Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 22-қисм

Ҳукмдор  қошларини  чимирди,  кўк  тоқига  қирғийқараш  билан  боқди:  э-ҳе,  айланишини қаранглар-а,  тинмайди  қурмағур,  ҳеч  нарса  билан  иши  йўқ.  Бу  қуш  худди  само  султонига ўхшайди,  деб  ўйлади  у.  Бежиз  уни  шаҳаншоҳ  қудратининг  рамзи  леб  билмайдилар — бургутнинг боши кучли, тумшуқлари найзадай ўткир, кўзлари чўғдай ёнади, қанотлари худди чўяндан  қуюлганга  ўхшайди.  Шаҳаншоҳ  ҳам  шундай  бўлмоғи  даркор!  Шаън  юксакларда учмоғи, халойиққа кўриниб турмоғи жоиз, токим унга ҳеч кимса етолмасин… Ва ўша мумтозлик мақомидан туриб оламни идора этсин. Ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ўзини тенг кўрмасин. Ҳатто шаҳаншоҳнинг  худолари  ҳам  бошқалардан  мутлақ  фарқли,  фақат  ўзига  тегишли  бўлсин.

Тобеларга лоқайд ва кибру кубаро билан боқсин. Куч-қудрат мана шунда, мана шу ҳокимият барчани титратиб-қақшатади, дунёнинг тузуги ва устиворлиги ҳам шунда. Анави Исо эса ғоятда ўжар,  таълимотига  ғоятда  ишонади,  шаҳаншоҳдан  тортиб  қора  қулгача  барчани  баробар қилмоқчи бўлади, зеро, Худо битта ва жамийки одамлар унинг қошида тенг, дейди: ҳамма учун Адолат Салтанати келади, деб жар солади. У бани башар ақлини васвасага қўйди, авомни бузди, дунёни  ўз  хоҳиш-иродасига  кўра  қайтадан  бичмоқни  кўзлайди.  Нима  чиқди  бундан?  Ўша оломоннинг  оқ  калтак-қора  калтагига  учради,  сохта  башоратгўй,  сохта  расул,  ёлғончи  ва лўттибоз деб башарасига тупуришди… Қандай одам экан-а? Аҳволига маймунлар йиғлаяпти-ю, писанд қилмайди, гўё у эмас, уни жазога тортаётганлар енгилгандай…

Рим императорининг Кичик Осиёдаги нойиби, ўзи ҳам салкам шаҳаншохдан қолмайдиган ҳукмдор  Понтий  Пилат  Исони  бир  неча  дақиқага  ёлғиз  қолдириб  бораркан,  ана  шуларни ўйларди.  Майли,  Исо  ёлғиз  қолсин,  тубсиз  чоҳ  ёқасида  турганлигини  ҳис  қилсин.  Унинг иродасини  синдириш  керак.  Токи  тиз  чўксин,  ялиниб,  ёлворсин.  Ҳамма  учун  тенг-баробар воҳид Худодан, тенглик, биродорликдан воз кечсин. Сўнг уни бели синдирилган калтакесакдек Бани Исроил заминидан қувғин этилади. Борсин, санғисин, дайдисин, дом-дараксиз йўқолсин. Ўшанда узоққа бормайди, эътиқоди суст чўлиқларнинг ўзи бўйнига уриб ўлдирадилар…

Кўпни кўрган омилкор ҳукмдор Понтий Пилат дилини босган шубҳа-гумонларини ўй-ўйлаб бартараф  қилмоқчи,  янги  чиққан  бидъатни  даф  этишликнинг  энг  тўғри,  энг  фойдали  ва  энг ибратли  чорасини  топмоқчи  бўлиб  уринарди.  Арк  айвонидан  чиқиб  кетаркан,  маҳкум  ёлғиз қолгач,  ўз  аҳволининг  накадар  аянчли  эканлигини  тушуниб  етади  ва  мен  қайтиб  келганимда оёқларимга йиқилиб, нажот сўрайди, деб умид боғларди прокуратор. Лекин ҳукмдор билсайди.

Мана  шу  қисқагина  дамларда  ушбу  ғаройиб  одам  бутунлай  бошқа  нарсани  ўйлар,  ростини айтганда,  у  буткул  хотиралар  оғушига  чўмганди.  Зеро,  хотирлаш  ҳам  тирикларга  хос, бинобарин, ҳаёт билан видолашаётган онларда одам боласига шундан бошқа яна нима қолади.

Ҳукмдор  қадамлари  узилиши  биланоқ  ён  тимлардан  тўрт  посбон  чиқди-да,  гўё  маҳкум қочиб кетадигандай Арк айвоннинг тўрт томонига бориб турди. Маҳкум сарой посбонларидан бирига мурожаат қилиб, сўради:

— Ўтирсам бўладими, ай, яхши посбон?

