Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 16-қисм

Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 16-қисм

Учқудуқ деганлари дунёнинг бир тупкасидаги гадой топмас қўналға экан. Улар бу ерда ўзларига дарров иш топиб олдилар. Бир чўпоннинг чала ётган иморатини битириб берадиган бўлдилар. Чўпоннинг ўзи бола-чақаси билан пода ҳайдаб кетган, қўшни турадиган қариндошига тайинлаган экан, агар бултургидай уй қурадиганлар келиб қолса, иморатни биткизиб беришсин  деб. Шуни билгандай учта азамат чопар — Петруха, Авдий, Лёнька етиб келишган эди.

Улар шу ернинг ўзида томи битган чала уйда ётиб юришди. Ҳаво очиқ, кунлар иссиқ. Ҳовлида ўзларига ўчоқ қуриб олишди, гоҳо об-овқат қайнатиб туришди. Ростини айтиш керак, итдай ишлашарди. Петруха эрталаб барвақт турар, артелчи шериклари Авдий ва Лёнькани уйғотар, шу билан бир ишга тушганча қоронғу хуфтонга бориб бас қиладилар. Ҳовлида андак олов ёқиб, шунинг ёруғида овқатланар, фақат шундан кейингина Петруха ҳордиқ чиқариб, ундан-мундан гаплашиб ўтиришга ижозат берарди.
— Авдий, қараб турсам, бу иш сенга жуда ёқиб қолганга ўхшайди. Албатта, хўжайиндан тегишимизни оламиз. Лекин бу пул тупукка етмайди. Сариқ чақа! Одамларнинг кўзи учун ишлаймизда. Асл жойларни топиб йўлга тушайлик, ана ўшанда кўрасан. Гулиниям, ширасиниям икки қўллаб терасан. Бир кун нашапояга шўнғиб чиқсанг, бир йил министрдан кўра яхшироқ яшайсан. Сен биласан-ку, а, Лёнька? Тўғрими, гапим?
— Озроқ биламан,— деб жавоб беради шу кунларда сира овози чиқмай қолган Лёнька.
— Фақат кўзларингга қаранглар, болалар,— жиддий огоҳлантиради Петруха,— ҳеч кимга, на қўшниларга, на бошқаларга оғизларингдан гуллай кўрманглар. Бу ернинг одамлари яхши одамлар. Лекин барибир, ўлсанг ҳам, миқ этма. Айникса, бошқа ёқдан битта-яримта келиб сўраса, асло сир бой берманглар. Авдий, сен айт: ўламан саттор, ҳеч нарсани кўрганим йўқ, билмайман, эшитмаганман деб. Керак бўлса, ана, бошлиғимиз бор, ўша билади, деб менга рўпара қил. Мен кичкина одамман, ҳеч нарсани билмайман де. Хўпми?
Хўп демай иложинг қанча, хўпми, хўп… Лекин Авдийнинг диққатини ошираётган бу нарса эмасди. Индамай жим юришга мажбур бўлаётганидан, катта-катта пул ўмаришнинг тайғоқ ва жиноий йўлига кирган болаларга ўз таъсирини ўтказа олмаётганидан хуноб эди. Юраги ваъз айтиш иштиёқи билан тўлиб-тошар, лекин кўнгил амрини адо этолмасди. Агарда Авдий фикр ва сўзнинг кудрати билан болаларни иккилан-тириб, ўйлантириб қўя олганда, қанчалар тубанликка
