Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 20-қисм

Ниҳоят, кутилган вақт етди. Юк поездини тўхтатиш олдидан чопарлар икки-уч киши бўлиб, темир йўл бўйлаб буталар ва баланд ўсган қуюқ ўтлар орасига яширинишди. Ҳуштак чалиб бир-бирларини хабардор қиладиган бўлишди. Йўлнинг олис муюлишида илон каби буралиб поезд кўринди, ҳуштак овози келди ва дарҳол ҳаммалари ҳамлага ҳозирландилар. Наша тўлдирилган жомадонлару  катта  чарм  халталар  қўл  остида  эди.  Авдий,  Петруха  билан  Лёнька  учовлари темир йўл ремонтидан сўнг қолган майда шағал уюмини паналаб ётдилар. Гришан улардан сал нарироқда эди. Унинг ёнида ҳам икки чопар бор: улардан  бири, малла сочли йигитчани Коля деб  аташар,  бурни  қўнқайган,  кавказча  талаффуз  билан  сўзлайдиган  чапдаст  иккинчисини Махач деб чақиришар — афтидан, у асли Махачқаладан эди. Бошқаларни Авдий билмас, лекин яна икки-уч чопар ўзларига қулай жойни пана қилиб, поезд келишини пойлар эдилар. Гришан темир  йўлга  дори  сепиб,  кўприк  устида  гўё  ўт  тушгандай  қилиб  кўрсатадиган  ва  шу  билан машинистни локомотивни тўхтатишга мажбур қиладиган икки кишини юборган, улар бу ердан ҳийла олисроқда «330 КМ» белгиси қўйилган ерда эдилар. Ўша ерда баҳорнинг тошқин сувлари ўпириб кетган чуқур жарлик устидан чоғроқ темир йўл кўприги ўтарди. Чопарлар қўпорувчи деб аташадиган анов иккиси ўша нозик жойга ҳозир дори сепишарди.

Поезд шитоб билан яқинлашар, Авдий, ҳамма нима бўларкин, тез ва омон-эсон вагонларга чиқиб  олармикинмиз,  состав  ўзи  кандай  экан,  ишқилиб,  цистерна  бўлмасин-да,  цистернага қандай қилиб ўрнашасан, деб титраб-қақшаб турганлигини тушунарди. Қўриқлаб бориладиган ҳарбий эшелон бўлса ундан ҳам чатоқ, тамом ишкал деяверинг. Лёнька қўллари қалтираганча сигарет тутатди. Петруха шу заҳоти унга ғазабини сочди:

— Дарров ташла! Ўлдираман ифлос!

Бироқ  ранги  кўкариб,  оқариб  кетган  Лёнька  унга  парво  қилмай  ичига  зўр  бериб  тутун тортарди, шунда Петруха унга йиртқичдай ташланди-да, қулочкашлаб бошига урди, шапкасини учириб юборди. Лекин Лёнька ҳам қараб турмади,— зарбага зарба билан жавоб берди, ўзини ўнглаб  туриб  Петрухани  оёғи  билан  тепди.  Петруха  қутуриб  кетди,  икковлон  жон-жаҳдлари билан тепкилаша бошладилар.

Авдий ўрнидан қўзғалишга мажбур бўлди:

— Бас қилинглар, ҳозироқ бас қилинглар. Петруха, Лёнькага тегма. Уялмайсанми!

Лекин Петруха жаҳл билан Авдийга ташланди:

—  Сен  аралашма,  ит  попнинг  ўғли.  Нега  қаққайиб  турибсан,  тўнка!  Бўйинг  бир  чақирим наридан  кўринади! — Шундай  деб,  жон-жаҳди  билан  унинг  иштонидан  тортди.  Улар жўжахўрозлардай  қизишиб,  бир-бирларини  бўралаб  сўкишганча,  ҳансираб  яна  ўз  жойларига биқиндилар.

Поезд эса яқинлашиб келарди. Чопарларнинг титраб-қалтираши беихтиёр Авдийга ҳам ўтди. Нима ҳам дейиш мумкин, аҳвол ғоят танг ва хатарли эди.

Авдий  болалик  чоғларидан  поездларни  томоша  қилишни  яхши  кўрарди:  у  осмонга  қуюқ тутун  ва  оппок  пар  чиқарадиган,  теварак-атрофларга  қичқириб,  шрвқин  соладиган  урушдан кейинги ажойиб паровозларни кўрганди, лекин ҳеч қачон бир кунмас-бир кун поездни бунчалар азоб  билан  кутарман  деб  ҳаёлига  келтирмаганди.  Мана  энди,  қонунга  хилоф  тарзда  ва  ҳатто зўравонлик ишлатиб, поездга чиқиши керак.

