Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 18-қисм

Наша  тўлдириб  солинган  юк  халталарини  елкага  ортганча,  ярим кечага  довур  темир  йўл томонга  қараб  юрдилар.  Юриш  унча  қийин  эмасди.  Қуритилган  гиёҳнинг  қанча  оғирлиги бўлади  дейсиз.  Лекин  нашанинг  ҳатто  елим  пакетлардан  ҳам  гуркираб  турган  ҳиди  бошни айлантирар, кўзни уйқуга тортарди. Чопар болалар тун ўртаси ухлагани қўндилар. Йўлни тонг қоронғусида давом эттирадиган бўлдилар. Лёнька Авдий билан Петруханинг ўртасига тиқилиб ётди. У бўрилардан қўрқиб қолганди. Бола-да ҳали. Бари аксинча бўлди. Йўл юрганларида уйқу босганди.  Ухлагани  ётганларида  Авдийнинг  уйқуси  қочди.  Лёньканинг  ўртага  тиқилиши кўнглини ийитиб юборди. Кимнинг ҳаёлига келибди дейсиз. Кап-катта бола бўрилардан қўрқиб ўтирибди. Лекин кўрдингизми, иллатнинг кучини, ҳаёт ҳақидаги тасаввурларнинг гўдакликдан бузилганини. Боя Лёнька заррача ўйлаб ўтирмай дарҳол Худонимас, пулни яхши кўраман, деди-я. Худо бунда шартли бир нарса эди, тақводор ҳаётнинг рамзи… Авдий шуларни ўйларди…

 

Ёз чоғларида чўл кечаларининг ўз гўзаллиги бор. Замин ва само бепоён, ундан чиқаётган сукунат  ҳам  чексиз.  Кеча  илиқ.  Анвойи  ўт-ўланларнинг  ҳидлари  гуркирайди.  Сон-саноқсиз юлдузлар, ярқироқ ой одамни қаттиқ ҳаяжонга солади. Юлдузлар ва нигоҳ аро зарра ғубор йўқ, ҳаво шу қадар мусаффо. Одам турмуш уринишларидан чалғиган ноёб дамларда хаёл ўша сирли оламлар бағрига шўнғийди. Афсуски, бу узоқ давом этмайди…

 

Ҳаммаси  ўзим  ўйлаганимдек,  мўлжаллаганимдек  бўлди,  деб  фикр  юритарди  Авдий: чопарлар билан нашазорларга келдим, барини ўз кўзларим билан кўрдим, бошимдан ўтказдим. Энди  энг  мураккаб  иш — поездга  ўтириб  жўнаш  қолди.  Чопарлар  учун  энг  хатарлиси — нашани  олиб  кетиш.  Милиция  уларни  кўпинча  Осиё  станцияларида  ушлайди.  Россия томонларда бу жиҳатдан анча  осон. Москвага бориб олсанг ва ундан у ёғига омон-эсон етиб олсанг, марра сеники! Турмушнинг улуғ заволи кичкина одамларнинг кичкина ютуғига айланиб мана шундай тантана қилади…

 

Авдий  бу  билан  ҳатто  ҳаёлида  чиқишолмасди.  Лекин  айтайлик,  жиноятнинг  олдини олишгина  эмас,  опарларнинг  фикрини  ўзгартириш,  уларни  бу  йўлдан  қайтариш,  қайта тарбиялашга  келганда,  бунга  кучи  етмаслигини  энди  у  тушунарди.  Шу  чўлларда  ҳам қайлардадир ўралашиб, ҳамма нарсани, жумладан, Авдийни ҳам чангалида тугиб тургач, барча чопарларнинг  жиловини  ўз  қўлига  олган,  ўша  Ўзи  деб  аталадиган  кимса  унга  буткул  қарши турар ва ундан анча-мунча қудратлирок эди. Уларнинг нашачўлга юришлари Ўзининг ҳукми ва назоратида  эди.  Балки  ундан  ҳам  ортиқ — Ўзи  микродиктатор  эди.  Улар  орасида  Авдий қароқчиларга қўшилган дайди роҳибдай жуда аянчли эди… Аммо художўй ва мутаассиб роҳиб ҳар қандай шароитда ҳам роҳиб бўлиб қолиши керак… У ҳали ҳаётнинг бу жомидан ҳам ичади…

 

