Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 23-қисм

Понтий Пилат Арк айвонидан қандай шаҳдам чиқиб кетган бўлса, шундай шаҳдам қадамлар ташлаб қайтиб келди. Посбонлар дарҳол кўздан ғойиб бўлдилар ва икковлари яна айвонда ёлғиз қолдилар. Уни кўрган заҳоти ўрнидан турган Исога маънодор нигоҳ ташлаган ҳукмдор ҳаммаси ўзи  истагандай  бораётганлигини  тушунди.  Маҳкум  сўнгги  қадамга  чоғланган  эди.  Лекин,  бу сафар  ҳам  прокуратор  отни  қамчиламасликни  афзал  кўрди.  Шусиз  ҳам  иш  кўнгилдагидай кетаётган эди.

— Хўш, нима ҳам дердик, қарасам, гапимиз тугаб қолганга ўхшайди,— деди Понтий Пилат ҳали жойига ўтирмасданоқ.— Гапингдан қайтмайсанми?

— Йўқ.

— Бекор қиляпсан! Яна ўйлаб кўр!

— Йўқ! — бошини сарак-сарак қилди Исо.— Бўлар иш бўлди.

—  Бекор  қиляпсан! — деб  қайтарди  Понтий  Пилат  ўзига  ишонқирамаган  оҳангда.  Лекин ичидан  зил  кетди.  Исо  Назарлининг  матонати  уни  лол  қилиб  қўйганди.  Шу  билан  бирга  у Исонинг ўз аҳдидан қайтишини, тавба-тазарру қилиб, раҳм-шафқат сўрашини хоҳламасди. Исо ҳам барини тушунди.

—  Кўп  ёнаверма,—  табассум  қилди  у  салимона.—  Сўзларинг  чин  дилдан  деб  ишонаман. Сени тушуниб турибман. Мен ҳам яшагим келади. Адам остонасида турганида одам ҳаётнинг қанчалар  қимматли  эканлигини  англайди.  Онамга  юрагим  ачийди.  Мен  уни  жуда  ҳам  яхши кўраман,  болалигимдан  бери  яхши  кўраман,  лекин  буни  ўзига  айтган  эмасман.  Лекин,  нима бўлмасин, Рим нойиби, эсингда тут: сен бир одамнинг жонини қутқаришинг мумкин эди. Сенга

бунинг  учун  минг-минг  ташаккур.  Мен  эсам,  кўпни  халос  этишим,  ҳатто  биздан  сўнг келадиганларни ҳам халос этишим керак.

— Халос этиш дейсанми? Сен ер юзида бўлмасанг ҳам, халос этасанми?

— Ҳа, бунинг учун жисман одамлар ичида бўлишим шарт эмас.

—  Ўзингдан  кўр.  Бу  гапга  бошқа  қайтмаймиз,—  қатъий  қилиб  деди  Понтий  Пилат  яна таваккал этишликни истамай.— Аммо охирги саволимга жавоб берсанг девдим…— деди у тахт олдида тик туриб қолганча ўсиқ қошларини уюб ўйланаркан.— Ҳозир гаплашиш сенга малол келмайдими? — деб  сўради  у  бир  оз  жим  қолгандан  сўнг  ўзини  Исога  яқин  олиб.—  Агар оғирлик  қилса,  ўзингни,  майли,  зўрлама,  мен  сени  ушлаб  ўтирмайман.  Сени  Ғулқофда

кутишяпти.

—  Ихтиёр  сенда,  ҳукмдор,  амрингга  мунтазирман,—  деб  жавоб  берди  Мусоҳиб  ва ҳукмдорга  тиниқ  кўккўзларини  тикди.  Унинг  ниго-ҳида  акс  этган  фикр-ҳаёли  қудратидан прокуратор тонг қолди. Гўё уни тоғда ўлим жаври кутмаётгандай.

