Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга

Тошкент шаҳри Миробод туманида доимий яшовчи фуқаролиги йўқ шахс Азимий Рўзибой Азим ўғлидан

ШИКОЯТ ХАТИ

Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сиз Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлган илк кунингизданоқ ўзингизнинг халқ томонда эканингизни, халқ дардига дардмандлигингизни ошкора тарзда намоён қилдингиз. Сизнинг бу эзгу ишларингиздан кўпчилик ўзбекистонликлар қатори мен ҳам хушнуд бўлдим. Марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида ақалли бир марта ҳам тилга олинмаган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги йўқ шахсларга доир масалалар айнан Сизнинг бошқарувингиз даврида шунчаки тилга олиниб қолинмасдан бу борада бир қатор эзгу ишлар қилинди. Чорак аср ва ундан ҳам кўп йиллардан бери Ўзбекистонда яшаб келаётган бир неча Фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон фуқароси паспорти берилди. Бу эзгу ишингиз албатта алоҳида эътирофга сазовор. Бироқ афсуски, кейинги пайтларда Сизнинг фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан муносабатингиз анча сусайди. Бу унсур Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ва Давлат хавфсизлиги хизмати органидаги масъул ходимларнинг фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан боқибеғамлигини янада ошириб юборди. Балки фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан бир йил олдинги жўшқин эътиборингизнинг пасайишига бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли вақт камлиги тўсқинлик қилаётгандир. Лекин шундай бўлса-да айтингчи, бу борада Фуқаролиги йўқ шахсларнинг айби нима? Бизнинг айбимиз СССР парчалангандан кейин мустақил юртимизнинг тараққий топиши учун ҳисса қўшиш мақсадида аждодларимиз ҳоки-пойи қолган муқаддас ватанимизда яшаб қолганимизми? Бизга, яъни ер юзида йўқ бўлиб кетган, фақатгина Ўзбекистонда қолган СССР фуқароларига Ўзбекистон фуқаролигини бермаслик замирида нималар мужассам? Бу жиддий муаммони кечиктирмай ҳал қилишингизга, Ислом Каримов бошқаруви даврида азият чекканимизни, қатор азоб-уқубатлар исканжасида яшаганимизни, эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқидан тамоман маҳрум бўлганимизни қалбан ҳис қилишингизга нималар

тўсқинлик қилмоқда?Фуқаролиги йўқ шахсларга тааллуқли олдинги жасоратли ҳаракатларингизнинг сусайиши натижасида Сиздан умидвор бўлган фуқаролиги йўқ шахсларнинг умиди яна сўна бошлади. Аччиқ бўлса ҳам очиқ айтиш керакки, ўзбек миллатига мансуб бўла туриб, Ўзбекистонда қарийб 10, 15, 20, 25 ва ундан ҳам кўп йиллардан бери яшаб Ўзбекистон фуқаролигини ололмаётган миллатдошларимиз орасида олдинги мавқеингиз, ҳурматингиз кескин тарзда пасайиб кетди. Боз устига Сиз олиб бораётган сиёсатга  кейинги пайтларда ички ишлар органларида, ДХХда беписандлик аломатлари яққол сезилмоқда. Улар Сизнинг халқ изтироб чекмасин, меҳнатларимизнинг самарасини кўрсин, ҳукуматга нисбатан ишончи қайта уйғонсин деган нидоларингизни заррача инобатга олишмаётир. Бунга Фуқаролик қабул қилиш тўғрисида Сизнинг номингизга ёзган аризам 2 йилдан бери кимларнингдир жавонларида, аниқроғи туман, шаҳар, республика ички ишлар идораларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим ва бошқармаларидаги масъул шахсларнинг билдиришича, ДХХ идорасида чанг босиб ётгани мисол бўла олади. Мазкур идоралар ҳамон эскича усулда иш юритмоқда, фуқаролиги йўқ шахсларнинг ҳужжатларига ола кўз билан қарамоқда. Натижада Сизнинг юқорида таъкидлаганим халқбоп ғояларингиз поймол бўлмоқда…

