Убайдуллахон

Убайдуллахон, Убайдулла Султон, Убайдий (тўлиқ исми: Абулғозий Убайдуллоҳ Баҳодирхон ибн Маҳмуд Султон ибн Шоҳ Будоғ Султон ибн Абулхайрхон) (1486, Хоразмнинг Вазир шаҳри яқинидаги Тирсак мавзеси — 1540.17.3, Бухоро) — Бухоро хони (1533—40), шоир. Шайбонийлар сулоласидан. Муҳаммад Шайбонийхоннинг жияни, Маҳмуд Султоннинг ўғли .

Отасининг илтимосига кўра, унга Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўз исмини берган . Тасаввуф бўйича дастлабки сабоқни отасининг пири Мавлоно Муҳаммад Қозидан олган. Убайдуллахонга ўз даврининг машҳур уламолари Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон, Махдуми Аъзам, Мавлоно Муҳаммад Азизон, Мавлоно Хожа Муҳаммад Садр ва бошқалар устозлик қилган . Хусусан, унга давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий (Бухорода Мир Араб номи билан машҳур бўлган) ҳарбий санъатдан сабоқ берган ва ўзига мурид қилиб олган. Хоразм ва Бухоро ҳокими бўлган отаси Маҳмуд Султон Қундузда вафот этгач (1504), унга Ўрусбек Дўрмон (1512 йида Кўли Маликда бўлган жангда ўлдирилган) оталиқ қилиб тайинланган . Убайдуллахон амакиси Шайбонийхоннинг Хоразм (1505), Балх (1506), Ҳирот ва Машҳад (1507)га қилган ҳарбий юришларида қатнашган. Дастлаб сафавийлар қўшинининг Мовароуннаҳр ичкарисига бостириб киришидан чўчиган Убайдуллахон ва Муҳаммад Темур Султон (Шайбонийхоннинг ўғли) шоҳ Исмоил I билан элчилар алмашиб, сулҳ тузишга уринганлар.

Шайбонийлар сулоласининг хони Кўчкунчихонинг асосий ноиби (1510 йилдан) ва Бухоро ҳокими (1504 йилдан) сифатида Убайдуллахон душманга карши курашга отланган . 1511 йилда бўлган жангда енгилган Убайдуллахон ва Кўчкунчихон, Самарканд ҳокими Суюнчхўжаҳон, шунннгдек, Муҳаммад Темур Султон ва Жонибек Султон ўз яқинлари билан Туркистон шаҳрига чекинадилар. 1512 йил 28 апрелда Кўли Малик жангида Убайдуллахон ғалаба қозониб, Бухоро ва Самарқандни эгаллайди. 1512 йилнинг баҳорида Убайдуллахоннинг шижоати натижасида Мовароуннаҳр яна шайбонийлар қўлига ўтди . Бироқ Исмоил I юборган Нажми Соний бошчилигидаги 60 минг кишилик сафавийлар қўшинига суянган Бобур 1512 йилнинг кузида Ғузор ва Қаршини эгаллайди (Қарши мудофааси). Нажми Соний қўшини Ғиждувонни қамал қилишга киришди . Убайдуллахон ва Жонибек Султон Карманага Кучкунчихон ва Темур Султон Миёнколга чекиниб, ҳал қилувчи жангга тайёргарлик куришади.

1512 йил24 ноябрдаги Ғиждувон жангида Убайдуллахон бошчилигидаги қўшин ғалаба қозонган .

1513 йил январда Убайдуллахон бошчилигидаги қўшин Хуросонга ҳарбий юришлар қилиб, сафавийларга кучли зарбалар берди.

1513 йил 11 мартда Убайдуллахон Марвни эгаллайди . Бу орада Убайдуллахон Хоразмни ҳам эгаллаб, ўғли Абдулазизхонни ҳоким қилиб тайинлайди. Узоқ давом этган ҳарбий тўқнашувлардан сўнг Машҳад, Ҳирот (1529) ва бошқа шаҳарлар эгалланди. Убайдуллахон Ҳиротдаги мураккаб вазиятни тартибга солиш (бу ерда шиаларнинг таъсири кучайиб кетган эди) ва унинг Бухоро билан алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратган . Кўчкунчихон вафот этгач, унинг ўғли Абу Саидхон даврида ҳам Убайдуллахон ноиблик вазифасида қолган .

