Биз коррупцияга қаршимиз!

Бугун ҳаво очиқ ва қуёшли бўлди. Гарчи ноябрнинг изғирин куни бўлса-да, бемалол ҳовлидаги ишларни қилиб олиш мумкин эди. Мен ҳам бир ой аввал арраланган, аммо ҳали ўтинбоп қилиб кесилмаган олма, ёнғоқ, бодом шохларини печкабоп қилиб чопиб ўтирар эканман, танлов учун нимадир ёзмоқчи бўлганимни эсладим.

Ҳа, мен коррупцияга қаршиман!

2010 йили пойтахтдан қишлоққа кўчиб келдик. Оилавий шароитимиз уйда ўтиришимга қарши эди. Бир маҳалладошимиздан туман ҳокимлигида хотин-қизлар бўлимида иш борлигини эшитиб қолдим. Эртаси куни туман ҳокими қабулига иш сўраб кирдим. Ҳокимга менинг олий маълумотлилигим, пойтахтда катта газетада ишлаганим ёқди шекилли бўпти ишга оламан, деди. Аммо бир кундан кейин ҳоким бува тўнини тескари кийди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси, ҳокимнинг ўринбосари мени ишга олишга рози бўлмабди. Мақсадини айтиб юборибди. Иккита юзталик кўк қоғоз!

Бу ҳақда туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилдим. Худди ўша опанинг ўғли бизнинг маҳалла фуқаролар йиғинида котиб бўлиб ишларкан. Уйимга ўша йигит келиб, мени прокуратура чақираётганлигини айтди.

Опани ушлаймиз, – деди прокуратурадагилар. Аммо мен рози бўлмадим. Чунки энди опа мендан пул олмас, чунки унинг ўғли ҳамма гапдан хабардор эди.

Мен ишсиз қолдим!

Мен коррупцияга қаршиман!

Синглим 15 йил Қўқон педагогика коллежининг бошланғич таълим мутахассислиги дипломи билан боғчада ишлади. Чин дилдан, болаларга жону жаҳонини бериб ишласа ҳам ҳар сафар номутахассис деган тамға ёпиштирилаверди. 2017 йилда ўзи таълим олган коллежда иккинчи мутахассислик очилди. Мактабгача таълим йўналишига ҳужжатларини топшириб, ўқишга кирди. Ва ишидан бўшади. 2018 йилнинг бошида эски мудира пенсияга чиқди. Ўрнига янги мудира келди. Июнь ойида синглим ўз ишига қайтиш учун мудирадан иш сўраб борди. Худди шу пайтда синглим билан ўқийдиган қиз ҳам иш сўраб борди. Синглим қўл учида кун кўради. Касал қайнонаси, қоровул эри ва уч нафар вояга етмаган фарзанди бор. У мудирага 200 доллар бера олмади. Уни ўзи 15 йил ишлаган даргоҳга қайтиб ишга олмади, янги мудира. Аммо 200 доллар берган синглимнинг курсдоши ишлаб юрибди. Ваҳоланки, мудиранинг ўзи коллежда ишлаб юрган, политехника институтини тамомлаган, 2018 йилда махсус таълим йўналишига сиртқи ўқишга кирган, боғчада ярим секунд ҳам ишламаган аёл эди. Ўша пайтда унинг онаси туман халқ таълими бўлими мудири бўлиб ишларди.

Мен коррупцияга қаршиман!

Укам мрамор терувчи уста эди. Ўз ишини ривожлантириш учун МЧЖ очди. Уям осон бўлгани йўқ. У ҳозир Навоийдан Ғозғондан Қўқон шаҳрига 4 машина мрамор олиб келиб, уларни тарошлаб, кесиб турли шаклларга киритиб, тахлаб қўйса, баҳорда тайёр маҳсулотни сотиб, яхшигина даромад олмоқчи. Ўзи 5-6 нафар йигитни иш билан таъминлаган.

Қўлида дастмояси йўқлиги учун имтиёзли кредит ололмаяпти. Банк ходимлари бор отангга, бор онангга қабилида уни ҳалиям сарсон қилишяпти. Банк ходимларидан бири ишини ҳал қилиб бермоқчи, аммо укамнинг ортиқча пули йўқ. Миниб турган “Матиз” машинасини сотмоқчи. Аммо дадам уч марта инфактни бошидан кечирган, ҳар лаҳзада бу касаллик хуруж қилиб қолиши мумкин. Аям ҳам ошқозон ва оёқ, бел оғриғидан азият чекади. Машина қариялар учун керак.

Мен коррупцияга қаршиман!

Турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайди. 2017 йилнинг 15 декабрида 3-сектор раҳбари, Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов фуқаролар учун қабул ўтказади деган эълонни ўқиб, қабул ўтадиган жой – Учкўприк тумани саноат касб-ҳунар коллежига кирдик. Аммо бизни вазирнинг ўринбосари Бобохонов қабул қилди. Унга қишлоқ жойдан Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги ипакчиликни ривожлантириш қарори ижросини таъминлаш мақсадида тут плантацияси қилиш учун 2 гектар ер ажратилишини сўраб мурожаат қилдик. Бобохонов бу масала билан шахсан ўзи шуғулланишини айтди. Аммо мана бир йил бўляптики, бирор зоғ келиб ёки турмуш ўртоғимни чақириб мурожаатимиз юзасидан савол-жавоб ўтказгани йўқ. Ҳокимга 500 бермайсизларми, деди ҳоким билан олди-берди қилиб юрганлар. Мен коррупцияга қаршиман! Мактабдан 9 соат дарс қилиб беришди. Мактаб директори фақат оғзи билан ҳамма ишни битирадиган, мактабга жон куйдирмайдиган, таълим-тарбия сифатига эътибор бермайдиган аёл эди. Унинг маънавияти ҳақидаку гапирмасам ҳам бўлади. Бир куни ким Самарқандга борса премия ёзиб бераман, деди. Онам бориб келсинлар, дебманда. Онамни Самарқанду Бухорони айланишга жўнатворибман. Бир йилдан сўнг ҳам менга ваъда қилинган мукофот пули йўқ. Нега менга мукофот ёзмаяпсиз десам, мен ёзганман молия пул ажратмаяпти, -дейди. Бир куни молия бўлимига кириб масалага ойдинлик киритмоқчи бўлдим. Устоз мени бир йил давомида алдаб юрган эканлар. Чунки директор бошқаларга премия ёзиб, ўша пулни ўзлари олишга ўрганиб қолган, мендан эса барибир у пулни менга бермайди, деган ўйда премия ёзмаган эканлар. Мактабда 2015 йилнинг феврал, март ойларида ойлик олмадик. Ҳамма ўқитувчи. Апрелнинг охирида бир гап эшитиб қолдим. Дирекор ўзига ва яна 7 кишига ойликларини туширтирволибди! Дарров халқ таълими бўлими мудирининг ёнига бордим. Ҳақиқат юзага чиқди. Мактабдан ишдан бўшаб кетдим. Бошдан оёғигача коррупцияга ботган директор билан ишлолмасдим. Худди шу аёл халқ таълими бўлими мудири бўлиб турибдию…

Мен коррупцияга қаршиман!

Фақат бу туманда битта ўзим коррупцияга қарши кураша олмаяпман. “Ахир сизни мажбурлаб пахтага олиб чиқяптику, ёзиб беринг”,  дейман ўқитувчига. “Қўйинг, бир жойдаги одаммиз, кейин мени ишлатмайди бу директор” – дейди мунғайиб. “Нега газ балон 70 кундан буён келмаяпти қишлоққа, юринглар Райгазга борамиз” дейман қишлоқдошларимга. “Эй, майли эрта-индин келиб қолар, раҳбарларга ёмон кўриниб нима қиламиз”, – дейди қишлоқдошларим! “Ахир қонуний ҳаққингизку нега сизни ногиронлик нафақасига чиқаришмаяпти” – дейман қўшнимга, эй, пул сўрашяптида, ўғлим қозоқдан келсин, сўраган пулини берайлик, – дейди қўшним. Порталга ёзинг, дейман.

Йўқ,йўқ ва яна йўқ! Чунки ҳамма оч қорним, тинч қулоғим функциясини ёқвоган.

Пули бор одам ишини битириб кетаверади, пули йўқ одам қўлига пул тушгунча ўтираверади.

Мен коррупцияга қаршиман! Йўқ, мен одамларимиздаги лоқайдликка, қўрқоқликка, андишалиликка қаршиман!

 

Шарифа МАДРАҲИМОВА.

Фарғона вилояти

Учкўприк тумани

Қатағон қишлоғи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эмомали раҳмон: тожикистон ҳеч қачон минтақа давлатларига муаммолар туғдирмаган

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 10 январ куни Душанбега ташриф буюриб, Тожикистон Президенти ва Ҳукумат раҳбарлари билан ўтказган учрашуви пайтида Эмомали ...

Арманистон матбуоти: «бабаян миллатчилик қурбони бўлди»

Яқинда Ўзбекистон футбол федерацияси қарорига биноан миллий терма жамоанинг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян футболга алоқадор барча фаолиятдан умрбод четлатилгани ҳақида ...

Улуғбек бакировни таваллуд куни билан қутлаймиз

Бугун, 9 сентябрь хориждаги ўзбек журналистларидан бири, ёрқин истеъдод эгаси, бағри кенг дўст Улуғбек Бакировнинг туғулган куни. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400