— Ташаккур,— деб миннатдорчилик билдирди Понтий Пилат кутилмаганда.— Унда менинг охирги  саволимга  жавоб  бер.  Шуни  билмагунча  тинчимайман.  Озод  одамлар  каби  очиқ сўзлашайлик. Мен сенга боғлиқ эмасман. Сен ҳам буткул эрк бўсағасида турибсан. Демак, очиқ гаплашсак  бўлаверади,—  деди  у  ўз  жойига  ўтираркан.—  Айт-чи,  сен  ўз  тарафдорларингга, шогирд – чўлиқларингга мени мабодо қатл этсалар, учинчи кун деганда тириламан ва қутлуғ бир кунда қайта дунёга келаман, барчани, олам яралгандан бери ёруғ жаҳонга меҳмон бўлган жамийки  одамлар  наслларини  ва  ҳатто энди  туғилажак  авлодларни  қиёмат  сўроғига  тутаман, деганмисан?  Мен  сенинг  қидаларингга  ишонмайман.  Аммо  бу  сенинг  оламга  иккинчи  бора ташриф буюришинг бўлармиш. Шундайми?

Исо,  гап  бу  ёқда  экан-да,  ана  холос,  дегандай  ғалати  илжайди.  Оғирлигини  муздай  тош устида  у  оёғидан  бу  оёғига  олиб,  жавоб  берсаммикин  ёки  шарт  эмасми,  деган  каби  бир  зум сукутга толди.

— Бу ҳавойи гапларни Иуда Искариот айтгандир-да?— сўради у киноя билан.— Сен бундан жуда ташвиш чекяпсанми, ҳукмдор?

—  Мен  Иуданинг  кимлигини  билмайман.  Лекин  менга  зоти  бобаракотлар,  муҳтарам оқсоқоллар айтишди. Демак, буларни бари бекорчи гапларми?

—  Нима  деб  ўйласанг,  ихтиёринг,—  совуқ  жавоб  берди  Исо.—  Ҳеч  ким  сенга  ақлингга тўғри келмаган нарсани қабул қил, демайди.

— Мен ҳазиллашаётганим йўқ, жиддий айтяпман,— деб ишонтиришга шошилди ҳукмдор.— Сен билан бундай юракдан гаплашадиган бошқа имконият бўлмайди. Шунинг учун сўрадим. Сени бу ердан олиб кетадилару сўнг ҳеч қачон қайтиб келмайсан, ахир. Аммо ўзим учун билиб олмоқчиман. Туғилмай туриб, яна қандай қилиб ўлгандан сўнг оламга қайтиб келиш ва тирик жонларни сўроқка тутиш мумкин? Қаерда бўлади бу сўроқ? Осмондами, ердами? Абадий роҳат-фароғат топмоқлик учун имон келтирганлар сени қанча, узоқ кутишлари керакми? Ижозат бер, олдин бу ҳақдаги ўз фикримни айтай? Нимани мўлжал қилганингни билиш қийин эмас. Ҳар бир одам нариги дунёда роҳат-фароғатда, тинчгина бўлсам, дейди. Сен шуни назарда тутгансан. Э, бу бебақо одам, мудом бир нарсаларни таъма қилиб юради, мудом нимагадир ташна, оч. Мудом уни ваъдалар билан тузоққа илинтириш мумкин. Ҳатто нариги дунёда ҳам улар орқангдан итдай эргашиб борадилар. Аммо, майли, эй набий, сен айтганча ҳам бўла қолсин, ҳаёт шаминг сўниб тугамоқда, уни фақат озгина суҳбат қилиб, чўзишга қурбимиз етади…

— Менга қолса, чўзилмаса ҳам майли.

— Аммо менинг саволимга жавоб бермай кетмассан, ахир. Назаримда, бундай қилиб кетиш

— ўлимдан ҳам ёмон.

— Майли, сўйлайвер.