— Ўтир,— деди посбон найзасини тош саҳнга дўқ этиб уриб. Исо девордан туртиб чиққан мармар супачага ўтирди, унинг елкалари ҳорғин эгилган, ориқлаган, қони қочган, юзи пастга тўлқинланиб  тўкилган узун  қорамтир  сочлари  билан  чулғанган  эди.  У  қўли  билан  кўзларини беркитган  кўйи  ҳаёлга  ғарқ  бўлди. «Сув  бўлса,  ичсайдим,—  деб  ўйлари  у,—  дарё  бўлса, чўмилсайдим».  У  қирғоқ  бўйларида  оқар  сувларни  шундоқ  кўз  ўнгига  келтирди — сув  ерни чўлп-чўлп  ўпиб,  майса-гиёҳларни  силаб-сийпалаб  оқиб  боради,  қулоқларига  гўё  сув шалдирагани чалинди, гўё аллакимдир уни қайиққа тушириб, бу ердан қайларгадир олисларга олиб  кетмоқчи  бўлаётганга  ўхшайди.  Онаси  экан.  Онаси  қўрқинч  ва  ҳаросонлик  ичра  унга томон сузиб келарди. «Ойи! — эшитилар-эшитилмас пичирлади у.— Ойи, мен жуда қийналиб кетдим! Ўтган кеча Ҳефсиманияда Зайтун тоғда чўлиқларим билан бирга эдим.

Ўшанда  бошимга  қора  тун  каби  ҳасрат  ёғилди.  Юрагим  тарс  ёрилай  деди.  Кўзимга  уйқу келмади. Ўзимни қўярга жой тополмадим. Дилимни аллақандай даҳшат босди ва баданимдан тер ўрнига қон сизиб чиқди. Шунда мен Раббимга, осмонда Падаримга ёлвордим. «Раббано,— дедим.— Ажал косасини бу сафар менга тутмай қўя қол! Яна ўзинг биласан, Сенинг ҳукмингга тобеман». Мана, ўша ажал шарбати билан лиммо-лим тўла коса менга дам сайин яқинлашиб келяпти, у мени ташлаб ёнимдан ўтиб кетмайди, у муқаррар менга аталган, сиз бунинг нима эканлигини биласиз, ундан қочиб қутулмоқ йўқ. Бундан чиқди, менинг бошимга не синоатлар тушажагини  олдиндан  билган  экансиз-да,  унда,  шунча  йиллар,  ё  илоҳам,  онажоним, меҳрибоним, менга жон ато этиб, умид, орзулар билан парваришлар қилиб, ҳаммасига қандай чидадингиз, ахир. Мени раббим яратганда, мана шу улуғ ва аламангез кун учун, энг шўрида кун учун яратган эканда: зеро, одам боласига ўз ўлимидан кўра мусибатлироқ нарса йўқ, она учун эса  ўз  пушти  камаридан  бўлган  фарзанди  ҳалокати — ундан  юз  чандон  оғирроқ  ва қайғулироқдир.  Кечир,  мени,  онажон,  сенинг  ёзмишинг  мендан  эмас,  ёлғиз  Падарим Раббимдандир. Шундай бўлгач, Ундан ёзғирмайлик, Унга мусаллам нигоҳ билан қарайлик. Бор қилгувчи ҳам, йўқ қилгувчи ҳам иродасидир!»

У  онаси  Марйамни  эсларкан,  болалик  чоғларида,  беш  яшар  пайти  бошидан  кечирган  бир воқеа  ёдига  тушди.  Ўша  кезлар  уларнинг  хонадонлари  подшоҳ  Ироднинг  таъқибидан  қочиб, Мисрда  кун  кечирарди.  Ирод  янги  туғилган  гўдак — бўлажак  Исо  Масиҳонинг  жонига  қасд қилган,  зотан,  коҳинлардан  шу  кунларда  Бани  Исроил  шоҳи  дунёга  келди,  деган  хабарни эшитганди. Бу орада болани яшириб-яшириб катта қилдилар. Улар турган ердан пича нарида жуда катта тўлғин дарё оқарди. Нили муборак деганлари шу бўлса керак — у бетидан бу бети кўринмайдиган улуғ дарё эди. Шу ерлик бошқа аёллар каби Марям боласини ёнига олиб кир чайгани дарё бўйига тушарди. Улар ўша куни дарёга келганларида, бир чол қайиғини қирғоқда тўхтатди,  оҳиста  уларга  яқинлашди-да,  Марям  ва  болакайга  илтифот  билан  салом  берди. «Отажон! — деди  унга  қарата  Марям.—  Кайиғингизда  ўғлимни  сайр  қилдирсам,  майлими? Жуда  ҳам  қайиққа  тушгиси  келяпти,  тентаквойнинг». «Майли,  Марям,—  деб  жавоб  берди чол,— бу қайиқни мен шунга олиб келдим. Унда ўғлон Исони ўйнатгил». Чолнинг ўғли ва ўз отини айтиб чақирганидан Марям ҳайрон бўлиб ўтирмади. Лекин, чолдан эшкакни сиз эшинг, деб  сўрагани  ўгирилган  эди,  чол  худди  ҳавода  эриб  кетгандай  бирдан  кўздан  ғойиб  бўлди.