Кундузи  бўлиб  ўтган  таажжуб  ҳодиса  яна  ҳаёлини  банд  этди.  Анави  узуноёқ  тентак кучукчаларни  қаранг-а.  Одамни  кулгили,  безиён  махлуқ  деб  ўйлашди  чоғи.  У  билан  жуда ўйнашгилари келди. Катта бўрининг турқини кўринг, қутуриб кетган, кўккўзлари ёнади. Роса аччиғи  чиққан  эди.  Йўқ,  шукр,  ҳаммаси  ўтиб  кетди.  Нега  унинг  устидан  икки  марта  сакраб ўтди?  Не маъноси бор бунинг? Бир ҳамла қилганда уни пора-пора қилиб ташлаши мумкин эди-ку? Панама-ю кичкина иштони демаса, шаҳарнинг қип-яланғоч аҳмоқ одамини нега аядийкин?

Фақат ҳангомалардагина шундай бўлиши мумкин. Буни кўринг энди — бўриларнинг марҳамати — тақдирнинг марҳамати эмасми? Демак, у ҳали ҳаёт учун керак экан-да? Лекин унга томон қаҳру ғазаб билан ташланган, болалари учун қўрқиб кетган кўккўз бўри қанчалар шиддатли ва қанчалар  ажойиб  эди.  Ҳа,  у  ўз  йўлига  ҳақ  эди.  Лекин  отасига  балли-ей,  унга  ташланмади, гўштларини  ғажимади.  Ахир,  Авдийнинг  ҳам  ҳеч  қандай  гуноҳи  йўқ  эди-да.  Авдийни  ўша ҳолатда  анави  мотоцикл  минган  хотин  кўриб  қолгандами,  тоза  котиб-қотиб  кулармиди-ей?

Авдий  шуни  кўз  ўнгига  келтириб  оҳиста  кулиб  қўйди.  Ҳа,  худди  циркда  масхарабозни кўргандай  маза  қиларди.  Лекин  у  бирдан  қўрқиб  кетди:  кимсасиз  чўлда  кетаётганда мотоциклнинг мотори ўчиб қолса-я, бир ўзи, бу ёқдан бўрилар ташланса?! Шунда Авдий кўккўз бўрига  мурожаат  қилиб  ёлвора  бошлади: «Сўзларимни  тингла  эй,  гўзал  она  бўри!  Сен  шу ерларда  яшайсан.  Ўзингга  қандай  яхши  бўлса,  шундай  яша,  табиат  қандай  буюрган  бўлса тирикликни шундай адо эт. Ёлғиз шуни ўтинаман сендан: агар унинг мотори ўчиб қолса, Худо ҳаққи, бўриларнинг худолари ҳаққи, болаларинг ҳаққи, унга тегма! Унга зиён-заҳмат еткизма!

 

Шундай  катта  мотоциклни  миниб  кетаётган  ўша  гўзал  хотинга  ҳавасинг  келса,  унинг ёнгинасида, йўлнинг чеккасида бирга чопиб бор, лекин асло унга кўринма. Қанот чиқаргину уч. Буддоийлар айтганларидай, балки сен, эй кўккўз бўри, уни одам қиёфасидаги ўз эгачинг, деб тан  оларсан?  Нима,  шундай  бўлиши  мумкин  эмасми?  Нима  қилибди  сен  бўри  бўлсанг, у  эса одам,  лекин  икковингиз  ҳам,  ахир  жуда  гўзалсиз,  ўзингизга  ярашган  чиройлисиз!  Сендан яшириб ўтирмайман, уни чин юракдан яхши кўриб қолишим мумкин. Лекин мен ентакман, ҳа, тентакман, яна ким ҳам бўлардим! Фақат ғирт девоналаргина шундай орзу қиладилар. Мабодо, менинг  нима  деб  ўйлаганларимни  у  билиб  қолса,  кула-кула  кўзларидан  ёш  чиқиб  кетарди! Лекин шундан хурсанд бўлса, майли, тўйиб-тўйиб кулсин…»

 

Чўлда  тонг  ёришиб кела  бошлади.  Петруха  Авдий  билан  Лёнькани уйғотганда, ҳали  тонг қоронғулиги  кетмаганди.  Уч  юз  ўттизинчи  километрга  йўл  олиш  керак  эди.  Қанча  барвақт бўлса,  шунча  яхши.  Чунки  ўша  ерга  бошқа  наша  тўпловчилар  ҳам  йиғилиб  келишлари кутиларди. Биронта юк поездини тўхтатиб, унга ими-жимида чиқиб, Жалпоқ-Соз бекатига етиб олишлари  керак.  Сўнг  бу  ердан  аста  бошқа  поездларга  ўтирадилар.  Умуман,  чопарлар  учун йўлнинг энг хатарли қисми бошланмоқда эди. Ҳаммасига Ўзи раҳбарлик қиларди чамаси. Уч юз ўттизинчи километрда ким кимни: улар — Ўзиними ё Ўзи — уларни топадими, Петруха буни тузукроқ айтмади. Ё билмайди, ё айтишни истамайди.