тушганларини уларга уқтира билганда ва улар виждон сасига қулоқ тутиб, бундай номуносиб ҳаётдан батамом воз кечиш фикрига келганларида ҳам, барибир охир-оқибатда бунга уларнинг қурблари етмаган бўларди. Сабаби оддий ва осон: улар ўч олишга ҳақи бўлган бошқа одамлар билан оғир аҳд-паймон қилинганлар, бу исканжадан ўзларини асло бўшатолмайдилар. Хиёнат йўлига кирмоқчи бўлганни эса даҳшатли қасос кутади. Шу бузуқ чевирикни қандай пачақлаб ташлаш мумкин? Нашавандлар ва чопарларнинг ҳаётларини ўз кўзим билан обдан кўриб, сўнг буларни газетада жиддий ёритиб бераман, одамларнинг кўзларини очаман, олижаноб мақсадлар учун хизмат қиламан, деган ҳаёлгина Авдийга андак таскин бериб турарди. Бу бир ҳовуч йўлдан
озган ёшларни халос этиш учун олиб бориладиган ахлоқий курашнинг бошланиши бўлади, деб умид қиларди Авдий. Бу машмашаларга беихтиёр аралашиб қолгани, Петруханинг тўдасига тоқат қилиб келаётганлигининг боиси ҳам фақат шу эди.
Учқудуққа келганларининг учинчи куни арзимаган бир воқеа бўлиб ўтди. Авдий бунга унчалар ҳам эътибор бермади. Петруха эса воқеани билгач, оёғи куйган товуқдай безовталаниб қолди. Ўша куни Петруха овулдаги қўшнилари, уруш ногиронининг аравачасида совхоз марказига консерва, сигарет, қанд-қурс келтиргани кетган эди. Чунки эртасига саҳарлаб чўлга отланадиган эдилар. Элнинг кўзига эса гўё, бошқа жойга уй солгани жўнагандай бўлиб
чиқардилар.
Лёнька уйнинг ичини сувоқдан чиқарар, Авдий эса, сояроқ жойни танлаб омборхона учун эшик ясарди. Бирдан кўча томондан мотоциклнинг патиллагани эшитилди. Авдий ўгирилиб қўлини пешанасига қўйиб қаради. Уй олдида тариллаб катта мотоцикл тўхтади. Эгаси ундан қушдай енгил сакраб тушди. Мотоциклни ёшгина аёл ҳайдаб келганлигини кўриб Авдий ҳайрон қолди. Бундай ваҳимаси зўр машинани абжағи чиққан уйдим-чуқур ерларда қандай ҳайдар
экан-а?! Хотин бошидан икки четида камарчалари ликиллаб турган каскасини ечди, кўзларидан шамолҳимоя кўзойнагини олди, бошини силкиб-силкиб қўйди, сариқ сочлари елкаларига сарсарак сочилди.
— Иссиғ-ей! — жилмайди у қатор оппоқ тишларини кўрсатиб.
— Вой Худойим-эй, чангга ботганимни қаранг! — хушчақчақлик билан деди у устидан чангларини қоқаркан.— Салом!
— Яхшимисиз,— тортиниброқ саломлашди Авдий. Петруханинг аҳмоқона панд-насиҳатлари унга ўз таъсирини кўрсатган эди. «Ким бўлди? Нега келганийкин бу ерга?» — миясидан ўтди Авдийнинг.
— Хўжайин шу ердами? — сўради мотоцикл миниб келган хотин ҳамон чеҳрасидан табассум аримай.
— Қанақа хўжайин? — тушунмади Авдий.— Уйнинг эгасими?
— Ҳа, уйнинг эгаси.
— Ҳозир уйда йўқ шекилли. Молларини ҳайдаб кетганга ўхшайди.
— Нима, сиз уни кўрмадингизми?
— Йўқ, кўрмадим. Йўқ, кўрдим сал-пал, яқинда келиб кетган эди. Лекин у билан гаплашганим йўқ.