Иккита  локомотив  бирлашиб  тортиб  келаётган  оғир  юк  поезди  тобора  яқинлашар,  унинг яқинлашаётгани  одамнинг  бутун  вужудига  акс  садо  берар,  этни  сескантирарди.  Илгариги паровозлар  ҳозирги  дизеллар  билан  сира  беллашолмайди.  Уларнинг  кучи  ичида  яширин  эди, лекин  улар  шунчалар  кўп  вагонларни  судраб  боришардики,  худди  уларнинг  охири  йўққа ўхшарди.  Сон-саноқсиз  ғилдираклар  тўхтовсиз  ғилдирар,  вагонлар  остидан  шамол  ғувиллаб чиқар,  гулдираган  товушлар,  бир  маромда  дўқир-дўқирлар  эшитиларди.  Авдий  роса  шиддат билан  келаётган  бу  девқудрат  машинага  қарар  экан,  ҳаддан  ортиқ  чўнг  ва  улкан  составни тўхтатиш мумкинлигига кўзи етинқирамасди.

Вагон-платформалар,  цистерналар,  ёғоч  ортилган  вагонлар,  ёпиқ  контейнерлар — бирин-кетин  ўтиб  борар,  мана,  составнинг  ярми  ҳам  ўтиб  бўлди,  шунда  Авдий:  ҳеч  иш  чиқмайди, булар  ҳаммаси  бекорга  уриниб,  овора  бўлиб  ётишибди,  деб  ўйлади:  шундай  шиддат  билан кетаётган катта поездни тўхтатишнинг иложи йўқ.  Лекин бирдан поезднинг тезлиги пасайди, ғилдираклар  борган  сари  секин  айланди,  тормознинг  оғир  ғажирлагани  эштилди-да,  эшелон худди  кутилмаганда  қоқилиб  тушгандай  оғир  асабий  силтаниб,  юришини  секинлатди.  Авдий кўзларига ишонмасди: состав тўхтади ҳисоб. Шунда чинқириб, ҳуштак овози келди.

— Кетдик! — буйруқ қилди Петруха.— Олға!

Улар юк халталарини кўтарганча, секинлаб қолган вагонларга ўзларини уришди. Ҳаммаси пистирмадан  туриб  ҳамла  килингандай  кўз  очиб-юмгунча  тез  рўй  берди.  Қўлга  нима  тўғри келса, шуни ушлаб, тирмашиб, истаган вагон, истаган жойга чиқиб, ишқилиб, жойлашиб олиш керак эди. Кейин томдан томга, вагондан вагонга сакраб қулайроқ жой топиш мумкин. Ундан уёғини Авдий худди ёмон туш каби эслайди: у кўз ўнгида худди осмон қадар қад кўтарган зич вагонлар  тагида  зир  югура  бошлади,  у  ақлининг  бир  чеккасида  ғайришуурий  тарзда вагонларнинг  бунчалар  юксаклигидан,  ғилдираклардан  чиқаётган  қорамой  ҳидларининг бунчалар ўткирлигидан ҳайратга тушди, ғилдираклар яна кўз очиб-юмгунча тезлашиб кетиши ҳеч  гап  эмасди.  Лекин  шунга  қарамасдан  Авдий  жонҳолатда  вагонга  тирмашди,  кимгадир ёрдамлашди, кимлардир уни ҳам қўллаб юборишди. Поезд икки мартача шарақлаб тортилди,

силкинди, ғилдираклар ғасир-ғусур бўлиб кетди — улар тагида қолиш шу тобда ҳеч гап эмасди.

Бироқ  ҳаммаси  жойида  бўлди.  Поезд  яна  бир  карра  қаттиқ  силтаниб,  бой  берилган  вақтни етказиб олиш учун шитоб билан илгарига жадаллаб кетди, Авдий мундай айланиб қараб, ичи бўм-бўш  юк  вагонида  турганлигини,  ўзининг  ажралмас  ҳамрохлари  Лёнька  ва  Петруха, колаверса, Гришан ҳам шу ерда эканлигини кўрди. Лат еган оёқ билан унинг қандай вагонга чиқиб  олганини  Худо  билади,  анави  иккиси — Махач  ва  Коля  ҳам  у  билан  бирга  эди.