 

Шундай  қилиб,  яна  юк  халталарини  елкаларига  ортдилар-да,  Петруханинг  ортидан  йўлга равона бўлдилар. Петруханинг хотираси, йўлни билишига Авдий қойил қолди. Қаерда жар бор, қаерда  киши  билмас  булоқ  милдираб  оқади,  қаерда  сой-ўр  бор,  барини  олдиндан  биларди. Шундай  хотира,  шундай  қобилият  ҳайф  кетаётганига  Авдий  афсусланди.  Бир  кўрган  ерини эсидан чиқармас экан бола!

Мен ахир деҳқон боласиман-да, дерди у. Петруханинг айтишича, бу ердан икки юз чақирим нарида  Мўйинқум  саҳроси  бор.  У  ерда  сайғоқлар — чўл  кийиклари  гала-гала  бўлиб  юради.

Идоранинг «газиги»га миниб юрадиган уддабурон одамлар ҳатто Оренбург томонлардан овга келишади. Келгандаям яна қандоқ! Бу ёқда тирик кабоблар истаганча чопиб юрибди. Ичкилик эса ўзларида етарли. Ана, шоҳона ов! Лекин хатарли жойи ҳам бор. Машина бузилиб қолса. Ана унда  кўринг  ҳангомани.  Овчилар  саҳрода  сув  қидириб,  адашиб,  ташналикдан  ўлиб  кетган пайтлар бўлган. Қиш пайтлари эса бўронларга чидолмаганлар. Кейин фақат суяклари топилган.

Битта овчи жинни бўлиб қолган экан. Уни вертолётда қидиришган. Вертолёт уни қутқараман деса, у вертолётдан қочармиш. Беркиниб олармиш. Орқасидан қува-қува алоҳа етиб қутқариб олишибди. У бўлса, гапиришни ҳам эсидан чиқариб юборган экан. Хотини ҳам орада бошқага тегиб кетибди. Вой ифлос-эй! Уларнинг ҳаммаси шунақа! Мен уйланмайман. Шаҳарда биттаси бор. Жуда кетворган. Озгина пул ташлаб қўйсанг, тамом, жонингни киргизади. Сўз ҳам берган — бола бўлмайди деб! Зўр мото ҳам олиб қўйибман, чехларники, спортчилар минадиганидан.

Саройда  қантариб  қўйганман.  Хоҳласам, «Жигули»  ҳам  оламан.  Чўт  эмас.  Лекин  ҳаммаси «Волга»  дан  ўтаверсин.  Ҳозир «Мерседес»га  ўхшагани  чиққан.  Ўшандан  олсанг-да,  олганга яраша.  Қўлга туширса бўлармикин-а,  шунақасини?  Кассета жойлаб қўйсанг.  Ястаниб эшитиб ётсанг ичида. Ашула дегани ҳам мундоқ жигарларингни эзиб турса-да. Ҳаммасига таниш керак, ҳаммасига  пул  керак,  чўзиш  керак  ҳаммасига. «Волга»ни  миниб  қайдасан  Воркута  деб жўнасанг. Кўриб қўй аканг қарағайлар деб. Ҳе-ҳе, ичиқора кеннайилар ёрилиб ўлади. Юкхонада шишалар  лиқ  тўла.  Асл  тоза  ичимликлар.  Кўпи  четники.  Ўзимизники  ҳам  бор.  Ўзи  шундан

яхшиси  йўқ.  Мингани  эса «Волга»,  ана  холос…  Шунинг  учун,  азиз  жўраларим,  нашанинг кетидан қувиб юрибман-да. Сизлар ҳам бир нарсалик бўлиб қолинглар деб жон куйдиряпман-да… Давринг келди — сур бегим, давринг кетди — тур бегим…

Петруханинг  маза-матрасиз,  гўл  алжирашларини  эшитиб,  Авдийни  яна  ҳаёл  олиб  қочди. Инсон боласи бойиш васвасасида ялпи тус олган тақлидчиликка тақлид қилиш ва манманлик ўртасида овора-сарсон бўлиб юради. Мана шу уч нарса — оммавий онгнинг уч наҳанг балиғи. Ҳамма ерда ва ҳамма замонларда одми одамларнинг ҳаётлари шулар заминида барқарор туради.