— Қизиқ, қандай қилиб у билан гаплашмайсиз, сиз шу ерда ишла-япсизми ўзи, унга уй соляпсиз шекилли?
— Кечиринг. Мен ҳақиқатан ҳам, у билан гаплашолганим йўқ. У шошиб турган эди.
Каттамиз гаплашган у билан. Каттамизнинг оти Петр. Ҳозир бу ерда йўқ. Тезда келиб қолиши керак.
— Менга бунинг алоқаси йўқ, айбга буюрманг. Ўрмонни кўрмоқчийдим. Ишим бор эди ўрмонда. Йўл-йўлакай кириб ўта қолай, уйдадир девдим. Хўп, кечиринг, мен халақит бердим шекилли.
— Йўғ-ей, нима деяпсиз.
Мотоциклчи хотин яна икки тасмачаси ликиллаб турган қалпоғини кийди, моторини ўт олдирди, қайрилиб кетаркан, шамолҳимоя кўзойнагидан Авдийга қия назар ташлади ва билинар-билинмас бошини қимирлатиб қўйди. Авдий эса негалигини ўзи ҳам билмай унга қўлини силкитиб қолди. Кейин анчагача унинг ҳаёли шу арзимас, тасодифий воқеа билан банд бўлди. Йўқ, унинг кўнглига шубҳа оралагани йўқ: энди ҳосил йиғиштиришга чиқай деб турганларида бу хотиннинг келиб қолишида бир гап бормикин, ишқилиб бирон нарсани сезмадимикин, деб ўйлагани йўқ, Авдий бутунлай бошқа нарса ҳақида ўйларди. Жувон
орқасидан қуюқ тўзон кўтариб жўнаб кетгандан сўнг, Авдий худди бир умрга эслаб қолмоқчидай уни бошдан-оёқ яққол кўз ўнгига келтирди. Унинг ўртачагина, жуда хушбичим, малоҳатли қадди-бастини тасаввурида, жонлантириб, бирдан дили равшан тортди ва чеҳраси очилди. У шундай ҳамма нарсаси ўзига ярашган хотинларни ёқтирарди. «Рост-да, ҳазили йўқ,— деди ўзига-ўзи, худди аллаким билан баҳслашаётгандай.— Хотин деган шундай бўлиши керак!
Ҳа, шундай бўлиши керак хотин деган». Унинг бениҳоя нозик, нафис чеҳраси, порлаб турган қора кўзлари, юзини текис ўраб елкаларига тўлқинланиб сочилган сарғиш сочлари Авдийнинг кўз ўнгидан кетмасди. Бунинг устига кўзининг қорамтирлиги билан сочининг оқ-сариқлиги бир-бирини ажиб тарзда тўлдириб, чеҳрасига ўзгача жозиба, латофат бағишларди. Авдийга унинг ҳамма нарсаси: чап ёноғидаги билинар-билинмас чандиқ ҳам (болалик чоғларида
йиқилганининг аломатимикин), усти-боши — жинси, куртка, кўнжи қайтарилган эски этикчаси ҳам, мотоциклни қандоқ ҳайдаб кетиши ҳам (ахир, Авдийнинг ўзи велосипеддан бошқа нарсани минмаган эди-да) жуда-жуда ёқди… Тағин у хўжайинни сўраса, эс-ҳушини паққос йўқотиб қўйганлигини айтмайсизми: йўқ, кўрмадим, йўқ, кўрдим, йўқ… худди ёш боланинг ўзгинаси, нега мунчалик тили чулдираб колмаса?
У ҳақда ўйлаган сари яна ўйлагиси келаверарди Авдий Каллистратовнинг. Ундай деса, эслайдиган тузукроқ нарсанинг ўзи ҳам йўқ — кутилмаганда жувон келди, кутилмаганда жувон кетди, ана, бор гап шу. Лекин ким бўлди экан-а ўзи, қаердан келдийкин? Бирон ердан келаётгани аниқ. Лекин бунақанги аёл кимсасиз чўл-биёбонларда нима қилиб юрибди?..
Петруха мотоцикл минган ғалати хотин келиб кетганини эшитиб, бир оз эсанкиради ва тўхтовсиз минғирлаб, нима деди, нимани сўради, Авдий нима жавоб берди, деб жонга тегди.
Ўртада бўлиб ўтган гапни бир неча марталаб қайта сўзлаб беришга тўғри келди.
— Бу ерда бир гап бор, бир гап бор,— шубҳаси тарқамай бошини чайқарди Петруха.— Аттанг, ўзим бўлмабман-да, дарров у жононнинг кимлигини билиб олардим. Шу дейман, Авдий, сен ақлли, ўқиган боласан-ку, лекин мен буни дўндириб қўйган бўлардим. Ҳаммасини ўзидан сўраб билардим. Кимсиз, сизга нима керак, дердим. Сен бўлсанг, ошна, ўзингни йўқотиб қўйибсан. Кўриб турибман, ҳушинг бошингдан учган. Айтган эдим-а сенга…
— Мунча хавотир оласан? — уни тинчлантиришга уринди Авдий.— Нимасига шунча ваҳима килаверасан?
— Э, қизиқ экансан-ку, изимизга исковучлар тушиши мумкин. Ўша хотинни айғоқчи қилиб юборган бўлсалар-чи, бор, ҳаммасини кўриб кел, деб?
— Қўйсангчи, бўлмағур гапларни!