Ҳаммаларининг ранг-қутлари оқарган, ҳансираб нафас олишар, лекин чехралари шод ва мамнун эди. Бари яхши тугагани ва энди энг ишкал жойи орқада қолганига Авдийнинг сира ишонгиси келмасди.  Энди  наша  йиғувчилар  Жалпоқ-Соз  бекати  томон  кетиб  боришар,  ундан  у  ёғига йўллар бари катта ерга, катта шаҳарларга, одам издиҳомлари ичига элтади…

Яна  беш  соатлар  чамаси  йўл  юришлари  керак.  Омад  келганини  қаранг:  вагонда  юк туширилгандан  кейин  қолган  шекилли,  бўш  ёғоч  яшиклар  бор  экан — чопарлар  уларни тагларига  ўриндиққа  мослаб  олишди.  Гришан  айтгандай  қилиб,  ташқаридан  қараганда, кўринмайдиган бўлиб ўтиришди. Агар бир томондаги эшик очилса, вагон ичи анча ёруғ, бунинг устига ҳаво кириб туриши учун тепадаги тирқишлар ҳам кўтариб қўйилганди.

Қандайдир кичик разъездда тўхтаганларида, улар эшикни маҳкам ёпиб, дим ва иссиқ вагон ичида миқ этмай пусиб ўтирдилар, лекин состав олдига ҳеч ким келгани йўқ.. Петруха оҳиста ташқарига  аланг-жаланг  қилди-да,  ҳаммаси  жойида,  ҳеч  ким  кўринмайди,  деди.  Қаршидан келаётган  пассажир  поезди  ёнларидан  гулдираб  ўтиб  кетгач,  состав  яна  ўрнидан  жилди, навбатдаги кичик бекатда Махач бир канистр сув топиб келди, вагондаги ҳаёт яна жонланди, қаттиқ нон, консервалар ейилди, Жалпоқ-Созга борганда, ошхонада тўйиб иссиқ овқат еймиз, деб орзу қилишди.

Поезд эса Чу чўлларидан тоғлар томон ўтиб борарди…

Май  ойи  оқшомлари  узоқ  давом  этади,  ҳали-ҳамон  ёруғ  эди.  Ундан-мундан  гаплашиб ўтиришар,  кўпроқ  турли  овқатлар,  пул  эсланарди.  Петруха  Мурманскда  попукдай  қиз кутаётганлигини эслади. Шунда Махач соф кавказча жўшиб деди:

—  Менга  қара,  ҳой,  Петруха,  азизим,  нима,  сен  Мурманскдан  бошқа  ерда  аёлни қилолмайсанми? Нима, Москвада энди қилиб бўлмайдими озгина? Ҳа-ҳа-ҳа! Нима, Москвада хотин йўқми?

—  Сен  мишиқисан  ҳали  бунақа  ишларда,  Махачка.  Нимани  маънисига  тушунардинг? —қаҳри келди Петруханинг.— Неччига чиқдинг?

—  Неччи-неччи!  Неччи  бўлса  неччи!  Бизнинг  Кавказда  мендақалар  аллақачон  бола ясайдиган бўлишган! Ҳа-ҳа-ҳа!

Бу  гап  ҳамманинг  димоғини  чоғ  қилди.  Ҳатто  Авдий  ҳам  Гришанга  қараб-қараб  қўйиб, беихтиёр  жилмайди,  у  эса  бир  чеккада  такаббурлик  билан  иршаярди.  У  боя-боягидай  йиғма курсичасига  ҳамон  ўша  эгри  таёғини  ушлаб  ўтирарди.  У  худди  бошқа  чопарлар  каби  жўн сигарет чекар ва фақат шу билангина уларга ўхшарди.

Кўп  ўтмай  улар  ҳазил-ҳузул  қилиб  боришаркан,  бўш  юк  вагонини  батамом  ўзлариники қилиб олишди. Ҳали офтоб уфққа ботмаган, ҳаммаёқ ёп-ёруғ бўлса-да, Лёнька вагоннинг бир чеккасида  уйқуга  кетган,  бошқалар  ҳам  ухламоқчи  бўлиб  турардилар.  Қандайдир  арзимаган нарсаларни  гаплашиб,  чекиб  ўтирган  чопарлар  бирдан  жим  бўлиб  қолишди,  сўнг  Гришан томонга қараб кўя-қўя алланарсани шивирлаша бошлашди.

—  Қулоқ  сол,  Гришан,—  дея  унга  қарата  мурожаат  қилди  Махач,—  биз  бу  ерда  ўтириб, умумий  мажлис  қилиб  қарор  чиқардик.  Бир  оз  кайф  қилсак-чи,  а?  Вақт  ҳали  бор,  кайф қиламизми? Менда, азиз тамада, шунақанги бир олқиндиси борки, воҳ-воҳ, бунақасини фақат Бағдоднинг ўғриси чеккан!

Гришан  Авдийга:  хўш,  қалай,  дегандай  тезгина  қараб  олди.  Кейин  бирпас  жим  турди-да, вақт ўтказиб, деди:

— Олаверинглар!