— Фараз қилайлик, сенинг ақидаларинг тўғри. Унда нега айтмайсан сенинг иккинчи қайта дунёга келишинг қачон бўлади? Агар одамларга жуда узоқ, ҳаддан ташқари узоқ кутишга тўғри келса, бунинг уларга нима кераги бор? Бутун умри давомида рўёбга чиқмаган нарсадан одам боласига нима наф? Ундан кейин, ростини айтсам, бундай ақлга тўғри келмайдиган ҳаводисни кутиб  юришни  ҳатто  тасаввурга  ҳам  сиғдириб  бўлмайди.  Ёҳуд,  кўр-кўрона  ишониб,  кутиш

керакми? Нима беради бу? Қандай фойда чиқади бундан?

— Сенинг иштиболаринг тушунарли, Рим ҳукмдори. Сен бамисоли юнон устозларинг каби тўпори ва дунёвий фикр юритасан. Ранжима, бу сўзимдан. Ҳозир қошингда фоний кимса каби турибман, бемалол тортишавер. Бунинг устига сен билан иккимиз турли-туман одамлармиз —худди  ўт  ва  сувдек.  Фикрлаганда  ҳам  бошқа-бошқа  томондан  ёндашамиз.  Сенга  тинчлик бермаётган  нарса  ҳақида  айтмоқчийдим,  ҳукмдор…  Иккинчи  марта  дунёга  қайта  келишликни узоқ  кутиш  керак  бўлади,  бу  тўғри.  Сен  ҳақсан.  Ўша  кун  қачон  келади,  буни  ҳеч  ким  айтиб беролмайди.  Бу  олам  яратганнинг  изми-иродасига  боғлиқ.  Бизнинг  наздимизда  минг  йиллар чўзиладиган  ҳодисотлар  унинг  учун  эҳтимол  бир  зумгина  давом  этади.  Аммо  моҳият  бошқа ерда. Яратган бизга дунёдаги энг қутлуғ неъмат — ақл-ҳуш ато этди. Ва бизга ўз билгимизча яшаш ҳақини берди. Ушбу илоҳий туҳфани қандай тасарруф қиламиз, одамзод тарихларининг

тарихи  ана  шу  бўлади.  Одам  тириклигининг  маъноси  ўз  руҳоний  даражасини  камолга  етказа боришидадир.  Одамда  шундан  ўзга  олий  омол  йўқ.  Сен  буни  инкор  қилмасанг  керак,  Рим ҳукмдори? Кун-бакун одам бўлмоқдан кўра оғирроқ нарса йўқ одамга. Шу боис, сен ишонмаган кунни қанчалар узоқ кутиш-кутмаслик, ҳукмдор, одам боласининг ўзига боғлиқ бўлиб қолади.

—  Ана  холос!—  Понтий  Пилат  ҳаяжонланиб  ўрнидан  туриб  кетди,  тахт  суянчиғидан ушлади.—  Шошма,  шошма.  Наҳот,  бу  одамларнинг  ўзига  қараб  қолган,  сира  ақлим  бовар қилмайди!  Мен  сенинг  ақойидингга  ишонмайман.  Буни  тасаввуримга  сиғдиролмайман.  Агар одамзод ўз инон-ихтиёри билан бундай ҳодисаларни яқинлаштира ёхуд узоқлаштира олса, улар Худога айланиб қолмайдиларми?

— Балки, сен ҳақдирсан, Рим нойиби. Аммо мен аввало ҳақни овозадан фарқлаб, ажратиб олишни истайман. Ҳақ борасидаги миш-миш — адоқсиз кулфат. Миш-мишу овозалар бамисол сув тагидаги балчиқ. Вақт ўтиб балчиқ йиғилиб, чуқур оқар сувлар кўлмакка айланади. Ҳаётда доим  шундай.  Башорат  ва  азобу  уқубатлар  ичра  топилган, одамларнинг  бахти-саодати  учун ярайдиган ҳар қандай буюк фикрларни миш-мишу овозалар чайнаб-чайнаб алоҳа бузади ҳамда ўзи ва ҳаққа қарши ёвузликка дўндиради. Менинг айтмоқчи бўлган гапим шуки, Рим ҳукмдори, сен ишонган ўша ёлғон-яшиқларнинг ҳаммаси бу — миш-миш, ҳақиқат эса бошқа ерда.