Марям бундан ҳам таажжубга тушмади. Болакай қайиққа тушар эканман деб, шу қадар суюниб кетган, азбаройи қувонганидан осмонга сакраб ўйнар, онасини тезроқ бўлинг деб, шоширарди. Шундан  сўнг  Марям  кирларини  қирғоқ  бўйидаги  тошлар  устига  ташлади,  ўғлини  кўтариб, қайиққа ўтқизди, қайиқнинг боғини ечди, дарёга итариб туширди, қайиққа сакраб чиқди, болани тиззасига олиб ўтирди ва улар дарё оқими бўйлаб сузиб кетдилар.

Қирғоқнинг  яқингинасида  порлаб  турган  сув  узра  сузиш — о,  қанчалар  ғаройиб  эди — саёзроқ  жойларда  қамишлар  шувиллаб  салом  берар,  соҳил  бўйларида  гуллар  чаппар  уриб очилиб ётар, бутазорлар оралаб анвойи рангли қушлар не турфа товушлар билан сайрар, илиқ ҳавода  капалаклар  учиб-қўниб  яйрашар,  чирилдоқлар  чириллашарди.  Оҳ,  не  фароғат  эди  бу! Марям оҳиста хониш қилиб куйлай бошлади, у беҳад бахтиёр эди, ўғлининг эса қайиқда сузиб бораётганидан боши осмонда эди. Бундан Марямнинг дили янада яйрарди. Бу орада, улар ҳам унчалар  узоқ  сузмаган,  қирғоқдан  ҳам  олис  кетмаган  эдилар — дарёнинг  саёз  ерида  ётган каттакон тўнкага бирдан жон кирди ва сувни ўқдек кесиб, уларга қараб таҳдидли сузиб кела бошлади.  Бу  ғоятда  баҳайбат  тимсоҳ  бўлиб,  унинг  дўлайган  кўзлари  еб  қўяман  деб,  оч тикиларди.  Болакай  қўрқиб  кетиб  чинқириб  юборди.  Марям  шамдай  қотган,  нима  қилишини билмасди.  Тимсоҳ  қайиқни  думи  билан  уриб  ағдариб  юборишга  сал  қолди.  Марям  эшкакни ташлаб, болани маҳкам бағрига босди. «Ё, Раббим! — ёлворди у.— Ўғлинг бу! Ўз ўғлинг Исо!

Уни ўзинг бергансан! Ўзинг мадад қил, ё Раббим! Ўзинг уни халос эт!» Хотин шунчалар кўрқиб кетган  эдики,  кўзларини  чирт  юмиб,  Оламни  яратганга  ва  фарзандининг  Самовий  Падари бўлганга ёлворгани ёлворган эди. «Бизни тарк этма, Худоё. У ҳали сенга керак бўлади!» деб қичқирди Марям. Бошқарувсиз қолган қайиқни сув тубидан тимсоҳ италади ва у оқиб кетди.

Марям бир замон кўзларини қўрқа-писа очди, шунда қувонганидан қичқириб юборди. Қайиқ қирғоқ четида тўхтаган, худди биров уни атай шу ерга келтириб қўйгандай эди. Тимсоҳ шундан сўнг  орқасига  қайрилди,  у  узоқларда  кўздан  ғойиб  бўлди.  Эс-ҳушини  йўқотган  Марйам  эса қайиқдан отилиб тушдию ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаганча ва суюниб кулганча соҳил бўйлаб чопиб кетди. У болани бағрига маҳкам босган, уни тўхтовсиз ўпар, кўзёшларига ғарқ қилиб, энтикиб такрорлагани такрорлаган эди, «Исо! Исо! Кўзимнинг оқу қораси ўғлим! Падаринг сени таниди!

У сени халос этди! Ўзи сени халос этди! Сени суйди, сен унинг суюмли ўғлисан, Исо! Сенга донолик  ато  этди,  сен  ҳаким  бўлдинг,  Исо!  Сен  энди  раббисан,  Исо!  Энди  одамларнинг кўзларини очасан, Исо! Улар сенинг изингдан боражаклар Исо. Сен ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон  одам  болаларидан  юз  ўгирмаяжаксан!»  Ана  шундай  шоду  мукаррам  нола  қиларди «завжалар ичра муҳтарама».