Ҳаммаларига жон кириб, Махачни ўраб олишди. Махач курткасининг қайси бир еридан ўша Бағдод ўғриси чакадиган олқиндисини чиқарди. Узунчок ва катта папирос ўради, ўзи биринчи бўлиб тортди, кейин ёнидагиларга узатди. Ҳар бири наша тутунини ичига ҳузур қилиб тортиб, сўнг  папиросни  шеригига  чўзарди.  Навбат  Петрухага  етганда,  у  тутунни  ичига  ютоқиб кўзларини юмиб, чуқур тортди-да, сўнг Авдийга узатди:

—  Қани,  Авдясь,  сен  ҳам  бир  торт!  Сенинг  қаеринг  кам?  Ма,  чек!  Э,  мунча  ўзингни опқочасан, қиз боламисан, нима бало?

— Йўқ, Пётр, мен чекмайман, овора бўлма! — Петруханинг кўлини қатъий қайтарди Авдий.

Петруха дарров ранжиди:

— Ҳеч поплигинг қолмади-да! Қойилман-э сенга, поп-соп! Сенга яхшилик қилмоқчи бўлсак, сен биздан ирганасан!

— Мен ирганаётганим йўқ, Пётр, тўғримас бу гапинг!

— Бор-э, сенга гап уқдириб бўлармиди! — қўлини силтади Петруха ва яна бир карра ичига чуқур тортиб, париросни Махачга берди, у эса кавказча чаққонлик билан уни Гришанга узатди.

—  Энди,  азиз  тамада,  сенинг  навбатинг!  Сўз  сенга!  Гришан  индамай  унинг  қўлини  нари сурди.

— Майли, ўзинг биласан, ўзинг — хон, кўланканг — майдон! — ачинган бўлиб, бошини чайқади  Махач,  папирос  яна  давра  айлана  бошлади.  Лёнька  сўриб-сўриб  чекди,  ундан  кейин малла  Коля,  кейин  Петруха  ва  яна  Махач.  Кўп  ўтмай  чекувчиларнинг  кайфиятлари  ўзгара бошлади, уларнинг кўзлари гоҳ туман билан қопланар, гоҳ йилт-йилт этиб кетар, оғизларини қийшайтиришиб  сабабсиз  илжайишар,  ўзларини  ғоятда  бахтиёр  сезишар,  фақат  Петрухагина

ҳалиям гинасини унутмаган, ора-сира Авдий томонга норози назар ташлар, поплар ўзи ҳаммаси тўнғиз бўлади, деб тўнғилларди.

Гришан  бир  чеккада  курсичасида  чекувчиларга  бамайлихотир  қараб  ўтирар,  лабларидан кўпни кўрган одамлардай кинояли, такаббур, яниб қўйгувчи табассум аримасди. У вагоннинг очиқ  эшиги  олдида  турган  Авдийга  дам-бадам  ўқрайиб  ўғринча  нигоҳ  ташлар,  қарашидан бўлаётган ишдан мамнунлиги сезилар, шак-шубҳасиз буларнинг бари покдомон Авдийга қандай таъсир  қилаётганлигини  фаҳмлаб  турарди.  Авдий  Гришан  чопарларга  наша  чекишга  ижозат бериб,  ўзига  бир  томоша  кўрсатмоқчи  бўлганлигини  англарди.  Кўриб  қўй,  қандай  бўларкин? Менинг кучим нимада эканлигини билдингми? Сенинг юксак интилишларинг бу баттаринлик олдида қанчалар ожиз эканлигини энди тушундингми?

Гарчи Авдий ўзини уларнинг қилғиликлари билан ишим йўқ дегандай кўрсатаётган бўлса-да, лекин ичида Гришанга ҳеч нарсани қарши қўёлмаётганидан, ожизлигидан қатъий ўкинди. Чопарларни  Гришаннинг  таъсиридан  қутқариш  учун  амалда  нима  қилса  бўлади,  ахир.  Ана шунда  Авдий  чидай  олмади.  У  ғазабини  яшириб,  жиловлолмай  қолди.  Петруха  папироснинг охирини  чекиш  учун  яна  унга  тутганда,  у  ўзини  тутолмади,  ниҳоят,  ёрилди.  Папироснинг

қолдиғи ҳам сўрилавергандан хунуги чиқиб кетган, сарғиш-заққум тусга кирганди.

—  Ол,  Авдясь,  мунча  афтингни  бурасан,  вой  попни  боласи-ей!  Мен  чин  кўнгилдан айтяпман.  Ҳамма  мазаси  охирида  бўлади,  миянг  қаймоқдай  оқиб  кетади! — тиқилинч  қилиб қўймасди хира Петруха.

— Нари тур! — силтаб ташлади уни Авдий.

—  Ҳали  шунақами!  Мен  сенга  чин  дилдан  айтсам,  ноз  қилдингми  ҳали!  Афтингни буриштирадиган бўлдингми!