— Ўша ҳақиқатни очиб бермайсанми?

— Майли, уриниб кўраман. Мусоҳабадан қочмай қўя қолай. Ахир, бу ҳақда охирги маротаба сўзлаяпман.  Шуни  яхши  билгилки,  Рим  ҳукмдори,  Олло-таолонинг  ёзмиш  йўл-йўриғи  бир кунмас-бир кун Бани Башар худди ёз кези чаққан чақмоқдек ер юзига қайтиб, элатлар устидан қиёмат  ҳукмини  ўқишидан  эмас,  аксинча  бўлади,  лекин  мақсад  ўша-ўша  қолади.  Шаҳардан Ғулқофга  ўтиб  боргунча  яшаш  муҳлати  қолган  мен  эмас,  сиз,  одамлар  Исо  Масиҳо  каби

яшаймиз деб, келажаксиз, билгисиз эндиги наслларга айланиб, олий солиҳот ичра мен томон келажаксиз. Ўша менинг дунёга иккинчи келишим бўлади. Бошқача айтганда, мен азобларим орқали одамларда ўзимга қайтаман, одамларда одамларга қайтаман. Гап ана шу ҳақда. Мен вақт ичида  минг  йиллар  орқада  қоламан-у,  лекин  сизнинг  келажагингизга  айланаман.  Олло-таолонинг ёзмиши шу. Одам боласини унга аталган яхшилик ва гўзаллик тахтига ўтқазмоқнинг йўл-йўриғи  шу.  Менинг  ваъзларимнинг  маъно-мазмуни  ҳам  шунда.  Ҳақиқатан  ҳам  мумтоз ғояларни бач-каналаштириб юборадиган овозалар ва юримсак миш-мишларда эмас, худди мана шунда. Аммо бу инсон насллари учун энг оғир ва энг олис йўлдир. Сени, Рим нойиби, ана шу нарса  хавотирга  солаётгани  тўғри.  Бу  йўл  бугунги  ёзғириқ  кундан,  Худо  ўғлининг ўлдирилишидан  бошланади.  Одамларнинг  гуноҳларини  ювиш,  уларнинг  кўзларини  очиш  ва илоҳий  хислатларни  уйғотмоқ  учун  мен  бугун  жонимни  қурбон  қиламан.  Менинг  бахшида жоним ҳар сафар инсон болаларини титроққа солажак. Уларни тавба-тазарру билан яшамоққа ундаяжак.

Мен одамзод ўтадиган йўллардаги шамчироқман. Шамчироқ бўлмоқ учун дунёга келганман.

Одамлар  мендан  имдод  кутиб  яшайдилар  ва  азоб-уқубатлар  чека-чека,  ўзларидаги  ёвузлик билан  олиша-олиша,  иллатлар,  зўравонликлар,  қонхўрликлардан  нафрат  қила-қила  мен  сари келажаклар.  Худога  муҳаббат  билан  тўлмаган  дил  иллатларга  тўлади.  Инчунун,  инсонга муҳаббат билан лиммо-лим бўлмаган дил ҳам, вовайлоким, ўликдир!

— Тўхта, тўхта, Исо Назарли. Сен одамни Худо билан бир деяпсанми?

