ҳаёлингга келтирмайсан. Бу худди коллектив билан картошка йиғишга чиққандай  омади  гап.  Фарқи  шуки,  бу  ерда  картошка  эмас,  ўққ  учган  сайғоқларни йиғиштирасан.  Обер  Кандалов  ўзига  вокзалда  дуч  келган  дайди  Авдийнинг  эсипаст,  девона эканлигини  билгандайди,  Мўйинқумда  энди  буни  нима  қиламан,  қандай  қилсам,  бу шўрпешанадан омон-эсон, безиён қутуламан деб, бошини қотириб ўтирмасди. Обер Кандалов бу ишни бир чеккаси ўтган гуноҳларимни юваман деб, жон куйдириб бошлаган эди. Ана шу ишни  тентак  Авдий  барбод  қилишига  оз  қолди.  Ҳаммаси  ақл  бовар  қилмайдиган  даражада ғалати  бир  тарзда,  бунинг  устига  ғоятда  аҳмоқона  бир  тарзда  бир  жойдан  чиқиши  кимнинг ҳаёлига  келибди  дейсиз.  Шуларни  ўйлаганда,  Обер  Кандаловнинг  ичгиси  келади.  Бор,  нима бўлса, бўлди, десинми? Лекин, буни у жуда боплайди. Ярим стаканни шартта отади. Кейин яна.

Ундан кейин яна ярим стакан. Қарабсизки, энди унинг йўлини тўсадиган ҳеч қандай куч йўқ дунёда, жини жўшади, қони қайнайди, ҳамма нарсанинг қатиғини чиқариб ташлагиси келади… қоқ миясига урсам, мажақлаб ташласам дейди… Аммо, у худди мана шундан қўрқарди. Чунки кейин иш қанчалар пачава бўлишини биларди…

 

Қайдан  келиб  қолди  ўзи  бу  Авдий  деган  бало!  Яна  агар  тақдир  ва  тақдирлар  хусусида, бошқа  ҳодисаларни  келтириб  чиқарадиган  турли-туман  ҳол-аҳволлар  хусусида  сўзлайдиган бўлсак, унда айтишимиз керакки, буларнинг бари анча илгари бошланган ва бу ерлардан анча олис ерларда бошланган эди…

 

Ўша кезлар Авдий диний семинариядан куфроний фикр учун ҳайдалган, область комсомол газетасининг штатдан ташқари ходими бўлиб ишларди. Газета редакцияси ўқувчилар севадиган мавзуларда бинойидай ёзадиган ва бунинг устига семинариядан ҳайдалган ёш йигитга бирмунча қизиқиб қарарди. У черков томонидан муртад деб эълон қилинган, динга қарши ташвиқот олиб бориш  учун  анча  қулай  эди.  Ўз  навбатида  семинария  билан  чиқишолмаган  йигитга  ёшлар матбуотида  ўзига  яқин  ахлоқий-маънавий  масалаларни  кўтариш  анча-мунча  қизиқарли  бўлиб туюларди.  Область  матбуотини  тўфон  пайтидаги  сувдай  босган  бир  қолипдаги  зерикарли ақлбозликлар,  тумтароқ  фол  очишлар  орасида  унинг  газета  саҳифаларидаги  антиқа фикрлашлари  шубҳасиз,  ўқувчилар  эътиборини  тортар,  ёшларгина  эмас,  бунга  катталар  ҳам қизиқардилар.  Ҳозирча  ҳар  иккала  томон  ҳам  бир-бирини  тўлдириб,  бир-бирларига  керакли эканликларини  англаб  туришар,  лекин  янги  ойдек  эндигина  балқиб  келаётган  бу  йигитнинг юрагида қандай алангали ниятлар бош кўтариб келаётганлигини жуда оз кишилар, тўғрироғи, бир одамдан бошқа ҳеч кимса билмасди. Авдий мухбир сифатида номи бора-бора кўпчиликка танилгандан сўнг қандайдир муносиб бир шакл, қандайдир ўртача мафкуравий ора йўл топиб, шунинг  воситасида  назарида  жуда  ҳам  долзарб  ва  ҳаётий  жиҳатдан  ғоятда  муҳим  бўлган, ҳозирги замонда Худо ва инсон ҳақидаги жадидона фикрлари ҳамда тасаввурларини эски диний таълимотнинг  қотиб  қолган  ақидаларига  зид  қўйиб  ифодалаб  бермоқни  кўнглига  туккан  эди. Ният  қилишга  килгану,  лекин  ўз  олдида  икки  бўйсунмас,  ишғол  қилиб  бўлмас  зўр  истеҳком турганлигини  ўйламагани  кулгили  эди.  Бу  икки  куч  ҳеч  қачон  бир-бировини  ёқтирган  эмас, ёқтирмайди  ҳам.  Бир-бирига  ҳеч  вақт  бўйсунган  эмас,  бўйсунмайди  ҳам.  Бир  томонда  минг йиллардан  бери  диний  эътиқоднинг  софлигини  ҳар  қандай  янгиликлардан  ва  ҳаттоки,  яхши ният билан юзага чиққан янги фикрлардан тиш-тирноғи билан кўриқлаб, асраб, ҳимоя қилиб келган, ўзгармас, вақтга тобе бўлмаган маврусий диний қарашлар ва иккинчи томонда, динни унинг  ҳар  қандай  кўринишида  таг-томири  билан  инкор  этадиган,  рад  қиладиган  илмий атеизмнинг  қудратли  мантиқи.  Бояқиш  йигит  шуларнинг  орасида  тегирмон  тош  ўртасида қолгандай  ўртанарди.  Бироқ  умид  чироғи  сўнмаганди. «Инсониятнинг  тарихий  тараққиёти жараёнида ва унга боғлиқ ҳолда Худо категориясининг вақтга кўра ривожланиши», деган янги ақидани  куйиб-пишиб  кўтараётган  бидъатчи  Авдий  Каллистратов:  такдир  эртами,  кечми, барибир  менга  ўз  қарашларимни  одамларга  маълум  қилиш  учун  имконият  беради  деб ишонарди.  Зотан,  инсон  қудрати  ўзининг  энг  юксак  нуқтасига  етган,  саноат  ҳукмрон  кучга айланган  даврда  одамларнинг  ўзлари  Худога  бўлган  муносабатларини  аниқлаб,  билиб  олиш пайига  тушадилар.  Бўлаётган  ишларнинг  бари  худди  мана  шунга  қараб  боряпти.  Авдийнинг хулосалари ҳали тугал эмас, анча мунозарали эди. Лекин расмий диний таълим унинг бу эркин фикрини ҳазм қилиб, кечириб кетолмади. У тавба-тазаррудан бош тортгандан сўнг, епархия уни диний семинариядан ўчирди.