— Бўпти, бер бу ёққа, бер! — деди фиғони ошиб Авдий ва чўғланиб турган папиросга қўл чўзиб,  уни  худди  Петрухага  намойиш  қилиб  кўрсатгандай  боши  узра  баланд  кўтарди-да, вагоннинг  очиқ  эшигидан  ташқарига  улоқтириб  юборди.  Бу  шунчалар  кутилмаганда  тез  рўй бердики,  ҳамма  ва  ҳатто,  Гришаннинг  ўзи  ҳам  ҳайратдан  бақа  бўлиб  қолди.  Орага  чўккан сукунатда  поезд  ғилдиракларининг  шиддатли  овози  янада  аниқ  ва  ваҳималироқ  эшитилди.—

Кўрдингми? — саннаб деди Авдий Петрухага.— Нима қилганимни ҳамманг кўрдингларми? — аччиқ-тиззиқ билан деди у яна бошқа чопарларга бир-бир қараркан.— Бундан кейин доим ана шундай бўлади!

Петруха  ва  ундан  кейин  бошқалар  Гришанга  ҳайрон  бўлиб,  саволомуз  қарашди:  бу  ёғи қандай бўлди, хўжайин, бу тавия қаердан келиб қолди?

Гришан  дам  Авдийга,  дам  чопарларнинг  тумтайган  башараларига  масхара  қилгандай қараркан, индамасди. Махачнинг тоқати тугади:

— Ҳой, тамада, нега индамайсан? Нима, соқов бўп қолганмисан?

— Йўқ, соқов бўп қолмаганман! — деб унинг жиғига тегди Гришан ва заҳарханда қилиб чўрт кесди: — Мен манов нусхага оғзимни очмайман, деб сўз бергандим. Қолганини ўзларинг ҳал қилинглар! Менинг бошқа гапим йўқ…

— Шу ростми? — ўсмоқчилади Махач Авдийдан.

— Рост, лекин гап бошқа ёқда! — қичқирди Авдий.— Мен уни фош қилмоқчи эдим,— деб Гришанни  бош  силкиб  кўрсатди  у,—  бу  иблис  сизларнинг  ҳаммаларингизни  йўлдан  урган! Ҳалокат  ёқасига  келиб  қолгансизлар!  Мен  жим  қараб  турмайман,  ҳақиқат  мен  томонда! — Шунда у нима бўлаётганини, нима қилаётгани, нималар деб қичқираётганини англамай, наша тўлдирилган  юклар  ичидан  юкхалтасинй  куч  билан  тортиб  олди.  Гришандан  бошқа  ҳамма ўтирган ўрнидан сакраб турди: бу поп-сопнинг юмшоққина боласи асти нима қилмоқчи ўзи?

— Мана, қаранглар, болалар! — Авдий юк халтани боши узра кўтариб силкитди.— Мана шунинг  ичида  биз  одамларнинг  бошини  ейдиган,  офат  ва  қирон  келтирадиган  оғу  олиб кетяпмиз. Енгил пулга учган сиз чопарлар, сен, Петр, сен, Махач, сен Лёня, сен, Коля, шундай қиляпсизлар!  Гришанни  гапириб  ўтирмасак  ҳам  бўлади.  Унинг  кимлигини  ўзингиз  яхши биласиз!

—  Шошма,  шошма,  Авдий!  Қани,  тасаддуқ,  халтани  менга  бер-чи! — унга  томон  юрди Петруха.

— Нари тур! — итарди уни Авдий.— Яқинлашма! Ўзим биламан бу одамлар бошига битган балони қандай йўқотишни.

Шундан  сўнг  Авдий  ҳали  чопарларнинг  ҳуши  ўзига  келмай,  юк  халтанинг  чизимчасини тортиб  ечди-да,  вагон  эшигидан  нашаларни  ташқарига  соча  бошлади.  Анча-мунчагина  гиёҳ терилган экан, нашанинг сарғимтил-кўк япроқлари ва гуллари темир йўл бўйлаб худди кузги барглар каби пароканда тўзиб учди. Юзлаб, минглаб жарақ-жарақ пуллар ҳавога сувурилмоқда эди! Қандайдир бир зум чопарлар Авдийга анқайиб, шамдай қотиб қолдилар.

—  Кўрдингларми! — қичқирди  Авдий  ва  юк  халтани  хам  ташқарига  отди.—  Ана  энди сизлар  ҳам  шундай  қилинглар!  Сўнг  биргаликда  тавба  қиламиз,  Худонинг  шафоати  ва мағфиратига сазонор буламиз! Бўлинглар, Лёнька, Петр! Лаънати нашаларингизни тўкинглар, қутулинглар шу ярамасдан!

— Жинни бўлиб қолибди! Бекатда у бизни ушлаб беради! Ур уни, ит попнинг боласини! — чинқирди эс-ҳушини йўқотиб Петруха.