Барча  катта-кичик  кулфатлар  улардан  ҳосил  бўлади.  Уларга  ин  қуради.  Эътиқодлар  ва қарашларнинг  қашшоқлиги,  ночорлиги  ҳам улардан.  Одми  одамларнинг  тенгсиз  қудратга  эга бўлган бу мафкурасини енгадиган кучни ер юзида топиш мушкул. Дин ҳам бундан мустасно эмас.  Ичи  бўш  ва  ҳавол  бўлса-да,  ҳеч  қачон  нурамас  бу  қояга  руҳнинг  қанчадан-қанча парвозлари  ўзини  уриб  парча-парча  бўлиб  кетмаган  дейсиз…  Унинг  чопарларга  қўшилиб бораётгани ҳам ўшандан далолат — руҳ ночор, лекин ҳоримас… Пешанада бор эканда. Ёзмиш…

 

У йўл бўйи Ўзи билан учрашувга ҳозирланиб борди — жангга. тайёр туриш керак эди. Уч юз ўттизинчи километрга улар вақтидан икки соат бурун етиб келдилар. Соат учда улар шу ерда эдилар. Темир йўл бўйлаб кетган жарликка яқинлашарканлар, Петруха юкхалталарни

мен  кўрсатган  ерга  қўйинглар,  ўтиб  турган  поездларга  қорангларни  кўрсатманглар, бошларингни кўтарманглар, нима гап бўлса, ҳаммасини ўзим айтаман, деб тайинлади. Ўлгудай чарчашган экан. Осонми бир кунда шунча йўлни босиш! Жар тагидаги маврак ва

чалов  аралаш  ўсган  бахмалдай  майсага  чўзилиш  қанчалар  роҳат.  Узоқдан  поездларнинг гулдираб яқинлаб келишларини эшитиб ётиш аллақандай фароғат бағишлади. Узоқ-узоқларга чўзилган  зил  вагонлар  остида  темир  излар  зинғиллаб  ва  зувиллаб  кетар,  кейин  оғир  чўян ғилдиракларнинг  қалдир-қалдир,  қалдир-қалдир  ўтгани  эшитилар,  сўнг  темир  ва  мой  ҳиди анқирди.  Бу  шовқин  кейин  яна  анчагача  олис-олислардан  қулоққа  чалиниб  турар,  сўнг  аста-секин  олам  океанини  қуршаган  жимжитликка  сингиб  кетарди…  Шамолдай  елиб  бири — у томонга, бошқаси — бу томонга пассажир поездлар ўтарди. Авдийнинг юраги орзиқиб кетди. У болаликдан  пассажир  поездларни,  вагон  ойналарида  лип-лип  ўтиб  бораётган  одамларнинг башараларини томоша қилишни яхши кўрарди. Ҳой бахтиёр одамлар, мени ҳам ола кетинглар ўзларинг  билан!  Лекин  ҳозир  шу  ўткинчи  ҳавасдан  ҳам  маҳрум.  Бута  панасида  бошини

чиқармай  ётишга  тўғри  келади.  Лекин  энг  чатоғи — шу  ерда  юк  поездини  қароқчиларга тўхтатишда иштирок этади. Тўғри, ҳеч ким составни таламоқчи эмас. Поезд тўхтаса, чопарлар унга  липпа-липпа  сакраб  чиқиб  оладилар.  У  ёғи  ўз  йўли  билан  кетаверади.  Уёғига  юк вагонларда пусиб боришади…

 

Поездлар у ёқдан-бу ёққа тинмай ўтарди. Кейин узоқ жимлик чўкди. Авдийнинг энди кўзи илинган экан, бирдан ҳуштак овози келди. Петруха қулоғини динг қилди, сўнг ўзи ҳам ҳуштак чалди. Унга яна бир ҳуштак чалиб жавоб қилишди.

—  Хўп,  сизлар  бемалол  кутиб  туринглар,—  деди  Петруха,—  мен  борайчи,  чақиришяпти.

Менсиз қимир этманглар, эшитяпсанми, Авдий, эшитдингми, Лёнька? Юк поездини тўхтатиш

осон иш эмас. Каллани ишлатиш керак, каллани.