 

Авдий  Каллистратовнинг  манглайи  кенг,  бўздай  оқ  эди.  Ўзи  қатори  кўп  ёшлар  каби  у сочларини  елкасигача  ўстирган,  кўнғир  тусли  қуюқ  соқол  қўйганди.  Булар  унга  кўркамлик бағишламаса-да,  лекин  чеҳрасини  қандайдир  мўмин-мулойим  қилиб  кўрсатарди.  Косасидан бўртиб чиққан кўзлари безовта йилтиллаб турар, уларда унинг ўз феълига мос беором, нотинч ўй-ҳаёллар акс этар, яна ўзи қийнала-қийнала топаётган нарсалардан беқиёс мамнунлик ва шу билан бирга у яхшилик қилмоқчи бўлиб интилаётган атрофдаги одамлардан келаётган кўп оғир азоб-уқубатлар ҳам ифодаланарди…

Кийгани кўпроқ катак кўйлак, свитер, жинси, совуқ кунлар тўзиган пальто, отасидан қолган қалпоғини кийиб юради. Мўйинқум чўлида ҳам шу уст-бошда пайдо бўлди…

Ушбу соатда қўллари боғланган ҳолда машина устида ётаркан, ҳаёлидан ҳар турли аччиқ, аламли ўйлар ўтарди. Лекин шу тобда ҳаммасидан ҳам ёлғизлик алами кўнглини ўртаб юборди. Шунда  қайсидир  Шарқ  шоирининг  эсида  чала-ярим  қолган  сатрларини  такрорлади: «отадан олтов бўлсанг-да, бир ёлғизлик бошингда, жафодан ёлғиз бўлсанг-да, шу ёлғизлик бошингда». Яна бадтар изтироб ичида кейинги пайтларда дунёда ўзига энг яқин бўлиб қолган ўша хилқат тўғрисида алам билан ўйлаб кетди. Уни ўз жонидан айру тасаввур қилолмайди. У ҳаёлларига доим ҳамроҳ. Қийналса ҳам, қувонса ҳам, унга мурожаат қилади. Оғир ҳолатга тушганда бир-бирларига жуда яқин кишиларнинг телепатия йўли билан фавқулодда мулоқатга киришишлари рост бўлса, унда ўша мунис-меҳрибон хилқат ўша кеча нимадандир қаттиқ ўртаниб, ниманидир қаттиқ соғиниб, нимадандир юраги бир нотинчликни сезган бўлиши керак…