— Тўхтанглар, тўхтанглар! Қулоқ солинглар! — уларга ниманидир тушунтирмоқчи бўлиб қичқирарди  Авдий  гиёҳвандларнинг  қутуриб  кетганларини  кўриб.  Лекин  энди  кеч  эди. Гиёҳвандлар унинг устига қутурган итдай ташландилар. Петруха, Махач, Коля бир-бирига гал бермай унинг бошига мушт ёғдирардилар. Фақат Лёнькагина уларни кучи етганча ажратишга уринарди.

— Қўйинглар, бас қилинглар! — деб атрофда нима қиларини билмай сарсиларди у. Лекин уларни ажратишга кучи етмасди — уч кишини бир ўзи қандай ҳам эпласин. Раҳмсиз, олатасир калтаклаш бошланди.

— Ур! Итар! Вагондан ташлаб юбор! — деб бўкирарди Петруха.

— Попни ўлдир! Пастга от! — жўр бўларди Махач.

— Керакмас! Ўлдирманглар! Илтимос, ўлдирманглар! — чийилларди ранги ўчган, қалт-қалт титраган Лёнька.

— Қоч, итвачча, сўяман! — Лёньканинг қўлидан юлқинарди ваҳшийлашган Коля.

Авдий  силкиниб  бораётган  вагоннинг  очиқ  жойидан  кучи  борича  нарига,  ўртароққа сурилишга уринарди: гиёҳвандларнинг бунчалар бераҳм, ваҳший, зўравон бўлишларига у энди ишонди — бўлмаса,  ҳозиргина  гашт  қилиб,  оғзининг  таноби  қочиб  ўтиришган  эди-я.  Авдий ҳаёти  қил  устида  турганлигини  тушунар,  кучлар  ҳам  тенг  эмасди.  Кучи  ошиб-тошиб  ётган, қутурган уч йигитга ёлғиз ўзи қандай бас келсин.

Тўғри, Лёнька унинг ёнини оляпти. Лекин, унинг кучи қаерга етарди.

Гришан  эса  ҳамон  ўша  жойида  худди  цирк  ёки  театрга  тушган  томошабиндай  ўтирар, хайрихоҳлик билан иршаярди.

— Ўҳу! Ўҳу! Ана холос! — лабини қийшайтириб мазах қиларди у. Итдай уриштириб қўйди-ку  охирида,  шундай  ўлишини  олдиндан  ҳисоблаб  чиққанди,  мана  энди,  ғалаба  нашъасини суряпти — унинг кўз ўнгида одам ўлдиришяпти.

Авдий фақат Гришан ўртага тушсагина жони қутулиб қолишини сезиб тарарди. «Гришан, қутқар!» — дейиши билан чопарлар уни тинч қўйишларини биларди. Лекин калласини кесганда ҳам, у Гришандан ёрдам сўролмасди. Бирдан-бир чора вагоннинг ичкарироғига амаллаб ўтиб олиш,  бурчакка  қисилиб  туриш — ундан  у  ёғига  калтаклайдиларми,  тепкилайдиларми, қўлларидан  келганини  қилишсин,  фақат  вагондан  ташлаб  юбормасалар  бўлгани,  акс  ҳолда

жондан умид йўқ…

Лекин,  ичкари  бурчакка  етиб  олиш  осон  эмасди.  Уни  уриб,  тепкилаб  яна  вагоннинг  ланг очиқ эшиги томон улоқтирдилар. Авдий бир зум шу ерда туриб қолса, уни ҳаш-паш дегунча ташқарига  итариб  ташлардилар.  Шунинг  учун  Авдий  қандай  қилиб  бўлмасин,  яна  йиқилган еридан  турар,  ўзини  вагоннинг  ичкарисига  олишга  уринарди.  Гиёҳвандлар  ахийри  ҳолдан тойиб,  ё  ҳушларини  йиғиштириб  олишар,  деб  умид  қиларди.  Аёвсиз  жангда  биринчи  бўлиб, бошига оғир зарба тушган Лёнька қулади. Попнинг ўғлидан, янги чиққан авлиёдан ва демак, чопарларнинг  душманидан  аёвсиз  қасд  олаётганда,  оёқ  тагида  ўралашмасин  деб,  Коля  уни тинчитган  эди.  Гиёҳвандлар  мушт  устига  мушт  туширар — елга  совурилган  шунча  пулга ичлари куйиб борарди.