У шуларни айтиб ғойиб бўлди. Ярим соатлардан сўнг қайтиб келди. Андак шаҳди сустроқ

эди.  Чеҳраси  қандайдир  ўзгарган,  кўзлари  ўғринча  аланг-жаланг  қилар,  одамнинг  юзига  тик

қарашдан ўзини олиб қочарди. Авдий бундай пайтларда гумонсираб ўтиришни ёқтирмас, нохуш

ўйларни  ўзидан  нари  қуварди.  Ўз  эркига  қўйиб  берсанг,  ҳаёлга  нималар  келмайди.  Балки

кишининг қорни оғриётгандир… Шунинг учун хотиржам ўсмоқчилади:

— Хўш, Пётр, ишларимиз қалай?

— Ёмон эмас, тузук. Яна озроқ кутамиз.

— Поезд тўхтатамизми?

— Албатта. Юк поезди бизга қулай. Поезд бекатга кечаси борса ва қўшимча йўлда турса, ундан ҳам яхши.

— Шундай де.

Улар  жим  қолдилар.  Петруха  сигарет  тутатди.  Тутунини  ичига  чуқур  тортаркан,  гўё  ҳеч нарса билмагандай деди:

— Бир жўрамизнинг оёғи лат ебди. Оти Гришан. Бориб кўриб келдим. Иши юришмабди. Чўлоқланиб қанча йиғиб бўларди. Таёққа таяниб юрибди. Албатта, одамга алам қилади. Балки, ҳаммамиз  оз-оздан  унга  йиғиб  берсакмикин.  Ўн  киши  эканмиз.  Жиндак-жиндак  наша  берсак бечоранинг кўнгли кўтарилади.

— Майли,— деди Авдий.— Лёнька ухлаяпти. Лекин у ҳам қизғанчиқ эмас.

— Э, Лёнька ўзимизнинг ҳотамтой-ку! Авдий, сен бориб Гришан билан гаплашиб келсанг, бўларди. Нима қилди, нима бўлди, деб ҳол-аҳвол сўрасанг, сал ёзилармиди чўлоқ шўрлик…

— Ўзи қаерда, ўша ердамикин? — эҳтиётсизлик қилиб сўради Авдий.

—  Э,  сени  нима  жин  урган  ўзи?  Оғзингдан  Ўзи,  Ўзи  тушмайди,—  жаҳли  чиқди Петруханинг.— Мен қаердан билай? Сенга Гришанни айтсам, яна Ўзими дейсан. Керак бўлса Ўзи бизни топиб олади. Бўлма-са хап ўтир. Бурнингни суқма. Нега ҳадеб суриштираверасан?

— Бўлди, бўлди. Сўрадим қўйдим-да. Тинчлан. Гришан қаерда? Қайси томонда?

— Ҳув ана, ўша ёққа бор — ҳув ана, сояда, бута тагида ўтирибди. Бор, бор.

Авдий  ўша  томонга  юрди  ва  кўп  ўтмай  Гришанга  кўзи  тушди.  У  ўт-ўланлар  орасида

мўъжазгина курсичада қўлида таёқча ўйнаб ўтирарди. Кепкасини манглайига бостириб кийган.

Сезгир одам бўлса керак, Авдий ҳали яқинлашмай туриб, ўгирилиб қаради ва кафтига йўталиб қўйди. Ундан нарироқда яна икки киши ўтиришарди. Ҳаммаси бўлиб уч киши. Шунда Авдий тушунди: Ўзи мана шу одам… Қадами тайсаллаган Авдий баданига совуқ ўрмалаганлигини ҳис қилди. Юраги гурсиллаб тез-тез уриб кетди…

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Айвазовскийнинг тақиқланган асари

Буюк рус рассоми, маринист Иван Айвазовский чизган бир асар рус ҳукумати томонидан ҳануз тақиқланган ижод намуналари рўйхатида туради. Асарда зўравонлик, порнография ёки ...

Ўзбекнинг забардаст шоири

Бугун ўзбекнинг забардаст шоири Шавкат Раҳмоннинг туғилган куни. Бундан қарийб 70 йил олдин Ўшда шундай шоир дунёга келганди. Шавкат ака атиги 46 йил яшаган бўлса-да, ўзидан ...

Кутилмаган бахт

11. КУТИЛМАГАН БАХТ Кумушбибидан ваколат олиш ҳам жуда қийин бўлди. Домланинг: Сизким Кумушбиби Мирзакарим қизи, ўзингизни тошкандлик, мусулмон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400