—  Шундай  десак  ҳам  бўлади.  Мен  ҳам  аниқроғи,  жамийки  башарият  Худонинг  ердаги тажаллийсидир.  Худонинг  ўша  нусхасини — Худо-Эрта  дейиш  мумкин.  Бу  олам  яралгандан бери  унга  тортиқ  қилинган  чексизлик  Худосидир.  Кўпгина  истакларинг  ҳаммаси  келажакка қаратилганлигига  эътибор  берган  бўлсанг,  сезгандирсан,  Рим  нойиби.  Бугун  ҳаётни  қандай бўлса, шундай қабул қиласан. Аммо эртани, албатта, бошқа кўришни хоҳлайсан. Бугун яхши яшаб  турган  бўлсанг  ҳам,  бари  бир,  эртага  ундан  яхши  бўлсин  дейсан.  Шу  сабаб, юракларимизда умид Худонинг нуридай сира ўчмайди. Худо-Эрта — чексизлик руҳидир. Бир бутун  олганда,  у  ҳамма  нарсанинг  моҳияти,  инсон  амаллари  ва  интилишларининг жамулжамидир. Ана шунга кўра, Худо-Эртанинг қандайлиги — у гўзал бўладими ёки хунук, оқкўнгилми ёки ғаддор — бу одамларнинг ўзларига боғлиқ. Мана шундай ўйлаш жоиз ва зарур.

Худо-Яратувчи фикрловчи хилқатлардан шуни талаб қилади. Шунинг учун ер юзидаги эртанги ҳаёт ҳақида одамларнинг ўзлари қайғурсинлар. Ахир, ҳар бир одам Худо-Эртанинг ажралмас зарротидир. Инсон зоти ўзи кунининг ҳокими ва бунёдкоридир…

— Шошма. Сенинг ваҳимали қиёмат куни сўрови деганинг қайда қолди?

— Қиёмат кун… У ҳар кун бошимиздан ўтаётганини ўйлаб кўрмовмидинг, Рим нойиби?

— Ҳаётимизнинг турган-битгани қиёмат кун демоқчимасмисан?

— Шундай бўлса керак, Рим нойиби. Одам Атони тавқи лаънат қилмоқдан бошлаб, азоб-уқубатлар, қийноқлар ичра ўтган, асрлар бўйи маълум бир одамларнинг бошқа одамлар устидан юргизган  зулмлари  туфайли  ёмонликдан  ёмонлик,  ноҳақликдан  ноҳақликни  кў-пайтирган  бу йўл ёруғ оламда истиқомат этаётганларни бир нарсага ўргатгандир, ахир. Одам Ато ва Момо Ҳаво жаннатдан қувилганларидан бери қандай зулм ўпқонлари очилмади, одамзоднинг боши не урушлар, шафқатсизликлар, қотилликлар, қувғинлар, адолатсизликлар, ҳақоратларни кўрмади!

Яхшиликка қарши, одам табиатига қарши олам яратилгандан буён ер юзида рўй берган барча даҳшатли гуноҳи азимлар — нима, буларнинг қаери Қиёмат кун сўроғидан кам? Тарихнинг азал вазифаси нима — ақл эгаларини шафқат ва муҳаббатнинг илоҳий юксакликларига етказишми?

Аммо одамзод тарихида не-не ёмон синоқлар бўлмади? Олдинда эса уммонларнинг тўлқинлари каби қайнаб, қутуриб турган ёвузликларнинг бош-кети кўринмаяпти. Бу жаҳаннамнинг Қиёмат кундан нима фарқи бор, ахир?

—  Ундай  бўлса,  Назаретдан  чиққан  Исо,  сен  тарихни  унинг  ёвузлигидан  тўхтатиб қолмоқчимисан?

— Тарихними? Тарихни ҳеч ким тўхтатолмайди. Мен одам болаларининг онглари ва хатти-ҳаракатларидан қабоҳатни қуритмоқчиман. Мен шунга қайғураман.

— Унда тарихнинг ўзи ҳам бўлмайди.

—  Қандай  тарих?  Сен  ўзинг  қайғураётган  тарихни  айтяпсанми?  У  тарихни  надоматлар бўлсинким, одамлар хотирасидан ўчириш мумкин эмас. Лекин у бўлмасайди, ўзимизни Худога яқинроқ сезардик. Мен сени тушуниб турибман, ҳукмдор. Лекин чинакам тарих, инсонийлик гуллаб-яшнаган тарих ҳали ер юзида бошлангани йўқ.