— Ур, ур! Жон чиқар ерига сол аблаҳни! — қутуриб кўпик сочарди Петруха. У Авдийни орқасидан  келиб  маҳкам  қисиб  олди-да,  қўлларини  орқага  қайирди  ва  Махачга  тўғрилади. Махач  эса  шунда  худди  шайтонлаган  буқадай,  ғазаб  билан  Авдййнинг  қорнига  урди.  Авдий ўлар ҳолатда букчайиб, оғзидан қон кетганча, вагон ичига қулади. Шундан сўнг учовлари уни эшик  томонга  судраб  кетишди.  Авдий  эса  шу  аҳволда  ҳам,  уларнинг  чангалидан  қутулиб чиқишга  уринар,  қаршилик  кўрсатар,  тирноқлари  кўчиб  кетишига  қарамай,  вагоннинг тахталарига ёпишарди. Мудҳиш Гришан эса вагоннинг бир четида гўё ҳеч нарса бўлмагандай йиғма  курсичасига  оёқларини  чалиштириб  ўтирар,  безрайган  башарасида  мумнунлик ифодаланар,  эгри  таёғини  ликиллатиб  ўйнаб,  ҳуштак  чалиб  машқ  қиларди.  Ҳали  ҳам  раҳм-шафқат сўраб: «Гришан, қутқар!» — деб қичқирса, кеч эмасди ва Гришан ҳам унга раҳми келиб, олижаноблик кўрсатиб, ўлим чангалидан олиб қолиши мумкин эди. Аммо Авдий омонлик сўраб оғзини очмади. Уни очиқ жойга қонларини оқизиб судраб кетдилар. Вагоннинг очиқ эшигида сўнгги олишув рўй берди. Улар Авдийни бир йўла итариб юборишга чўчидилар, у билан бирга ўзлари  ҳам  ташқарига  қулашлари  мумкин  эди.  Авдий  эшикка,  тўғрироғи,  эшик  орқасидаги темир тутқичга маҳкам ёпишди. Поезднинг кучли шамоли уни эшикка михлаб ташлади, Авдий чап оёғи билан қандайдир темир чиқикка базўр илинди ва бутун оғирлиги билан осилиб қолди. Афтидан, у ҳеч қачон яшаш ва кулфатдан қутулиш учун бунчалар жон-жаҳди билан уринмаган эди. Бунчалар куч қаердан келяпти, ўзи ҳам билмасди. Агар уни ўз ҳолига қўйганларида эди, у балки тиришиб-тармашиб яна вагон ичига кириб оларди. Бироқ чопарлар худди тўп тепкандай унинг бошига тепишар, оғизларидан боди кириб, шоди чиқар, аямай қора қонга булғашар, у эса ҳамон темир қабзани қўйиб юбормасди. Охирги дақикалар айниқса даҳшатли бўлди. Петруха, Махач  ва  Коля  ҳаддан  ташқари  ваҳшийлашиб  кетдилар.  Шу  пайт  Гришан  ҳам  ўзини тўхтатолмай эшик олдига чопиб келди: энди юзини бемалол сидириб ташласа бўлаверади, энди Авдий  Каллистратов  қандай  жон  таслим  этади,  томоша  қилиш  мумкин.  Гришан  чопарлар Авдийни  батамом  асфаласофилинга  жўнатишларини  кутиб  турарди.  Тан  бериш  керак — Гришан  ўз  ишига  ғоятда  уста  эди.  Эртага  мабодо  Каллистратовнинг  ўлигини  топиб,  унинг йиқилиб  тушгани  ёки  ўзини  поезддан  ташлаганига  шубҳалансалар,  Гришан  ўшанда  ҳам  ҳеч нарсани билмаган, кўрмаган бўлиб тураверади — шахсан ўзи бу ишга қўл урмаган. Нари борса, болалар  жанжаллашиб,  дўппослашиб  қолишгану  бахтсиз  ҳодиса  рўй  берган — қочаман  деб, поезддан тушиб кетган.

Кейин  Авдийнинг  юзига  тепишди.  Унинг  охирги  эслаб  қолгани  шу  бўлди.  Чопар гиёҳвандларнинг пошналари конга бўялди. Шамол Авдийнинг қулоқларида худди аланга каби гувилларди.  Унинг  вужуди  тобора  оғирлашиб,  пастга  қўрқинчли  бўшлиқ  сари  зилдай  тортиб борарди. Поезд эса шамолларнинг каршилигини енгиб, ҳамон ўша чўллардан елдек елар, бутун ёруғ оламда жони қил устида турган шу жабрдийда йигитга ёрдам қўлини чўзадиган бир кимса йўқ эди. Узундан-узоқ давом этган кун сўнгида ботиб бораётган қуёш унинг қийноқ даҳшатидан олайиб  кетган  кўзларини  қонли  шафаққа  бўяб,  у  билан  бирга  олам  зулматига  чўкмоқда  эди.

