Шаҳрихонлик тадбиркор: «Электр йўқ. Ишлаб чиқариш қилиб адашибмиз…»

Шаҳрихоннинг чекка қишлоғидаги корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўриб лол қолганимиз бор гап. Беихтиёр «Бўлар эканку» деб юборасиз. Сифатда, бежиримликда ҳар қандай чет эл товарлари билан беллашадиган маҳсулотлар.

Лекин, корхона раҳбари терс гапни айтди: «Бўлмас экан! ». «Нега?» дейсиз-ми?…

Қишлоқ йигити бўлган Адҳамжон Турғуновнинг отаси тўрт йил Хитойда ўқитган. Фарзанд ота ишончини оқлаб, Чин юртидан маркетинг, иқтисод ва ишлаб чиқаришда яхши мутахассис бўлиб қайтди.

Андижон шаҳри марказида корхона очиб, иш бир яхши юраётган пайтда ота-болага маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли, маҳалладошлари: «Фаолиятингни ўзимизнинг қишлоқда қилгин, аёлларимиз, қизларимиз ишли бўлсин. Мутасаддилар ҳар томонлама ёрдам беришади», дея илтимос қилишгач, улар Шаҳрихон тумани, Янгийўл қишлоғи, Марказ маҳалладаги эски ҚФЙ биносини ижарага олишади. Мутасаддиларнинг – ота-бола тадбиркорларга: «Бинодан ижарада фойдаланиб турасизлар, кейин ноль қийматда олиб берамиз» деган гапига ишониб, катта шижоат билан корхонани ишга туширдилар.

Тез кунда Хитойдан турли тикув ишларини бажарувчи машиналарни ўрнатиб, ёш болалар учун 20 турдаги кийим-кечак, чақалоқлар учун жамланмалар ишлаб чиқара бошлашди. 25 нафар маҳаллий қизлар ишни тез ўрганди. Уларнинг тиккан маҳсулотлари жуда бозоргир бўлди.

Қишлоққа ишлаб чиқариш олиб кириб, бозорга ўрнаша бошлаган, корхона эгалари мана энди энг катта тўсиққа учрашди. Сабаби – ЭЛЕКТР ЙЎҚ!.. Август-сентябрь ойларида ҳар-ҳар замонда ўчган электр, октябрга келиб, кунига 4-5 соат бериладиган бўлиб қолди. Шу кунларда эса кундуз куни 3 соат ёняпти холос. Ток бўлмаса, ишлаб чиқариш бўладими?

 

Корхонага борганимизда, 10-15 нафар ишчи аёл-қизлар электр йўқлиги сабаб, тикув машинасига термулиб ўтирган экан. Цехда ўзбек қизларининг уқувли ва бир иш бошини тутса меҳр билан сифатли амалга оширишига гувоҳ бўлдик.«Корхонада тикилган барча турдаги болалар кийимларининг сифати хорижнинг нуфузли брендлари даражасидаги сифатга эга, десам муболаға эмас.

«Мен, Ўринбоева Дилдораман. Ишим ўзимга ёқади. Лекин, эрталабдан бери ток йўқ. Бекор ўтирибман. Тушгача бир соат электр беришганида иккита нарса тикдим. Бу ҳолда маошим ҳам озайиб кетади. Илтимос, чорасини қилинглар. Токни ўчиришмасин…», дейди улардан бири.

Тадбиркор, маҳсулотларга талаб кўплигидан ишлаб чиқаришни икки сменада ташкил қилмоқчи бўлгани, бироқ маълум сабабга кўра бир сменада ҳам иш юрмаётганини айтиб зорланди. Адҳамжон яна 40 нафар ишчи олиши мумкин экан. Зўр эмас-ми? Яна қирқта қишлоқ хонадонига маблағ киради, ахир?! Яна, ички бозор ўз маҳсулотларимиз билан тўлади.

«Электр тармоқларига учрадим. Қандайдир, қишлоқларни навбатдан ўчириш жадвалини кўрсатишди. Бошим қотиб қолган», дейди тадбиркор.

Тумандаги электр тармоқларининг Холдовонбек бўлимига бордик. Ташкилот раҳбари Ёдгорбек Абдураҳимов, совуқ кунлар сабаб «ограничение» бошланганини, туман ҳокимлиги томонидан қишлоқларга навбатдан электр энергияси бериш жадвали тасдиқланганини кўрсатди. Жадвалда, Янгийўл қишлоғида электр берилиш вақти- тушгача соат 08:00дан соат 12:00гача, тушдан кейин соат 14:00дан соат 18:00гача дея ёзиб қўйилган. Янгийўлдаги корхонада эса электр эрталаб соат 8:00да ўчиб, 11дан 12гача ёнган холос. Тушундикки, бу номига тузилган жадвал эди.

Тармоқ раҳбари бизга шундай деб изоҳ берди: «Ҳозирча, шундай бўлиб турибди. Аҳоли уй иситишга электрдан фойдаланяпти. Трансформаторларимиз ишдан чиқяпти. Вилоятдан қанча беришса, аҳолига узатяпмиз».

Хусусий корхона ишчиларига маошни ишбай усулида тўлайди. Кунига электр йўқлиги учун иккита маҳсулот тиккан чеварнинг маоши ойига 120 минг сўм бўлар экан. Ток ўчмаса, бу сумма ўн баробор ошади. Ҳам корхона, ҳам ишчи даромаддан қоляпти. Бозорда эса яна четдан келган моллар ўтади.

Наҳотки, мутасаддилар мана шу ҳолатга эътибор қаратмасалар? «Қиз-аёлларимиз нега чет элга чиқиб кетишяпти? », деган саволга ҳам жавобнинг бўладигани мана шу муаммода ахир!

Бу ҳолат нафақат Шаҳрихонда вилоятнинг барча туманларига хос бўлган муаммодир.

Вилоят электр корхонаси тизимидаги бўлимлар ҳеч қишга тайёр бўлмас экан-да… Совуқ кунлар бошланиши билан қишлоқ аҳолиси яна токсиз қолмоқда.

Юрт кишиларининг четда «гастербайтер» деган хунук ном олмаслигининг энг катта ечими – қишлоқда иш жойларини ташкил этишда. Туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари биринчи навбатда тадбиркорни қўллаб-қувватласа, унга шароит яратса йигит-қизларимиз ўз туғилган жойида минг чандон ортиқча меҳнат қилмайди-ми?..

Биз, юқоридаги муаммога Андижон вилоят электр тармоқлари мутасаддиларидан жўяли жавоб кутиб қоламиз.

Манба:Кун.Уз

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистонни блокада қилиб миллиардлаб доллар фойдадан қуруқ қолганимиз…

Шу пайтгача Тожикистон ҳақида, уларга 20 йил давомида виза жорий этиб, уларни блокада қилиб қўйганимиз ҳақида нима ёзган бўлсам "қон-қардошлик", "жон-қардошлик"дан келиб ...

Шодиевнинг лондондаги қизи қандай бизнес юритади?

Ўзбекистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг қизи ўзининг янги бизнес ғояси билан британ матбуоти назарига тушди. (more…)

Ўзбекистон фуқароси жаҳон банки ходимига пора беришга уринди

Ўзбекистон фуқароси ва "Fides Solutions" компанияси Жаҳон банки ходимига пора беришда айбланмоқда. Бу ҳақда Бутунжаҳон банкининг расмий сайтидаги хабарга асосланиб “Соф.уз” ...