Мана шунда ўша Шарқ шоири айтган ғалати сўзларнинг асл маъноси бирдан унга аён бўлди. Олдинлари  шу  сўзлардан  кулиб  юрарди.  Ишонмасди  уларга: «Жуда  қаттиқ  сева  олган  чин севгига  ета  олмас…»  Тавба!  Энди  бўлса,  ўша  хилқат  ҳақида  ўйлаб  ётаркан,  у  овоз  чиқармай йиғлар,  агар  уни  кўрмаганимда,  билмаганимда,  ўртаниб-куйиб  севмаганимда,  бунчалар  азоб-уқубат чекмаган бўлардим. Соғинмасдим, ёнмасдим, ҳозирнинг ўзида, ҳа, худди мана шу тобда уни кўргим, совуқ, бераҳм тун қаърини ёриб ўтиб унинг қошида пайдо бўлгим келмасди. Ахир, чеки  борми  бу  телба,  бу  енгиб  бўлмас,  бу  оғриқ-азобнинг!  Қани  эди,  ҳозир  Осиёнинг  чек-чегараси  йўк  чўлларида,  шу  чўлларнинг  бир  чеккасида,  трансконтинентал  темир  йўл  ёқасида жойлашган Жалпоқ-Соз бекатига бориб қолсанг, худди ҳўв ўшандагидай касалхона ёнидаги мўъжазгина  уйнинг  остонаси  олдида  ярим  соатгина  турсанг,  бу  ахир,  унинг  уйи…  Лекин қутулиб  кетишнинг  иложи  йўқлигини  кўриб,  Авдий  ўзининг,  эҳтимол  ўша  қизга  сира  керак бўлмаган  садоқатини  лаънатларди.  Ахир  фақат  ва  фақат  уни  деб,  иккинчи  марта  яна  қайтиб Осиё  ўлкаларига  келди,  уни  деб,  мана,  Мўйинқумда  тушовланиб  ётибди  ит  кўрмаган хўрликларни  кўриб.  Уни  кўришнинг  иложи  йўқлигидан  жони  бадтар  ўртанар,  баттар  ўзини ёлғиз  сезарди.  Айни  замонда  шу  ҳиссиётлар  унга  Худога  умтилиш  ва  унинг  висолига  етиш йўлини  очгандай  бўлди.  Худо  инсонга  муҳаббат  орқали  намоён  бўларкан  ва  шунда  одамга тирикликнинг  энг  олий  саодатини  ҳадя  этаркан.  Бунда  Тангри  таолонинг  хайри  саховати чексиздир, худди вақт дарёсининг чексизлигидай, ва муҳаббатнинг йўли ҳам такрорланмасдир, ҳар бир одам учун, ҳар бир ҳол учун…

—  Ўзига  ҳамду  санолар  бўлсин!—  деб  шивирлади  у  ойга  қараб  ётаркан.  Сўнг  ўйлади:

«Дилни муҳаббатга ошно қиларкан, бу ҳам лутфу марҳаматининг чексизлигидан… қанийди, у буни тушунса…»

Шу  пайт  пастда — машина  ёнида  қадам  товушлари  эшитилди.  Кимдир  кекириб, хириллаганча машина устига тармаша бошлади. Мишаш экан. Унинг ортидан Кепанинг калласи кўринди. Роса тортишганга ўхшайди. Улардан гупиллаб ароқнинг қўланса ҳиди анқийди.

—  Ётаверасанми  ҳадеб,  онангни…  Кани  тур  ўрнингдан  итнинг  попи.  Обер  чақиряпти. Терингни  шилиб  оламан  дейди,—  Мишаш  сўкинганча  сайғоқлар  устидан  айиқ  инида гандираклагандай алпанг-талпанг босиб келарди.

Кепа ҳам милжинглади:

— Терисини шилиб шу чўлга ташлаб кетамиз.

— Чўл ҳам гапми!— кекирди Мишаш.— Шу қилиғи учун Сибирга жўнатиш керак бу итни, ҳе  онангни…  Тоза  бошимизни  қотирдинг.  Нима,  сўпи қилмоқчимисан  бизни!  Тоза  топибсан одамини, онанг…

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 9-қисм

9 Тарлонни идора олдига боғладим. Дўмбира, тушлик солинган хуржунни елкамга ташладим. Аста-аста ичкариладим. — Ассалому алайкум! — дедим. — Аҳа, келинг ука, келинг. Гиламдан ...

Мeҳробдан чаён-ёрлиғ бериш маросими

 Ёрлиғнинг  кимнин  исмига  ёзилғанлиғини  эрталабданоқ  ўрдада  ҳар  ким  сезиб  қолди. Девонда эски одатича ўз ишини қилиб ўртурғучи Анварнинг ёниға дам-бадам мирзо ва ...

Отаули: заргарона зарофат, теран тагмаъно

      Она тилимизда ҳар бир сўзнинг ўз ўрни ва айтилиш оҳанги бор. Худди шундай, сўз санъатидаги ҳар бир жанрнинг ҳам ўз оҳанги, ўзига хос файзи-таровати, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400