Лекин,  қанча  тепкиламасинлар,  Авдий  қўлларини  бўшатмасди.  Шунда  Петруха  Гришаннинг таёғини  тортиб  олиб,  сўнгги  зарбани  берди.  Инчунун  Гришан  ҳам  худди  билмаган  кишидай таёғини  кўрга  ҳасса  қилиб  ушлаб  турган  эди,  мана,  марҳамат,  олиб  урмайсанми  қўлларига, мажақ-мажақ бўлиб кетмайдими, қисталоқ, дегандай…

Шунда  Авдий  қонли  гўшт  парчаси  каби  пастга  учиб  кетди.  У  темир  йўл  кўтармасидан қандай  қулагани,  нималарга  урилиб,  сурилганини  сезгани  ҳам  йўқ,  эшелоннинг  думи  у йиқилган  ердан  шалдираб  ўтди,  собиқ  ҳамроҳлари  тушган  поезд  кўздан  йўқолди, ғилдиракларнинг шовқин-сурони тинди, лекин у ҳеч нарсани сезмади.

Кўп  ўтмай  қуёш  сўнди,  қоронғу  тушди,  моматалоқ  тусига  кирган  ғарбнинг  қўрғошин осмонида қора булутлар қуюқлашди…

Ўша машъум ердан эса энди бошқа поездлар елдек чопар, анави жонини сақлаш учун раҳм-шафқат сўраб ялинмаган шўрлик йигит эса темир йўл пастидаги чуқурлиқда чапараста ағанаб ётарди.  Мана  энди,  ҳақиқатни  жонсарак  излаб  билган  ҳамма  нарсалари  ва  қарор  топтиришга уринган  нарсаларнинг  ҳаммаси  ҳозир  орқага  улоқтириб  ташланган,  забун  этилганди.  Ўзини шунчалар  аямагани,  омонлик  тилашдан  воз  кечганига  арзирмиди  булар?  Ахир,  ҳамма  гап  у эмас-бу  эмас,  унинг  ҳаёт-мамоти  устида  кетаётган  эди-ку.  Бор-йўғи  учтагина  сўзни  айтса:

«Мени қутқар, Гришан!» — деса кифоя эди. Аммо бу сўзлар унинг оғзидан чиқмади…

Чиндан  ҳам,  Худо  таоло  таажжуботларининг  чеки  йўқ…  Ахир  бир  маҳал  узоқ  тарихда шундай воқеа рўй берган эди-ку — Галилиядан чиққан бир мажзуб ўзига шунчалар ишонган эдики,  икки  оғизгина  сўзни  айтишни  истамай  ҳалокатга  гирифтор  бўлганди.  Охири,  ширин жондан айрилганди. Одамлар ҳам то ҳалигача, орадан бир минг тўққиз юз эллик йил ўтганига қарамай эс-ҳушларини йиғиштириб ололмайди-лар — бу қандай қилиб юз берди, ахир, шундай бўлиши  мумкинми,  деб  ажабланишади,  баҳслашишади,  изтиробга  тушишади.  Ҳар  сафар  бу уларга худди куни кеча рўй бергандай бўлиб туюлади — яралари ана шунчалар янги. Ва ўша замонлардан буён неча-неча насллар дунёга келмасин, ҳар бири ўртаниб-куяди, агар ўшанда биз Ғулқофда бўлганимизда, ҳеч қачон галилейлик кишини жабрлашга йўл қўймасдик, дейишади.

Ана шундай туюлар экан-да, ҳозир. Лекин дунё айланаай-лана ҳамма нарсалар унут дарёсига ғарқ  бўлиб  кетади-ю  бироқ  ўша  кун  сира  эсдан  чиқмайди,  деб  кимнинг  ҳаёлига  келибди дейсиз…

Айтганча,  ўшанда  ҳам  жума  куни  эди  ва  жонини  қутқариши  мумкин  бўлган  зот  ўшанда ўзини халос этмоқ учун тилга икки оғиз сўз олмоқни раво кўрмаганди…

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Интернет адабиёти

Йигирма биринчи аср сўнггида инсониятга тақдим этилган ҳайратланарли восита – Интернет маданиятимизга, санъатимиз ва адабиётимизга қай даражада кучли таъсир қила олади, у ...

Мeҳробдан чаён-бахмалбофда фақир бир оила

Анвар 1267-нчи ҳижрия миёналарида Қўқоннинг Бахмалбоф маҳалласида1 фақир бир оилада дуёға келди. Оналар туққан болаларини сизга “тилаб-тилаб олған фалоним” деб, оталар “худой ...

Юлдузли тунлар-72

4 Узоқ Сирдарё воҳаларида энди лола барг ёзадиган салқин ҳамал ойида Жамна бўйлари авжи саратон пайтидагидек иссиқ эди. Куни бўйи офтобда отлиқ юриб бадани мисдай қизиб ...