1533 йилда Абу Саидхон вафотидан сўнг, туркий анъанага биноан султонлар ичида энг ёши улуғи Убайдуллахон Бухорода шайбонийлар сулоласининг хони қилиб кўтарилган . Пойтахт ҳам Самарқанддан Бухорога кўчирилиб, давлатнинг номи расмий равишда Бухоро хонлиги деб аталган. Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида Бухоронинг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ сифатидаги мавқеи кучайди . Бухорода Мир Араб мадрасаси, Мирак Сайд Ғиёс боғи, Кўҳак (Зарафшон) дарёси устида Меҳтар Қосим кўприги ва бошқа иншоотлар қурилди .

Убайдуллахон яссавия ва нақшбандия тариқатларига эътиқод қилиб, шайх сифатида муридлар ҳам тарбиялаган. Убайдуллахон « Убайдий », «Қул Убайдий », «Убайдуллоҳ» тахаллуслари билан ўзбек, форс ва араб тилларида ижод қилган . Унинг учала тилдаги девонларини ўз ичига олган куллиёти кейинчалик Мир Ҳусайн ал Ҳусайний томонидан кўчирилган (1583). Убайдуллахоннинг туркий девонида 310 ғазал, 430 рубоий, 11 туюқ, 18 маснавий, 7 муаммо, 2 ёрёр мавжуд. Шунингдек, девондан диний-тасаввуфий ва ахлоқий дидактик рухдаги «Омонатнома», «Шавқнома», « Ғайратнома », « Сабрнома » манзумалари ўрин олган. Форсий девонида эса 163 ғазал, 418 рубоий, 7 қитъа, 1 фард, 1 маснавий, 1 таржеъбанд ва 3 муаммо бор. Араб тилидаги мероси 35 га яқин ғазал, қитъа ва фардлардан иборат . У Аҳмад Яссавий асос солган ҳикматнавислик анъанасини ривожлантирган . Ундан 1786 байтдан иборат 220 дан ортиқ ҳикмат етиб келган . Убайдуллахон ижодида диний тасаввуфий ғоялар етакчилик қилади. Убайдуллахон ўзбек ва форс адабиётидаги йирик рубоийнавислардан ҳисобланади. Унинг бу 2 тилдаги рубоийлари 850 га яқин. Хусусан, ўзбек адабиётида рубоийнинг Бобурдан кейинги тараққиёти Убайдуллахон номи билан боғлиқ . Шоир шеърларида ўзбек тилининг бой имкониятларидан, ўзига хос хусусиятларидан маҳорат билан фойдаланган. Убайдуллахон Бухоро яқинида жойлашган Баҳоуддин мажмуасидаги Дахмаи шоҳон (Шохлар дахмаси)даги шайбонийлар хилхонасида дафн этилган. Убайдуллахон қуллиёти ягона нусхада Ўзбекистон ФА Шарқшунослик интининг қўлёзмалар фондида (инв . №8931), «Девони Убайдуллохон» қўлёзмаси Туркиянинг Нури Усмония кутубхонасида (инв . №4904), «Масоил уссалот» номли терма баёзи Кўниёдаги Иззатқуюн хусусий кутубхонасида сақланади.

Манба:ЎзМЭ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россия украинадаги русинлар учун давлат қуриб берадими?

Сўнгги пайтларда Россия “Рус дунёси” мафкураси доирасида Украина ғарбидаги рус этник гуруҳларини қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг сони Украина ва Шарқий Европани ҳисобга олган ...

Ўзбек хонликлари тарихини ўрганмаслик нотўғридир

Ўзбек хонликлари тарихи минтақанинг энг ёмон ўрганилган даврларидан биридир. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, совет мероси. Советлар бевосита ўша хонликлар билан ...

Ислом каримов хатоларини такрорламаслик учун ҳам, уни шахсиятини ман қилмаслик керак

ОАВларида тарқалаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон янги ҳокимияти мамлакат ахборот тизимида Ислом Каримов номини тилга олмаслик борасида яширин кўрсатма берибди. Ислом ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400