Ҳурматли Шавкат Миромонович! Ислом Каримов даврида эшигимизнинг қўнғироғи жирингласа юрагимизни, телефонларимиз жирингласа қулоғимизни ҳовучлаб, қўрқувлар исканжасида яшаган пайтларимиз кўп ва хўп бўлди. Кейинги пайтларда мана шундай жиринг-жиринглар яна кўпая бошлаганга ўхшайди. Буни куни кеча, 10 ноябрь 2018 йилда ўз бошимдан ўтказдим. Кундузги соат 11-30 да бошланган жирингловлар тунги 19-30 га қадар давом этди. Бу қўнғироқ Тошкент шаҳар Миробод туман Ички ишлар бўлими ходими Дониёр Миразимов томонидан бўлди (менда телефон рақами бор). У телефон қилиб, Фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномамни ва Фуқаролиги йўқ шахснинг Хорижга чиқиш ҳужжатимни олиб зудлик билан Туман ИИБга боришимни талаб қилди. Сабаби сифатида Фуқароликка қабул қилиш тўғрисидаги Сизнинг номингизга ёзган аризамга жавоб келганлигини билдирди. Холбуки, аризам 2 йилдан буён Тошкент шаҳар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида чанг босиб ётибди. Мазкур орган ДХХ жавобини кутаётганини, бу хусусда Тошшаҳар Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Қ. Юлдошев ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник Бахритдин Шариксиевлар берган маълумотлардан билганман. Бу хусусда туман ИИБ ходими Д. Миразимов кеч соат 19-30 да телефон қилганда телефон орқали билдиришимга қарамай, у ички ишлар подполковниги ва ички ишлар лейтенанти билан бирга тунги соат 20-00 лар атрофида уйимизга бостириб келишди. Уйга кирган ИИБ ходими Дониёр ака ҳар иккала ҳужжатимни олиб органга боришимиз кераклигини уйимизга ва ҳужжатларимни текширишди. Органга бормаслигимни айтганимда у ҳолда ҳар иккала паспортимни ўзи билан бирга олиб кетишини, душанба куни қайтариб беражагини билдирди. Табиийки, мен шахсимни тасдиқловчи ҳужжатларимни бермадим. Ходим душанба куни, 12 ноябрь эрталаб соат 8-00 да Органга боришимни қатъий тайинлаб соат 20-27 да хайрлашиб кетди.

Аслида бу ерда туман ИИБ ходимининг заррача айби йўқ. У ижрочи. Буни тушунаман. Буйруқ берувчи эса бошқа орган. Бу органнинг иш усули, қайсидир ташкилотга келиб, нималарнидир баҳона қилиб, алдаб чақириш усулига кўп бора гирифтор бўлганман. Бу ҳолат биринчи марта эмас. Каримов даврида бир неча марта такрорланган. Мен аслида туман ИИБ ходимларига эмас, бошқа орган ходимларига керакман. Менинг уларга керак бўлишимнинг сабаби эса мавжуд камчиликлар бўйича туркум мақолалар ёзаётганим, тепадагиларни танқид қилаётганимга доирлигидан ҳам воқифман. Бундан ташқари, Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати ва Mulkdor сайти билан ҳамкорлигим ҳам безовта қилади. Мамлакатдаги мавжуд тўртта партия айнан фуқаролиги йуқ шахс бўлгани учун партия аъзосига қабул қилмагач, маҳаллий ОАВ фуқаролиги йўқ шахсни  мухбир қилиб олмагач қайси партияга аъзо бўлишим ва қайси нашрда ишлашим мумкин? Қарийб 15 йилдан бери биронта ташкилот соҳам бўйича ишга қабул қилмайди.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, кейинги пайтларда ўзимга нисбатан яширин босим ва тақиблар кучайганини астойдил билиб юрибман. Уйимни, ўзимни кузатувчилар, пинҳоний текширувчилар кўпайгандан кўпаяётир. Шу боис ҳаётим хавф остида деган ўйдаман. Мени шахсан ҳимоя қилишингизни ва Ўзбекистон фуқароси паспортини тезкорлик билан беришингизни илтимос қиламан.

Ҳурмат билан

Рўзибой Азимий,

Тошкент, 11 ноябрь 2018 йил.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Иивнинг собиқ вазири зокир алматов бугун kun.uz. га берган интервьюсини эшитдим

Шу муносабат билан қуйидаги саволлар туғилади: Сизнинг, жаноб собиқ вазир, ИИВда раҳбарлик фаолиятингиз даврида иккита йирик қонли воқеа, узоқ давом этган даҳшатли репрессия ...

Хорижлик ватандошларга виза бериш ва вақтинча прописка қилиш тартиби белгиланди

МваФР бўлинмаси 3 иш кунида ҳужжатларни текширади. Сўнг аризани келишиш учун ваколатли органга юборади. Ҳукумат қарори билан “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва ...

12та халқаро ташкилот бобомурод абдуллаев, ҳаёт насриддинов ва акром маликовни озод этишни талаб қилди

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи 12та халқаро ташкилот Ўзбекистон ҳукуматини журналист Бобомурод Абдуллаев ва ўз фикрини эркин ирод қила олиш ҳуқуқидан фойдлангани ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400