— Думингдан босиб, олиб кетсинлар-чи, унда нима деб сайраркинсан? Ё Ўзига нима деб жавоб қиларкинсан ҳали? У исковучлардан ҳам баттар сўроқ қилади: терингни шилиб олади. Сўкиб юборишдан ҳам тоймайди. Сўкиш нималигини биласанми ўзинг?
— Ўзингни бос, Пётр. Бошга тушганни кўз кўради. Буни олдинрок ўйлаш керак эди. Ана, Лёнька, ҳали кичкина бола, ким уни бу ишга тортди? Ёки ўзингни олайлик. Нечага кирдинг?
Йигирмага чиқиб қолгандирсан, ҳойнаҳой? Аҳмоқсан, Ўзи-Ўзи деб бир қадам ортиқча қўёлмайсан, миқ этиб оғзингни очолмайсан. Ҳали охири нима бўлади? Ундан кўра шуни ўйла.
Лекин Авдийнинг бу сўзлари нишонга тегмади. Петруханинг ғазаби қайнади.
— Онангга айт бу насиҳатларингни, Авдий. Лёнькага ҳам тил теккизма. Кашишларни китобларини ўқибсан, энди буларни эсингдан чиқариб ташла. Эсингдан чиқар. Ўгитларингдан бир тийинлик фойда йўқ. Сен Ўзи дединг. Унинг соясида жарақ-жарақ пул топяпмиз.
Билдингми? Лёнька тирик етимча. Ҳеч кимга кераги йўқ. Чўнтаги пулга тўлиб юрса, бировга муҳтож бўлмайди. Хоҳлаганча ейди, хоҳлаганча ичади. Сенинг чўпчакларинг корин тўйдирмайди. Қачон ўйнаб-куласан бу беш кунлик дунёда? Столнинг усти ҳар турли ноз-неъматларга тўлиб турса, эстрадада жонон қизлар тинмай қулинг ўргилсин қўшиқларни айтиб ўйнаса, жигарингдан урса, қани, қачон қўрасан бундай яхши кунларни? Менинг ака-акажонларим қора терга тушиб ишлаганлари ишлаган, бир кўрсайдинг уларнинг қандай ишлаётганларини! Ишдан бошларини кўтармайди бечоралар. Мен-чи, ҳоҳласам, қоғоз пулга
артаман! Фақат аҳмоқ одамгина пулни яхши кўрмайди, тўғрими, Лёнька?
— Тўғри,— талтайиб бош силкиди Лёнька, бунга ҳеч кандай шубҳа бўлиши мумкин эмас дегандай.
Шу тариқа Авдий гапнинг учини чиқариб қўйди, холос. Вақти келса, бафуржароқ сўзлашади. Лекин ҳали пишмаган ғўрани узиш ярамайди. Авдий буни тушуниб турибди. Акс ҳолда, ким уни нашага келган, пулнинг кетидан қувиб юрган бола дейди?

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бўтакўз (биринчи боб)

Булокдан эндигина ярим челак сув олган ҳам эдим-ки, дашт бўйлаб кучли қийқириқ янгради: — Ҳе-ей-ей! Академик, тумшуғингга туширама-ан! Мен қулоғимни динг қилиб, тошдай қотиб ...

Юлдузли тунлар-62

7 Бундан бир ярим йил аввал Хонзода бегим ёлғиз ўғилчаси билан Балхдан Қундузга келаётганда унинг юрагини титратган номаълум хавф-хатарлар гўё мана шу оғир чекиниш пайтини ...

От кишнаган оқшом (қисса) 49-қисм

49 Биродарлар, ҳамсоямиз Қулмат полвон бозорлаб келди. Майиз сотиб келди. Деворимиздан авайлаб бўйладим. Нарх-навони сўрадим. — Қани, полвон, — дедим, — майиз қанчадан ...