— Сабр қил, Исо, ҳозирча мени бир чеккага қўйиб турайлик. Аммо сен, Исо, одамлар ва халқларни шу мақсадга қандай қилиб еткизмоқчисан?

— Адолат Салтанати тузамиз. Унда Қайсарлар зўравонлиги бўлмайди. Ҳа, шундай!

— Шунинг ўзи етарлими?

— Агар ҳамма шуни хоҳласа, албатта…

— Во ажабо. Хайр, майли. Мен сени яхшилаб эшитдим, Исо. Сен узоқни кўзлаган экансан.

Лекин  сен  ўзингга  ҳаддан  ортиқ  бино  қўйиб  юбормадингмикин,  одамларнинг  ишончларига ҳаддан  зиёд умид  боғламадингмикин,  майдонларнинг  тубан  эканлигини  ва  тупроққа  қорилиб ётишини  унутмадингмикин?  Шаҳар  қалъасидан  чиққанинг  замон  сен  бунга  ишонч  ҳосил қиласан ҳали. Бирок сен ҳеч қачон тарихнинг йўлини буриб юборолмайсан, бу дарёни ҳеч ким буролмайди.  Мен  бир  нарсага  ҳайронман:  нега  ҳаммадан  бурун  ўзинг  ёнадиган  ўт  ёқяпсан?

Дунё  Қайсарларсиз  яшолмайди.  Бировларнинг  қудрати,  шавкати  бошқаларнинг  тобелиги, мутелиги. Сен дунёни бошқача, ўзинг тўқиб чиқарган тартибга соламан, янги тарих яратаман деб,  бекор  қиляпсан.  Қайсарларнинг  ўз  худолари  бор.  Улар  сен  ўйлаб  топган  Худо-Эртага сиғинмайдилар. «Эрта»нинг  чеки  йўқ.  Чегараси  йўқ.  У  барчага  худди  ҳаво  каби  баб-баробар тегишли. Зотан, барчага баробар мансуб бўлган нарсаларнинг қадр-қиммати ҳам йўқ, ўрни ҳам йўқ. Шу боисдан Қайсарлар ҳамма ва ҳар нарсанинг устидан ҳокимдирлар. Дунёда ҳукм суриб турган Қайсарлар ичра шавкатли Тиверий худоларга суюклидир. Унинг дов-давлати — Румо салтанати  жаҳоннинг  ярмини  эгаллаб  турибди.  Мен  Тиверий  шаън-шавкати  остида  Яҳудода ҳокимлик  қиляпман.  Ҳаётимнинг  маъноси  шунда  деб  биламан.  Виждоним  пок.  Мангу Музаффар Румога хизмат қилмоқдан ортиқ шараф йўқ менга!

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ифлос бир мозий

Имомнинг  таъби  жуда  сустланди.  Шом  ва  хуфтан  асноларида  ҳам  ҳеч  ким  билан сўзлашмади.  Сафар  бўзчининг “Бухоройи  шарифда  неча  йил  ўқуб  келиб,  ниҳояти  ...

Мeҳробдан чаён-ҳаёт шамъи

Неча  йиллар  Анварнинг  кўнглини  машғул  эткан  бир  муаммо  ниҳоят  орзуға  мувофиқ  ҳал қилинғандек, яъни шубҳа ичида қизарған муҳаббат ғунчаси висол хабари билан ...

Чингиз айтматов:қиёмат 51-қисм

Гулимхон билан турмушлари ҳам осонгина кечгани йўқ, ўртада оғир, таажжуб ишлар ҳам бўлиб  ўтди.  Бўстон  мана  шу  ҳақда  ҳам  ўйларди.  Улар  эр-хотин  бўлганларидан  бери ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400