Худонинг ўғли мўъжиза юз бериб, хавф-хатардан омон-эсон қутулганидан Марям ўзида йўқ қувонарди.  Бу  Яратганнинг  каромати  эканлиги  унинг  ҳаёлига  келмасди.  Ирод  зуғумидан Мисрга  қочган  банно  Юсуфнинг  жигарбанди  Исо  кимлигини  одамларга  шу  янглиғ  маълум қилган  эди  Яратган.  Бинобарин,  Марям  боласини  кўтариб  ерга  тушиб  югуриб  кетган  заҳоти қайиқ  ҳам  дарёда  бир  зумда  ғойиб  бўлган,  дарё  ёқасида  кир  чаяётган,  унинг  бақирганини эшитиб, чопиб келган хотинлар эса кейинчалик сиз қочиб бораётганингизда болангизнинг боши теварагида нурли олтин чамбар кўринди, деб ишонтиришганди.

Бу  барчани  ҳайратга  солди.  Кичкина  Исо  волидасининг  кўксига  маҳкам  ёпишиб, бўйниларидан  ачомлаб: «Ойи,  мен  катта  бўлганимда  ўша  тимсоҳни  думидан  ушлаб  оламан.

Кейин  бизни  бошқа  ҳеч  қўрқитмайди!» — деб  айтганда,  ҳаммаларининг  диллари  юмшаб, кўзларига ёш олган эдилар. Болакайнинг сўзлари кўнгилларини яйратиб юборди ва қайиқнинг эгаси ким экан-а, деб эслай бошлашди. Шунда ўша чолни бу атрофда ҳеч ким танимаслиги ва ҳеч қачон кўрмаганлиги маълум бўлди. Банно Юсуф ўша сирли қайиқчини кечирим сўрай ва зарарнинг ҳақини тўлай деб, кўп кунлар ахтарди, лекин асло изини топмади…

Исо сабийлик чоғларида мана шундай саргузаштни бошидан кечирган ва ўша воқеаларни мана ҳозир, Арк айвонида туриб, волидайи муҳтарамасидан унга етказган азоб-уқубатлари учун узрхоҳлик  тилаганда,  яна  бир  карра  эслади. «Мен  сиз  билан  видолашаман  энди,  онажон,— дерди у ҳаёлан онаизорга,— мени қатл оғочига тортган чоқларида сизни ёд этиб улгурмаслигим мумкин,  ўшанда  мендан  ранжида  хотир  бўлмагайсиз.  Бугун  иссиққа  чидаб  бўлмаяпти.  Мен ўлимдан  қўрқяпман.  Оёқларим  совқотяпти.  Мени  кечиринг,  онажон,  ва  ушбу  судманд  дамда тақдирдан  нолиманг.  Сизга  сабр-тоқат  берсин.  Одамлар  Яратган  учун  энг  оғир  юк  экан.

Одамзодда бор ҳақиқатни ўз ўлимим воситасида барқарор қилмоқдан ўзга йўлим ва ўзга чорам йўқ. Бани башар сари ўзга йўл топмадим. Мен улар сари қадам қўйдим. Алвидо, мени кечиринг, она!  Ўша  тимсоҳнинг  думидан  ҳам  тутолмадим,  афсус.  Айтишларича,  тимсоҳлар  жуда  узоқ, икки-уч инсон умрини яшар эмишлар. Ушлаганимда ҳам, барибир, қўйиб юборган бўлардим…

Увол-ку… Яна шуни ҳам ўйладимки, онажон, агар ўша қайиқчи чол қиёфасига кирган малоика бўлса,  эҳтимол  у  билан  нариги  дунёда  учрашиб  қоларман…  Эсида  турганмикин  ўшандаги воқеа?  Қадам  товушларини  эшитяпман,  ихтиёрсиз  қотил — Понтий  Пилат  келяпти.  Алвидо, она!»

 

 

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 57-қисм

57 Икки кун деганда участка милитсонеримиз тағин қоғоз олиб келди. Тарлон билан азонда йўл олдим. Бу сафар Тарлонни қичаб ҳайдадим. Вақтида етиб келдим. Капитан катта тўртта ...

Душанба кун кeчаси

15. ДУШАНБА КУН КEЧАСИ Бу кунги кеч Отабек билан Ҳомиднинг ҳаёт ва мамот масалаларини ўзининг қора қучоғиға олған қоронғи бир тун эди ва булардан қайси бирларининг сўнг ...

28 июнь – гўзал ва бетакрор шоира гулчеҳра нуруллаева туғилган кун

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Тошкент қишлоқ тумани Чоштепа қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни 1956 йили олтин медал билан битирган. Унинг илк шеърлари ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400